Latest news

11:10Забиҳилло Ўринбоев фаолиятини собиқ жамоаларидан бирида давом эттириши мумкин  0 10:49Расмий хабар: "Сўғдиёна" 32 ёшли швециялик ҳужумчи билан шартнома тузди  5 10:17«Реал Мадрид» МЮ анча вақтдан бери қизиқаётган футболчи билан шартнома тузмоқчи  3 09:45Игорь Сергеев «Пахтакор»га қайтмоқдами? Ҳужумчининг ўзи бунга жавоб берди  16 09:14«Динамо»нинг яна бир тўпурар футболчиси жамоани тарк этиши мумкин  2 08:40Яқинда шартномасини узайтирган Шомуродов «Рома»ни тарк этишга яқин  9 08:13«Ливерпул»га ПСЖ ҳужумчиси керак  3 07:35Ўтган мавсум «Сўғдиёна»да ўйнаган футболчи янги мавсумни «Қўқон-1912»да давом эттириши мумкин  0 00:42"Манчестер Юнайтед" трансферлар учун 230 млн евро ишлатишга тайёр. Бу пул кимларга сарфланади?  13 00:08Алекс Фергюсон Роналдуни йиғлатгани ҳақида билармидингиз?  8 23:35Деярли барча футболчилари билан хайрлашган "Металлург" черногориялик ҳужумчисини трансферга қўйди  7 22:45"Реал" нимадан норози?  6 22:15Энцо Мареска: "Манчестер Сити" соврин учун курашга қайтади"  0 21:41Расман: "Навбаҳор" собиқ футболчисини ортга қайтарди  2 21:28"Goal" АПЛда йилнинг энг яхши трансферлари рейтингини тузди  1

Футбол оламида карантин давридаги энг муҳим воқелик ҳақида сўз — "Championat.asia" ижодий жамоасига News

Футбол оламида карантин давридаги энг муҳим воқелик ҳақида сўз — "Championat.asia" ижодий жамоасига

Жаҳон футболи оффлайн режимга ўтганига роппа-роса 2 ой тўлди.

Коронавирус пандемияси туфайли аввал Осиё қитъасидаги баъзи чемпионатлар, кейинчалик Европа ва Ўзбекистонда ҳам барча спорт ўйинлари қаторида футбол учрашувлари ҳам тўхтатиб қўйилди. Ўзбекистондаги охирги расмий ўйин ўтганига кеча 2 ой тўлди. Баьзи чемпионатларни инобатга олмаса, қолган чемпионатлар тўхтатиб қўйилди. Орада давом эттирилган лигалар орасидаги аксарияти ҳам яқинда карантинга кирди.

Дунё футболи оффлайн режимига ўтганига ва 2 ойдан буён карантин даврида фақатгина ностальгия билан мухлислар чанқоғини қондириб турибди. Ностальгия, архив ва тарихни ёд олиш, эслаш ёқимли. Лекин барибир чинакам жонли футболни, айниқса Европа топ лигаларидаги шиддатни соғинмаган футбол шайдоси йўқ.

"Боруссия" Мёнхенгладбах жамоаси футболчиси Патрик Херрманнинг карантин хонаси


Ижодим билан таниш бўлган кўпчилик мени немис футболи шайдосилигимни ва кўпроқ айнан Германия футболини қолган топ лигалардан устунроқ қўйишимни яхши билади. Осиёда ва МДҲ давлатларида Бундеслига Ўзбекистондагидан кўра катта аудиторияга эга. Юртимизда ҳам Германия футболини томоша қиладиган ишқибозлар бор, лекин АПЛ ёки Ла Лига билан солиштирганда кўп дейиш нотўғри бўлади. Шу боис мазкур лига билан яқиндан таниш мухлислар жуда кам. Нафақат мухлислар, балки журналистлар орасида ҳам Германия футболи билан яқиндан таниш ҳамкасблар деярли йўқ, афсуски. Баъзи профессионал ва қолган лигалар қатори Бундеслигани ҳам кузатиб турадиган ва чемпионат тафсилотлари билан таниш журналистларимиз ҳам бор. Ўшалардан бири Толибжон Қосимов. Масалан, "Championat.asia" таҳририятида ҳам бундайлар кам. Лекин эндиликда бутун дунё футболи мухлислари қатори ўзбекистонлик чарм тўп  ишқибозлари сингари сайтимиз ходимлари ҳам жаҳондаги исталган жиҳат бўйича юқори даражада турувчи ва чинакам футбол шиддатига тўла мусобақани ихтиёрий-мажбурий тарзда томоша қилишларига тўғри келади. Бу футбол соғинчи, чанқоқ ва касбий иш билан ҳам боғлиқ. Ишонтириб айтаманки, футболга ошно тутинган исталган ишқибозни Бундеслига карантин даврида ўзига ром этади ва кейинчалик ҳам мунтазам томошабинига айлантира олади.

Демак, деярли 2 ой йўқ футболни ёритган, амаллаб излаб архив ўйинларини ёдга олган ва зерикиб кетган ҳамкасбларимнинг Бундеслига рестарти олдидан фикрлари билан қизиқдим. 


Азиз Нурий, (championat.asia ижодкори, карантин давридаги энг фаол тадбиркор ва "Қизилқум" клуби матбуот котиби):

- Ора орада Бундеслигани томоша қиламан. Аввал асосан марказий ўйинларни кузатардим. "Боруссия" Дортмундга озроқ қизиқаман, "Бавария"нинг эса инфраструктураси ва ишлаш услуби билан мени маҳлиё қилган. Ҳеч қайсига ашаддиий мухлис эмасман. Чемпион ўзгарадими? Йўқ, албатта. Карантиндан олдин Германия чемпионатини ҳам кузатганман. Эндиям бошқа иложи йўқлигидан кузатамиз.


Алишер Холматов, (championat.asia маркетологи, Абрамов ва "Сурхон" жамоасининг стадиондан қўллаб-қувватламайдиган ашаддий мухлиси):

- Бундеслигани аввал жуда кам томоша қилганман. Лекин эндиликда диққат билан кузатаман. Кимга мухлислик қилиш борасида ўйланяпман. Шомуродовнинг эҳтимолий бўлажак жамоасини диққат билан кузатаман, бу аниқ. Чемпионлик масаласига келадиган бўлсам, "Бавария" имкониятни қўлдан чиқармаса керак, деб ўйлаяпман. Германия чемпионати Беларусдан кўра жуда кучли. Шу учун эндиликда футбол менюси анча кўркамлашди. Шундан хурсандман.


Абдулазиз Искандаров, (championat.asia мухбири, доим "Бунёдкор" жамоасини ёритадиган журналист ва собиқ курашчи):

- Карантиндан олдин ҳам Германия Бундеслигасини ҳар доим бўлмасада кузатиб борардим. Мухлислик десам нотўғри бўлса керак, лекин Дортмунднинг "Боруссия" клубининг ўйинларига бефарқ эмасман. Ўша бир неча йил олдин Юрген Клопп шакллантирган ажойиб жамоа мени меҳримни қозонган ва ўша меҳрнинг томчилари ҳали ҳам оқиб турибди. Бугунга келиб эса ўша томчилар ёмғир мисоли шилдираяпти. Энди чемпионлик учун фаворит доимгидек "Бавария" бўлиб қолади. Аммо, карантиндан таъсирида вазият ўзгариши мумкин. Боз устига турнир жадвалида мюнхенликлардан кейин ўрин эгаллаган жамоалар билан очколар ўртасидаги фарқ катта эмас. Бу борада Юлиан Нагельсман бошқараётган "Лейпциг" ҳам кутилмаган натижалар қайд этиш эҳтимоли йўқ эмас. Льюсен Фавр бошчилигидаги дортмундликлар ўз услубларини йўқотмаган ҳолда барқарорликни таъминлай олса, унда кучли учликдан ўрин олиши мумкин. Аммо, барибир "Бавария" ўз фалсафасига ва анънасига ишонган ҳолда биринчи ўринни ҳеч кимга бермаслигини тахмин қиляпман.


Фахриддин Рўзиев, (championat.asia мухбири, филолог бўлишни орзу қилган амалдаги ёш журналист):

- Германия чемпионатини олдин ҳам кузатганман. Жорий мавсумдан эътиборан доимий кузатувчисига айлангандим. Энди ҳам мажбурий томошабини сифатида соғинишга ҳам улгурдим. Очиғи, Мюллерни персонал мухлиси сифатида 2012 йилдан буён "Бавария" жамоаси ишқибозига айланганман.


Жаҳонгир Файзуллаев, (Бундеслига ўйинларини телеэкран орқали бўлса ҳам расмга олишга бел боғлаган championat.asia фотографи):

- Бундеслигани аввалдан томоша қилганман. Дадам билан анча йиллар олдин биринчи маротаба эсимни таниб футбол кўрганим ёдимда, ўшанда "Бавария" ўйнаган ва шу-шу мюнхенликларга меҳрим тушган. Ҳозир ҳам "Бавария"га мухлислик қилиб тураман. Чемпионлик учун кураш жуда қизиқ бўлади. Интрига худди Толибжон Қосимов устозим билан мени ўртамиздаги даражада. Ким "Бавария" эканлигини айтишимга ҳожат йўқ, шекилли. Жиддий айтадиган бўлсам, футболни шу қадар соғиндимки, ҳозир Нодир акам томонларидан ташкиллаштириладиган болалар мусобақасига ҳам қор ёки ёмғир ёғса ҳам бориш истагидаман. Бундай пайтда Бундеслига "Тезкор студия"ни томоша қилиш каби қизиқ.



Шерзод Нурматов, (АГМК ҳужумчиси Шаҳзод Нурматовга умуман алоқаси бўлмаган, айни пайтда журналистика соҳаси бўйича таҳсил олаётган намунали талаба ва championat.asia сайтининг бекободлик мухбири)

- Кучли лигалар ичидан Бундеслига биринчилардан бўлиб жонбозлик кўрсатгани дунё футболи мухлислари учун ёқимли ҳолат ва бу учун Лига раҳбарияти, Германия ҳукумати ҳамда Меркел хонимга Шаҳбоз ака орқали алоҳида ташаккур билдираман! Бундеслига деганда хаёлимизда шиддатли баҳслар гавдаланади. У ерда тезкорлик ҳавас қиларли даражада. Чемпионлик учун жиддий жанг кечиши аниқ. Ҳозир бу бўйича қандайдир тахмин билдириш қийин.

Мен "Боруссия" Дортмундга мухлислик қиламан. Марко Ройс, Жейдон Санчо ва Эрлинг Холанд иштирокидаги ўйинларни кўриш инсонга завқ бағишлайди. 

Бундеслига рестарти(26-тури)да "Боруссия" Дортмунд" - "Шальке" ўзаро тўқнаш келади. Шубҳасиз, марказий ўйин!  Балки, бу ўйиндаги натижа икки жамоанинг жадвалдаги кейинги тақдирини белгилаб бериши мумкин. 

Бундан ташқари, чемпионат етакчиси - "Бавария", таъқибчилар "Лейпциг" ва "Байер" клубларини ҳам унутмаслик лозим.

Нима бўлганда ҳам ҳаммасини вақт кўрсатади. Willkommen zurück, Bundesliga!  Echte Liebe, BVB!


Омонжон Тўхтамирзаев ,(championat.asia журналисти, футболда омади чопмагач отам қилган ишни қиламан деб журналистика эшигини "тақиллатган" "реалшунос" ижодкор):

- Барча ўйинларни кўриб бормасамда, марказий ўйинларни ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиламан. Дортмунднинг "Боруссия"си ўйинларини мунтазам кузатиб бораман. Яна "Бавария"дан ортда қолаётган бўлсада, мавсум сўнгида "арилар" чемпионликни қўлга киритади деб умид қиламан.

Одатда майдондаги жамоаларнинг бири рақибидан кучлироқ бўлса, нейтрал мухлис аксарият ҳолларда кучсизроқ жамоага ён босади. Балки бу ўйин қизиқроқ бўлиши учундир. Назаримда, Германияда ҳам шунга ўхшаш ҳолат. У ерда "Бавария"нинг мухлислари ва бошқалар бордек.

Германияда исталган клубнинг етакчиси футболчиси жамоани тарк этиши ҳақида тортинмай айта оламиз, бу ҳақида мунтазам миш-мишлар пайдо бўлаверади. Дортмундга яқинда келиб, зўр ўйнаётган ва жамоага фойдаси тегаётган Эрлинг Холланд ҳам, унга яқиндан кўмак бераётган Жейдон Санчони ҳам, ёки "Байер"даги Кай Хаверцни, "Лейпциг" ҳимоясининг асосий устуни Дайо Упамекано ва ҳ.к.з.

Бундеслига етакчиларидан бирида порлаган футболчини ҳали "Ливерпуль"га, ҳали "Реал" ёки "Ювентус"га осонгина ўтиб кетиши мумкинлиги бу борада ҳам "Бавария" Бундеслигада қолганлардан бир бош устунлигини кўрсатади. Яъни бир тасаввур қилинг, "Барселона" ёки "Манчестер Сити"да ажойиб ўйин кўрсатаётган ва жамоаси қўйиб юборишни истамаган футболчи қандайдир жиддий бир сабаб бўлмаса (ЕЧЛдан четлатиш ёки клубдагилар билан жанжаллашиб қолмаса) жамоадан кетиши мушкул иш. Немис клубларида эса бунинг иложи бор ("Бавария" бундан мустасно).

Шу сабабли ҳам Германияда ҳар томонлама олиб, умумий қаралганда ҳозир битта топ-клуб бор десам, кўпчиликка ёқмаса керак, лекин кўраётганларимиз шуни исботлаётгандек. Бироқ бу чемпионатга бўлган эътиборга салбий таъсир қилмаяпти деб айта оламан. Шахсан ўзим ўша "Боруссия"дан ташқари, аввал "Хоффенхайм"да, энди "Лейпциг"да муваффақиятга эришаётган Юлиан Нагельсман фаолиятини катта қизиқиш билан кузатиб боряпман.

Яна бир қизиқ жиҳат, Германия дарвозабонлар мактаби кучлилар қаторида тилга олинади ва юлдуз посбонлари етарли. Лекин бу нарса чемпионат учрашувлари голларга бой ўтишига ҳалақит қилмайди. Балки бунга германиялик дарвозабонлар чет элга кетиб қолгани сабабдир. Етакчилар таркибига қарайдиган бўлсак, фақат Нойерни кўрамиз. Иккита "Боруссия"да швейцарияликлар — Роман Бюрки Дортмунда ва Ян Зоммер Менхенгладбахда. "Лейпциг"да дарвоза венгриялик Петер Гулачига ишониб топширилган, "Байер"да эса финляндиялик Лукаш Градецки. Термага жалб этиладиганлар Марк-Андре тер Штеген Испанияда, Бернд Лено Англияда, Кевин Трапп Франциядан шу мавсум аввалида қайтди. Бундеслига одатда шиддатли ўйинлари ва янги иқтидорларни кашф қилиши билан киши эътиборини тортади.


Зоир Турсунбоев ,(championat.asia оператори, кўп гапирадиган, лекин монтажда ярмини "қирқиб" ташлайдиган профи):

- Бундеслигани бошқа чемпионатлар ўтказилаётган вақтда кам кузатаман. Асосан “Боруссия Дортмунд“ жамоасининг голлари видеосини кўриб тураман. Карантиндан кейинги чемпионат қизиқ бўлиши мумкин. Лекин, ўйлашимча, яна "Бавария" чемпион бўлса керак.


Нарзулла Сайдуллаев, (championat.asia журналист/муҳаррири, Нодирхўжа Юлдошевни сайтдан "узоқлаштирган" иш бошқарувчи):

- Карантиндан олдин Бундеслигани баъзи-баъзида, фақат марказий баҳсларини томоша қилардим. Ўйинлар мухлислар билан шиддатли ўтарди. Афсуски энди нафақат Бундеслигада, деярли бутун дунёда камида шу йил охиригача футбол ўйинлари томошабинларсиз ўтади. 

Чемпионатда "Бавария" ҳозир 4 очко фарқ билан пешқадамлик қилмоқда. Бу яна "Бавария" чемпиони бўлиши 95 фоиз аниқ деганидир. Қолган 5 фоизнинг сабаби нима дейсизми? Карантин вақтидаги мажбурий танаффус, карантиндан кейин ўйинларнинг тез-тез ўтиши, мухлислар қўллаб-қувватлови йўқлиги каби факторлар қолган беш фоизни ташкил этади. 

Карантиндан сўнг Бундеслигани томоша қиламанми? Жонли эфирдаги футболни соғинганмиз учун албатта томоша қиламан. Роберт Левандовски "Унион Берлин"га гол уриб, уни янги туғилган фарзандига бағишлашини кутаяпман.


Элдор Акмурзаев , (championat.asia мухбири, ишга фақат маош бериладиган кун келадиган, қолган пайт тунги клубда навбатда  ишлайдиган ходим):

- Германия чемпионатини олдин кузатмасдим. Юрген Клоппнинг “Боруссия”си чиқиб келганидан кейин эса бироз қизиқиш ортди. Менимча, чемпион бу йил ҳам ўзгармайди, аммо карантиндан кейин жамоаларнинг жисмоний ҳолати қандай бўлиши ҳали аниқ эмас.

Мавсумни яхши ўтказаётган “РБ Лейпциг”ни алоҳида ажратиб кўрсатган бўлардим. Юлиан Нагельсман ёш бўлишига қарамай, яхшигина жамоани шакллантира олди. Бу мураббийдан келажакда кўп нарсани кутса бўлади.


Толибжон Қосимов , (championat.asia журналисти/фотографи, кўп гапириб, кам ишлаш бўйича уста):

- Бундеслигани албатта томоша қиламан, ахир бундай очиқ ва ҳужумкор ўйин устувор ҳисобланган лига ўйинларини ўтказиб юбориб бўладими? Топ-5даги бошқа чемпионатларда ҳамон пауза эканлигини инобатга олсак, Бундеслига энг яхши мусобақага айланади, вақтинча. Германия чемпионатини карантиндан олдин ҳам кузатиб борардим. Умуман олганда деярли барча кучли чемпионатларни кузатиб бораман. Лекин, энди аввалгидан кўра кўпроқ ўйинларни кўришим табиий. Балки, бу омил Бундеслигада ўзим учун янги ўйинчиларни кашф қилиш имконини берар.

Германия клублари орасидан "Боруссия Д"га нисбатан симпатиям кўпроқ. Бунга жамоанинг доимо ҳужумкор ва томошабоп футбол намойиш этиши ва албатта "Сигнал Идуна Парк"даги фантастик мухлислик сабаб.

Гарчи, "Боруссия Д"га бироз симпатиям бор бўлса-да, "Бавария" орадаги 4 очколик фарқни сақлаб қола олади. Флик бошқарувни қўлга олганидан кейин мюнхенликлар яна ишончли ва самарали ўйин намойиш эта бошлашди. Ҳозирги ҳолатда уларни "Боруссия" ва "Лейпциг" қувиб ўта олиши жуда қийин. 28-турдаги "Боруссия Д" - "Бавария" тўқнашуви ва 33-турдан ўрин олган "Лейпциг" - "Боруссия Д" ўйинлари катта эҳтимол билан совриндорлар кетма-кетлигига аниқлик киритиб бериши мумкин.


Камолиддин Алимов , (қўшни маҳалла olamsport.com бош муҳаррири ва қатор лавозимлар эгаси, сайланмаган депутат ва "Тезкор студия"нинг кечикувчи, лекин ўзгартирилмас бошловчиси):

- Мурожаат беписандларча жавобсиз қолдирилди. (Бу ерда сизнинг рекламангиз бўлиши мумкин эди!)


Хайрулла Холиқов , ("Локомотив" клуби матбуот котиби ва championat.asia ижодкори, Бундеслигада доим "Бавария"га фақат бир киши учун қарши чиқадиган инсон):

- Мурожаат беписандларча жавобсиз қолдирилди. (Бу ерда сизнинг рекламангиз бўлиши мумкин эди!)


Демак, Бундеслига рестартига бағишланган сайтимиз ижодкорлари томонидан билдирилган фикрлар шу ерда тугади. Мен эса узоқ тўхталмоқчи эмасман. Шу пайтгача доим ўзим бу чемпионат ҳақида гапириб келдим. Энди камроқ гапиргим келяпти.

Бундеслигага умуман қизиқмайдиган кўплаб ходимларимизнинг фикрлари сиз учун қизиқроқ, аксинча, қизиқувчиларнинг фикрлари зерикарлироқ туюлган бўлиши мумкин. Шуниси аниқки, карантинда зерикиб қолган ва аввал зерикарли деган кўплаб мухлислар учун энди ва кейинчалик ҳам Бундеслига қизиқроқ туюлиб қолиш эҳтимоли юқори. Шу темпни йўқотманг ва Бундеслигани доимо кузатинг! Айниқса келаси мавсумда Худо хоҳласа Шомуродов сабабчи бўлиб Бундеслига янада қадрли чемпионатга айланиши мумкин. Карантинда бунга тайёрланиб олаверинг, яхши ниятда :-)


P.S. Бундеслигада "Бавария" чемпион, интрига йўқ дейдиганларга бир нарсани эслатмоқчиман. Кўпчилик 2-3 ой илгари карантин даврини ҳаёлига келтирмаган, мухлисларсиз футболни тасаввур ҳам қила олмаганди. Кўп нарса шундай тез ўзгардики, ҳамма уйда ўтиришга, карантин қоидаларига риоя қилишни одат қилди. Карантиндан кейинги футбол қиёфаси ва жамоаларнинг жумбоқ ҳолати олдиндан кескин хулосага шошилмаслик кераклигини англатмоқда, назаримда. Коронавирус бутун дунё ҳаётини одатий тарздан ноодатий ҳолатга келтирди. Шунингдек, коронавирус эффекти Бундеслигада одатга айланган "Бавария" чемпионлигига ҳам таъсир қилиб, чемпионатнинг ноодатий финишини тақдим этиши мумкин. Шу боис чемпионлик масаласида шошилмайлик.

Аслида эса футболда энг қизиғи ва ширин жойи интрига ва рақобат. Бундеслигада айни дам ушбу таъм мавжуд ва буни кўпчилик жамоалар татиб кўрмоқда. Ким чемпион бўлиши қанчалик муҳим, агарда ўша сиз кутган интрига ҳалиям "қайнаб" турган бўлса? Нима демоқчиман, Бундеслигани кузатиш учун кўплаб футболга таалуқли сабаблар мавжуд ва бу чемпионат эътибор марказида бўлишга арзийди. Карантин давридан олдин ҳам, кейин ҳам бунга арзиган ва арзийди. Шунчаки мазкур даврда бунга кўпчилик амин бўлиши мумкин.

Демак, катта футбол оламида карантин даври енгиллашмоқда, қоидалар эса юмшатилди. Бундеслига футбол ҳаритасида ҳозирда яшил ҳудудга айланиш арафасида.


Саломат бўлинг, ёқимли томоша дўстлар!


Шаҳбоз Беғамов

Rating: +6   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика