Latest news

22:45"Реал" нимадан норози?  0 22:15Энцо Мареска: "Манчестер Сити" соврин учун курашга қайтади"  0 21:41Расман: "Навбаҳор" собиқ футболчисини ортга қайтарди  1 21:28"Goal" АПЛда йилнинг энг яхши трансферлари рейтингини тузди  0 20:50Бруну МЮ раҳбарияти билан келиша олмаяпти  1 20:24"Барселона" ҳужумчиси сафдан чиқди  0 19:59"Навбаҳор" Азимжон Аҳмедов билан янги шартнома имзолади!  6 19:36"Ювентус" Дисасини ижарага олмоқчи  1 19:15"Пахтакор" Муҳаммадқодир Ҳамралиев билан янги шартнома имзолади!  1 18:50Боливияда жамоа керакли натижани сақлаб қолиш учун, ўйин тугамай, майдондан чиқиб кетди  2 18:12"Сурхон" етти нафар футболчи билан янги шартнома имзолади  0 17:43Ферран Торрес "Барса"нинг омадсизликлари ҳақида: "Барчасини вақт кўрсатади"  9 17:17Ильгиз Танташев яшил майдонга қайтди  1 17:06Ўзбекистон U-16 термаси Тошкент вилояти футбол академияси жамоасига қарши ўйин ўтказди   3 16:47Шаҳзодбек Ғофурбеков — "Локомотив" футболчиси!  0

"Орзу қилиш бепул" ёхуд ёш "Килиан"ларга мактуб News

"Орзу қилиш бепул" ёхуд ёш "Килиан"ларга мактуб

Мбаппе болалиги, орзулари, Моуринью ва Зидан билан учрашиш ҳамда Бондидаги оддийгина ҳаёт тарзи ҳақида ёшларга хат ёзди.

"Бондидаги болалар,
Иль-де-Франсдаги болалар,
Шаҳардан ташқарида яшовчи болакайлар,
Мен сизларга бир ҳикояни айтиб бермоқчиман.

Эҳтимол, футбол ҳақидаги ҳикоя сизни ажаблантирмас. Аммо менинг бутун ҳаётим футбол билан боғланган. Отам ҳақида сўрашингиз мумкин. Уч ёшга тўлганимда у менга 4х4 ҳажмдаги кичкина ўйинчоқ юк машинасини совға қилди. Электр двигатели бор машинага бемалол ўтириш, уни бошқариш мумкин эди ва ҳатто, унинг педаллари ҳам бор эди. Ота-онам менга уйдан футбол майдонига ўша машинамда боришга рухсат беришганди, ўзимни худди машғулотга кетаётган ҳақиқий футболчидек ҳис қилардим. Мен бунга жуда жиддий қарардим. Майдонга келганимда "машинамни" бурчакда қолдириб, футбол ўйнашга кириб кетардим. 4х4 ҳажмдаги машинани кўрган дўстларим менга ҳасад қилишарди, аммо мен бунга эътибор бермасдим.

Мен фақатгина тўп ўйнашни истардим. Копток бўлса бас, бошқа ҳеч нарса керакмасди.

Тушуниб улгургандирсиз, ҳа бу футбол ҳақидаги ҳикоя. Лекин аслида футболни тушунишингиз учун уни севишингиз шарт эмас. Чунки бу орзулар ҳақида ҳикоя. Бонди ва унинг атрофида яшовчилар у қадар бойвочча эмас. Аммо биз орзу қилувчиларданмиз. Шундай туғилганмиз. Балки орзу қилиш қиммат эмаслиги учун шундайдирмиз. Аниқроғи орзу қилиш текин бўлгани учун...

Бизнинг туман турли маданиятларнинг ўзига хос қоришмаси — бу ерда француз, араб, Осиё, Африка ва дунёнинг исталган бурчагидаги маданиятни кўришингиз мумкин. Франция ташқарисидаги одамлар доим шаҳар атрофидаги ҳаёт ёмон эканини таъкидлайди, бироқ ҳаммаси ҳам улар айтганчалик эмас. Одамлар "каллакесарлар" ҳақида гапиради. Айтишларича, улар шу ердан келиб чиққан эмиш. Лекин бутун дунёда босқинчилар бор. Жангчилар ҳам етарли. Ҳақиқат шунчаки, болалигимда ажойиб йигитлар бувимга турли озиқ-овқатлар олиб келганини ўз кўзим билан кўрганман. Лекин сиз маданиятимизнинг бу қисмини янгиликлар орқали ҳеч қачон кўрмаймиз. Сиз доим ёмон хабарлар ҳақида кўрасиз, аммо яхшиси ҳақида эшитмайсиз ҳам.

Бондида ҳамма болалигидан тушуниб етадиган бир қоида бор: агар сиз кўчада кетаётиб, бурчакда йиғилиб турган 15та одамга кўзингиз тушса, сизда 2та танлов борлигини яхши биласиз: уларга қўл силкитиб, йўлингизда давом этиш ёки ҳаммаси билан қўл бериб сўрашиб чиқиш. Агар бориб фақат биттаси билан қўл бериб сўрашсангиз, қолган 14таси сизни ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Улар қандай инсон эканингизни бир ондаёқ билиб олишади.

Бу қизиқ, чунки ҳаётимнинг асосий қисми Бондида ўтган. Ўтган йили ФИФА тақдирлаш маросимидан олдин ота-онам билан сайр қилиб юрганимизда Жозе Моуриньюни учратиб қолдик. Мен аввал ҳам уни кўргандим, аммо у мен танимайдиган 4-5та дўстлари билан суҳбатлашиб ўтирган эди. Бондилик эканим менга қўл келди. Ўйладим: "Қўл силтайми ёки бориб ҳаммаси билан саломлашайми?".

Унинн ёнига боришга қарор қилдим ва унга қўл бериб сўрашдим, кейин эса навбатма-навбат унинг дўстлари билан саломлашиб чиқдим:
"Салом!". Қўл бериб кўришиш.
"Салом!". Қўл бериб кўришиш.
"Салом!". Қўл бериб кўришиш.
"Салом!". Қўл бериб кўришиш.

Уларнинг чеҳрасига қараб ажабланаётганларига гувоҳ бўлдим: "Вой, у биз билан саломлашяптими? Салом!". Биз ўтиб кетдик, отам эса кулди ва деди: "Буларнинг ҳаммаси Бондидан мерос-да". Ҳа, бу рефлексга айланиб қолганди. Бу қоида асосида биз ҳаёт кечирамиз. Сиз Бондида футболдан ташқарида бўлган қадриятларни ўрганасиз. Барчага бирдек муомала қилиш кераклигини англаб етасиз.

Мен ва дўстларим футболчи бўлиш учун умид қилмасдик. Буни кутмадик, режалаштирмадик. Шунчаки орзу қилардик. Мана фарқ нимада, тушуняпсизми? Баъзи болаларнинг ётоқхонасида уларнинг "супер қаҳрамонлари" акс этган суратлар осилиб туради. Биз эса футболчилар расмларини деворга ёпиштириб чиқардик. Менинг хонамда Зидан ва Криштианунинг суратлари бор эди. Тўғрисини айтсам, каттароқ бўлганимда Неймарнинг ҳам бир нечта суратларини ёпиштириб қўйдим. Сабаби унинг ҳам ўйинларига қизиқа бошлагандим. Аммо бу энди бошқа ҳикоя!

Баъзида мендан қаердан бунча кўп иқтидорли ўйинчиларингиз бор деб сўрашади. Балки ҳамма гап биз бошқачароқ машқ қилишимиздадир. Масалан "Барселона" каби. Аммо ўйлашимча, футбол биз учун бошқача бир аҳамиятга эга. У қадрли. У ҳар куни биз билан, худди нон ва сув каби.

Ёдимда, мактабимизда бир турнир бўлганди — олтинчи, еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи синфлар ўртасида. У худди Жаҳон Чемпионатига ўхшарди. Биз нархи 2 евро бўлган пластик соврин учун курашганмиз, лекин унга худди ҳаёт ва ўлимга қарагандек жиддий эътибор берганмиз. Ўйин қоидаларига кўра, ҳар бир жамоа аралашган, яъни қизлар ва ўғил болалардан ташкил топган бўлиши керак эди. Афсуски, ҳамма қизлар ҳам турнирда иштирок этишни истамаган. Шунинг учун, қизлар билан келишишга тўғри келган. Масалан, бир қиз бола синфдошимга агар у турнирда иштирок этса ва Кубокни қўлга киритсак, унга бўёқ дафтари олиб беришга ваъда бергандим.

Эҳтимол, жуда ошириб юборди-да дерсиз, лекин ҳақиқатдан ҳам бу нарсалар биз учун катта аҳамиятга эга эди. Айтганимиздек: "Бу Neuf Trois. Биз мағлуб бўлишимиз мумкин эмас". Биз худди Жюль Риме Кубогини қўлга киритадигандек, ўша соврин учун курашгандик. Ўқитувчиларимизга осон бўлмагани аниқ. Улардан узр сўрайман. Эсимда, бир марта мактабдан 9 хил турли огоҳлантиришлар билан қайтгандим:
"Килиан уйга вазифасини бажармади".
"Килиан ўқув қуролларини уйда унутиб қолдирган".
"Килиан математика фанида футбол ҳақида гапириб ўтирди" ва ҳоказо.


Мен булутлар ичида сузиб юргандек эдим гўё. Яши ўйинчи эдим, лекин мен учун кескин бурилиш ясаган палла Кубок-93 бўлган, ўшанда 11 ёшда эдим. Биз ярим финал босқичига чиқдик, ўйин Ганьидаги ҳақиқий стадионда бўлиб ўтди. Баҳс чоршанба куни бўлгани ҳам ёдимда. Бундан аввал мен бунчалик катта ва кўп мухлис келган бўлган стадионда ҳеч ўйнамагандим. Бироз қўрқдим ва деярли югуролмадим. Тўпни зўрға ўйнатдим. Учрашувдан кейин онам майдонга тушиб, қулоғимдан тортиб қўйгани ҳам эсимда. Ёмон ўйнаганим учун эмас, қўрққаним учун шундай қилган экан. У шундай деганди: "Бир нарса ҳамиша ёдингда бўлсин: ҳар доим ўзингга ишонишинг шарт, ҳаттоки, муваффақиятсизликка учрасанг ҳам. 60та гол ўтказиб юбор, бу муҳиммас. Лекин қўрқув туфайли ўйнашдан бош тортиш бутун ҳаётингга салбий таъсир кўрсатиши мумкин".

Онамнинг шу сўзлари бутун ҳаётимни ўзгартириб юборди. Ишонасизми, ўша кундан кейин кўп бора майдонга тушдим, аммо бирор марта ҳам қўрққаним йўқ. Онам, отам, ватаним, дўстларим бўлмаганида ҳеч қандай Килиан Мбаппе ҳам бўлмасди.

Эҳтимол, сиз мен туғилган жойдан бўлмаганингиз учун сўзларимни анлай олмассиз. Бироқ, масалан мен 11 ёшимда "Челси"нинг ёшлар жамоаси билан шуғулланиш учун бир неча кунга Лондонга борганман. Жуда ҳавотирда, тўғрироғи шок ҳолатида бўлганимдан дўстларимга қайси шаҳарга кетаётганимни ҳам айтолмаганман. Уйга қайтганимда мени кўрганлар деди: "Килиан, ўтган ҳафта қаерда эдинг?".

Мен: "Лондонда "Челси" билан".
Улар: "Пффф, бундай бўлиши мумкин эмас".
Мен: "Йўқ, қасам ичаман. Ҳаттоки, Дрогбани ҳам кўрдим".
Улар: "Пффф, алдаяпсан. Дрогба бондилик болалар билан учрашмайди. Бундай бўлиши мумкинмас!".

У пайтлар телефоним йўқ эди, шунинг учун отамнинг телефонини олиб чиқдим ва уларга расмларни кўрсатдим. Шундан кейин улар менинг сўзларимга ишонишди. Лекин энг муҳими: улар ҳасад қилишмади! Умуман. Улар лол бўлиб қолганди, кейин нима бўлгани ҳеч ҳам ёдимдан чиқмаса керак. Биз "Бонди" кийиниш хонасида ўйинга чиқишга тайёргарлик кўраётгандик.

Улар: "Килиан, бизни ҳам ўзинг билан олиб кетоласанми?". Уларнинг ҳаёлида мен худди ўзга сайёрага бориб келгандек эдим. Мен: "Аммо бу энди ортда қолди. Афсусдаман". Дўстларим яна телефонга қараб кулишди ва бош чайқаб шундай дейишди: "Вау. Килиан, биз бу ерда худди сен билан яшаётгандекмиз".


Мана шундай воқеалар биз учун қанчалик қадрли эди. Бошқа давлатларга бўлган саёҳат биз учун худди ўзга сайёрага бориб келиш билан баробар эди. "Челси"да орттирган тажрибамдан сўнг, ота-онамдан Бондидан кетиш ва катта клублардан бирида ўйнашга рухсат сўрай бошладим. Бироқ шу вазиятда ота-онамни ҳам тўғри тушунса бўлади: улар кетишимга қаршилик кўрсатишди, ҳали бола эканимни ва улар билан яшашимни исташди. Ўша вақт мен уларни тушунмагандим, лекин аслида бу энг тўғри танлов бўлган экан. Чунки мен академияда ҳеч қачон ўргатишмайдиган кўплаб дарсларни ўзлаштирдим.

Отам 10 йил мобайнида мураббийим бўлган. Ҳатто Клерфонтендаги Франция академияси (дунёдаги энг яхши академиялардан бири)да шуғулланишни бошлаганимда фақат дам олиш кунлари уйга бориб турардим. Шунингдек, отамнинг ярим профессионал жамоаси - "Бонди"да ҳам ўйнардим ва бу ҳеч кимга ҳалал бермасди.

Умуман олганда, бу жуда кулгули: уйга қайтганимда Клерфонтендаги мураббий овози миямда айланарди. У гол урмайдиган оёғимизни ҳам кўпроқ ҳаракат қилдиришмизни талаб қиларди. Клерфонтенда ҳамма нарса бизнинг кўникмаларимизни ривожлантиришга қаратилганди. "Бонди"да эса ҳақиқий ҳаёт эди. Ярим профессионал жамоалар лигадаги ўрнини сақлаб қолиш учун курашарди. Фақат ғалаба.

Дам олиш кунларининг бирида "Бонди" сафида майдонга тушдим ва менга қанотдан тўп етиб келди. У ўнг оёғи билан тепганди. Мен битта ўзимман. Идеал вазият. Клерфонтен мураббийининг сўзлари қулоғим остида жаранглади: "Килиан, чап оёқ билан ишла". Натижада чап оёқ билан узун пас беришга уруниб кўрдим, жуда омадсиз чиқди. Рақиб тўпга эгалик қилиб, қарши ҳужумга ўтди. Отам ғазабланди ва бақирди: "Килиан! Бу ер Клерфонтенда ўрганганларингни синовдан ўтказадиган жой эмас! Биз бу лигада ўйнаймиз! Сен бир ҳафта Клерфонтендаги ажойиб майдонингда хоҳлаганингча шуғулланишинг мумкин, аммо бу ер "Бонди"! Бизда қоидалар бошқача!!!" Бу менга катта дарс бўлди. Ҳаёлларим осмонда учиб юришини отам яхши биларди, шунинг учун оёғинг ерда бўлсин деб кўп таъкидларди.

14 ёшга тўлишимдан сал аввал ажойиб хабарни эшитдим. "Реал Мадрид" клубининг бир ходими отамга қўнғироқ қилибди ва таътил вақтида машғулотларда иштирок этишим учун мени Испанияга таклиф қилибди. Мен шокда эдим, улар шундай деганди: "Зидан ўғлингни кўришни истаяпти". У вақтлар Зизу спорт директори лавозимида ишларди. Буни эшитганимдан сўнг еттинчи осмонга учиб кетгандек эдим, жуда ҳам боришни истадим. Лекин бу унчалик ҳам осонмасди, чунки бизнинг ўйинимизга скаутлар ташриф буюра бошлаганди, мен эса ОАВ эътиборига тушгандим. 13 ёшли болакай бундай вазиятда қандай аҳволга тушганини тасаввур ҳам қилолмайсиз, босим юқори эди. Ўша ҳафтада 14 ёшни қаршиладим. Ота-онам клуб билан келишиб, менга Мадридга бориш учун чипта совға қилишди.

Ана сюрприз-у, мана сюрприз!

Ишонасизми ё йўқми, лекин қаерга кетаётганимизни ҳеч кимга айтмадик. Ҳаттоки, энг яқин дўстларимга ҳам айтолмадим, чунки асабий ҳолатда эдим. Сабаби у ерда омадим келмаса, келиб уларни хафа қилишни истамадим.

Аэропортдан тўғри машғулот марказига борганимиз ҳамон ёдимда. Зидан автотураргоҳда бизни ўзининг машинасида кутиб олди. Албатта, унинг машинасига гап бўлиши мумкинмасди. Биз саломлашдик ва у менга майдонга боришни таклиф қилди. Олди эшикни очди ва деди: "Қани, ўтир". Мендан муздек тер оқарди ва шундай дедим: "Оёқ кийимимни ечайми?". Хахаха! Нега бундай деганман, ҳали ҳам ҳайронман. Сўзларим унга ҳам кулгули туюлди шекилли, жилмайиб деди: "Йўқ, тезроқ ўтирақол".

У мени машғулот майдонига олиб кетаётган эди. Мени эса йўл бўйи: "Мен Зизунинг машинасидаман. Мен Бонди шаҳарчасида туғилган оддийгина Килиан исмли болакайман. Бу тушимми ё ўнгим? Ҳа, ҳали ҳам самолетда ухлаяпман шекилли..." Баъзида ҳаётингизда ростан содир бўлаётган нарсалар худди тушга ўхшайди. Россияда бўлган Жаҳон Чемпионатида ҳам худди шундай ҳиссиёт бўлган эди.

Энг ёрқин хотирам: гуруҳ босқичининг илк ўйини Австралияга қарши баҳсдан олдин футболчилар майдонга чиқиш жойида (туннелда) турарди. Кўзларимга ишонмасдим. Дембелега қарадим ва биз шунчаки бир-биримизга жилмайиб қўйдик.

Мен: "Бизга қара. "Эврё" тарбияланувчиси ва Бонди шаҳарчасида туғилган болакай. Биз Жаҳон Чемпионатида ўйнаяпмиз".
У: "Ҳа, ақлбовар қилмайди".

Биз майдонга чиқдик ва 66 миллион инсон биздан умид қилиб турганини ҳис қилдик. "Марсельеза"ни (Франция мадҳияси) эшитганимда кўзларимга ёш келди. Эътиборли томони шундаки, ёзда Жаҳон Кубогига эга чиққанларнинг асосий қисми шаҳар ташқарисидаги туманларда туғилган. Бу ерда турли халқ вакиллари яшайди, тиллар ҳам ҳар хил. Бу ер 15та одам билан қўл бериб кўришадиган тумандир — 14та эмас, 10та ҳам ё 1та ҳам эмас. Нақд 15та!

"Бондидаги болалар,
Иль-де-Франсдаги болалар,
Шаҳар атрофида яшовчи болакайлар,
Биз Франция. Сиз — Франция.
Биз ақлдан озган ҳаёлпарастлармиз. Ва бахтимизга орзу қилиш қиммат эмас. Аниқроғи бепул!

Ҳурмат билан, бондилик Килиан".


The players tribune сайтидан Нозима Зарипова таржимаси

Rating: +25   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика