Latest news

00:48Ҳарри Кейн Жаҳон чемпионатидаги мақсад ҳақида гапирди  0 00:24Арда Гюлер: "Алонсо дарвозада турасан деса, қўлқоп сотиб оламан"  0 23:58Энцо Мареска "Ливерпул"га қарши ўйиндаги хатти-ҳаракатлари учун жазога тортилди  0 23:37"Милан" ва Emirates ўзаро келишувни расман узайтиришди  0 22:48"Golden Boy" мукофоти учун якуний номзодлар рўйхати маълум бўлди  5 22:15ESPN Жаҳон чемпионатида иштирок этиши мумкин бўлган мамлакатлардан энг кучлилар рейтингини тузди. Ўзбекистон нечанчи ўринда?  5 21:50"Интер" рекорд даражада даромад қилди. Клуб 15 йил ичида биринчи марта фойдага кирди  0 21:24Каземиро Япониядан учралган мағлубият ҳақида гапирди  3 20:57Осиё кубоги саралаши. Ўзбекистон U-17 аёллар термаси Қирғиз Республикасига имкониятни бой берди  5 20:21Чехия термаси бош мураббийи Фарер оролларига учралган мағлубият ортидан ишдан ҳайдалди  0 19:45Йилдиз "Челси", "Арсенал" ва "Барселона"нинг диққат марказида  0 19:15Кокорин Россияда футболчиларнинг маоши ҳақида: "Жуда эрта кўп пул беришади"  1 18:51Скоулз: "МЮ Хейлундга ўхшаган ҳужумчи - Шешкони сотиб олди. Мантиқ қаерда?"  3 18:15"Барса" Левандовскининг терма жамоада олган жароҳати сабабли ундан норози  1 17:36Френки Де Йонгнинг товон пули ярим млрд. еврога етди  0

Кубокдан сўнг: А Серия 20-тур превьюси News

Кубокдан сўнг: А Серия 20-тур превьюси

Бугун Италия А Сериясининг навбатдаги тур учрашувларига старт берилади.

"Интер" - "Беневенто"

Кубок доирасида "Милан" билан бўлиб ўтган "жанг"дан кейин Конте қатор футболчиларига дам берса керак. Асосий таркибда Раноккья ва Габбьядинини кўришимиз ҳам мумкин. Шунингдек, асосий таркибдаги жойини йўқотиб қўяётган Алексис Санчес ҳам илк дақиқалардан майдонга туширилиши мумкин. Ким билади дейсиз, балки ғалаба голи муаллифи Эриксенга ташаккур маъносида асосий таркибдан жой топилар. Ёшлар жамоасида гол уришга эришган Весино, ҳеч бўлмаса, захирадан майдонга тушиш имкониятига эга. "Беневенто" таркибида ҳам йўқотишлар кузатилмаяпти, аммо Летиция ва Скьятарелланинг бўлажак баҳсда жамоадошларига ёрдам бериши сўроқ остида қолмоқда. Нима бўлса ҳам жамоа охирги вақтларда анча омадсиз ўйин намойиш қилмоқда ва Миланга сафар олдидан футболчиларнинг кайфияти чоғ демаган бўлардик. 

Мавсум аввалида ушбу жамоалар тўқнашувида "Интер" 5:2 ҳисобида "Беневенто"ни таслим қилган. Навбатдаги тўқнашув олдидан ҳам айнан миланликлар фаворитлиги ҳеч кимга сир эмас. "Интер" ўйин сўнгига бориб чарчаб қолиши мумкин, лекин класс эвазига ниятига етиши зарур. "Беневенто"нинг имконияти деярли йўқ, сабаби жамоа айниқса ҳимояда омадсиз ҳаракат қилмоқда.


"Сампдория" - "Ювентус"

"Сампдория" умуман олганда ҳозир анча яхши спорт формасига кириб олган. Жамоа охирги икки ўйинида ғалаба қозонган ва амалдаги чемпион билан курашишга тайёр. Генуяликлар таркибида жароҳатланганлар деярли йўқ, барча етакчилар жангга тайёр. Раньерида учрашувнинг бориши режадагидек бўлмаса, ўйин давомида жиддий ўзгаришлар қилиш имконияти мавжуд. Квальярелла таркибга қайтармикан ёки йўқ, бу савол кўпчиликни қизиқтираётгани турган гап. 

"СПАЛ" устидан қозонилган ғалаба Пирло жамоасига руҳий кўмак бўлиши турган гап. Андреанинг қувончига сабаб бўлиб, барча етакчилар секин-аста сафга қайтмоқда. Де Лигт ва Алекс Сандро ўйинни асосий таркибда бошлашга тайёр. Альваро Моратанинг жамоага ёрдам бера олиши сўроқ остида қоляпти, агар испаниялик ўйинда иштирок эта олмаса, ҳужум чизиғига Федерико Кьеза сурилади.

Охирги ўзаро ўйинда "Ювентус" "Сампдория"ни йирик (3-0) ҳисобда мағлуб этган. Табиийки, "кекса синьора" букмекерларнинг фикрича бу сафар ҳам яққол фаворит. Туринликлар анча ўзига келиб олди десак адашмаймиз, лекин "Сампдория"ни эрта ҳисобдан чиқариш ҳам ярамайди. Ушбу клуб етакчиларга қарши муносиб қаршилик кўрсата олишини бир неча бор исботлаб қўйган. Барча фактларни ҳисобга олган ҳолда, бизни қизиқарли беллашув кутиб турибди дея оламиз. 


"Болонья" - "Милан"

Синиша Михайлович бир вақтлар "Милан" устози эди, шу сабаб у бўлажак баҳсга алоҳида иштиёқ билан тайёргарлик кўради. "Болонья" таркибида баъзи йўқотишлар мавжуд, мураббий Гари Медель ва Сантандер хизматларидан фойдалана олмайди, лекин "Милан"даги йўқотишлар олдида бу ҳеч нарса эмас. Биргина Златан Ибрагимович миланликларга ёрдам бера олмаслигини айтиш етарли бўлса керак. Бундан ташқари, Чалханоглу, Кьер ва Браим Диаснинг бу ўйинда иштирок этмаслиги деярли аниқ, Бенассер эса — сўроқ остида. Ҳужум чизиғи қандай кўриниш олиши қизиқ. Йўқотишлар Даниэле Мальдинига йўл очса ажабмас. Марио Манджукич эса захирадан тушиб, янги жамоасида дебют қилиши эҳтимоли юқори.

Биринчи давра баҳсида "Милан" зафар қучган — 2:0. "Россонери" таркибдаги муаммоларга қарамай, бу сафар ҳам фаворит. Аммо айтиб ўтганимиз, Кубок ўйинидан кейин жамоанинг руҳий ҳолати қандайлиги аниқ эмас. Тикланиш учун вақт деярли йўқ эди, муаммолар эса етарли. 


"Аталанта" - "Лацио"

Майдон эгалари қанотларда муаммога дуч келган. Гонсенс ва Хатебур бу ўйинни ўтказиб юборишлари аниқ, Мехленинг учрашувда иштирок этиши сўроқ остида. Шунингдек, бергамоликлар Кубокда қизил карточка ишлаб олган Толоидан ҳам умид қила олмайдилар. Ҳужум чизиғида яна ротация ишларини кўрсак ажаб эмас. Шу сабаб Миранчук захирадан ўйинни бошлайди, Пессина эса асосий таркибга қайтади. Луис Альберто кўричак сабаб бу беллашувни аниқ ўзтказиб юборади. "Лацио" ҳужумининг олди чизиғида Мурикини кўришимиз эҳтимоли бор. У Чиро Иммобилега шериклик қилади. Куни-кеча жамоага келиб қўшилган Мусаккьо ҳам дарҳол ўйинга ташланиши мумкин, бу нарса Габароннинг ўйинга қанчалик таёрлигига ҳам боғлиқ.

Бир неча кун олдин Кубок доирасида ушбу икки жамоа тўқнаш келган ва омад "Аталанта"га кулиб боққанди (3:2). Гасперини жамоасининг имкониятлари бу ўйинда ҳам юқорироқ баҳоланмоқда. Жамоа ўз ўйинини топиб олган ва ишончли ҳаракат қилмоқда. 


"Рома" - "Верона"

Пауло Фонсека бош мураббий экан Эдин Жеко катта эҳтимол билан "Рома" сафида майдонга тушмайди. Узунқулоқ гапларга қараганда, бу ҳол узоққа чўзилмайди. Нима бўлганда ҳам ҳозирча "бўрилар"ни айнан Фонсека учрашувларга тайёрламоқда ва мураббий бўлажак баҳсда Мхитарян ҳамда Пеллегринининг майдонга тушишидан умидвор. Ҳар икки футболчи бугунги "Рома" учун ўта муҳим саналади. Бу сафар Манчини одатий жойи, ҳимоя марказига қайтса керак. 

"Верона" таркибида эса бир йўла икки янги футболчи майдонга туширилиши мумкин. Стураро ҳам, Лазанья ҳам курашга тайёр. Аммо Иван Юрич "Наполи"ни енгган таркибини ўзгартиришни қанчалик хоҳлар экан? 

Қизиқ жиҳати, биринчи даврада "Верона" "Рома"ни додини бериб қўйган — 3:0. Шундай бўлса-да, учрашув олдидан мезбонлар фаворит ҳисобланмоқда. "Верона" эса ушбу мавсум ҳам иккинчи рақам бўлиб ҳаракат қилиш ҳамда ўзига керакли натижани қўлга киритиши мумкинлигини исботлаб улгурди. Шундай экан, римликларни кутилмаган "сюрприз"лар хафа қилиб қўйиши мумкин.


Сергей Румянцев
Нозима Зарипова таржимаси

Rating: +1   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика