Latest news

20:16Россия термаси учун яна бир рақиб топилди  1 19:54Пеп Гвардиола: "Таслим бўлмайман"  1 19:36Флик ва Деку Леау трансферига ишонишмаяпти, аммо Лапорта уни сотиб олмоқчи  0 19:06Суперлигага қайтган "Бухоро" Қулматовни ўз сафига қўшиб олди  2 18:55"Барселона" Ольмо ишини ҳал қилиш учун ЛаЛигага VIP жойлар ҳужжатини юборди  1 18:36Шуҳрат Муҳаммадиев "Насаф" билан янги битим имзолади  0 18:02Катта эҳтимол билан АПЛни "Ливерпуль" ютади  6 17:15"Барселона" яна Ольмога ваъда беришни бошлади  0 16:35"Реал" клублар ўртасидаги ЖЧдан қанча пул ишлаб олиши мумкин?  9 16:14"Ланс" етакчисини 15 млн еврога сотмоқда  3 15:58Балотелли январь ойидаёқ "Женоа"ни тарк этиши мумкин  2 15:44Винисиус "Реал"дан Мбаппе даражасидаги маош талаб қилмоқда  7 15:00Championat.asia ходимлари томонидан йил давомида эълон қилинган мақолалар  5 14:30"Ливерпуль" ҳимоячиси "Реал"га ўтмоқчи  5 13:545 ўйинда 11 та гол ўтказиб юборган МЮ ёш дарвозабонга қизиқиш билдирмоқда  0

Мозийга қайтиб... ЎФФга таклиф News

Мозийга қайтиб... ЎФФга таклиф

2000 йил Ливанда бўлиб ўтган Осиё Кубоги мусобақаси ўзбек футболи тарихидаги энг шармандали натижалар билан тарихда қолган.

Юрий Саркисян бошчилигидаги миллий терма жамоамиз Қатар (1:1), Япония (1:8) ҳамда Саудия Арабистони (0:5) жамоалари билан ўйинда 1 очко тўплаб, гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаган. 6 йил аввал бутун Осиёни титратган термамизнинг бу аҳволга тушиб қолиши футбол тизимимизда катта ўзгаришларга олиб келган. ЎФФ Ижроқўм йиғилишида федерация Бош котиби Зокир Қурбонов ўз лавозимидан озод этилган ва унинг ўрнига “Дўстлик” футбол клуби президенти Бахтиёр Раҳимов тайинланган. 

Тошкент вилоятининг “Дўстлик” жамоаси сўнгги 2 йилда мамлакат чемпионлигини қўлга киритган бўлса-да, клуб раҳбари футбол жамоатчилиги орасида унча таниқли эмас эди. Мен у пайтда Ўзбекистон телевидениеси “Спорт” студияси директори лавозимида ишлар эдим. Футболимизнинг янги раҳбари билан яқиндан танишиш ва иш юзасидан ҳамкорлик алоқаларини яхшилаш борасида учрашдик. Суҳбат орасида мен футболимиз тизимини европача модел асосида шакллантириш, яъни федерация асосан футбол ривожи ва терма жамоаларга масъул бўлиши, ички мусобақаларни эса алоҳида ташкилот ўтказиши борасида фикр билдирдим. Раҳимов яқинда Москвада бўлганида ФИФА вице-президенти, Россия футбол уюшмаси раҳбари Вячеслав Колосков билан шу мавзуда суҳбатлашгани, Россияда ҳам Премьер-лига тузилгани ва ўзини оқламаётгани, янги ташкилот РФУ билан кўп тортишаётгани ҳақида фикр билдирганини айтиб, бизда ички мусобақа ўтказадиган алоҳида ташкилот тузишга зарурат йўқлигини билдирди. Менинг Колосков иккала ташкилотга ҳам раҳбарлик қилмоқчи бўлаётгани сабабли шундай вазият юзага келгани ҳақидаги даъволарим инобатга олинмади.

Янги, профессинал футбол лигаси тузилиши долзарб мавзу бўлгани сабабли мен бу таклифни шундай қолдирмадим ва энди матбуот орқали уни омма эътиборига ҳавола қилишни маъқул топдим. Мақсад, бу мавзуга кенг жамоатчилик фикрини ҳам билиш эди.

                                                                                                  Аброр Имомхўжаев.  

Таниқли спорт журналисти Аброр Имомхўжаев тахририятимизга бир хат билан мурожаат этди. Дил кечинмаларини, ўй-фикрларини газетамиз орқали очиқ хат сифатида тегишли шахсларга етказишимизни илтимос қилди. Ошкоралик даври эмасми, қолаверса, мактуб футболимизни ривожлантиришга хизмат қилишини инобатга олиб, хатни ўз холатича ҳукмингизга ҳавола этишни маъқул топдик.

КЕЛАЖАГИ БУЮК ЎЗБЕКИСТОННИНГ ФУТБОЛИ ҲАМ ДОВРУҒЛИ БЎЛАДИ. БУНГА ШУБҲА ЙЎҚ. АММО БУ МАСЪУЛИЯТ КИМНИНГ ЗИММАСИГА ЮКЛАТИЛГАН?

(“Ўзбекистон футболи” газетасининг 2001 йил 16 январь сонидан олингин).

Ҳурматли Бахтиёр ака!

Бу лавозимга ишга ўтганингизга роппа-роса 2 ой бўлди. Аммо ҳали ишни тўлиқ ўрганмасдан бир қанча чигалли муаммоларга дуч келиб улгурдингиз. Мураббийларнинг футболимиз келажагига бефарқ қарашлари, иккинчи лига ўтиш турниридаги чалкашликлар, аёллар футболидаги ўзбошимчаликлар, олий лига мураббийларининг лицензиядан ўта олмасликлари... ҳаммасини санаб нима қиламан – уларни мендан кўра ўзингиз яхши биласиз. Шунинг учун ҳам Янги йил бошиданоқ ушбу чиқишим билан сизга қўшимча бош оғриқ келтираётган бўлсам, аввалдан узр сўрайман. Аммо бу ерда машҳур қўшикда куйланидек, "айтсам дилим оғрир – айтмасам бўлмас" ибораси устун келди. Боз устига, биз нафақат Янги йилни, балки Янги аср, қолаверса, Янги минг йилликни кутиб олдик.

Хўш, янги XXI асрда Ўзбекистон футболи қандай бўлади? Биз юртбошимиз орзу қилган ва миллионлаб мухлислар интиқлик билан кутаётган довруғли футбол намойиш этишга қодирмизми?

Менимча, ана шу саволларга жавоб топиш учун ҳозир айни фурсат ва Сиз "қаердан ҳам шу лавозимга рози бўлдим" дейиш ўрнига, "мен барибир шу ишни уддалайман!" деб ишга киришганингиз учун ҳам мурожаат билан чиқмокдаман.

Шу боис ҳам фикрларимни "ақл ўргатиш" сифатида эмас, ҳамкорликдаги саъй-ҳаракат деб қабул қилишингизни сўрардим. Колаверса, биз юқоридаги сарлавҳа – яъни футболимизни довруғли қилиш кимнинг зиммасида деган саволга жавоб топишимиз керак.

Юртбошимиз "Ўзбекистоннинг келажаги буюк бўлади!" деб хитоб қилганларида кексаларимиз "илоҳим, шундай бўлсин ва уни қўриш ёш, келажак авлодга насиб этсин", деб дуои фотиҳа қилганлар. Менимча, биз сиз билан "қайси ёшлар ва қайси авлод" деган саволга жавоб излашимиз керак ва бунинг учун узоққа бориш шарт эмас. XXI асрга биз қандай ҳолатда кириб келдик? Сиз билан менга ва бошқа тенгдошларимизга энг масъулиятли жойларни топширишяпти. Яъни, айнан бизнинг ёшдагиларга ишонишяпти. Демакки, буюклик сари бошланган ишларни Янги асрда айнан биз давом эттиришимиз керак.

Хусусан, футболимиз келажакда довруғли бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Аммо ғалаба ҳам ўз-ўзидан келмайди. Замонавий футболда фақат "юлдуз"ларни жамлаш ютуққа кафолат бўла олмайди. Бунинг учун тўғри стратегия ва тактикани ҳам қўллай билиш зарур, жумладан футбол механизмини ҳам.

Ҳозир Сиз бошқараётган футбол федерацияда катта ўзгаришлар бўлмоқда ва шундай бўлиши ҳам керак. Сабаби бу соҳада муаммолар шу даражада тўпланиб қолганки, уларни катта ўзгартиришларсиз амалга ошириб бўлмайди. Аммо ҳаммасига бирданига улгуриш қийин. Демак, нима қилмоқ керак?

Менимча, дастлаб кечиктириб бўлмайдиган ишлар, яъни стратегияни амалга ошириш зарур. Мисол учун, федерациянинг охирги қарорларидан бири – миллий терма жамоа штабини тузиш ҳақидаги тасдиғини олайлик. Миллий терма жамоамизга бош мураббий этиб хорижий мутахассис таклиф этилганига юз фоиз кўшиламан. Аммо унинг ёрдамчисига келсак...

Биласизми, менга 1995 йил "Пахтакор"нинг биринчи хорижий мураббийи – нидерландиялик Ханс Ферел билан бирга ишлаш насиб қилган. Ўша пайтда жамоа бошлиғи лавозимида эдим. Шу йили "Пахтакор" бир йўла 4 поғона кўтарилиб, "тараққиёт" совринини қўлга киритишида Ханс Ферелга таниқли мутахассис Аҳрол Иноятов яқиндан ёрдам берган эди. Мамлакатимиз футболини барча сир-асрорларидан хабардор бўлган Иноятов кўмагида Ферел кейинги мавсум бундан-да юқорироқ чўққиларни забт этиши мумкин эди. Аммо нидерландиялик мутахассис ўзидан кўра жамоа келажагини устун қўйди. Мавсум якунлангач, у Ақрол Иноятовга самимий миннатдорчилик билдирди, аммо у кишидек таниқли мутахассис ёрдамчи мураббий сифатида эмас, балки бош мураббий сифатида тажрибаларини сарф этиши лозимлигини айтиб, Иноятовга бошқа жамоларда омад унга ёр бўлишини тилади. Шундан сўнг менга мурожаат қилиб, шартномаси тугашига бир йил қолгани ва шу боис ҳам у кетгач, ишини давом эттириши учун унга ёш, махаллий мураббии ёрдамчи сифачида зарурлигини айтди. Узоқ ўйламасдан Ислом Аҳмедов номзодида  тўхталдим. Ханс Ферел ва Ислом Аҳмедов бирга кўп ишлай олишмади, аниқроғи, уларнинг иккови ҳам ўша пайтда "Пахтакор" учун керак бўлмай қолди. Кейинчалик Ислом ака ана шу оз муддатда нидерландиялик мутахассисдан жуда кўп нарса ўргангани ва Рустам Акрамов назарияси билан Ханс Ферелнинг амалиёти уйғунлаштирилса, жуда катта ютуқларга эришиш мумкинлиги хақида кўп гапирганди. У оз муддатда Ҳиндистон ёшлари билан муваффақиятли ишлаб, ҳозирда Ҳиндистон миллий терма жамоасининг бош мураббийи этиб тайинлангани ҳам режасини ҳаётга тадбиқ этаётганидан дарак беради.

Аммо ҳозир гап Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва унинг келажаги ҳақида бормокда. Россиялик таниқли мутахассис Владимир Сальков Ўзбекистонга бир умрга келмагани аниқ, шу боис унга асосий ёрдамчи этиб Леонид Остроушко эмас, Ўзбекистон фуқароси бўлган маҳаллий ёш мураббийлардан бири (сўнгги паллада таклиф этилган Равшан Ҳайдаров иккинчи ёки учинчи даражали мураббий бўлиб қолмаслигини истардик) бириктирилса бўлмасмиди? Назаримда, шундай қилинганида, кейинчалик Сальков ўз юртига қайтиб кетганида, ишни бошқатдан бошламай, узвий давом эттириш имконияти пайдо бўларди.

Мураббийлар ҳақида гап кетганда, уларга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш зарурлигини қайд этиш лозим. Вазирлар Маҳкамасининг қарорида жойлардаги футболга маҳаллий ҳокимлар масъул этиб тайинлангач, иш анча силжиди ва буни инкор этиб бўлмайди. Аммо тушунса-тушунмаса мураббийларнинг ишига аралашиш ва улардан бирданига катта ютукларни талаб этиш каби салбий ҳолатлар натижасида оз мунча мутахассисларимиз озор чекишдими?! Ўтган йили "Зарафшон"да бир йўла 5 (!) мураббий алмашганини нима билан изоҳлаш мумкин? Хориждан тажриба орттириб қайтган Аҳрол Иноятов, Баҳодир Иброҳимов, шунингдек, миллий терма жамоамизни Осиё ўйинларида зафар қучишига салмоқли улуш қўшган Биродар Абдураимов сингари тажрибали мураббийларнинг амалиёт билан шуғулланмаётганликларини-чи? Ахир, уларнинг ҳар бирига имкон берилса (мен вақтни назарда тутяпман), жойларда футбол ривожига ўз улушларини қўшишлари мумкин. Аммо дарҳол бугунги натижани талаб этиш кўпгина мураббийларимизни қийин аҳволга солиб қўймоқда. Натижада биргина ўтган йилнинг ўзида олий лига жамоаларининг учдан иккисида (!) мураббийлар алмаштирилди. Улар бутун билим ва маҳоратларини сарфлаши учун 2-3 йил имкон берилмас экан, футболимиз ривожи ҳақида қандай гапириш мумкин?

Бу масалада ҳамма муаммо шартнома тизимининг ишламаслигига бориб тақалади. Хорижда клуб мураббийни муддатдан олдин ишдан бўшатса, шартнома тугашигача қолган муддат учун товон пули тўлайди. Шу боис, клуб раҳбарлари мураббийни ишга олишда ҳам, бўшатишда ҳам етти ўлчаб бир кесишади. Агар бизда ҳам шу тизим қўлланилганда, 2 йилга шартнома имзолаган мураббийни ярим йилдан сўнг ишдан олаётган ҳоким қолган бир ярим йил учун ҳақ тўлаши лозимлигини яхши англарди ва мураббийлар қўнимсизлигига барҳам бериларди. 

"Қўнимсизлик" иборасини футболчиларга нисбатан ҳам бемалол ишлатса бўлади. Йил давомида у жамоадан бунисига ўтишлар шундай кўп бўладики, биз журналистлар статистикани олиб боришда боши берк кўчага кириб қоламиз. Демак, клуб ва футболчи ўртасидаги имзоланган шартнома ҳам тўлалигича ишламаяпти.

Футболчиларга маош ва мукофот пуллари ўз вақтида тўланиши лозимлиги ҳақида ҳам энг юқори минбарлардан кўп бор таъкидланган. Амалда олий лиганинг нечта жамоаси ана шундай барқарорлик билан мақтана олади? Ҳатто молия соҳасида энг яхши таъминланган "Навбаҳор"да ҳам бу соҳада узилишлар бўлди. Футболчилар ўз ҳақларини талаб қилиб ўзларича "бунт" кўтаришди, мураббийлар ҳам уларнинг ёнини олишди. Натижа нима билан тугади? Мураббийлар ишдан олинди, энг "ўжар" футболчиларга эса турлича жазо чоралари қўлланилди.

Тўғри, бу салбий ҳолатларнинг бари Сизгача бўлган ва аввалгиларининг лоқайдлиги учун Сиз жавоб беришингиз мантиққа тўғри келмайди. Лекин федерация мураббий ва футболчилар манфаатини ҳимоя қилиш вазифасини энг устивор йўналиш деб белгиламас экан, иш шу зайлда давом этаверади.

Энди эса тактика, яъни футболимиз ривожи учун қандай йўл танланиши ҳақида фикр юритайлик. Футболимиз довруғли бўлиши учун биринчи навбатда унинг пойдевори мустаҳкам бўлиши лозим. "Пойдевор" деганда эса, биз биринчи навбатда болалар футболини тушунамиз. Ҳозирги кунда федерация болалар футболи ривожи учун қандай таъсир кўрсата олади? Деярли ҳеч қандай. Сабаби болалар футбол мактаблари ва интернатлар турли хил ташкилотларга қарайди, лекин федерацияга эмас.

Биргина мисол. Пойтахтнинг марказидаги "Пахтакор" футбол мактаби тарбияланувчилари қандай шароитда шуғулланишларини ҳеч кузатганмисиз? Ҳозирги совуқ кунда ҳам улар очиқ ҳавода ечиниб-кийинишади. Ювинадиган жой бўлмаганлиги сабабли терлаган кийимлари билан уйларига қайтишади. Шахсий гигиена ва соғлом авлод ҳақида билганларим билан ваъзхонлик ўқимоқчи эмасман, балки муаммони ҳал этишнинг йўлларини таклиф этмоқчиман ҳолос. Ўша "Пахтакор" футбол мактаби Тошкент шаҳар касаба уюшмалари жисмоний тарбия спорт жамиятига қарайди. Бу ташкилотнинг эса футболни ривожлантиришдан кўра, ўз олдига қўйган муҳим вазифалари бор. Шу боис ҳам федерация ўз иш тизимини ўзгартириши ва болалар футболига ҳам алоҳида эътибор бериши зарур. Албатта, олий ва  биринчи лига жамоалари, мини ва аёллар футболи, ҳакам ва назоратчи ҳакамлардан ортиб болаларга эътибор қаратиш мушкул иш.

Демак, ўз-ўзидан, федерациянинг бундан кейинги тузилмаси қандай бўлади, деган савол кечади. Менимча, федерация ҳозир жуда кўп йўналиш билан шуғулланади ва шу боисдан бўлса керак – барчасига ҳам бир хилдагидек улгурмайди.

Тасаввуримда мамлакатимиз футбол тизими қуйидагича бўлмоғи керак: Футболимизнинг ривожи ва тараққиёти Ўзбекистон футбол Уюшмаси (ёки шунга ўхшаган исталган ном билан аташ мумкин) зиммасига юклатилиниши зарур. Уюшма мамлакат чемпионати ва кубок ўйинларидан бутунлай холи бўлиб, асосий эътиборни терма жамоалар ва болалар футболига қаратиши талаб этилади. Яъни, миллий, олимпия, ёшлар ва 2 та ёшдаги ўсмирлар терма жамоаси айнан уюшмага қарайди. Бу терма жамоаларни тузиш, мураббий ва бошқа ходимлар билан шартнома имзолаш, уларнинг йиғинлари ва халқаро мусобақаларда қатнашуви учун барча шароитлар яратиш ва ҳоказо вазифалар деганидир. Шунингдек, ҳар бир вилоятдан биттадан футбол марказлари тузилиб, уларда 6-синфдан 13-синфгача бўлган ўқувчилар таълим олишади. 13-синф нима дегани деб ҳайрон бўлишингиз табиий. Гап шундаки, ўрта мактабни тугатгач, кўпгина футболчилар ўз касбларини ўзгартиришга мажбур бўладилар. Сабаби уларнинг энг иқтидорлиларини профессионал клублар ўзларига таклиф этадилар, эътибор берилмаганлари эса ўз-ўзидан футболдан узокдашадилар. Шу тариқа, биз ҳали очилишга улгурмаган футболчилар ва бўлажак мутахассислардан маҳрум бўламиз. Футбол марказларида ўқувчилар 6-11-синфларда ўрта мактаб таълимини олсалар, яна икки йил давомида ўрта махсус таълимни ҳам ўзлаштиришлари учун имкон яратилиши керак. Шунда уларнинг яна бир гуруҳи катта футболга қўшилса, қолганлари ёш мураббий лицензиясига эга бўладилар.

Бу футбол марказлари битирувчилари биринчи навбатда маҳаллий жамоалар сафини тўлдиради. Шу боис улар маҳаллий бюджетдан маблағ билан таъминланиши мақсадга мувофикдир. Аммо бу марказларни малакали мутахассислар билан таъминлаш, уларда ягона ихтисослашган ўқитиш тизимини барпо этиш ва шу туфайли йилига бемалол 5-6 марта футбол марказлари ўртасида республика биринчиликлари ўтказиб туриш ва болалар терма жамоаларини шакллантириш каби масалалар назорати бевосита футбол уюшмасида бўлиши лозим. Энг муҳими шундаки, битирув арафасида ҳар бир марказ ҳайъати ўз битирувчисига трансфер баҳосини қўяди ва олий ҳамда биринчи лига клублари улар билан юқоридаги микдорини тўлагач, шартнома имзолашлари мумкин. Бошқа вилоят клубларига эса бундан-да юқорироқ нарх белгиланади, хуллас иш тўғри йўлга қўйилса, марказлар бемалол ўзларини маблағ билан таъминлашлари мумкин. Майли, жойлардаги ҳокимиятлар, спорт қўмиталари, маориф ва таълим бошқармалари, шунингдек касаба уюшмалари ҳам ўзларига қарашли масканларда иқтидорли футболчи етиштиришга баҳоли қудрат ҳисса қўшсинлар. Лекин фақат уларга қараб қолиш – “олма пиш, оғзимга туш” қабилида иш кўриш бўлади, шу боис уюшма биринчи навбатда ўз футбол марказларига эга бўлмоғи керак. Демак, мамлакат футбол уюшмаси бешта терма жамоа ва 14-15 та футбол марказлари билан шуғулланади ҳамда футболни ривожлантириш жамғармаси ҳам асосан ана шу йўналишга ҳисса қўшиши лозим.

Иккинчи йирик ташкилот бевосита футбол уюшмасига бўйсинувчи, лекин ўз фаолиятини мустақил юргазувчи Профессионал футбол лигаси (ёки Футбол федерацияси, Миллий лига ва ҳоказо) бўлиб, у мамлакат чемпионати, биринчи лига учрашувлари ва Ўзбекистон кубоги мусобақаларини ўтказади ҳамда шу мусобақалар билан боғлиқ барча икир-чикирларга жавоб беради. Бунда мини-футбол, аёллар футболи, ҳакамлар ва назоратчи ҳакамлар, тартиб-интизом ҳамда шунга ўхшаш гузилмалар федерациянинг бўлими эмас, алоҳида ассоциация ва қўмиталар сифатида фаолият юритишади. Ана шунда ҳар ким ўз ишини билади ва иш юргазиш ҳам осон кечади. Бу тузилмаларнинг бари ўз олдига қўйган вазифаларни сидқидилдан адо этган ва умумий футбол ривожи учун биргалашиб ҳаракат қилганларида биз асосий мақсад – футболи довруғли юрт сифатида ҳам обрў топамиз.

Бахтиёр ака! Келгуси йил Ўзбекистон футболи 90 йиллик тўйини нишонлайди. Айтмоқчиманки, футболимиз ўз тарихи ва анъаналарига эга. Фақат ҳозир уни замонавий футбол намуналари асосида ривожлантириш замон талабидир. Бу талабни адо этиш эса - юқорида айтганимдек, Сиз, мен ва тенгдошларимизга, яъни бугунги ёш авлодга боғликдир. Келинг, биргалашиб мана шу масъулиятни ўз зиммамизга олайлик ва миллионлаб футбол мухлислари қувончига шерик бўлайлик.

Аброр ИМОМХЎЖАЕВ, журналист.      

Таҳририятдан: Аброр Имомхўжаевнинг футболимиз ривожи йўлидаги таклифлари ижобат бўлди, фақат бирданига эмас. Орадан 7 йил ўтиб, 2008 йили мамлакатимизда футбол клублари ишини яхшилаш ва ривожлантириш мақсадида Осиё футбол конфедерациясининг тавсиясига биноан Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ташкил этилди. Ҳозирда ички мусобақаларни ўтказиш айнан шу ташкилот зиммасига юкланган. ЎФА эса футболимиз ривожи ва тараққиёти, шунингдек, терма жамоаларга масъул. 

ЎФА қошида ҳар бир вилоятда футбол академиялари ташкил этилди, бироқ кейинчалик улар негадир спорт вазирлиги тизимига ўтказиб юборилди. Алоҳида мусобақалар мавжуд бўлмагани сабабли, кўпгина иқтидорлар ўрта мактабни тугатгандан сўнг бошқа соҳага ўтиб кетишга мажбур бўлардилар. Ҳозирда ҳар бир ёш тоифаси учун U мусобақалари бор ва U-19, U-21 дан чиқаётган топилмалар ўсмир ва ёшлар терма жамоаларимизга иқтидорлар етказиб бермоқда. ПФЛ регламентга ўзгаришлар киритганидан сўнг, футболчиларнинг бир клубдан иккинчисига вагонлаб ўтишга барҳам берилди, фақат мураббийларни қўлқопдек алмаштириш холлари ҳали ҳам учрамоқда. ПФЛ ҳамда янги тузилган футболчилар уюшмаси ҳамкорлигида клубларнинг футболчилар олдидаги қарзлари бартараф этилмоқда ва энди бу борада муаммо тўлиқ бартараф этилди деб ҳисобласа бўлади. 

Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ташкил этилди, ҳакам ва назоратчилар гуруҳи ЎФАдан алоҳида мустақил ташкилотга айланди.  

Аброр Имомхўжаев ва Бахтиёр Раҳимов деярли тенгдош ва бу таклифлар бундан 20 йил аввал, улар айни навқирон пайтда бўлганлари сабаб муаллиф уларни рўёбга чиқариш сиз ва бизнинг зиммамизда деб умид қилган эди. Бироқ ўша пайтда ўзгаришлар амалга ошмади, вақт йўқотилди ва шукрлар бўлсинки, кечикиб бўлса-да, футболимиз тўғри йўлга тушиб олди. Эслатиб ўтамиз, Аброр аканинг фарзанди Диёр Имомхўжаев ҳозирда ПФЛ раҳбари сифатида отасининг орзуларини рўёбга чиқармоқда...

Rating: +6   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика