Игало: "Ҳар куни эрталаб уйқудан турганимда ўзимни "Манчестер Юнайтед"нинг собиқ футболчиси эканлигимни ҳис қиламан"
13 apr 2021 22:20
News
Игало: "Ҳар куни эрталаб уйқудан турганимда ўзимни "Манчестер Юнайтед"нинг собиқ футболчиси эканлигимни ҳис қиламан"
"Манчестер Юнайтед"да қолишимга имконият жуда кам эди. Менинг ёшимдагилар кўпроқ ўйин амалиётини истайди, менга эса маош ҳам керак эмасди. Кўпроқ ўйнашни истагандим.
Жуда ҳам хурсандман, йўлларим "Манчестер Юнайтед" билан кесишди. Бу клубни бутун бир юрагим билан севганман ва доимо таркибида ўйнашни орзу қилганман. Мураббийдан, собиқ жамоадошларимдан ва мухлислардан миннатдорман.
"Вест Хэм" ёки "Вест Бромвич" орқали АПЛда қолишим мумкин эди. Аммо Англиянинг, балки, дунёнинг энг катта клубларидан бири бўлган "Манчестер Юнайтед" таркибида ўйнаганимдан кейин АПЛда яна нима қилишим керак?
"Тоттенхэм"? Ҳа, яқин эдим. Агентим қўнғироқ қилиб, клубдагилар менга Хитойдаги каби маош тўлай олишини айтди. Бироқ "Манчестер Юнайтед" менга қизиқиш билдирганини эшитиб, қолган барча таклифларни рад қилдим.
Маошимнинг қисқариши мени қизиқтирмади. Асосийси - болалигимдан буён мухлислик қилган "Манчестер Юнайтед"да ўйнасам бўлгани эди. Ҳудодан мингдан минг миннатдорман. Ҳар куни эрталаб уйқудан турганимда ўзимни "Манчестер Юнайтед"нинг собиқ футболчиси сифатида ҳис қиламан.
Гарчи "Манчестер Юнайтед"да ўйнамаётган бўлсам-да, Нигерияда мухлислар ҳар куни исмим туширилган клуб либосларини сотиб олишади. Баъзида Манчестер шаҳрининг ўзидан либосларга буюртма бераман ва уларни маҳаллий инсонларга тарқатаман.
"Манчестер Юнайтед" таркибидаги илк нигериялик футболчи бўлганимдан ғурурланаман. Агар яна бу ҳақида гапирсам, йиғлаб юборишим мумкин. Чунки жуда ҳам миннатдорман.
Клубдаги энг ёрқин онлар? Барчаси! Ҳар куни эрталаб ўрнимдан туриб, машғулотларга боришим энг завқли онлар бўлган. Йигитларни кўриш, кулишларини, гапиришларини эшитиш... Ҳар бир ондан лаззат олганман.
Ижара муддати узайтирилганидан кейин деярли ўйинларга туширилмадим. Балки бу адолатсизликдир. Аммо клуб либосини кийиб, клуб шарафини ҳимоя қилиш учун имкон берган барчадан миннатдорман. Клубга келишимдан олдиноқ ҳар бир учрашувда майдонга тушмаслигимни билганман.
Сульшер? У ўйинингиз ўхшамай турган пайтда нима дейишни яхши билади. Уни қаттиқ ҳурмат қиламан. Чунки айнан у сабабли "Манчестер Юнайтед"га бордим. Усиз бунинг иложи йўқ эди.
У жуда ақлли мураббий. Тактик томондан ҳам. "Манчестер Юнайтед"га яхши футболчиларни олиб келишни билади, қўл остидаги барча футболчиларнинг кўзлари ёниб туради. Бу эса жуда яхши ҳолат.
АПЛда титуль? Олдинда 6-7 ўйин бор. Аммо "Сити"нинг 3 ўйинда мағлуб бўлишини кутмаяпман. Қийин бўлишини билиб турсам ҳам, ҳар куни "Манчестер Юнайтед"нинг чемпион бўлишига дуо қилиб турибман.
Лингард? Унинг ўйинларидан ажабланганим йўқ. У доимо машғулотларда юқори темпда ишлайди. "Манчестер Юнайтед" таркибида майдонга тушганда ҳам ўзини яхши кўрсата оларди.
"Манчестер Юнайтед" каби клубда ўйнагандан кейин доимо босим ҳис қилиб тураркансиз. Баъзида бу футболчига жуда қаттиқ босим беради. "Вест Хэм" "Манчестер Юнайтед" каби буюк эмас. Агарда ушбу клубга ўтганимда ўзимда камроқ босим ҳис қилган бўлардим.
Албатта, Лингардда "Юнайтед"да ўйнаш учун имконият бор. Аммо у захирада ўтириш учун жамоага қайтмаса керак деб ўйлайман. Чунки айни дамда у мунтазам ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Агарда у олдингидек ишонч билан "Юнайтед"га қайтса, балки, асосий таркибда ҳам ўйнаши мумкин. Бу эса "Юнайтед" учун жуда фойдали.
Кавани? "Манчестер Юнайтед" илк кунданоқ футболчини қўллаб-қувватлайди. Клубдагилар менинг "Юнайтед"да қолишимни таклиф қилишганди. Аммо барчанинг ўз қарашлари ва қарорлари бор", - деди Игало.
Comments