Мануэль Пеллегрини: “Футболда фаоллик ортиб бормоқда”
13 feb 2016 00:30
News
Мануэль Пеллегрини: “Футболда фаоллик ортиб бормоқда”
Совринлар билан бирга жамоанинг ўсиб бориши ҳам асосий жиҳатлардан бири эканига урғу берди.
– Жамоа олдига жорий мавсум қандай мақсад қўйилган?
– Чемпионлар лигасида ўсишга эришиш зарур. Шу билан бирга премьер-лигани ҳам эсдан чиқариш керак эмас. Бор кучимизни Чемпионлар лигасига йўналтирмаймиз. Агар чемпионатда ғалаба қозониб, Чемпионлар лигасида узоқроққа борсак, бу ривожланишни билдиради. Лекин Англияда совринни Чемпионлар лигаси учун бой берсак, менимча, бу ўсиш эмас.
– “Сити” учун Европадаги плей-офф қанчалик муҳим?
– Бу жамоа учун жуда муҳим тажриба. Гуруҳ босқичидан ўтилганининг ўзи футболчилардаги ишончни оширади. Умид қиламанки, Европада тажрибалироқ жамоани кўрамиз. У бир йил аввалгидан яхшироқ иштирок этишга интилади.
– Чемпионлар лигасининг охирги мавсумида тактик жиҳатдан янгиликлар сездингизми?
– Тактик тарафдан бу бир неча йил олдин бошланган ва ҳозир кучайиб бормоқда – майдонда футболчининг тезлиги ошди. Бир позицияда ушланиб қоладиган ўйинчини топиш қийин.
Марказий ҳужумчилар майдон бўйлаб ҳаракатланмоқда. Майдоннинг турли бурчагида пайдо бўладиган футболчиларни ёпиш қийин. Бу ярим ҳимоячи ва ҳужумчиларнинг ўзгариб бораётганини билдиради. Ҳимоячи учун бўшлиқ пайдо бўлишининг олдини олиш муҳим. Бу ўзгаришлар ёрдамида футбол кўпроқ куч талаб этадиган бўлиб бормоқда.
– Эркинлик ҳужумчи учун фойдалими?
– Ўйлашимча, ҳа. Ижодкор футболчилар қаршиликсиз юришни ёқтиради. Ҳимоячига эса қийинроқ, у ўйин давомида бир футболчига боғланади. Ҳимоячи унинг услубини билиши мумкин, лекин ротация юз берганда турли ўйинчилар майдоннинг турли жойида пайдо бўлади. Ўшанда иккиланиш юзага келади: позицияни сақлаб ёки сенга топширилган рақибни ёпиш. Бундай юришлар ижодкор ўйинчиларга ёқади ва ҳимоячига бош оғриқ келтиради.
– Серхио Агуэро – бошқача ҳужумчи, шундайми?
– Агуэро – жаҳонда энг яхши футболчилардан бири. У “Олтин тўп”га даъвогарлик қилиши мумкин, юқори савиядаги ижрочи номига тўлиқ мос келади. Серхио техник тарафдан жуда кучли, тез ва ишониб бўлмас даражада қатъийдир. Яна у ақлли ва ярим ҳимоя ҳамда ҳужум оралиғида ҳам ҳаракатлана олади. Унинг ёрдами билан муваффақиятларга эришишимизга ишонаман.
– Давид Сильва ҳақида нима дейсиз?
– Давид жаҳоннинг энг яхши плеймейкерлари қаторига киради. Ҳужумдаги дирижёр. Унинг ажойиб сифати – кесиб ўтувчи тўп оширишлар. Ҳужумчиларга у каби пас берадиган футболчилар кўп эмас.
– Сизда ўзингиз ёқтирган тактик схема борми ёки рақибдан келиб чиқасизми?
– Ёқтирган схемам йўқ. Футболчилар турли кўринишларда ўйнаши мумкин. Масалан, икки номинал ҳужумчини туширса бўлади ва улар ўрнида турмасдан қанотларга интилиб, бўш ҳудудларни юзага келтиради. Кейин ижодкор қанот ярим ҳимоячилари билан ўйнаш мумкин. Шунда бир ҳужумчи ичкаридан ёриб киради, бошқа бири эса қанотга очилади. Агар вингер билан ўйналса, унда марказий ҳудуддан зарба бериш мумкин.
Тактик имкониятлар жуда кўп. Лекин мен улардан бирига ёпишиб олмаганман.
– Зарур схемани қачон аниқлайсиз?
– Мен учун тактика футболда ақл, фикрлашни қўллаш учун керак. Уни аниқлаш ва ўйинда воқеалар сен хоҳлагандек кетмаса, ўзгартириш мумкин.
Агар жамоа барча учрашувни тактика ҳисобига ютмоқчи бўлса, унда у ўзлигини йўқотади. Катта клублар биринчи навбатда индивидуал услуб ва ўзига хосликка эга бўлиши лозим. Қачон у иш бермаса, шунда қийин вазиятдан чиқиш учун тактик ўзгаришларга қўл уриш даркор.
– Аввалги мавсумда Чемпионлар лигасида 75 фоиз ҳолатда биринчи гол урган жамоалар ўйинларни ютишди. Нима учун биринчи гол бундай катта аҳамиятга эга?
– Икки сабаби бор. Биринчидан, қувиб юрган жамоага қийинроқ бўлади. Гол урган тараф устунликка эга бўлади – ҳимояда кўпроқ футболчилари ҳаракатланади. Гол урганингда натижани сақлаб қолиш ва қарши ҳужумлар учун бўш ҳудуд юзага келтириш осонроқ. Бу замонавий футболда катта юкка эга бўлган тактик жиҳатлардан биридир.
Ўзингизни ютқазаётган жамоа ўрнига қўйиб кўринг. Улар вазиятни ўнглаши лозим, вақт эса ўтиб боряпти. Суръатни қанчалик кўтаргани ва олдинга тезроқ ўтгани сари ҳаракатларда ноаниқлик кўпайиб боради. Руҳий тарафлама қийинроқ бўлади, чунки ўйин охири яқинлашиб боради.
Бошқа томондан олдинга чиқиб олган жамоа атайин ташаббусни бериши мумкин. Бундай ҳолатдан кейин унда янги зарбага кўпроқ вақт юзага келади. Ҳар қандай ҳолатда вақт ва аниқлик катта аҳамият касб этади. Шу билан бир қаторда натижа учун масъулият ҳам туради.
– Суръат ва барқаорликни назорат қилиш қанчалик муҳим?
– Уни тўпни назорат қилиш билан бошқарасиз. Тўпни сақлаш жуда муҳим. Бу тез-тез урилган голларга боғлиқ бўлади. Рақиб унга таклиф этилган суръатда ўйнайди.
Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.
Comments