Карлуш Кейруш кескин танқидга учради
25 dec 2018 15:58
News
Кейруш ўз интервьюсида Осиё Кубогидаги мақсад ҳақида гапириб, бунда португалиялик мураббий кучли тўртликдан жой олсак, биз учун катта воқеа деганди.
Кейрушнинг айтишича, Австралия, Япония ва Жанубий Корея ярим финалга йўл олади. Учинчи жамоа бўлиш эса Эрон, Қатар, БАА, Саудия Арабистони, Ўзбекистон ва Хитойдан бирига насиб этади.
Унинг бу гапи бир пайтлар Эрон терма жамоасида ўзини кўрсатган Ходадад Азизига ёқмади ва португалиялик мутахассисни кескин танқид қилди:
"Жаноб Кейруш, бизлар аҳмоқ одамлар эмасмиз. Осиё Кубогида кучли тўртликка кириш бу сизнинг мақсадингиз, бизнинг эмас. 1996 йилги Осиё Кубогида биз ҳеч қандай ўртоқлик учрашуви ўтказмасдан учинчи ўринни олгандик. Ўшанда Эрон мусобақанинг энг яхши жамоаси бўлиш билан бирга Фейр плей совринини ҳам олган. Али Дайи эса энг яхши тўпурар бўлганди".
"Лекин сиз ҳозир кучли тўртлик ҳақида гапиряпсиз. Сиз 8 йилдирки шу жамоани бошқаряпсиз ва дунёнинг энг кўп маош оладиган мураббийларидан бири ҳисобланасиз. Бизга Осиё Кубогига бориб чемпион бўлиб қайтадиган мураббий керак".
Эслатиб ўтамиз, 47 ёшли Ходадад Азизи 1996 йилги Осиё Кубогида терма жамоа ҳужумчиси бўлган. Кейинчалик айнан унинг Австралияга урган голи туфайли Эрон Францияда ўтказилган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганди.
Comments