Осиё Кубоги: Шомуродовнинг бенифисига айланаётган мусобақадаги кетма-кет иккинчи ғалаба (ўйин шарҳи)
13 jan 2019 22:58
News
Осиё Кубоги: Шомуродовнинг бенифисига айланаётган мусобақадаги кетма-кет иккинчи ғалаба (ўйин шарҳи)
Мусобақани ҳар иккала жамоа турли натижалар билан бошлашди. Ўзбекистон Уммон устидан қийин ғалаба қозонган бўлса, Туркманистон Японияга қарши муносиб ўйнади, лекин самурайлар рақибни 3:2 ҳисобида таслим этишди.
Бу учрашувдаги ғалаба Ўзбекистонга муддатидан аввал нимчорак финал чиптасини тақдим этса, Туркманистон эса охирги тур олдидан кейинги босқичга чиқиш имкониятларини яхшилаб олиш учун ҳаракат қилишди.
Эктор Купер ўтган учрашувга қараганда асосий таркибда учта ўзгаришни амалга оширди. Биринчисида четлатилган Егор Кримец ўрнига Ислом Тўхтахўжаев варианти танланди. Иккинчи ўзгаришда эса қанот вингерини алмаштириш тўғри келди. Ўтган баҳсда кутилган ўйинни кўрсатмаган Рашидов Ҳамдамовга алмаштирилди. Учинчи ўзгариш ўтган беллашувда кутилганидек ўйини чиқмаган Марат Бикмаев ўрнига Элдор Шомуродовни тушириш билан тугади. Купер одатдагидек 4-2-3-1 схемани танлади. Бу тактик жойлашувда жамоа вазиятга қараб 4-3-3га ҳам ўтиш имкониятига эга бўлади.
Туркманистон устози эса Японияга қарши ўйинда чиққан таркибга ҳеч қандай ўзгартириш киритмади. Жамоа Япония билан бўлгани каби учрашувни 5 ҳимоячи, 4 ярим ҳимоячи ва 1 ҳужумчи билан бошлади.
Ўйин кутилмаганда Туркманистон терма жамоасининг тезкор ҳужумга ўтиши билан бошланди. Олег Зотеев марказда тўпни қабул қилишда хато ўйнади ва натижада тўпни рақибга олдирди. Туркманистон эса стартни ҳужум билан бошлаб, ўнг қанотдан жарима майдончаси ичига ёриб киришга уринди. Руслан Мингазов томонидан уюштирилган рейд жарима майдончаси олдида фол билан тўхтатилди. Туркманистон белгиланган жарима зарбасидан унумли фойдалан олмади. Аҳмед Атаев ўйлаган комбинацион ҳийлани вакилларимиз ўз пайтида пайқашди ва Арслонмурот Амановга зарба беришга имкон қолдиришмади.
Ўзбекистон терма жамоасининг илк ҳужуми анчагина хавфли тус олди. Зотеев-Машарипов-Ҳамдамов учлиги ташкил этган ҳужумни Достон бош билан берган зарбаси орқали муваффақиятли якунлаши мумкин эди. Бироқ бу вазиятда тўп аввал ерга тегиб дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди.
Кейинги вазият учрашувнинг 9-дақиқасида содир этилди. Бурчак зарбасидан келган оширмадан сўнг Анзур Исмоилов ўз услубида фойдаланишга уриниб кўрди. Лекин йўлланган зарба мўлжалга аниқ бормади.
Орадан 8 дақиқа ўтгач эса катта саҳнага Шаржада "сеҳрли таёқча"мизга айланган Элдор Шомуродов чиқди. Айнан у томонидан рақибга уюштирилган босим натижасида тўпни рақибдан олиб қўйдик. Шомуродов-Сидиқов-Аҳмедов-Ҳамдамов-Шомуродов тўртлиги давом эттирган ҳужумга "нуқта" қўйиш Сидиқовга насиб этди - 0:1.
Ўтказиб юборилган голдан ранжиган Туркманистон терма жамоаси учрашувнинг 19-дақиқасида жавоб голини уриш учун олдинга ўтди. Арслонмурот Аманов марказдан жарима майдончаси атрофига яқинлашди ва дарвозани "ўққа" тутди. Аммо йўлланган зарбага аниқлик етишмади.
Баҳснинг 24-дақиқасида яна катта саҳнага Элдор Шомуродов чиқди. Ҳамдамов-Шукуров-Шомуродов комбинациясини Элдор совуққонлик билан якунлади - 0:2. Бу гол ҳам прессинг натижасида рақибдан тўпни олиб қўйилганидан сўнг киритди. Бунда эса Достонбек Ҳамдамов жонбозлик кўрсатди.
Ўйин назорати ва тўлиқ устунлик вакилларимиз томонида бўлган таймда яна кўплаб вазиятлар яратилди. Отабек Шукуров, Жавоҳир Сидиқов томонидан берилган зарбалар мўлжалга аниқ бормади. Акс ҳолда ҳисоб аллақачон яна Ўзбекистон фойдасига йириклашиши мумкин эди.
Бу орада эса Туркманистон терма жамоаси бош мураббийи биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ўзгартиришга қўл урди. Захирадан иккинчи ҳужумчи Мурот Аннаев иккинчи голда кўпол хатога йўл қўйган Аҳмет Атаев ўрнига туширилди. Шундан сўнг ҳимоя марказида ўйнаган "Аҳал" аъзоси Везиргелди Илясов таянч зонасида Атаев ўрнини эгаллади. Бу тактик ўзгаришдан сўнг 5 ҳимоячи билан ўйнаётган рақибимиз 4-4-2 схемасига кўчди.
Аммо бу ўзгариш рақибларга ҳеч қандай наф келтиргани йўқ. Аксинча танаффусга қадар вакилларимиз таблодаги ҳисобни барибир йириклаштиришди. Ўнг қанотдан чапга кўчган ҳужумни Машарипов ажойиб ҳаракати орқали тўпни ўзига бўйсундириб марказ орқали ҳужумга кескинлик тақдим этди. Жарима майдончасига оширилган тўп рақибдан қайтаётганда ҳужумга безаг берган Машарипов биринчи бўлиб воқеа жойига етиб келди ва аниқ зарбаси орқали таблодаги ҳисобни йириклаштирди - 0:3.
Аммо бу ҳисоб танаффусга қадар яна ўзгарди. Жалолиддин Машарипов шериги Элдор Шомуродовни олдинга чорлади. Ўз навбатида Шомуродов бир ҳимоячидан усталик билан ўтиб кетиб, дарвозабонни ҳам зарарсизлантириб, очиқ қолган дарвозага тўпни йўллади - 0:4.
Танаффусга қадар терма жамоамиз барча масалани узил-кесил ҳал этиб қўйди.
Иккинчи бўлимда ўйин тизгини бизнинг қўлимизда бўлди. Аммо терма жамоамиз ҳисобдан келиб чиққан ҳолда нисбатан анча хотиржам ўйнади. Купер иккинчи бўлим бошида Шораҳмедовни Ҳошимовга алмаштирди, бўлим ўртасига келиб Икром Алибоевни ниҳоят марказга Сидиқов ўрнига туширди. Учрашув якунланишига яқин эса Аҳмедов ўрнига Фозил Мусаев майдонга туширилди. Туркманистон ҳам иккинчи бўлимда ҳеч бўлмаса престиж голини уриш учун анча тер тўкди. Лекин вазиятни голга қадар олиб боришда уларга ҳимоя чизиғимиз йўл бермади.
Turkmenistan |
Asian Cup Grp. F . Round 2 13/01/2019, 21:00 4
:
0
Finished
|
Uzbekistan Javokhir Sidikov - 17', Eldor Shomurodov - 24', Jaloliddin Masharipov - 40', Eldor Shomurodov - 42' |
Stadium: Rashid Stadium, 4354 spectators
Referee: Ammar Al-Jeneibi
Шу тариқа терма жамоамиз кетма-кет иккинчи учрашувда муҳим ғалабани расмийлаштирди ва нимчорак финал масаласини ҳал этди. Энди келаси турда гуруҳ пешқадамлиги учун курашда Япония билан тўқнаш келамиз.
Ажойиб ўйин, ишончли ва йирик ғалаба учун Ўзбекистон терма жамоасига раҳмат айтамиз! Омад Ўзбекистон!
Шаҳбоз Беғамов
Дубай шаҳри, "Рашид" стадиони. 13 январь
Comments