Latest news

00:00Назорат учрашувида "Пахтакор" "Машъал"га мағлуб бўлди  0 23:45"Челси" билан музокара ўтказган Кьеза "Тоттенхэм"га ўтиши мумкин  0 23:11"Арсенал" ҳужумчи борасида яна Италия клубига мурожаат қилди  0 22:44Мбаппе Франция клубининг бошқарув акциялари пакетини сотиб олади  0 21:55"Насаф" яна бир трансфер ҳақида эълон қилди  4 21:35"Арсенал" 45 млн. еврога ҳимоячи сотиб олди  2 21:23Клейди Даци - ОКМК футболчиси  5 21:14"Фулхэм" 34 млн. фунт эвазига "Арсенал" футболчисини сотиб олади  1 20:45"Барселона" футболчиси "Ал Ҳилол" таклифини рад этди  1 20:14Абдураимов "Нефтчи"га ўтди  2 20:00"BMW" Мбаппега машина совға қилди, лекин...  4 19:39ЎФА Остон Ўрунов ўрнига бошқа футболчини жалб этиш бўйича сўров юборди  36 19:36"Кейлор Навас — "Монца" футболчиси!"  4 19:16"Комо" "Бавария"нинг ёш иқтидори билан шартнома имзолади  1 18:55ФИФА "Қизилқум" клубига нисбатан белгиланган трансфер тақиқини олиб ташлади  3

Инчеондан ёзамиз. 15-кун кундалиги. “Пахтакор” учиб кетди, Бойқўзиев ва мен ... News

Инчеондан ёзамиз. 15-кун кундалиги. “Пахтакор” учиб кетди, Бойқўзиев ва мен ...

Яна бир неча кундан сўнг мусобақадаги юришим ҳам ўз якунига етади. Ҳозир сизларга айтмай турай, яна бир кичик совғам бор.
Қандай совға дейсизми? Бу ҳақда 8 октябрь куни биласиз. У нима экан деб ичингиз қизиётган бўлса керак, нима ҳам бўларди, футболдан бошқа. Истаймизми-йўқми, бу ўзимизнинг футбол. Анзират буви айтганидек, “ўзимизнинг ўғри”!

Кеча 11:00да “Пахтакор” футболчилари Инчеон – Олма Ота – Тошкент йўналиши бўйича Тошкентга учиб кетишди. Бугун эса Наманганга учадилар. Эртага уларни “Навбаҳор”га қарши ўйин кутиб турибди. Ўз навбатида “Навбаҳор” мухлисларидан Бахтиёр Ашурматовга ортиқча босим ўтказавермасликларини сўраган бўлардим. Неча йил деганда мана энди тузук стадионга эга бўлдингиз, база яхшиланди, пул топилди. Келинг келишайлик, Ашурматовга 2 йил имкон берамиз. Мен мураббий билан Инчеонда анча суҳбатлашдим. Энди бор эътиборини жамоани шакллантиришга қаратишга ваъда берди. Яна анча гаплар бўлди, агар шу ишни Ашурматов амалга оширадиган бўлса, ўзбек футболида туб бурилиш ясалади. Мен уларга ёрдам беришимни айтдим. Аммо бу лойиҳага яна камида олий лигадан 6-7та жамоа қўшилиши керак. Шунда қолганларнинг боши берк кўчага киради, футболимизда ҳалоллик пайдо бўлади. Яна биз футболдан нафас оламиз, ҳозир эса худдики заҳарли моддадан ҳимояланиб маска тақиб юрган кишига ўхшаймиз. Мен бир нарсага ишонаман, ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бўлади. Футбол бу тарзда қолиб кетмайди.



Бойқўзиевга уч очко келтирган зарба. Қоринга бериладиган зарба 1 очко келтирса, оёқ учлари билан рақиб шлемига тегинсангиз уч очко ишлайсиз

Лекин бир нарсани айтсам ишонмайсиз. Ўзбекистонда 40дан ортиқ федерация бор денг, ташкилотчилик, моддий техника база ва шунга ўхшаган ҳолатларлардан келиб чиқиб энг яхшиси экан. Аммо натижа уларда яхшироқ. Менимча, бошқа спорт турларида футбол каби катта пул айланмаётганига, спортчилар кейинги мусобақада ҳам даромад кўриш учун ўз устиларида яхши ишлайдилар. Футболда эса бир мавсумда битта машина  бор. Бу энг савиясиз ўйинчининг даромади. Ўртачалари уй олиши мумкин, “дода”лари эса уй ва машинани олдига дала ҳовли қуришади. Тўғри, ҳамманинг насибаси, аммо ишлаш ҳам керак.

Лекин Инчеонга келган таркибнинг кўзи ёниб турганди. Мағлубиятга учраб ортга қайтаётганимизда, Фозил ёшларни роса уришди.
-   Мана энди 2та ҳужумдан 3та гол ўтказиб юраверларинг олий лигада, ўртамиёналарга қарши ўйнаб.
Мусаевнинг бу гапида катта маъно бор эди. У ва у каби футболчиларга росмана алам қилди. Балки баъзи ёшлар тушунмагандирлар. Бу ёшдаги футболчилар учун бу сўнгги йирик мусобақа эди. Ҳа, майли. Бўлар иш бўлди деб ўзимизни овутамиз.

Кеча бир киши мақолани ёзиб шошибсиз-да, яна 5 нафар футболчи ҳозиргина йўлга чиқиб кетди”, - деб, “Бунёдкор” ва “Локомотив” футболчиларини аэропортга кетганини айтди. Кўп ўтмади, ўтган бўлса 3 соат. Ҳалиги футболчилар, қандай кетган бўлса, шундай қайтиб келишди. Мабодо, аэропортга чипта харид қилган 5 нафар йўловчи келмай қолса, улар учишлари мумкин эди. Аммо ҳар бир чипта ғанимат бўлиб турган пайтда, бу фантастика эди. Улардан ташқари теннисчиларимиз ҳам икки маротаба шундай тарзда ортга қайтдилар. “Пахтакор” футболчилари аллақачон Наманганга етиб борган бир пайтда, бизникилар 1 октябрь куни  Токио орқали Тошкентга учадиган бўлдилар.



Таэквондо федерацияси бош котиби ва Осиё таэквондо иттифоқи ижрои қўмита аъзоси Аббосхон Латипов Бойқўзиевни олқишлаяпти

Кундаликни автобусда ёзиш аллақачон одатимга айланиб бўлди. Техника асрида яшаётганимиз шу ерда қўл келади. 2 соат ичида бир кун аввал кўрганларингизни вордга туширасиз. Телефонимдан интернет тарқатиб, почтадан Нарзуллага ташлайман. Аввал Холиқов бир кўз югуртириб чиқади. Бир мақола устида 3 нафар ходим иш олиб боради. Стив Жобс бир гап айтган, “Дунёни дизайн, яъни дид бошқаради”. Шунинг учун у ўз “олма”ларини ўта юқори дид билан яратган. Мақолаларга зеб берадиган бу расмлар. Авваллари ўзимни кўп койирдим. Расмларим ўхшамаса, буни кўпроқ тажрибасизликка йўярдим. Саккиз йил бўлибдики, тажриба ошмаса. Хайрият адашган эканман, айб аппаратда экан. Бу ерда фақат интернетда томоша қиладиган техникаларимни ишлатяман. Мен мусобақа тугаётганидан эмас, шу аппаратлардан айрилишимни ўйлаб бироз хафа бўляпман. Зўр аппаратда мазза қилиб расмга оласан, “сочний” кадрлар жоннинг роҳати.  

Бир кун аввал Анвар акам билан келишиб олдик, мен таэквандога, устоз юнон-рум курашига борадиган бўлдилар. Бу ерда енгил атлетикада, Леонид Андреев 10 кураш мусобақасида қатнашаётган эди. Бир кунга атлетикани қурбон қилдик. Таэквандо спорт шаҳарчасидан чамаси 2 соатлик йўл узоқликда жойлашган. Йўлни текислигини инобатга олган ҳолда бу ердаги икки соат, Тошкентдан Жиззахга бориш билан тенг. Автобусга Шавкат ака билан чиққанимизда, биздан бошқа ҳеч ким йўқ эди. 14:50да йўлга тушишимиз лозим, аниқ вақт асосида йўлга чиқдик.  1-2 км. юрдикми, йўқ, тўғримда иккита полиция мотоцикли ва битта машина йўл очиб кетар эди. Мен атрофга қарадим, бирон бир МОҚ раҳбарларидан бири мусобақага кетяптимикин деб. 5 км. юрганимиздан кейин билсам, бу уч йўл очиб кетувчи, мен ва Шавкат ака учун экан, сал қолди “юлдуз ушлаволишимизга”.



Икки нафар журналист учун мотоцикл ва машина...

Натижада манзилга анча эрта етиб бордик. Жасур Бойқўзиев даянга (гилам) чиқишга тайёргарлик кўряпти. Пастга тушиб расм олишга рухсат беришмади. Боиси у ерга махсус боғич билан тушиш лозим. Медиа бўлим раҳбарига, ҳозир менинг ҳамюртим жангга киришиши ва финалда иккита ўринга эгалик қилишимизни айтганимда, узр сўраган ҳолда, фақат финалга боғич бера олишини айтди. Боиси, спортнинг бу турига бўлган эътибор Кореяда жуда юқори. Катта-катта ташкилотлардан келган фотомухбирлар, чигирткадек боғичларни талаб кетган эканлар. Юқорида ҳам фото позиция бўлиб, яхши расмлар олса бўлади. Унда пастга тушиб нима қиласиз деяётганлар учун айтиб ўтай, тақдирлаш маросимини тепадан олиш бироз ноқулай.

Аслида қуръа Жасур учун ноқулай тушган эди. У биринчи босқичдаёқ икки карра жаҳон чемпиони ва олимпиада ўйинлари совриндори эронлик Юсуф Карами билан тушди. Ундан ўтгач, биз Бойқўзиевни чемпионлигини башорат қилдик. Ярим финалда кореялик таэквандочи доғда қолдирилди. Ундан аввал Иордания вакили ¼ финалда ютқазди. Бу ерда Никита Рафалович ҳам финалга етиб келди.



Олий тоифадаги ўзбекистонлик ҳакам Дмитрий Ким

4та вазн тоифасида финал ўйинлари бошланди. Дастлабки иккитасида қизлар баҳс олиб боришди. Қизлар ўртасида – 53 кг. вазнда жанг қилган Хуан Юн Венг (Тайпеи) ва Юн Еонгеон ўртасидаги баҳсни ўзбекистонлик ҳакам, Дмитрий Ким бошқарди. Агар шу нарса футболда бўлганида борми, йиллаб гапирар эдик. Аслида бу ерларда ҳам қаҳрамонларимиз кўп экан.

Хуллас биринчи финалчимиз Никита чиқиб келди. Залда қарсаклар, таэквандочиларимиз давлатимиз байроғи остида вакилларимизни олқишлашди. Кеча МОҚ менга ҳам экипировка бергани ҳақида айтиб ўтган эдим. Илк маротаба Ўзбекистон байроғи туширилган спорт формасини кийишим эди. Бошқача бўлар экан. Буни фақат ўз бошидан ўтказган киши билади. Фаолиятимнинг асосий қисмини футболга бағишлаганман. Кўплаб финал ва ярим финал ўйинларида иштирок этдим. Шунда бизни мағлубиятга учратаётган юрт журналистлари ўзларини ғоздек тутишларини кўрсам жиғибийроним чиқарди. Нега, нега шу ғалаба бизники эмас? Кеча эса ЎЗБ ёзуви туширилган кепкани фахр билан кийиб, таэквандо залининг энг кўзга кўримли жойида ўтирдим. Олдимда таэквандо ривожланган Таиланд, Корея, КХДР ва Япониядан келган ўнлаб фотомухбирлар менга қарашар, бор-ку, мана сенларга деб юборгинг келар экан. Сабаби бор-да, иккита эркаклар баҳсининг, иккитасида ҳам финалдамиз. Никита бироз ожизлик қилиб мағлубиятга учради. Аслида фарқ катта бўлмади. Ҳисоб 4:4 бўлиб турган эди. баҳс якунига етишига 2 сония қолганида, эронлик рақибининг зарбасини ўтказиб юбориб ғалабани бой бериб қўйди. Кўп ўтмай аренага Жасур кириб келди.

Ёдингизда бўлса, терма жамоамиз сардоридан “Olamsport.com” учун интервью олгандим. Буни қарангки, у финалга қадар етиб келди. Рақибини жуда осонлик билан мағлубиятга учратди. Энди аренада мени гердайиб юришимни кўрсангиз эди. Қоқ марказга бориб ўтирдим. Тепада Ватанимиз байроғи катта қилиб осиб қўйилган, пастдан туриб мухлисларимизга унинг тепасига келиб туришларини айтдим. Олдимдаги фотомухбирлар сони 40дан ошиб кетган. Ҳаммаси менга қарайди. Бошқача бўлар экан. Айниқса мадҳия садоси остида байроғинг кўтарилса. Эҳ девордим, футболчиларимизга мана шу кун қачон насиб этар экан.



Этларни жимирлатиб юборувчи мадҳиямиз садоси остида, таэквондочиларимиз мадҳиямизни куйлаяптилар

Юқсин, юқсин қилиб Жасур билан эсдалик учун суратга тушдик. Бу ердаги миссиямиз якунига етган эди. Афсуски, курашда ишимиз ўхшамади, “кумуш” бўлиб қолди. Спорт шаҳарчасига келганимда таэквандо федерацияси бош котиби Аббосхон Латипов биринчи кундаги медаллар учун таэквандочиларга қимматбаҳо совғаларни тантанали тарзда топширди. Жусур ва Никита ғалабаларини устозлари Александр Кимнинг 1 октябрь байрамига бағишладилар.

Шу тариқа кун ҳам ўз якунига етди. Баъзан бир гапни қайталаб ёзиб юбораётганим учун узр сўрайман. Бу ерда гап у ёқда турсин, кунни эсдан чиқариб юборяпмиз. Омон бўлинг!

Нодирхўжа Юлдашев.
30 сентябрь. Жанубий Корея, Инчеон.

Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика