"Машъал" иккинчи давра олдидан янги футболчиларни таништирди ФОТО
02 aug 2016 13:37
News
"Машъал" иккинчи давра олдидан янги футболчиларни таништирди ФОТО
Клуб таркибига "Оқ-тепа"дан Мирзакамол Камолов, "Қизилқум"дан Андрей Деркач, "Навбаҳор"дан Владислав Павленко ҳамда "Шўртан" жамоасидан Кенжа Тўраев қўшилди.
Тадбирда "Машъал" клуби бош директори Илҳом Қурбонов, "Машъал" клуби академияси директори Абдураҳмон Юмангулов ва жамоа катта мураббийи Мақсуд Ирисбаев ҳамда янги футболчилар иштирок этишди.
Дастлаб янги ўйинчилар ўз фикрларини билдириб ўтишди.
Мирзакамол Камолов: "Машъал"дан таклиф тушгач уни қабул қилдим. Жамоани кучайтиришга ҳаракат қиламан. Мураббийлар ишончини оқлашга уринаман.
Андрей Деркач: Барчага маълум, "Машъал" мен учун бегона жамоа эмас. 2014 йил бошида ушбу клуб орқали ўзбек футболига кириб келгандим. Мана бир ярим йилдан сўнг ушбу клубга қайтдим. Бу ерда кўпчиликни танийман. Жамоага тезда қўшилиб кетдим.
Владислав Павленко: "Навбаҳор"да ярим давра ўйнагач менга Муборак клубидан таклиф келиб тушди. Александр Хомяков мени ўз жамоасида кўришни истагани учун шу ердаман. Жамоа мухлисларини қувонтириш учун қўлимдан келган ишни қиламан. "Машъал" билан юқори натижалар қайд этмоқчиман.
Кенжа Тўраев: "Машъал" ўзбек футболида ўз ўрнига эга бўлган жамоа ҳисобланади. Клуб ўз академиясидан чиққан футболчилар ҳисобига юқори ўринларда юради. Мақсадим кўплаб голлар уриб мухлислар ва клуб раҳбариятини қувонтириш.
Шундан сўнг ҳар бир футболчига "Машъал" клуби футболкалари топширилди. Муборак клубида Мирзакамол Камолов 8, Андрей Деркач 33, Владислав Павленко 17 ва Кенжа Тўраев 23-рақамда ўйнайдиган бўлишди.
Comments