ЖЧ-2018. Германия терма жамоаси таркиби қандай бўлади
23 apr 2016 06:15
News
ЖЧ-2018. Германия терма жамоаси таркиби қандай бўлади
Шунга қарамай, амалдаги чемпионлар Германия терма жамоаси 2018 йили мундиалда қандай таркиб билан иштирок этиши мумкинлигини кўриб чиқамиз.
Дарвозабон - Мануэль Нойер
Немислар асосий таркибни фақатгина дарвозабонлардан тузишлари мумкин: Тер Штеген, Лено, Трапп, Фэрманн, Цилер, Хорн, Кариус, Ульрайх, Велленройтер, Хут, Матения. Лекин, "Бавария"нинг биринчи рақами рақобатдан ташқарида. Дарвозабон - паспортига қараб олинадиган амплуа эмас. Нойер 2018 йилда бор йўғи 32 ёшда бўлади. "Абадий" Жанлуиджи Буффон ўша пайтга бориб 40 ёшни қарши олади. Катта эҳтимол билан Италия терма жамоаси дарвозасини унинг адаши Доннарумма эмас айнан Жижи қўриқлайди. Иқтидор борасида Нойер билан кўплаб немис дарвозабонлари баҳслашишлари мумкин, лекин икки йилдан кейин Германияда мана шундай тажрибали ва "етакчи" дарвозабон пайдо бўлиши қийин.
Муқобили: Бернд Лено
Ўнг қанот ҳимоячиси – Маттиас Гинтер
Филипп Лам терма жамоадан кетгач, ўнг қанот ҳимоясидаги жумбоқ ҳалигача ҳал этилмаган. Германияда бу жойга ўйинчи йўқ. Бошқа чизиқларда тўп тепувчи ўйинчиларни ўнг қанотга қўйиш омадли чиқмади. Ҳозирча, Маттиас Гинтер идеал вариант бўлиб кўринмоқда. Лекин, у аслида марказий ҳимоячи. Фақатгина мана шу мавсумдан доимий тарзда ўнг қанот ҳимоясида ўйнамоқда. Маттиас тўпни олиб қўя оладиган ва муҳим яккакурашларни юта оладиган иқтидорли йигит. Лекин, унга чизиқ ёнида ўйнаш учун тезлик ва ажойиб "кросс" ҳадиси етишмаслиги мумкин. Аммо, Германия учта ҳимоячи билан ўйнаши ёки марказда танлов кўпроқ эканлиги сабаб Боатенг ёки Рюдигерни қанотга қўйиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Муқобили: Лукас Клюнтер
Марказий ҳимоячи – Жером Боатенг
Жером Боатенг "Бавария"да бешинчи мавсум ўйнамоқда ва барча жиҳатларда шаклланмоқда: бош билан ўйнаш, позиция танлаш, узоқ масофага тўп узатиш. У йиллар давомида тактикани ўрганиш эвазига тезликдаги муаммоларини беркитишни ўрганди. "Бавария"нинг янги ҳимоячиларидан бирортаси Боатенг билан тенглаша олмайди. Фақатгина жароҳатлари унга ҳалақит бериши мумкин. Ҳудди шундай ҳолат терма жамоада ҳам кўзга ташланади: Та, Рюдигер ва Мустафилар ўзини кўрсатди, лекин улар Боатенгдан нафақат бўй борасида, балки шахсий сифатларда ҳам ортда қолишади. Германия терма жамоасида сардорлик боғичини тақиш истаги - катта қаҳрамонлик.
Муқобили: Жонатан Та
Марказий ҳимоячи – Матс Хуммельс
Деярли Боатенгнинг нусхаси, Хуммельс жисмоний кўрсаткич ва пас бериш маҳоратини, ҳужум ташкил қилиш қобилиятини ўзида жам қилган. Хуммельс универсал ўйинчи эмас. Фаолиятидаги энг муҳим паллада Матс ўтган мавсум "Боруссия" билан бирга "қовун туширди". У жамоа сардори сифатида мағлубиятлар учун икки ҳисса жавоб беради. Бу йил Хуммельс яна ўзига ишонган ўйинчи сифатида кўзга ташланмоқда. "Бундестим" учун у ҳужумнинг муҳим бўлаги.
Муқобили: Никлас Зюле
Чап қанот ҳимоячиси – Йонас Гектор
Немислар таркибидаги энг муаммоли иккита чизиқдан бири. Йоахим Левда номзодлар жуда кам: Шмельцер, Шульц ва Гектор. Дормунд клуби ҳимоячиси ўсишдан тўхтаб қолди ва термадаги жойини йўқотиб қўйди. Гектор термада 2014 йилда дебют қилган. Яқинлашиб келаётган ёзда у катта эҳтимол билан "Кельн"ни ўз "статус"ини кўтариши мумкин бўлган топ клубга ўзгартириши мумкин.
Муқобили: Нико Шульц
Таянч ярим ҳимоячиси – Тони Кроос
Тони Кроос - Германия терма жамоасининг асосий "фигура"си. Таянч зонаси учун бошқа ўйинчини тасаввур қилиш қийин. Ажойиб тўп узатишлар, майдонни кўра олиш, кучли аниқ зарба - 25 ёшли ўйинчи учун бу фантастик жамланма. Тони икки йилдан кейин Россияда ўзининг жаҳон даражасидаги юлдуз эканлигини тасдиқлаши шарт.
Муқобили: Кристоф Крамер
Таянч ярим ҳимоячиси – Юлиан Вайгль
Гектордан фарқли ўлароқ, Юлиан Вайгль 2014 йилда термада эмас, катта футболда дебют қилди. Икки мавсумдан сўнг Дордмунднинг "Боруссия"сига ўтди. Вайгль - бу мавсум кашфиёти. У 20 ёшда, лекин "Боруссия"нинг асосий таркибига кириб олди. Унинг аниқ тўп узатишлар фоизи жуда юқори (90 % дан юқори), муросасиз, қарор қабул қилишда совуққон, камига ўйинни ўзига олишдан қўрқмайди. Футболчини ажойиб келажак кутмоқда, катта эҳтимол билан у энг муҳим халқаро мусобақада терма жамоаси таркибида майдонга тушади.
Муқобили: Маҳмуд Дауд
Чап қанот ярим ҳимоячиси – Марко Ройс
Германияда қанот ярим ҳимоячилари сони салмоқли, биргина Марко Ройс етакчиликни сақлаб қолишда давом этмоқда. Юрген Клоппнинг ёқимтойи йилдан-йилга яхшироқ ўйнашда ва клубга содиқлигини исботлашда давом этмоқда. Маркода кучли тезлик элементлари, юқори техника ва турли масофалардан яхши зарба бера олиш ҳислатлари жам бўлган. Унга фақатгина жароҳатлар ҳалақит бериши мумкин. 2018 йилга келиб чақирувлар бўлса Ройс бошқа бир бойроқ жамоада пайдо бўлиши ҳам мумкин.
Муқобили: Юлиан Брандт
Ўнг қанот ярим ҳимоячиси - Лерой Сане
Лерой Сане биринчи шартномасидан "Реал" дарвозасига урилган "крутой" голгача бўлган йўлни босиб ўтди, шундан кейин "Шальке" ўйинчига 60 миллион евро нарх қўйиб қўйди. Ҳозир у Германиядаги энг ўсиб бораётган ўйинчи, унинг Гельзенкирхенда узоқ вақт қолиб кетишига ишониш қийин.
У ҳақда Левнинг ўзи шундай дейди: "Сане футболчилар йиғилиб турган жойдан майдоннинг очиқ қисмига қочиб кетишни қойиллатади. У ақлбовар қилмас тезлиги билан майдонни нариги қисмига ўтиб кетгунча, ҳимоячилар уни тўхтатиб қолишга улгуришмайди. У менда ва терма жамоа мураббийлар штабида катта таассурот қолдирди".
Муқобили: Марио Гетце
Ҳужумкор ярим ҳимоячи - Месут Озил
Кўринмас футбол даҳоси. Танқидларга қарамай, Месут Озил тўпни ва ўйинни назорат қилишда, ҳар қандай ҳолатда голли паслар беришда давом этмоқда. Лев Озилни ёқтиради, шунинг учун ҳам ҳар қандай ҳолатда таркибдан жой олади. Озилнинг 2018 йилга бориб Бундеслигага қайтиши шубҳадан ҳоли эмас, лекин унга қадрдон гўшасида ўйнаш момақалдироқдек Англия чемпионатидан осонроқ бўлади.
Муқобили: Макс Майер
Ҳужумчи – Томас Мюллер
Терма жамоанинг сўзсиз асосий ҳужумчиси. Томас Жаҳон чемпионатларида гол уриш бўйича Мирослав Клозенинг рекордини янгилашга интилмоқда. Томас Мюллер - мехнаткаш, қаерда лозим бўлса, ўша ерда пайдо бўлади. Германияни бу "оддий бола"сиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Муқобили: Кевин Фолланд
Толибжон Қосимов тайёрлади
Comments