Марадона ва унинг Жаҳон чемпионатларидаги ёрқин лаҳзалари
31 oct 2017 21:27
News
Марадона ва унинг Жаҳон чемпионатларидаги ёрқин лаҳзалари
Унинг учун бу йирик турнир алоҳида аҳамият касб этиши ҳеч кимга сир эмас. Биринчи ва ягона қизил карточка, "Аср голи" ва бошқа воқеалар айнан шу мусобақага тўғри келади.
1982 йил, 18 июнь
Аргентина - Венгрия 4:1: Жаҳон чемпионатидаги дастлабки гол
"Мен бу голни киритишни жуда хоҳлаган эдим. Биз биринчи баҳсда Бельгияга имкониятни бой берган эдик. Шу сабаб ҳам бу учрашув аҳамияти жуда муҳим эди. Мен бунгача ёшлар ўртасидаги мундиалда гол урган эдим, лекин агар сен бу ишни катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ҳам такрорласанг, бу ўзгача ҳиссиётларни келтириб чиқаради. Яъни, сен бу вазиятда ҳудди-ки, ёш болага айланасан ва онанг сенга нонушта тайёрлаб бергандек хурсанд бўласан.
1982 йил, 2 июль
Аргентина - Бразилия 1:3: Батистага берилган зарбадан кейинги четлатилиш
"Учрашувда менга осон бўлмаган эди. 1:3 ҳисобида ортда қолаётганимизда бразилияликлар бизнинг устимиздан кулгандек жуда ҳам эркин ҳаракатланишар эди. Уларнинг осонлик билан тўпни бир-бирларига узатиши бизни асабийлаштирган эди. Тасаввур қиляпсизми, рақиб ҳисобда олдинда бормоқда ва футболдан роҳат олмоқда. Қўшимчасига, мухлислар ҳам "оле-оле-оле" дея уларни қўллаётган эди. Агарда сенинг қонинг қайноқ бўлса, бу ҳолатдан жуда жаҳлинг чиқар эди. Батистага зарба берганимдан афсусдаман. Бу жуда ёмон вазият эди.
1986 йил, 22 июнь
Аргентина - Англия 2:1: "Аср голи"
"Бу каби голни оддий мусобақада эмас, балки Жаҳон чемпионатида уриш болаликдаги орзу эди. Мен ҳалигача билмайман, қандай қилиб ҳимоячиларни ортда қолдирганимни ва Питер Шилтон қаршисида пайдо бўлиб қолганимни. Бу каби катта кучни қаердан олганимни билмайман. Бу вазиятда ҳеч ким мени тўхтата олмаган эди. Бу голимнинг видеосини хоҳлаган вақтимда кўриб тураман ва қаршимда онамни кўргач шундай дейман: "Она яна сизми? Бу видеони яна қанча кўришингиз мумкин?" - онам эса, бу гол унга жуда ёқишини ва уни кўришдан тўймаслигини айтади ва "Хоҳласанг сен буни кўрма. Бор, ўз ишингни давом эттиравер. Мен давом этаман" дейдилар.
1990 йил, 24 июнь
Аргентина - Бразилия 1:0: Клаудио Каниджанинг голи
"Бразилияликлар бу голда Алемаони айблашади. Лекин, шахсан мен бу гапларга қўшилмайман, ундан шунчаки югуриш ҳисобига қочиб кетганман. Ўша вазиятда мени на қўли ва на оёғини ишга солиб, тўхтата олмаган бошқа ўйинчи эди. Демак, айбдор Алемао эмас, балки Дунгадир. Клаудио гол урган вазиятда мен яратганга ва барча бизни қўллаб турган мухлисларга миннатдорчилик билдирганман. Каниджанинг ўзи эса унчалик хурсанд кўринмаган ва шунчаки муштларини кўтариб қўйган эди. Ҳудди-ки аҳамиятга молик ҳеч нарса бўлмагандек эди. Ўйин тугагач мен ундан сўрадим: "Сен ўзи тушуняпсанми, бугун нима қилганингни?" - "Ха, мен гол урдим", -жавоб берди у.
"Кийиниш хонасида бразилияликлар менга футболка совға қилишди. Бу менинг дўстим бўлган Кареканинг футболкаси эди. Лекин, шундан сўнг, мен улардан ғалабани ўғирлаганимизни ҳис этдим. Очиғини айтганда, улар чорак финалга ҳақлироқ эдилар. Сабаби, улар бутун учрашув давомида дарвозамизга ҳужум уюштиришганига қарамай, биз ғалаба қозонган эдик. Айнан шу сабаб ҳам футбол энг яхши ўйин.
1990 йил, 3 июль
Италия - Аргентина 1:1 (пенальтилар бўйича - 3:4)
"Бу мен учун алоҳида хотира. Ўйин пенальтилар сериясига қадар борганда, италянлар ўз норозилигини яширмаган эди. Улар асосий ва қўшимча вақтларда ғалаба қозониб кетишлари мумкин эди. Де Агостини ва Зенга дуранг ҳисоби ноҳақлик бўлганини айтишди. Менинг фикрим эса бошқача эди. Мен 11 метрлик нуқтага яқинлашганда ҳаёлимда бир нарсани ўйладим. "Агар мен бу зарбани голга айлантира олмасам, ҳаммаси ёмон бўлади. Бутун Аргентинанинг нафратига дучор бўламан". Лекин, мен Зенга дарвозасини ишғол этдим ва шундан сўнг уларнинг футболчиси "нуқта"да адашди. Биз эса финалга йўл олдик. Шундай қилиб мен италянларни финалдан маҳрум қилдим".
ФИФА расмий сайтидан Мақсуд Яҳёев таржимаси
Comments