"Клубдаги шароитлар "Пахтакор", "Насаф"никидан кам эмас" — Бангладешда чемпион бўлган ҳамюртимиз энди ОЧЛни кўзламоқда
15 jul 2023 14:20
News
"Клубдаги шароитлар "Пахтакор", "Насаф"никидан кам эмас" — Бангладешда чемпион бўлган ҳамюртимиз энди ОЧЛни кўзламоқда
Асрор Ғофуров тўп тепаётган "Башундара Кингс" ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланма берадиган дастлабки ўтиш учрашувида 15 август куни Дубайда "Шаржа" билан тўқнаш келади. Бу баҳс ғолиби 22 август куни плей-офф учрашувида "Трактор" билан куч синашади. Футболчи билан суҳбатлашиш асносида ўзимизни қизиқтирган айрим саволларга жавоб олдик.
- Бангладеш чемпионлигини қўлга киритганингиз билан табриклаймиз. Чемпионлик қандай нишонланди? Мавсум бошида қандай вазифа қўйилганди?
- Аввало, эътибор учун катта раҳмат. Ўзбекистонда бизни унутиб қўйишдимикин, деб ўйлаётгандим. Чемпионлик кўтаринки руҳда катта тантана билан нишонланди. Мавсум бошида чемпионлик вазифаси қўйилганди. Худога шукур, ўйлаган ниятимизга эришдик.
- "Башундра Кингс" кетма кет уч мавсумдан бери чемпионликни қўлга киритиб келмоқда. Раҳбарият муносиб рағбатлантиряптими? Лига томонидан бонуслар бериладими?
- Бу билан биз чемпионлик титулимизни 4 тага етказиб олдик. Раҳбарият томонидан бу йилги чемпионлик учун муносиб рағбатлантириш бўлади, дея оламан. Лига томонидан ҳам клубга маълум бир маблағ ўтказиб берилади.
- ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқиш учун 2 та босқичдан ўтиш керак бўлади. Бу ўйинларда рақиблар фаворит. Даража жиҳатдан ҳам устун. Халқаро майдонда ҳам аниқ мақсад борми?
- Рақиблар кучли, шундай экан, бизга осон бўлмаслиги аниқ. Лекин қайси жамоа майдонга мағлубиятга учрайман, деб тушади? Қўлимиздан келганча, бор кучимизни берамиз. Вазифа ўйиндан ўйинга ўзгариб боради. Қолганини вақт кўрсатади.
- Бангладешда клублар профессионалликка қанчалик амал қилади?
- "Башундра Кингс" Бангладешдаги энг профессионал клуб. Шароитлар худди "Пахтакор", "Насаф"никидан қолишмайди. Ҳаммаси профессионал даражада. Чемпионатда камчиликлар бўлиши мумкин. Клубимизда эса бу борада муаммога дуч келмадим.
- "Навбаҳор" ва ОКМК ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланма олиш учун ўтиш ва плей-офф учрашувларида иштирок этади. Рақиблар эса араб жамоалари. Клубларимизнинг имкониятлари улар билан кейинги босқич учун курашишга етадими? Тенглаша оладими?
- Ўйлайманки, "Навбаҳор"да ҳам, ОКМКда ҳам ОЧЛга чиқиш учун яхши имконият бор. Уларнинг рақибларини ўзбек клубларидан кучли, дея олмайман. ОЧЛда қатнашадиган барча жамоаларимизга ишонаман.
- Бугунги кунда араб жамоалари юлдузлар билан тўлаётган бир пайтда ОЧЛда жамоаларимиздан катта натижа кутиш қанчалик мантиққа тўғри келади?
- Футбол – бу пулга таянган спорт тури. Кимда молиявий ҳолат юқори бўлса, шунга яраша жамоа шакллантиради. Саудия Арабистони ва бошқа араб жамоалари йилдан йилга кучаймоқда. Биз бир қадам олдинга силжисак, улар икки қадам ташлаяпти. Ҳозирда Осиёда футбол ривожланмаган мамлакатнинг ўзи йўқ. Ўзбек клубларида профессионалликни ривожлантирсак, чемпионатимиз ҳам ўсиб бораверади.
- Ўзбекистон чемпионатини кузатиб бораётган бўлсангиз, Суперлигага келаётган легионерларни неча фоиз ўзимизникилардан кучли, дейиш мумкин? Нима деб ўйлайсиз, келаётган легионерлар Ўзбекистон чемпионатига етарлича баҳо бермаяптими?
- Клубларимиз етти маротаба ўйлаб, кейингина легионер олиб келишади. Ўзлари ҳам маҳаллий футболчиларимизнинг савияси ёмон эмаслигини тушунишади. Ўзбекистон чемпионатига келаётган 70 фоиз легионерлар ўзимизнинг йигитлардан кучли эмас. Кучлироқ легионер эса жуда қиммат ёки бизнинг чемпионатга мос келмайди.
Comments