Latest news

22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1 18:25"Ливерпуль" Венгрия терма жамоаси ҳимоячиси билан шартнома имзоламоқчи. Унга МЮ ва "Челси" ҳам даъвогар  0 17:58"Ланс" 17 ёшли иқтидорни 2 млн еврога сотиб олади  2 17:32Расман: Игорь Сергеев – "Пахтакор" аъзоси!  22

"Интер"да машғулот ўтказган ва "Реал Мадрид"га ўтишни истамаган Марат Бикмаев бутсаларини михга илди (мутолаа учун) News

"Интер"да машғулот ўтказган ва "Реал Мадрид"га ўтишни истамаган Марат Бикмаев бутсаларини михга илди (мутолаа учун)

Ўзбекистонлик ҳужумчи бугун сўнгги учрашувини ўтказди.

Марат Бикмаев 1986 йилнинг 1 январь куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. Футбол муҳитида вояга етган ёш Марат болалигиданоқ миллионлар ўйинига меҳр қўйди. Унинг отаси Рифкат ака ҳатто бир маротаба Собиқ Иттифоқ терма жамоаси сафида майдонга тушишга ҳам муваффақ бўлган. Лекин жароҳат сабаб фаолиятини эрта якунлаган. 

Отам кичкиналигимдан ҳар бир қадамимни кузатиб борарди. У мени барчадан кўпроқ қўллаб-қувватлаган. Отам мен билан нафақат уй ўйинларида, балки бошқа шаҳарларга ҳам борарди. Барчаси учун ундан миннатдорман.

Элдор Суюнов ("Пахтакор" клуби ва Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабони) Марат Бикмаев ҳақида:

Марат Бикмаев барчамизнинг хотирамизда ҳамиша ёш ва келажаги порлоқ футболчи сифатида муҳрланиб қолади. У яхши феъл-атворга эга, самимий инсон. Унда ҳужумчиларга хос эго мавжуд эди. Бикмаевнинг кейинги фаолиятига омад тилаб қоламан.

Маратнинг акаси ҳам футбол ўйнаган. Аммо, у ҳам катта футболда узоқ муддат қолмаган. Бугунги қаҳрамонимиз худди акаси сингари Чиғатой футбол мактабида тўп тепишни бошлаган. 

Чиғатойдаги машғулотлар менга манзур бўлган, ўйинларда майдонга тушардим, шаҳар кубогида ўйнардик. Уйимга анча яқин эди ва ҳар куни машғулотга борардим. Футболдаги фаолиятим айнан ўша ердан бошланган. Кичкиналигимда бразилиялик Роналдога ўхшашни орзу қилардим. Ёшлигимда айнан у менинг кумирим эди. Унга ўхшаб ўйнашни истардим.

Ҳаётини футболсиз тасаввур қила олмаслигини тушуниб етган ёш Маратни Республика олимпия захиралари коллежига ўқишга қабул қилишди. Ўтган асрнинг 60-йилларида Титов номи билан очилган ушбу спорт даргоҳида футболимизнинг энг номдор вакиллари таҳсил олишган. Бу бахт Маратга ҳам кулиб боққан. 

Ўша пайтлари барча ёшларнинг орзуси “Пахтакор”да ўйнаш эди. Менда ҳам шундай орзу бўлган. 2002 йилда бу орзуим рўёга чиққан. Кейин Дилшод Нуралиев бошчилигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига таклиф этилдим. У ерда Виталий Денисов, Санжар Турсунов, Сергей Арслонов, Садриддин Абдуллаев сингари тенгқурларим билан бирга ўйнадик. “Пахтакор” асосий таркибида Тачмурад Агамурадов, ёшларда Рауф Инилеев бош мураббий эди. Асосий таркибдаги дебют учрашувим “Сўғдиёна”га қарши бўлиб ўтган. Ўшанда жамоамизда Миржалол Қосимов, Бахтиёр Ашурматов, Леонид Кошелев сингари маҳоратли футболчилар тўп тепишарди. Улар мен учун ҳақиқий намуна эдилар. Илк ўйиндаёқ гол урганман. Буни ҳеч қачон унута олмайман.

Марат Бикмаев 2003 йили БАА яшил майдонларида ўтган ёшлар (U-20) ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этган. 17 ёшли Марат Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибида Аргентина (66 дақиқа), Мали (70) ва Испания (90) ёшларига қарши майдонга тушган. Кичик мундиалдаги ўйинлари сабаб унинг бир зумда “совчилари” кўпайиб кетган. 2004 йилда у Самаранинг “Крилья Советов” клуби билан шартнома имзолайди ва 51-рақамли либосга эга чиқади. 

Ўшанда “Пахтакор”да Александр Клецков ҳам ўйнарди. Бизнинг италиялик агентимиз бор эди. “Крилья Советов”дан аввал бизни “Интер”га кўрикдан ўтиш учун олиб боришган. Ўшанда миланликлар сафида Иван Кордоба, Кристиан Вьери каби юлдузлар бор эди. Биз икки ой давомида “Интер” ёшлар жамоаси билан бирга машғулот ўтказганмиз. Машғулотни якунлаб, асосий таркиб машғулотларини томоша қилардик. Италияда ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар бор эди. Легионер ҳисобланмаслик учун Италия паспортини олиш керак эди. Натижада мураббий "Сен бизга мос эмассан", деди... Икки ойдан сўнг Клецков Тошкентга қайтди, мен эса Самарага кетдим. Йиғиндан сўнг шартнома туздим ва Россиядаги фаолиятим бошланди.

Мен анча ёш вақтим хорижга кетганман ва Россияга борганимда ёнимда ҳеч ким бўлмаган. Шу боис жуда қийналгандим. Маслаҳатгўйим йўқ эди. Натижада кўп вақт бекорчи бўлиб қолганман. Ҳали 20га тўлмаган ёш йигит эдим, кўп зерикардим ва бекорчиликдан кўчага чиқиб кетардим. Хуллас атрофимда маслаҳат бера оладиган яқиним бўлмаган, барибир шу жамоадаман-ку деб юраверганман.


Россиядаги илк мавсумлар у қадар ёрқин бўлмаган. Анча ёш эдим ва балки у қадар профессионал бўлмагандирман. Бола эдим. "Рубин"га ўтганимда эса анча ўзгаргандим. Ўшанда Қозон клуби бош мураббий Қурбон Бердиев менга таъсирли гап айтганди: ёки сен футболни тугатасан, ёки ақлингни йиғиб оласан! Шундан кейин ақлимни йиғиб олганман. Сўнгра "Спартак Нальчик"да кўрикдан ўтганман. Бу жамоа сафида кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлгандим. Мослашиш учун ҳеч қанча вақт кетмаганди. Жамоа лигада қолиш учун курашарди. Шу боис ҳар бир баҳсга тўлиқ куч билан ўйнардик. Тажрибам ошиб бораверди. Ўшанда Коллер, Карьяка каби юлдузлар ўйнарди. Нальчикда 2 йил ўйнадим ва "Алания"дан таклиф тушди. Вадим Шевчук бошчилигидаги жамоа қуйи лигадан премьер-лигага чиқишни мақсад қилганди. Айнан "Алания"да мен учун ҳақиқий футбол ҳаёти бошланди. Доимо майдонга тушардим, голлар урардим, футболчи сифатида тўлиқ очилдим десам янглишмайман. Европа лигаси саралашида ўйнагандик. "Актобе" тўсиғидан ўтгандик, гуруҳ босқичига чиқиш учун "Бешиктош" билан ўйнагандик. Сафарда 0:3 ҳисобида ютқазганмиз, уйда эса 2:0 ҳисобида ғолиб бўлгандик. Агар бу тўсиқдан ўта олганимизда Европа лигаси гуруҳ босқичида ўйнардик. "Алания"даги 2,5 йил ажойиб ўтганди. Биз премьер-лигага чиққандик, Россия Кубоги финалига чиққанмиз. Тўғри финалда ЦСКАга ютқазганмиз, аммо финал барибир финал. Шундай бўлдики, биз премьер-лигага чиққанимиздан кейин жамоага бошқа легионер футболчилар олиб келина бошланди. Менга эса "Узр, йўлларимиз шу жойда айрилади, ўзинга бошқа клуб излайвер, сен озодсан" дейишди.

Ислом Тўхтахўжаев (ОКМК клуби ва Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси) Марат Бикмаев ҳақида:

Марат Бикмаев хушчақчақ инсон ҳамда ажойиб ҳужумчи. Унда бошқа ҳужумчиларга қараганда бир устун томони бор эди, яъни у юзага келган вазиятларда деярли хато қилмасдан, рақиб дарвозасига тўп киритарди.

Кейинчалик қаҳрамонимиз Қозоғистоннинг “Актобе”сига кўчиб ўтди ва 2013 йилда мамлакат чемпионига айланди.

Ўшанда Кападзе ва Гейнрих ҳам шу жамоада эди. Дастлбки йил Қозоғистон чемпионатида 3-ўринни эгалладик. Кейинги мавсум чемпионлик вазифаси қўйилганди ва биз чемпион бўла олгандик. Аммо ўша 2013 йил оғир жароҳат олгандим. Ўша жароҳат менга ҳаётда кўп нарсани тушуниб етишимга ёрдам берди.   

Маълум муддат жароҳатини даволаб, ўйин амалиётисиз қолган Бикмаев 2014 йил "Локомотив" билан шартнома имзолайди ва тўрт йил давомида "темирйўлчилар" шарафини ҳимоя қилди.

Тошкентга қайтиб келиб бир йил ҳеч қаерда ўйнамадим. Шу дамда "Локомотив" менга ёрдам қўлини чўзди. Ҳеч ким менга ишонмаган пайтда "Локомотив" менга ишонди. Ҳалигача ушбу клубга раҳмат айтаман. Ўша пайт Вадим Абрамов бош мураббий эди. Жароҳатимни даволаётганда Абрамов сен ўйнашинг керак тезроқ тузал деб айтарди. "Локомотив" сафидаги дебютимда голли пас берганман ва ўзимга бўлган ишонч пайдо бўлган. Яқинларим мени қўллаб-қувватлашди. Агар улар бўлмаганида билмадим ҳозир қаерда бўлардим. Секин-аста голлар ура бошладим, 2016 йил мен учун сермаҳсул бўлди, 2017 йил эса шунчаки ажойиб ўтди.

Йил якунига кўра, Марат Бикмаев Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Тўғрисини айтсам, буни кутмагандим. Худога шукр, мана шундай мукофотни қўлга киритдим. Бунинг учун ҳаракат қилдим, жамоадошларимнинг ёрдами ҳам катта бўлди. Раҳбариятимиз, оила аъзоларим, фарзандларимнинг ютуғи бу. Бунинг учун миннатдорчилик билдираман. Ҳақли равишда ғолиб бўлдим деб ўйлайман. Мавсум олдидан нечта тўп киритишим ҳақида ўйламайман. Мен ҳужумчиман ва албатта майдонга гол уриш учун чиқаман.

Абдумавлон Абдужалилов ("Локомотив" клуби дарвозабони) Марат Бикмаев ҳақида:

Марат Бикмаев жон-жаҳди билан ҳаракатланувчи футболчи эди. Ёши ўтиб боришига қарамасдан, нафақат ўйинлар, балки машғулотларда ҳам шиддатини йўқотмасди. У фақат ғалаба қозонишни хоҳларди. Кўп футболчиларда ёш ўтгани сайин асабийлашиш, қайсарлик, кўнгил тўлмаслик ҳолатлари учрайди. Лекин Марат акадан бундай ҳолатни кузатмадим. У ҳар доим яхши кайфиятда юрадиган позитив инсон ҳисобланади. Марат ака билан суҳбатлашиш мароқли, сабаби унинг карьерасига фақатгина ҳавас қилиш мумкин. Барчага шундай карьера насиб қилишини хоҳлайман. Мен ҳам буни орзу қиламан.

2018 йил ҳам Марат Бикмаев учун унутилмас бўлди. Ўша мавсум миллий чемпионатнинг илк голига муаллифлик қилган ҳужумчи терма жамоа сафида КХДРга қарши ўртоқлик учрашувида (2:0) дубль қайд этишга муваффақ бўлди. Шу билан бирга, у фаолиятидаги 100-голини урди. Қолаверса, "Геннадий Красницкий клуби" аъзосига айланди. 


Фаолиятдаги 100-голимни урганимдан хурсандман. Ишлашда давом этамиз. 200-гол? Бир нима дейиш қийин. Кучим етганича гол уришда давом этаман.

2019 йилги мавсум ҳужумчи пойтахтнинг бошқа гранди — "Пахтакор" сафига бориб қўшилди ва ўша йили мамлакат миқёсидаги барча совринларни қўлга киритди.


"Локомотив" сафида кетма-кет уч марта чемпион бўлдим, икки марта мамлакат кубоги ва бир марта Суперкубок соҳиби бўлдим. Мен учун буни давом эттириш жуда муҳим эди. "Локомотив" ҳозир ҳам энг юқори мақсадларни қўйган. Нима учун "Пахтакор"га қайтдим? Биринчидан, мен барчасини айнан шу ерда бошлаганман. Иккинчидан, отам шу клубга ўтишимни истади. Барчаси оддий.

"Реал Мадрид"га ўтишни истамаган Марат Бикмаев (ВИДЕО)

Кейинчалик Марат Бикмаев яна "Локомотив"га қайтиб, бир мавсум ўтказди. Сўнгра "Сўғдиёна" ва "Динамо" клублари шарафини ҳимоя қилди. Самарқандликлар сафида у голлар бўйича Суперлигадаги юзлик довонни забт этди.

2023 йилги мавсум аввалида эса ҳужумчини қадрдон клуби қайта ўз бағрига чорлади.

Мен учун муҳими "Локомотив" Суперлигага қайтиши керак, тамом. Бундай жамоанинг ўрни Про лигада эмас. Сен Про лига футболчисига кирмайсан, деганлар бўлди. Бундай гаплар қизиқтирмайди. Биринчи ўринда жамоа манфаати.

Маъруф Жумаев ("Локомотив" клуби футболчиси) Марат Бикмаев ҳақида:

Марат ака тўғрисида кўп гапиришга ҳожат йўқ. У энг кучли ҳужумчилардан бири саналади. Бир сўз билан айтганда, уни афсона деб айтиш мумкин. Марат ака хушчақчақ, доим позитив кайфиятда юради. Ёш футболчилардан ўз маслаҳатларини аямайди. Ҳужумчиларга майдонда қандай ҳаракат қилиш, рақиб жарима майдонида нималарга эътибор бериш, зарбани қандай йўллаш лозимлиги тўғрисидаги тажрибаларини улашади.

Марат Бикмаев миллий терма жамоадаги дебютини 2004 йилнинг 31 мартида Тайванга қарши ЖЧ-2006 саралаш баҳсида ўтказди. Илк голини эса оарадн беш ой ўтгач, Фаластинга қарши ўйинда урди. Миллий терма жамоада 55 ўйинда майдонга тушган қаҳрамонимиз, 8 маротаба рақиблар дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлган. Шу билан бирга, у терма жамоа либосида тўртта Осиё кубогида майдонга тушган. Бироқ терма жамоадаги фаолият унинг учун ҳамиша омадли бўлмаган. 2004 йилги қитъа турнири чорак финалида Баҳрайн ва Ўзбекистон ўртасидаги баҳснинг асосий ва қўшимча бўлимлари 2:2 ҳисобида якунланган. Пенальтилар сериясида аниқ ижрони амалга оширолмаган Бикмаев 2019 Осиё кубогининг нимчорак финалида яна шу ҳолга тушиб қолди. Бу сафар Австралия дарвозабони унинг зарбасини қайтарди.

Австралия билан ўйин оғир бўлди. 2004 йил Баҳрайн билан ўйинда ҳам пенальтидан гол ура олмагандим, аммо унда анча ёш эдим. Австралия билан ўйиндан кейин пенальти тепиш учун борганимда гол уришимга ишончим комил эди. Аммо ОАВда 2004 йил Бикмаев Баҳрайнга гол ура олмаганди деб ёзишганди. Балки шу нарса хаёлимдан ўтгандир. Одатда мен 11 метрли жарима тўпи тепиш учун келганимда битта бурчакни аниқлаб оламан ва ўша томонга тепаман. Тўпни ерга қўйганимда бошимдан барча нарса чиқиб кетди. Қалтирардим. Бироз ўйлаб, ўзим танлаган бурчагимга тепаман деб ўйладим ва зарба бердим. Аммо дарвозабон олдиндан ўша томонга ташланди ва тўпни қайтарди. Бу ҳаёт, нима ҳам қила оламиз.

Марат Бикмаевнинг Жанубий Корея дарвозасига урган суперголи (ВИДЕО)

Умуман олганда, Марат Бикмаев етти карра Ўзбекистон чемпиони, уч марта мамлакат кубоги, шунингдек, Суперкубок ҳамда Лига кубоги соҳиби ҳисобланади. “Актобе” таркибида чемпионликдан ташқари бронза медалларига ҳам эга чиққан.

Мен ҳужумчи бўлиб туғилганман. Ҳужумчи учун гол уриш ёқимли ҳис-туйғу бахш этади. Шундай экан, ҳеч қачон гол уришдан тўхтамайман. Биласизми, ҳужумчининг қанақа ўйнашига эмас, балки урган голларига қарашади. Ҳужумчиман, шу боис гол уришни истайман. Ўзимни кўрсатишни, ҳаммага нималарга қодирлигимни кўрсатмоқчиман. Аммо бизда 35 ёшга кирган ҳужумчиларни доимо ҳисобдан чиқаришга ўрганиб қолишган.

Орзуларимдан бири — ўғлимнинг футболчи бўлишини кўриш. Ҳали анча ёш ва у қадар тушунмайди. Келажакда мендан озгина бўлса ҳам кучлироқ футболчи бўлиб етишишини орзу қиламан. Катта бўлиб ватанга фойдаси тегишини истайман.

Бугун, яъни 2023 йилнинг 15 октябрь санасида эса Марат Бикмаев футболчилик фаолиятидаги сўнгги учрашувида майдонга тушиб, "Юниред" дарвозасини ишғол қилди. Шу тариқа, у "Локомотив" билан Про лига чемпионига айланди. Ҳозирда ОФКнинг мураббийлар учун "А" лицензиясига ўқишни бошлаган ҳужумчининг келгусида етук мураббий бўлишини тилаб қоламиз.


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Rating: +16   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика