Машғулотлардан кейин кўчада тунаган ва ота-онаси сабабли футболни ташлаган ўйинчи тақдири
14 apr 2022 14:55
News
Машғулотлардан кейин кўчада тунаган ва ота-онаси сабабли футболни ташлаган ўйинчи тақдири
Сэм Чуквуэзе қисқа вақт ичида "Бавария" - "Вильярреал" баҳсининг тақдирини ўзгартириб юборди. "Бавария" 1:0 ҳисобида ғалаба қозонаётган эди, учрашув тугашига 5 дақиқа қолганида, нигериялик майдонга туширилди. У Альфонсо Дэвисдан ўзиб кетиб, гол уришга муваффақ бўлди ва жамоасини Чемпионлар Лигаси ярим финалига олиб чиқди.
"Вильярреал" охирги бор ЕЧЛ ярим финалида иштирок этганида, Самуэль Чуквуезе 6 ёшда эди. Сэм у пайтлар ҳали футбол ўйнамасди ва умуман майдонга тушмаслиги ҳам керак эди. Ота-онаси унинг келажагига нафақат шубҳа билан қараган, балки унга чекловлар қўйишга ҳам уринишган: аввалига яхши ўқишинг лозим деб уқтиришган, аммо бу кутилган натижа бўлмагач, футбол ўйнашни ҳам тақиқлаб қўйишган.
"Онам уйда қолиш ва ўқишга мажбур қиларди, — дейди футболчи Goal.com нашрига берган интервьюсида.— Мактабдаги баҳоларим ёмон эмасди, бироқ футболга жуда боғланиб қолгандим. Машғулотлар кечки пайт бўларди. Агар кеч қайтсам, мени жазолашар эди. Шунга қарамай, қочиб кетардим. Уйга қайтганимда, энди кўчада ухлайсан деб, онам уйга киритмаган кунлар ҳам бўлган".
Аммо бу барибир иш бермади. Шу сабабли, Самуэлнинг тоғаси жиянининг ботинкаси ва машғулот формасини ёқиб юборади.
Чуквуэзе бироз муддатга футболни ташлайди. Тоғасининг тажовузкорлигига яна йўлиқишни истамади. Дўстлари унинг карьерасини сақлаб қолишди. Бир куни тонгда болалар эшикни тақиллатиб, уни ҳам кўрикка чақиришди. Нигерияга скаутлар келган ва иқтидорли ўйинчиларни Португалиядаги турнирга олиб кетишга тайёр туришганди.
Чуквуэзенинг футболга интилиши қонда бор экан. Яъни, айтишларича, Сэмнинг бобоси футболчи бўлган ва чап оёқда яхши зарба бера олган. Йигитча ҳам доим чап оёқда рақибларига қарши чиқар, шунинг учун, бундан ҳайратланган дўстлари у ҳаракат қилиб кўриши керак деган фикрда бўлишган.
"Дўстларимга бу менга қизиқ эмас деб айтдим, — ёдга олади "Вильярреал" футболчиси. — Чунки ота-онам кетишга рухсат бермаслигини билардим. Аммо ўртоғим бўш келмади ва эртага тонгда сен билан кўрикка бораман деди. Фойдаси йўқлигини айтсам ҳам, эртаси куни соат 6:00 да эшигим ёнида турарди..."
Самуэлнинг онаси эшикни очади. У Португалиядаги турнир ҳақида эшитиб, ўғлини уйғотади. Сэм бу туш эмаслигига ишона олмасди. Онаси шу кунгача футбол ўйнашига қаршилик қилган бўлса, ҳозир ўғлини ўзи уйғотяпти! Чуквуэзе эса ўйлаб ҳам ўтирмай, кеча дўстига айтган сўзларини такрорлади, бироқ жавобан шундай қичқириқни эшитди: "Ботинкангни олиб, тез жўна!". Кейинчалик онаси буни шундай тушунтирди: "Ички овозим сен ўғлингга футбол ўйнашига рухсат беришинг керак деди".
Болакай ўзида йўқ хурсанд эди. Энди севимли ишини бажариши учун беркинишига ҳожат йўқ — футбол ўйнашига рухсат берилди. Аммо саргузаштлари тугамади. Сэмнинг дўсти адашган эди. Бу ҳеч қандай Португалиядаги турнир эмас, балки маҳаллий "Diamond Football Academy" учун танлов экан. Йигитлар кўрикка келишди, лекин Сэм ичкарига киритилмади. Мураббий: "Аввалроқ ёздириб қўйиш керак эди", — деди.
"Кўчада туриб, дўстимнинг чиқишини кутдим, — хотирлайди Чуквуэзе Goal.com нашрига берган интервьюсида. — Лекин мени кўрган академия менежери мураббийдан менга имкон бериши ва бир синовдан ўтказишини илтимос қилди".
Нигериялик мураббий унга ишонч билдириши учун бир неча дақиқа кифоя қилди.
Европанинг энг яхши клублари Чуквуэзени сотиб олмоқчилигига қарамай, у "Вильярреал"ни танлади
Чуквуэзе қисқа вақтда академиянинг энг яхши тўпурарига айланди ва Португалиядаги ўша турнирга йўл олди (у ерда ҳам ҳаммадан кўп гол урди).
Самуэль ўсмирлар жамоасида ҳам ўзини кўрсата олди. Ёрқин мисол — ўсмирлар ўртасиги ЖЧ-2015. Нигерия ўшанда олтинга эга чиққан. Бу борада 16 ёшли Осимхен (7 ўйинда 10та гол), Чуквуэзе (3+4) ва Нвакали (3+1)нинг ҳисса катта бўлган. Ўша турнирда бошқа жамоалар сафида эквадорлик Эступиньян (ҳозир "Вильярреал" ўйинчиси) ҳам бор эди. Ўшандан буён Европа топ клублари нигерияликлар ортидан қолмай, академияларга боришди (қонунан 18 ёшдан жўнаб кетиш мумкин экан).
Чуквуэзе "Порту", "Спортинг", ПСЖ ва "Зальцбург" шартлари билан танишиб чиқди, "Арсенал" билан музокара олиб борди, лекин клуб Нвакалини харид қилди, Сэм эса "Вильярреал"ни танлади.
У алоҳида яшади. Одатда, "Вильярреал" академияси футболчилари интернатда яшайди. Бироқ нигериялик янги турмуш тарзига мустақил кўникиши лозим эди. Пау Торрес билан тезда тил топишиб олди. Бўйи баланд ҳимоячи уни машғулотларга бирга олиб борар, испан тилини ўрганишида ҳам катта ёрдам берарди.
• 2018 йил кузда Сэм асосий таркибда дебют қилди — дарҳол Испания Кубогида гол урди.
• 2019 йил апрелда "Барселона"га қарши баҳсда 1+1 қайд этди (ўйин дуранг (4:4) билан якунланди). Аммо Месси ўйин тақдирини ўзгартириб юборганини ўйлаб, Сэм туни билан ухлай олмади.
• 2019 йил кузда "France Football" версиясига кўра, дунёнинг энг ёш ўйинчилари топ-5лигига кирди. Улар орасида Жоау Феликс, Санчо, Мойзе Кин ва Ли Кан Ин ("Мальорка") бор эди.
• 2020 йил қишда "Реал", "Челси" ва "Ливерпуль" унга қизиқиш билдирди. Лекин "Вильярреал" футболчини сотмади. Нигерияликнинг товон пули — 100 млн евро.
• 2021 йил баҳорда Европа Лигаси финалига чиқди, аммо жароҳати туфайли "МЮ"га қарши учрашувни ўтказиб юборди.
"Бир неча йилдан кейин ўзимни карьерамнинг энг чўққисида кўряпман", — деганди Чуквуэзе 2019 йил theinterview.ng нашри билан бўлган суҳбатда. Сэм ЖЧ-2022га боролмади ва "Вильярреал" тарихидаги асосий финални ўтказиб юборди, аммо "Бавария"га қарши баҳсда ажойиб ўйин кўрсатди ва рақиб дарвозасига фаолиятидаги асосий голни урди. Ва хурсандлигидан майдонда ҳам, кийиниш хонасида ҳам рақсга тушди.
Назаримизда, Самуэлнинг ота-онасининг тазйиқ ва тақиқлари сабабли орзу ҳам қила олмаган карьерасининг гуллаган даври келмоқда... Ахир, аниқ мақсад ва тинимсиз меҳнат — муваффақият калити деб бежизга айтилмаган!
Нозима Зарипова таржимаси
Comments