Latest news

22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1 18:25"Ливерпуль" Венгрия терма жамоаси ҳимоячиси билан шартнома имзоламоқчи. Унга МЮ ва "Челси" ҳам даъвогар  0 17:58"Ланс" 17 ёшли иқтидорни 2 млн еврога сотиб олади  2 17:32Расман: Игорь Сергеев – "Пахтакор" аъзоси!  22

Футбол афсонаси Пеленинг ўлимига бир йил бўлди. Футбол қироли ҳақида 20 та факт News

Футбол афсонаси Пеленинг ўлимига бир йил бўлди. Футбол қироли ҳақида 20 та факт

Ўтган йилнинг 29 декабрь куни жаҳон футболи тарихида энг яхши ўйинчилардан бири ҳисобланган бразилиялик афсона Пеле 82 ёшда вафот этди.

Уч карра жаҳон чемпиони Бразилия терма жамоаси ва “Сантос”даги ўйинлари билан миллионлаб мухлислар меҳрини қозонган. Терма жамоада 91 ўйинда 77 тўп киритган. Унинг фаолиятидаги муҳим жиҳатларга эътиборингизни қаратамиз.

1940 йил 23 октябрь санасида Бразилиянинг Трес-Корасойнс мавзесида Эдсон Арантис ду Насименту дунёга келган. Кейинчалик у жаҳонга Пеле лақаби билан футбол юлдузи сифатида танилди.

Пеле отаси туфайли футболга кириб келган. Жуан Рамос ду Насименту ёки Дондиньо Минас-Жейрас штати савиясида яхши футболчи бўлган. Кейинчалик у ўғли Эдсоннинг тўп билан маҳоратини шакллантирган ва “Сантос” мактабига кўрикка олиб борган.


Катта футболда ажойиб муваффақиятларга эришган Пеленинг 1363 учрашувда 1283 тўп киритгани маълумотларда сақланган. Бироқ шулардан 500 голни у норасмий ўйинларда урган. У кўргазмали беллашувлардаги голларини ҳам ҳисобга қўшган. 17 ёшдаёқ у жаҳон чемпионатига юлдузига айланган. Чорак финалда бир, ярим финалда уч ва финалда икки тўп киритган. 1962 йил жароҳат туфайли финални, 1966 йил гуруҳ босқичи ўйинларини ўтказиб юборган. 1970 йил эса Пеле жуда кучли Бразилия терма жамоаси сафида учинчи марта мундиал ғолибига айланган. У уч марта жаҳон чемпионига айланган ягона ўйинчи ҳисобланади. Клублари билан 29 марта турли совринларга эга чиққан.

Пеленинг башоратлари нотўғри чиқиши билан машҳур. Нии Лэмпти ва Ник Бармби жаҳон юлдузларига айланиши, 2000 йилгача Африка термаларидан бири жаҳон чемпионатида ғолиб бўлиши, 2002 йил Бразилиянинг гуруҳдан чиқмаслиги ва финалда Франция ва Аргентина ўйнаши тўғрисида башоратларни эслаб ўтиш бунинг учун етарли бўлса керак.

Пеле Бразилияда саводли инсонлар кўпайишига катта ҳисса қўшган. Гап шундаки, 1970-йилларда унинг ҳаёти ҳақида автобиографик асар чоп этилган. Уни ўқиш учун кўплаб бразилияликлар ўқиш ва ёзишни ўрганишган. Чунки у миллатнинг севимли инсонларидан бирига айланган, унинг ҳаёти ҳақида барча маълумотдан хабардор бўлишни халқ ўзи учун шарт деб санарди.


Эдсоннинг лақаби номи остида спорт маҳсулотлари, қўл соатлари ва кофе ишлаб чиқарилган. Охирги йилларда футбол юлдузи соғлиғи билан боғлиқ муаммоларга дуч келди, бир қатор операцияларни бошдан кечирди. Лекин ташқи кўриниши анча ёш. Шунга қарамай, турли маросимларда аввалгидан камроқ кўриниш бермоқда.
Шу ўринда Пеленинг фаолиятидаги энг муҳим ҳолатларни алоҳида ёдга олиб ўтсак.

1. Пеленинг икки туғилган куни мавжуд: 21 ва 23 октябрь. Аслида у 21 октябрда туғилган, бироқ уни икки кундан кейин чўқинтиришган. Шу сабабли туғилган кунини 23-санада нишонлаб келарди.

2. У терма жамоадаги фаолиятини 135 минг мухлис қаршисида якунлаган. “Маракана”да 1971 йил 18 июль куни Югославияга қарши беллашувда сўнгги марта терма либосида майдонга тушган. Ўйин 2:2 ҳисобида якунланган.

3. Пеле бир қатор фильмларда суратга тушган. 9 картинада у ролларни ижро этган. Шулардан бири унинг ҳаётига бағишланган ҳужжатли фильмдир. Шунингдек, “Футбол қироли” номли комедик фильмда ҳам ўйнаган.


4. У ўғли Эдиньони гиёҳванд моддалар сотиши туфайли 33 йилга озодликдан маҳрум этилганини ёқлаб чиққан.

5. Рио де Жанейронинг 2016 йилги Олимпиада ўйинлари учун аризасини қўллаб-қувватлаш жараёнида Майкл Жорданни Майкл Жексон билан адаштириб юборган.

6. 1969 йил 19 ноябрда у фаолиятини 1000-голни урган. Шундан буён бу кун “Сантос”да “Пеле куни” сифатида нишонланади ва маҳаллий байрам деб нишонланади. Ўша ўйин арафасида Бразилия почтаси футболчининг 1000-голига бағишлаб махсус маркаларни сотувга чиқарган. Бу футбол тарихида ягона ҳолат бўлиб турибди. Юбилей голини у “Васко де Гама” дарвозасига урган.

7. 1969 йил Нигерияда ҳарбийлар ва уларга қарши томон Пелени кўриш учун урушни 48 соатга тўхтатиб туришган. Ўшанда “Сантос” Африка бўйлаб турнега чиққан. Футболчини шу қадар ёқтиришардики, Лагосдаги стадионга икки томонда бир-бирига уруш олиб бораётган инсонлар ташриф буюриб, унинг ҳаракатларидан баҳра олишган.


8. Пеле АҚШда “Нью-Йорк Космос” учун ўйнаганда у билан футболкасини алмаштиришни хоҳлаган рақиб ўйинчилари шунчалик кўп бўлганки, уларнинг ҳар бирига футболчининг либоси бериб чиқилган. Акс ҳолда, жамоанинг майдондан чиқиб кетиши осон бўлмаган. Шу сабабли рақиб сафидаги ўйинчилар миқдорига тенг либослар тайёрлаб келинган.

9. 17 ёшда Эдсон жаҳон чемпионатида дебют қилган. Швецияда СССР терма жамоасига қарши ўйинда илк марта майдонга туширилган. Илк голини чорак финалда Уэльс дарвозасига урган. Ярим финалда французлар дарвозасига учта, финалда шведлар дарвозасига икки тўп киритишга эришган. Жаҳон эса янги вундеркинднинг ўйинларидан завқ олган.

10. У ёшлигидан маҳсулдорлиги билан ажралиб турган. 1964 йил “Сантос” таркибида Рибейраонинг “Ботафого” дарвозасига бир ўйинда 8 тўп киритишга муваффақ бўлган.

11. Пеле Бразилия терма жамоасида кўп гол уриш бўйича рекордчи саналади. У 77 тўп киритган. Шунингдек, яқинда Неймар Пелега етиб олишга эришди. Пеле эса Неймар яхши ўйинчи бўлса-да, унинг даражасига ета олмаслигини таъкидлаган.


12. Жуда меҳнатсевар ва ажойиб жисмоний кўрсаткичларга эга Пеле футболда феноменал натижаларни қўлга киритган. Фаолияти чўққисида у 100 метрни 10 сонияда босиб ўтган. Бундай натижа қисқа масофага югурувчи спринтерларга хос саналади. Айтайлик, ҳозирги кунда у ямайкалик спринтер Усейн Болтга рақобат туғдирган бўларди. Бўйи 173 сантимер бўлган футболчи икки метрдан юқорироққа сакрай олган. Шу хислати билан ҳам у енгил атлетикачилар, аниқроғи баландликка сакровчилар билан беллаша олган бўларди.

13. Сан-Паулу штати жамоаси “Сантос”да у 18 йиллик фаолиятини ўтказган. 1956-1974 йилларда Эдсон 1091 тўп киритган. Клуб тарихи айнан у туфайли номланган: Пелегача ва ундан кейинги давр. Жамоа Пеле билан қаторасига 5 марта Бразилия Кубогини ютган, 2 бор Либертадорес Кубоги ва қитъалараро кубок ғолибига айланган. 2014 йил “Сантос” Пеленинг имижидан фойдаланиш учун умрбод шартнома тузди.

14. Пеле 1000 ва ундан ортиқ гол урганлар клубининг саноқли аъзоларидан саналади. Баъзи манбаларда унинг 1389 ёки 1281 тўп киритгани ёзилган. Ундан кўпроқ гол уриш чех-австрия ҳужумчиси Йозеф Бицан (1468) ва немис Герд Мюллерга (1461) насиб қилган.

15. 1999 йил Халқаро олимпия қўмитаси Пелени 20-асрнинг энг яхши 5 спортчиси рўйхатига киритди. Қизиқ тарафи шундаки, Пеле бирор марта Олимпиада ўйинларида иштирок этмаган. Шунга қарамай, жаҳонда энг машҳур шахслардан бирига айланган футбол юлдузининг хизматлари ҳисобга олинган.

16. Ўнлаб нашрлар талқини бўйича у ўтган асрда жаҳоннинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган. “World Soccer”, “France Football” каби нашрлар шундай қарорга келган. ФИФА эса уни шундай ўйинчи сифатида эътироф этиб, аср терма жамоасига киритган.


17. “Сантос”ни кўпчилик айнан Пеле туфайли таниган. Халқаро учрашувлар чоғида Пеле майдонга тушмаса, клуб оладиган гонарар 2 баравар камроқ бўлган. Шу сабабли Эдсон имкон қадар ҳар бир беллашувда ўйнашга интилган. Сафарлар чоғида бир марта ўта қизиқ ҳолат юзага келган. Эрон шоҳи Пелени кўриш ва у билан суҳбатлашишни истагани сабабли аэропортда 3 соатча футбол юлдузини кутиб ўтирган.

18. Футбол билан шуғулланишни у 7 ёшида бошлаган. Илк жамоаси эса “7 сентябрь” клуби бўлган. 15 ёшида у дебютини ўтказган. Қизиғи, илк голини 7 сентябрь санасида урган ва ўша баҳсда 7:1 ҳисоби қайд этилган.

19. Пеленинг 7 нафар фарзанди бор. Эътиборлиси, 7 рақами унинг учун омад келтирувчи рақам сифатида гавдаланган.

20. Футбол қироли фаолияти давомида 92 марта хет-трик қайд этишни уддалаган.


Илк марта терма жамоага чақирилган санасини у китобида ҳам ёзиб ўтмаган. Ўша куни Пеле Сантусдан қадрдон Бауруга келиб, уйда ёлғиз ўзи радиодан берилаётган спорт янгиликларини тинглаб ўтирган. Унда терма жамоа бош мураббийи Висенте Феола Швециядаги жаҳон чемпионатида терма жамоа шарафини ҳимоя қиладиган 22 ўйинчи номини эълон қилгани ҳақида маълумот берилган.

– Диктор рўйхатни ўқиш учун қоғозни тайёрлаганда баданим жимирлаб кетди. Ёшлигимни тушунардим, профессионал сифатида бир йиллик фаолиятга эга эдим. Ўша пайтда 10 йиллик тажрибага эга ажойиб футболчилар бор эди. Шунга қарамай, умид қилардим. Бошловчи эса ўқишдан давом этди: Кастильо, Жильмар-р-р-р-р… Жалма Сантос… Марио Загало… Маццола… Пеле...

Охиригача тинглай олмадим. Креслода асабийлаша бошладим. Шу пайт хонага онам кирди ва касал эмаслигим ҳақида сўради. Шундай ҳолатда эдимки, гапиришим қийин кечарди. Ниҳоят, терма жамоага таклиф этишганини айта олдим.

Швецияга Феола аввалги мундиалда ўйнаган икки футболчини таклиф этди холос. Уни илк учрашувда кўрган мухлислар бирор мураббий дўстининг ўғли терма жамоага таклиф қилингани ҳақида хаёлга боришлари мумкин эди. Баланд бўлмаган ва озғин ёш ўйинчи ҳеч кимнинг эътиборини тортмасди. СССРга қарши ўйиндаги 90 дақиқанинг ўзи жаҳон янги футбол юлдузи тўғрисида хабар топиши учун етарли бўлди. Биринчи бўлимда у тўсинни нишонга олди. Иккинчи бўлимда Вава киритган тўпга ҳаммуаллиф бўлди. Шундан кейиноқ у бошқалардан кўра кўпроқ интервью беришга тушди. Барча Пелени ўз мамлакатига танитишни истарди.
Ўша мундиалда у плей-офф босқичларида голлар урди ва Бразилиянинг жаҳон чемпионига айланишига катта ҳисса қўшди. Ўйиндан кейин эса жамоа илк бор Жюль Римэ Кубоги қўлга киритилганини байрам қилишга тушди. Пеле эса шундай ҳислар оғушида эдики, ўйин тугагандан кейин нима қилишини ҳам билмасди. Шу онда Жильмар унинг олдига келиб, йиғлашни маслаҳат берган.

1962 йил у “Сантос” сафида мавсумда 80 учрашув ўтказган ҳолда ташриф буюрди. Қолаверса, ҳарбий хизматни ўташ жараёнида армия жамоаси ва терма жамоа учун ҳам тўп тепганди. Гуруҳ босқичида Чехословакия билан беллашувда у жароҳат олади. Жамоа усиз финалга етиб бориб, Чехословакиядан ўчини олади – 3:1. Бироқ финалда ўйнамагани сабабли Пеле тўлиқ бахтни ҳис қилмаган.


1966 йил у яна жароҳатга дучор бўлади. Гуруҳдаги охирги ўйинда Португалия устидан йирик ғалаба “Селесао”ни кейинги босқичга олиб чиқарди. Ливерпулда кечган баҳсда португалиялик Жоао Мораис икки оёғи билан Пелага қараб ташланди ва уни жароҳатлади. Португалия 3:1 ҳисобида зафар қучди, Бразилия эса мусобақани тарк этди.

1969 йил у 1000-голини пенальтидан урди. Ўшанда жамоанинг штатли пенальтичиси Карлос Альберто тўпни тепиши керак эди, бироқ стадион пенальтини Пеле ижро этишини талаб қилган. Гол урилгач, мухлислар майдонга тушишни бошлашган. Бу пайтда 77-дақиқа ўтиб борарди, бироқ беллашувнинг қолган қисми ҳеч кимни қизиқтирмасди.

Пеле эса микрофонга шундай сўзларни айтган: - Ҳозир мени мамлакат кўраётган ва эшитаётган ҳолатда фавеллалардаги камбағал болалар ҳақида эслашни таклиф қиламан. Келинг, барчамиз уларга биргаликда ёрдам берамиз! Ахир Рождество яқинлашмоқда. Бироқ қанча одам уни оч қарши олмоқда? Мен ўзим оч болакай бўлганман! Бунинг нималигини биламан. Дўстларим, келинг, етим болалар ва барча ёрдамга муҳтожларга ёрдам берамиз. Мингинчи голимни айнан уларга бағишлайман.


Эртаси куни Пеленинг 1000-голи энг муҳим, америкалик астронавтларнинг Ойга қўнгани иккинчи муҳим ҳодиса сифатида эътироф этилган.

1970 йил Мексикада ўтган мундиалда Бразилия энг ёрқин футбол кўрсатиб, чемпионликни қўлга киритди. Пеле эса ўзини кўрсатди. Ярим финалда Уругвай мағлубиятга учратилди. Бу 1950 йил финалдаги мағлубият учун қасос эди. 1950 йилнинг 16 июль куни Пеле Бразилиянинг аламли кечасига гувоҳ бўлган.
“Ўша кун ва соатни ҳеч қачон унутмайман. Ўшанда Бразилия урушни ютқазгандек туюлганди. Барча ўта ачинарли ҳолатда эди. Кўз ёш тўкиб, анчагача ухлай олмаганман. Ҳаётимда илк марта катталар қандай йиғлашини кўргандим. Ўша куни касбим юзасидан бир қарорга келганман. Футболчи бўлиш ва бир кун келиб Уругвайни мағлуб этишга қарор қилдим. Мен қасос олишга ваъда бердим”, - деб ёдга олган Пеле.

Кейинчалик Эдсон ўша кеча кўз ёш тўккан, отаси, яқинлари, дўстлари ва миллати учун 3 бор жаҳон чемпионлигини совға қилди.


Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади

Rating: +8   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика