Миржалол Қосимов: "Ҳали барчага имкон берамиз"
29 may 2014 21:25
News
Миржалол Қосимов: "Ҳали барчага имкон берамиз"
"Натижадан қониқмадик. Бугун мухлисларга қўшалоқ байрам тақдим этмоқчи эдик. Кўрдинглар биринчи бўлимда ўйинимиз чиқмади, иккинчи бўлимда ёш ўйинчилар ўзларини кўрсатишди ва бироз ҳужумкорлик ортди. Осиёда барча жамоалар кучайишмоқда. Осиё Кубоги-2015га қадар ҳали вақт бор, мусобақага қадар захирадаги ўйинчиларни синовдан ўтказиб олишимиз керак. Мана шундай ўйинлар орқали биз ёшларни кўриб оламиз. Тўғри ўртоқлик учрашувларида ҳам натижа муҳим", - деб гап бошлади Қосимов.
"Бугун учта футболчимиз терма жамоадаги сўнгги ўйинларини ўтказишди. Ушбу қарор йигитларнинг ўзидан ҳам чиқди. Шу боис инсонийлик томонлама ҳам улар учун мана шу ўйинда имконият яратиб бердим. Бугун мағлуб бўлдик, лекин бу ўйинчиларга бироз бўлса ҳам байрам ташкил қилиб бердик".
"Ушбу ўйинларга чақирув олишмаган Жепаров, Кападзе, Гейнрих ва Ҳайдаров ҳали терма жамоада фаолиятларини давом эттиришади. Уларнинг фойдалари бизга кўп тегади".
"Темурхўжа Абдухолиқовнинг йиғинга таклиф олмаганининг сабаби? Бир вақтнинг ўзида барчани чақира олмайманку. Ҳали барчани синовдан ўтказамиз. Икки ўйинда ҳам ҳужумчилар гол ура олишмади, лекин фақат гол билан ўлчаш керак эмас."
"Қанотдан ошириладиган паслар ҳар доим ҳам гол билан тугамайди. Лекин агар йигитлар буни ўрганиб олишса жуда катта фойдаси тегади. Футболчиларнинг тўпни ноаниқ тепишлари, тезкор қарор чиқара олмасликлари билан боғлиқ".
"Уммонга қарши иккала ўйинда ҳам футболчиларнинг ўйини ёрқин чиқмаганини тан оламан. Буларнинг устида ишлашда давом этамиз", - дейди Қосимов.
Comments