Маъсуд Тоиров: “Сурхондарё футболини тиклаш керак”
28 sep 2015 14:55
News
Маъсуд Тоиров: “Сурхондарё футболини тиклаш керак”
Бу футболчи Юрий Саркисяннинг ишончли шогирдларидан бири эди. Айниқса, жамоанинг муваффақиятларида муносиб ҳисса қўшган. Шу боис Тоировларнинг кичиги фарғоналик мухлисларнинг ёқимтойига айланганди. Тоировлар сулоласининг яна бир вакили Абдумажид эса ўтган мавсумда расман бутсаларини михга илиб, эндиликда «Бунёдкор» академиясида ишламоқда. Маъсуднинг эса айни пайтда нима билан машғул эканлигидан кўпчилик бехабар. Бунга ойдинлик киритиш мақсадида Маъсуд Тоиров билан суҳбатлашдик.
- Футболдан кетганингизга анча бўлди. Бундан кейин сиз ҳақингизда деярли хабарлар эшитмадик. Хўш, бугунги кунда нималар билан бандсиз?
- Миллионлар ўйинидан буткул узоқлашганимча йўқ. Барибир, унинг лаззатини ҳис қилиш ёқимли. Айни пайтда тадбиркорликни йўлга қўйганман. Шу билан бирга, мураббийликни ҳам канда қилмайман. Бирорта жамоадан таклиф тушса, албатта, ишлаган бўлардим.
- Наҳотки, иккинчи лига ўйинларида ҳам бирорта жамоани бошқариш насиб қилмаётган бўлса?
- Тан олиш керак, бугунги кунда Сурхондарё вилояти футболида бироз пасайиш кузатилди. Иккинчи лига ўйинлари ҳам талаб даражасида эмас. Жуда кўплаб иқтидорли футболчилар етишиб чиқаётган бир пайтда мусобақани ташкил қилишнинг наҳотки иложи бўлмаса? Жамоалар бўлмаганидан кейин, қаерда ишлашни ҳам билмай қоларкансиз.
- Футбол ўйнашни истаганлар топиладими?
- Албатта. Кўплаб болалар ёнимга келиб, шуғуллантиришларини сўрашади. Ҳаттоки, уларнинг ота-оналари ҳам бундай таклиф билан чиқишади. Бироқ ҳомий бўлмаганидан кейин нима ҳам қила оласиз? Мен бу борада туман раҳбарларига кўп маротаба мурожаат қилдим. Айтиш керак, бирортасидан тайинли садо чиқмади. Вилоят футболининг аҳволи тобора ёмонлашмоқда. Шундай каттакон ҳудуддан бирорта жамоа бўлмаслиги ачинарли эмасми? Қолаверса, биринчи лигада ҳам жамоамиз йўқ. Олий лигада қатнашиш эса йирик сармоя талаб этади. Бунга қўлимиз калталик қилар, аммо ҳеч бўлмас биринчи лигада қатнашсак, вилоятимиздан етишиб чиқаётган болалар жамоа топишда қийналмасдилар. Қанчадан-қанча иқтидорларни йўқотмоқдамиз. Вилоятимиздан етишиб чиққан кўплаб футболчилар Бугунги кунда фаолиятларини бошқа клубларда давом эттиришмоқда.
- Чиндан ҳам, Сурхондарё вилояти футболи анча орқага кетмоқда. Бунга нималар сабаб бўлмоқда?
- Менимча, ташаббус кўрсатадиганлар топилса, албатта, миллионлар ўйини янада ривож топади. Ҳомий бўлса, ҳеч ким ишлашдан бош эгмайди. Бизнинг туманда ҳам бирортаси ҳомийлик қилиб, тўплар, анжомларни сотиб олиш, сафарларга чиқиш учун шароитни яратиб берса, маош олмай ишлашга ҳам тайёрман. Буни бир неча маротаба айтганман. Пул учун мураббийлик қилмайман. Чунки мен футболни севаман ва унда ишлаш учун боримни бермоқчиман.
- Демак, яқин орада Бозоровлар, Тоировлар, Дўрмоновларнинг издошларини учратмаслигимиз мумкин эканда?
- Аввало, шундай футболчилар сони кўп бўлсин. Сурхондарё футболи азалдан ажойиб ижрочиларни етиштириб берган ва шу тариқа давом этади. Фақатгина уни ривожлантириш бир кишининг қўлидан келмайди. Бошқа ташаббускорларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлса, ишонаманки, яқин орада вилоят футболи ўз мавқеини анча тиклаб олади. Бунинг учун жойлардаги футбол ҳолатини яхшилаш талаб этилади.
- Мураббийлик қилиш учун бошқа жойга бориб ишлаб кўрмайсизми? Ёки таклифлар йўқми?
- Таклифлар бўлди. Фақатгина, ўзимнинг хоҳишим билан кета олмадим. Чунки оилада кенжа фарзандман. Ота-онам билан бирга яшайман. Уларни ташлаб, бошқа вилоятга бориб ишлаш қийин. Ҳозирда тадбиркорлик билан шуғулланиб турибман. Ишимдан қониқмоқдаман. Бироқ футбол мен учун муҳимроқ. Қачондир ўзимизда ҳам футбол тараққий этса, ишлайман.
- Олий лига ўйинларини кузатаётган бўлсангиз, савия борасида нималарни айта оласиз?
- Иш билан машғул бўлганим боис, асосан натижаларни билиш билан кифояланяпман. Айтиш керакки, олий лигамизда жамоаларнинг сони ортгани барибир фойда бермоқда. «Интрига» ошганлиги кўзга ташланмоқда. Бу эса албатта, яхши. Чемпионатимизнинг савияси кўтарилиши терма жамоанинг фойдасига ишлайди.
- Собиқ жамоангиз «Нефтчи»нинг ҳолати ҳақида нима дея оласиз?
- Фарғоналиклар бу йил яхши ўйнашмоқда. Ўтган йилларда клубнинг кўрсатаётган натижаларига ҳавас қилиб бўлмасди. Бу йилги ўйинлар «Нефтчи» ҳолатини тиклаётганидан далолат. Бу эса мени қувонтирмасдан қолмайди. Энг яхши дамларим ушбу клубда ўтган. Шунинг учун ҳам бу жамоага бефарқ эмасман. Фарғоналикларнинг келгуси йиллардан бошлаб халқаро мусобақаларда тўп суришини истайман.
- Сиз ўйнаган вақт билан ҳозирги футболни солиштира оласизми?
- Бугунги кунда футболчиларга яратилаётган шарт-шароитлар аъло даражада. Айниқса, ёшларимизга ҳавас қиламан. Бизнинг пайтда бироз бошқачароқ эди. Бироқ мен ҳар бир ўйинимдан лаззат олганман. Ҳеч қачон нолимаганман.
Comments