Latest news

00:28АПЛ. Бруну қизил олган, Онана бурчакдан гол ўтказиб юборган учрашувда МЮ "бўрилар"га мағлуб бўлди  4 00:04АПЛ. "Ливерпуль" - "Лестер". Асосий таркиблар маълум!  2 23:52"Барселона"нинг ёздаги илк трансфери ким бўлади?  3 23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  3 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  3 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  12 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  29 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  27 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  9 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  32 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  6

МТЖ, Осиё Кубоги, Купер, "Насаф", испан тили тўгараги, Нестеров ва терма жамоанинг бўлажак биринчи рақами ҳақида — Денис Иванков билан суҳбат News

МТЖ, Осиё Кубоги, Купер, "Насаф", испан тили тўгараги, Нестеров ва терма жамоанинг бўлажак биринчи рақами ҳақида — Денис Иванков билан суҳбат

“Насаф”даги ишлари билан танилган мутахассис, айни пайтда Қарши клубини тарк этган ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси ва Олимпия терма жамоасида дарвозабонлар мураббийи сифатида ишлаётган Денис Иванков ўтган ой суҳбат қилдик.

Маълумот ўрнида:

Исм шарифи: Денис Иванков Александрович

Туғилган санаси: 1972 йил, 17 июнь.

Футболчилик фаолияти: "Аралводстворец" (1990), "Сохибкор" (1990), "Чирчиқ" (1991), "Пахтакор" (1992, 1994-1995), "Нурафшон" (1992-1993), "Нефтчи" (1995)

Мураббийлик фаолияти: "Машъал", "Насаф", Ўзбекистон терма жамоаси

Ютуқлари: Ўзбекистон чемпиони (2): (1992, 1995)

Мураббий сифатида ютуқлари

Ўзбекистон Кубоги соҳиби (2015)

Ўзбекистон чемпионати бронза медали соҳиби: (2013, 2014, 2015, 2016)

Ўзбекистон чемпионати кумуш медали соҳиби: (2017)

Дастлаб Муборакнинг "Машъал" клубида, кейинчалик 2013 йилги мавсумдан бошлаб "Насаф"да ишлаган Денис Иванков дарвозабонлар мураббийи сифатида иқтидорли посбонларни тарбиялашда жонбозлик кўрсатган ва ҳозирги кунда унинг бир қатор шогирдлари (Элдорбек Суюнов, Санжар Қувватов, Ўткир Юсупов, Умид Эргашев) терма жамоа дарвозабонлари саналишади. Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги "Насаф" мураббийлар штабида 6 мавсумни ўтказган тажрибали мутахассис эндиликда тўлақонли Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штабида иш бошлади. Биз мазкур мутахассис билан яқинда учрашиб бир қатор мавзулар бўйича суҳбат қурдик. Қуйида ўша суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.


"Иккинчи уйи"дан кетиши ҳақида

- "Насаф" менинг иккинчи уйимга айланганди. Кўп йиллар мобайнида клуб қароргоҳида истиқомат қилдим, барча билан ака-ука, дўстдек тутуниб кетгандим. Қисқа қилиб айтганда, улар билан хайрлашиш осон бўлмади. Лекин жуда илиқ хайрлашдик. Кўплаб ишқибозлар, клуб ходимлари мени кетишимни исташмади. Улар мендан жамоада қолишимни сўрашганида бошқача бўлиб кетдим. Клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби ва коллективга кетишим сабабларини тўғри тушунтирдим. “Насаф”да мени қароримни тўғри қабул қилишди. Ҳаётимда шундай ўзгаришлар юзага келди. "Насаф"даги фаолиятим давомида ака-ука, дўстдек бўлиб қолган инсонларга кетишим ҳақидаги қарорни тушунтиришга қийналдим. Бир тарафдан жуда таъсирли ва ёқимли. Мен "Насаф"да ўз ишимни чин кўнгилдан, завқ билан амалга оширардим. Аммо терма жамоадаги фаолиятим билан клубдаги ишимни бир вақтда давом эттиришнинг иложи бўлмади. Умуман олганда чиройли ва яхши кайфиятда хайрлашдик.

Кетишимдан олдин раҳбарият, мураббийлар штаби ва коллектив билан ўтирдик. Уларга қароримни айтдим ва яхши кайфиятда бир-биримизга омад тиладик. Ҳозир ҳам клуб раҳбарияти, мураббийлар ёки ходимлар билан алоқамиз, суҳбатлашиб турамиз. Шу ўринда "Насаф" клубига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Нафақат клубга, балки Қашқадарё халқига катта раҳмат айтаман. Мен у ерда ҳеч қачон унутилмас онларни ўтказганман. Менинг мураббий сифатида шаклланишимда айнан Қашқадарё вилоятининг ўрни жуда катта. Айнан ўша ерда мен мураббий сифатида оёққа турдим. Клуб президенти, менежер Сергей Кучеренкога, бош мураббий Рўзиқул Бердиевга ўзаро ҳамкорлик учун катта раҳмат айтаман. "Насаф"даги муҳит, ишчанлик кайфияти ва ўзаро ҳамкорликни ҳеч қачон унутмайман. "Насаф" том маънода менинг иккинчи оиламга айланиб қолганди.

Ўтган 3 ой вақт мобайнида "Насаф" қароргоҳини қумсайман, клуб менежеридан бошлаб майдонга жавобгар агрономгача соғинаман. Уларнинг барчаси мен учун қадрли инсонларга айланишганди. "Насаф"даги барчани соғинаман. Бўладику, ўша ердаги барча мен учун ўзимизнинг одамларга айланиб қолганди. "Насаф"даги ички муҳитни кўпроқ соғиняпман, десам алдамаган бўламан. Клуб билан терма жамоадаги иш бир-биридан фарқ қилади. Шу боисдан ҳам ҳар кунги чиройли муҳитни қумсайди одам.


Ўзбекистон терма жамоасидан тушган таклиф ҳақида

- Очиғи бу таклиф кутилмаганда руй берди. Айтишим мумкинки, бу чорлов мен учун жуда ёқимли бўлди. Дастлаб менга ЎФАдан қўнғироқ қилишди ва МТЖ мураббийлар штабига кириши мумкин бўлган кенгайтирилган рўйхатга тушганимни айтишди. Ўшанда ҳали ҳеч нарсани маълум бўлмаган ва Купер номзодлар орасидан кимнидир танлаши айтилди. Якунда Купер мени танлаганини маълум қилишди. Сўнгра терма жамоанинг августдаги йиғинига таклиф олдим. Йиғин давомида Купер билан танишдик ва ишни бошладик. Маълум вақтдан сўнг Купер мени ўз штабида кўришни истаётганини айтди. Шундан сўнг "Насаф"дан кетиб тўлақонли терма жамоа мураббийлар штабига кирдим. Чунки Купер бор эътиборни айнан терма жамоага қаратишимни истади. Купердек тажрибали мураббийга менинг иш услубим, машғулотларга бўлган муносабатим ёққани албатта жуда ёқимли ҳолат.



Осиё Кубогига бўлган тайёргарлик ва дарвозабонлари ҳақида

- Осиё Кубогига 12 декабрдан бошлаб тайёргарлик жараёнини бошладик. Мавсум тугагач футболчилар маълум танаффусдан сўнг терма жамоа йиғинига қайтишди. Туркиядаги йиғин давомида машғулотларга қаттиқ ишланди. Чунки қитъа чемпионатига қадар оз вақт қолганди. Туркия йиғинига олиб кетилган дарвозабонларнинг барчаси ўзидан яхши таассурот қолдирди. Нестеровнинг машғулотлардаги ҳаракатидан кўплаб дарвозабонларимиз ўрнак олишди, унга ўхшаб ишлашга интилишди. Осиё Кубогига қадар жуда катта ҳажмдаги ишни амалга оширдик. Йиғинда жуда қаттиқ тер тўкилди. Яхши ишланди. Чунки 2 ҳафта ичида дарвозабонларнинг жисмоний, техник ва тактик тарафлама юқори спорт формасига олиб чиқишим талаб этиларди. Ўйлайманки, меҳнатлар самарасини амалда кўрдик. Ҳар ҳолда натижа ёмон бўлмади. Мен дарвозабонлар ҳаракатини назарда тутяпман. Австралиядан ўтолмаганимиз аламли бўлди албатта. Лекин ҳаммаси олдинда деб ўйлайман. Ҳали Ўзбекистон терма жамоасининг катта ғалабалари олдинда. 

Дарвозабонларни мусобақага тайёрлаш жараёнида ҳеч қандай савол ёки муаммолар бўлмади. Тўғри, улар ҳар хил мураббий қўл остида ва бошқа машғулотлар дастури бўйича шуғулланишган. Лекин менинг дастурим бўйича шуғулланишда ҳеч қандай муаммолар юзага келмади. Барча кўрсатмаларимга тўлиқ риоя қилишди ва ўз вазифаларини яхши бажаришди. Тўғрисини айтаман, уларга йиғин давомида жуда қийин бўлди. Чунки машғулотларда уларни жуда қийин юкламалар билан шуғуллантирдим. Дарвозабонлар пиёда юришга ҳам қийналиб қолган пайтлари бўлди. Айтадику, машғулотларда қанчалик қийин бўлса, ишда осонроқ бўлади. Шу боисдан ҳам Нестеров мусобақа давомида яхши натижа қайд этди.


Дарвозабонларни танлашда муаммо бўлганмиди?

- Дарвозабонларни танлаш? Бу менга тўғри маънода муаммо туғдирмади. Лекин танловда ёқимли бош оғриқ пайдо бўлди. Бироқ Осиё Кубогига борадиган киперларни танлашда ортиқча қийинчиликка дуч келмадим. Аввало Элдорбек Суюнов мазкур қитъа чемпионатини ўтказиб юборгани ёмон бўлди. Ўтган мавсум якуни Суюнов учун омадсиз кечди. Дастлаб қўлини панжасини синдириб олди, кейинчалик оёғидаги эски жароҳат қайталанди. Худога шукур, ҳозирги ҳолати яхши. Умид қиламанки, янги мавсум Суюновда бундай муаммолар бўлмайди. Осиё Кубогига борган дарвозабонларни танлашга келсак, мураббийлар штаби билан келишган ҳолда Нестеров, Қувватов ва Юсупов вариантига тўхталгандик.



Купер дарвозабонлардан нимани талаб қилади?

- Купер дарвозабонлардан кўпроқ агрессив бўлишни талаб қилади. Ўйин давомида дарвозабон ўзини борлигини бутун жамоага билдириб туриши кераклигини таъкидлайди. Шунингдек, жаноб Купер дарвозабон ҳимоя чизиғи ва ярим ҳимояни бошқариб туриши кераклигини талаб қилади. Бошқарувни ўз қўлига оладиган дарвозабонлар ёқади. Кипер майдонда етакчи бўлиши керак. Пайтида қайсидир футболчига эътироз қилиши, хатосини тўғрилаб турадиган фигура бўлишини талаб қилади.


Игнатий Нестеров ва терма жамоанинг бўлажак биринчи рақами ҳақида

- Мен бу ерда катта муаммо кўрмаяпман. Бу ҳаёт. Авваламбор Нестеровга каттадан-катта раҳмат айтиш лозим. Игнатийга унинг профессионаллиги учун, ишга бўлган муносабати, ўйинлари, сейвлари ва ватан учун қилган меҳнатлари учун ташаккур. Лекин ҳозирдан Нестеровни ҳисобдан чиқаришга шошилмайман. Фаолиятини якунлаши ёки дисквалификация бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирмоқчи эмасман. Нима бўлишини билмайман, балки фаолиятини ҳали якунламаслиги мумкин.

Умид қиламанки, Нестеровнинг дисквалификация хавфи кутилганидан кам муддат бўлади. Нестеровнинг терма жамоадаги фаолиятини тугатиш қарори аламли мағлубиятдан кейинги қизишиб кетиш натижасида айтилган гап деб қабул қиламан. Ҳали шошмаслик керак. Балки эртага ҳаммаси бошқача тус олиши мумкин.

Терма жамоа биринчи рақами ҳақида гапирадиган бўлсам, энди кейинги авлоднинг даври келмоқда. Аслида бу кейинги авлод эмас. Нестеровдан кейинги кўплаб авлодларни йўқотганмиз. Ҳозирги кунда Нестеровдан кейинги нечанчидир авлод ўсиб келди. Масалан Игнатий 83 йил бўлса, бизда 85, 87, 88 йилда туғилган дарвозабонлар ичидан терма жамоа даражасида порлаб чиққани бўлмади. Буёғига 89, 90 ва ундан кейинги йилларда туғилган дарвозабонлар даври келди. Ҳозирги кунда Суюнов, Қувватов, Юсупов, Илёсов ва бошқалар. Буёғига назорат, ўртоқлик ва мини турнирлар орқали терма жамоадаги янги биринчи рақамли посбонни аниқлаб оламиз. 

Терма жамоамиз олдида ЖЧга чиқиш каби жиддий вазифа турибди. Шу боисдан ҳам терма жамоа дарвозасини кучли ва ишончли кипер қўриқлаши керак бўлади. Биринчи рақамли дарвозабон қийин паллада жамоа жонига оро кирадиган, руҳий тарафлама ҳам кучли бўлмоғи лозим.  Потенциал жиҳатдан Суюнов, Қувватов, Илёсов ва бошқа номзодлар яқин келажакда терма жамоамизнинг асосий киперига айланишлари мумкин.

Эктор Купер билан асосий дарвозабон масаласида ҳали алоҳида суҳбат бўлиб ўтгани йўқ. Чунки Эктор Купер билан Осиё Кубогидан кейин ҳали алоҳида ўтириб гаплашишга фурсат бўлгани ҳам йўқ. Албатта, жамоа учун биринчи рақам кимлигини билиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки жамоа дарвозада ким туришини ва унга ишониши, ортида ишончли девор турганини ҳис этиб ўйнаши лозим. Ўйлашимча, биз танловни тўғри амалга оширамиз.



Эктор Купер ҳақида

- Купер терма жамоамизга эндигина келганида аввалига ҳимоявий ўйин услубини жорий қилиб, асосий эътиборни мудофаа чизиғига қаратганди. Лекин ўшанда агарда мазкур услуб наф келтирмаса, ҳужумкор тактикага қайтишини таъкидлаганди. Ўтган ўртоқлик ўйинларидан кейин жамоа Осиё Кубогида нафақат ҳимояда, балки ҳужумкор услубда ҳам ўйнай олишини исботлади. Яъни, Купер тактик ўзгартиришларни амалга оширди. Унинг ишга бўлган ёндошуви ҳақида гапирадиган бўлсам, машғулотларда асосан тактик жиҳатдан жамоани тайёрлашга кўпроқ эътибор қаратади. Биринчи ўринда эса тартиб туради. Очиғи, мен асосан дарвозабонлар билан алоҳида шуғулланишимни инобатга олсак, бутун жамоанинг машғулотдаги жараёни билан танишиб чиқишга вақт бўлмайди. Лекин терма жамоада Купер ҳали айтганимдек тартибни юқорига ўринга қўяди. Имкон қадар барча билан кўпроқ мулоқот қилишга ҳаракат қилади. Тўғри, мен у билан тўғридан-тўғри рус тилида гаплаша олмайман. Тил борасида кичик тўсиқ мавжуд. Бу муаммони бартараф этиш бўйича эса аллақачон ишга киришганман ва ҳозирда испан тилини ўрганяпман. Қаршида ишлаб юрган кезларимда испан тили ўқитувчисини топиш муаммо бўлди. Тошкентда эса ўзимга ўқитувчи ёлладим. 

Купер мен билан фақат дарвозабон хусусида кўпроқ суҳбатлашади. Тактик тарафлама эса ўзининг шунга масъул ёрдамчиларига кўпроқ мурожаат қилади. Машғулотлардан ташқари жуда қувноқ, ҳазилкаш инсон. Жаноб Купер билан суҳбатлашиш, ҳазиллашиш ёқимли. Қисқа қилиб айтганда, жуда яхши инсон. Ўзбек мутахассисларидан фарқили жиҳати сифатида, аргентиналик мутахассис машғулотларда кўпроқ тактик юкламаларга вақт сарфлашини айтиш мумкин. Одатда 40-50 дақиқа жамоа тактик қўлланмалар устида ишлайди. Умуман барча мураббийларнинг ўз методикаси ва услуби мавжуд. Куперда биринчи навбатда тартиб-интизом ва тактика.

Иш жараёнида Купер ўзини бошқалардан устун қўймайди. Масалан мен Куперман, ўз ишим билан танилган ва номдор мураббийман деган тушунчаси йўқ. Машғулотларда футболчилардек бутса ва хуштак билан чиқади ҳамда жамоа биргаликда ишлайди. Купер жуда камтар ва оддий инсон. Баъзан унинг бу қадар камтарлигини кўриб ҳайрон қоламан. 

Хорижликлар буткул фарқ қилишади. Менталитет, футболга бўлган қараши буткул бошқача. Бизда масалан Шанель, Луи Витон ёки Гуччи бренди остида кийинса, “ааа, зўр-у”, дейишади. Купер эса 3 еврога кийиниши мумкин. Яъни, буюм ёки нарсанинг қиймати муҳим эмас.


Ўзбекистон терма жамоаси ички муҳити ҳақида

- Терма жамоада ҳеч қандай гуруҳбозлик йўқ. Ички муҳит ажойиб. Масалан футболчи исталган пайт мураббийнинг олдига келиб ўзини қизиқтирган саволини бериши мумкин. Ёки аксинча. Авваллари терма жамоа Гейнрих энг ҳазилкаш ва қувноқ футболчи бўлган дейишади. Жамоага кайфият улашувчи. Ҳозирги терма жамоада ички муҳитида Гейнрихдақа ҳазилкаши бўлмасада, умумий кайфият доим юқори нотада. Муҳими, терма жамоада муҳитни бузадиган футболчи йўқ. Дарвозабонлар алоҳида олам, тўғри. Дарвозабонлар ичида энг қувноқи бу мен (кулади). Улар керак пайтда мени эшитишади, керак бўлса ҳазиллашамиз, кулиш керак пайтда кулишади. Игнатий Нестеров ҳам ўйинда жиддий кўрингани билан машғулотларда кайфият улашишга қодир. Гарчи доим жиддий қиёфада юрсада ҳазилни ўз ўрнига қўя олади. Шунчаки унинг характери ва ўзини тутиши шундай. Игнатий жуда яхши йигит.



Аламли мағлубиятдан кейинги сониялар ҳақида

- Кимнингдир кўзида ёш, кимдир асабийлашган ва ҳоказо. Купер кийиниш хонасида ҳаёт бу билан тўхтаб қолмаслигини айтди. Асосий мақсаж ЖЧга йўлланма олишлигини таъкидлади. Агарда ўйинларга шундай ёндошув билан қаралса, унда ҳаммаси яхши бўлишини айтди. Ҳеч ким бир-бирини айбламади ёки гапирмади. Футболчилар майдонда бор кучларини сарфлашди. Ҳеч ким шунчаки ўйнагани йўқ. Бу шундоқ сезилиб турганди. Пенальти эса кўп жиҳатдан омадга боғлиқ бўлган лотерея. Бу борада омад Австралияга кулиб боқди.  Кишини ранжитган жиҳат, пенальтини уролмаган Ислом ва Маратга нисбатан кўп негатив пайдо бўлди. Ислом ва Маратни айблаган ёки уларга эътироз билдирган одамлар билан кўп тортишдим, баҳслашдим ва керак бўлса уришиб қолдим. Қандай қилиб кеча яхшилаб турган футболчини пенальти уролмасликда айблаб, ҳақорат қилиш мумкин? Жаҳон футболи юлдузлари ҳам “нуқта”дан адашади. Нима Марат ёки Ислом гол уришни истамаган деб ўйлашадими? Бикмаев нима ўзи учун, голини нишонлаш учун тепдими? Йўқ албатта. Марат голни бутун терма жамоа мухлислари билан нишонлаш, мамлакатга қувонч улашиш учун нуқтага борди. Аммо ўхшамади. Исталган футболчи билан бундай ҳолат руй бериши мумкин. Тарихий ғалабага жуда яқин келгандик. Ҳамма ғалабани жуда хоҳлаганди. Лекин ўхшамади. Бугун ютмадикми, балки эртага ЖЧ йўлланмасининг ҳал қилувчи баҳсида уларни ютишимиз мумкин. Ҳаммага катта раҳмат айтмоқчиман.

Баъзан менга ҳам дарвозабон хато қилди, деган иддаолар бўлади. Мен уларга дарвозабон ҳам одам, у ҳам барча каби хато қилиши мумкинлигини айтаман. Робот хато қилади, машиналар бузилади. Одам хато қилса уни ҳақоратлаб ташлаш керакми? Ҳар бир одам хато қилади. Хатолар устида эса ишланилади. Машғулотларда ўша хатолар устида ишлаб, керакли хулоса чиқарилади. Тизимли хатоларга доимий йўл қўйиш бошқа. Унда ҳа, демак ўша дарвозабон ёки футболчи ҳақиқатдан ҳам аҳмоқ бўлади. Хатодан хулоса чиқармайдиган ва доимий бир хатони такрорлаш бошқа. Аммо хатоларидан хулоса чиқариб, буни бошқа такрорламаслик бошқа. 

Мен ҳам ўз ишимни йил якунида таҳлил қилиб чиқаман. Йил якунида қилинган ишлар ҳисоботини қилиб, қайси дарвозабон нечта гол ўтказганини қараб чиқаман. Ён дафтарчамни очиб, қайсидир машқларни бекор бажартирганимни, бу фойда келтирмаганини кўраман. Шундан хулоса чиқараман. Қайсидир машқларни олиб ташлайман, қандайдир бошқа машқларни қўшаман. Кераклигини олиб қолиб, кераксизидан воз кечаман. Ҳамма хато қилади. Муҳими, ўша хатолардан тегишли хулоса чиқариш лозим.



Осиё Кубогида Вьетнам дарвозабони нега Иванковга раҳмат айтганди?

- Данг Ван Лам (асл исми Данг Лев Шонович) жуда яхши бола. Унинг онаси рус, отаси эса вьетнамлик адашмасам. Мен у билан инстаграм орқали танишиб қолганман. Менинг саҳифамга обуна бўлиб, машғулотларим туширилган видео остига ўз изоҳларини ёзишни бошлаган. Унга менинг дарвозабонларга бераётган машқларим ёққанини айтганди. Осиё Кубоги доирасидаги Вьетнамнинг Японияга қарши ўйин куни эрталаб менга ёзиб қолди. Шунда мендан Япония терма жамоаси ҳақида сўради. Шунчаки маслаҳат сифатида. Табиийки мен унга ўзим билган жиҳатлар ҳақида овозли хат юбордим. У эса буни инобатга олиб, кейинчалик Японияга қарши ўйиннинг энг яхши футболчиси номига сазовор бўлди ва Данг Ван Лам (асл исми Данг Лев Шонович) менга раҳмат айтди. Бу ҳақда дастлаб сизларнинг сайтингизга берган интервьюси орқали хабар топдим. Кейин менга алоҳида смс жўнатиб ташаккур билдирди. Албатта жуда ёқимли бўлди. Кейинроқ мени меҳмонга чақирганди. Лекин ҳалигача ҳаётда у билан кўришганим йўқ. 


Ҳаммага омад ва айниқса "Насаф"га

- Барча мураббий ва футболчилар улкан омад тилайман. Муҳими, футболчилар жароҳатлардан йироқроқ юришсин. “Насаф”га алоҳида омад ва совринли ўринларни қўлга киритишини ҳамда ОЧЛ йўлланмасига эга чиқишини тилайман. Барча ўзбек футболи мухлисларига соғлик ва омад тилайман. Доим стадионларга келиб, чиройли муҳит яратишдан ва жамоаларини қўллаб-қувватлашдан чарчашмасин!  Ўзбекистон терма жамоаси билан эса кўп йиллардан буён кутилаётган ЖЧ чиптасини қўлга киритишни истайман. Бу йўлда терма жамоамизга омад ёр бўлсин!


Шаҳбоз Беғамов суҳбатлашди

Rating: +60   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика