Фарҳод Магометов: "Ўсмирлар ва ёшлар футболида ижобий натижаларга эришиб келяпмиз"
28 dec 2016 09:21
News
Фарҳод Магометов: "Ўсмирлар ва ёшлар футболида ижобий натижаларга эришиб келяпмиз"
Шуни айтиш керак-ки, Фарҳод Абдуалиевич бироз иккиланишлардан сўнг интервью беришга розилик берди.
- Фарҳод Абдуалиевич, ортда қолган футбол мавсумидан шахсан сизнинг кўнглингиз тўлдими?
- Биласизми, бу саволга мухлислар жавоб беришса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки фақат улар холис баҳони бера олишади. Мен ҳозир йиғилишда ўз фикримни билдирдим. Ижобий ва салбий жиҳатларига тўхталдим. Энг катта камчилигимиз бу шубҳасиз стадионларга мухлисларнинг ташрифи бўлди. Стадионларга сезиларли даражада томошабинлар кам келишди. Ўша пайтда амалдаги чемпион бўлган «Пахтакор»нинг Шўртан билан бўлиб ўтган уй учрашувига 200 нафар атрофида мухлиснинг келганини қандай изоҳлаш мумкин? Умуман олганда, Тошкентда ўтказилган ўйинларга томошабинларнинг ташрифи кескин камайиб кетган. Камчиликлардан яна бири бу ўйинлар санасининг ўзгариши. Биласизми, биз ҳам ҳадеб ўйинлар санасига ўзгартириш киритилишининг тарафдори эмасмиз. Клубларимизнинг ОЧЛдаги ўйинлари, миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2018 саралаш босқичидаги учрашувлари сабабли айрим тур ўйинларига ўзгартириш киритишга мажбур бўлдик. Шу ўринда яна бир катта камчиликни айтишим керак. Айрим клубларимизда ҳали ҳануз ўз мутахассислиги бўйича ишламаётган ходимлар сақланиб қоляпти. Бир киши уч хил йўналишдаги мутахассиснинг ишини бажаряпти. Матбуот котиби ташкилий масалалар билан шуғулланиб юрибди. Бу ҳолатларга ҳам янги мавсумда чек қўйилади. Энди ютуқларга келсам, биринчи галда майдонларнинг ҳолатини айтган бўлардим. Бугунги кунда 10-12та стадионимиз ОФКнинг А тоифаси талабларига тўлиқ жавоб беради. ОФК инспекцияси ҳам юртимизга ташриф чоғида стадионлар ва уларнинг майдон майсаси ҳолатига яхши баҳо беришди. Андижон ва «Қўқон-1912» жамоаларига тегишли стадион чимлари ҳақида бундай фикр билдира олмайман. Айниқса, эрта баҳор ва кеч кузда майдонлар қониқарсиз ҳолатга келиб қолди.
- Клублардан мухлисларни стадионга қайтариш ҳақида фикрларини сўрадингиз. Бу борада ПФЛнинг ҳам ўз стратегияси борми?
- Албатта бор. Мана 5 йилдирки, ПФЛ қошида клубларни лицензиялаш бўлими фаолият юритяпти. Йилдан-йилга стадионлардаги ҳолат ижобий томонга ўзгариб бормоқда. Стадионга ташриф буюрадиган мухлислар учун зарур шароитларни яратиб бериш бўйича ютуқларга эришилди. Энди биласизми, қарс ҳар доим икки қўлдан чиққан. Мухлисларни стадионга қайтариш учун клубларнинг ўзлари ҳам ҳаракат қилишлари керак. Чиройли футболнинг ҳамиша шайдолари бўлган. Секин-асталик билан бўлсада, ўткинчи учрашувларни камайтиряпмиз.
- Ўтган мавсум ОЧЛда 3+1 кўринишидаги ўринга эга эдик. Келаси мавсум учун эса бизга 1+2 лимити тақдим этилди. Бу футболимизга берилган баҳоми? Буни ПФЛ раҳбари сифатида қандай қабул қилдингиз?
- Энди бу ОФКнинг қарори. Буни борича қабул қилдик. Йил давомида жамғарилган баллар бўйича шунча ўринга лойиқ кўрилдик. Клубларимиз 2017 ва 2018 йилги мавсумларда 1+2 лимити бўйича ОЧЛда иштирок этишади. Келаси йилларда балларимизни ошириб борсак, 2019 йилги мавсумдан яна аввалгидек кўпроқ ўринларга эга бўламиз, деб умид қиламан. Йилдан-йилга ОФКнинг талаблари ошиб боряпти. Режага кўра ОЧЛнинг географияси кенгайтирилади. Табиийки, айрим давлатлардан ўринлар олиб қўйилиб, янги қўшилган давлат клубларига тақдим этилади. ОФК клублар ўртасидаги қитъанинг энг нуфузли мусобақасига жиддий эътибор қаратишни бошлади. Келаси йили ғолиб жамоа мукофот тарзида 3 млн. АҚШ долларини қўлга киритади. Ҳар бир ғалаба учун бериладиган сумма ҳам оширилди.
- Янги мавсумда мураббийларга ҳам жиддий талаблар қўйилишини айтдингиз...
- Худди шундай. Бундан буён ПРО гувоҳномасига эга бўлмаган мураббий олий лига жамоасини бошқара олмайди. Бу бизнинг эмас, ОФКнинг талаби. Менежер деган лавозим бўлмайди. Агар клублар талабимизга жавоб бермаса, ўша жамоалар олий лига ўйинларига қўйилмайди.
- Ёшлар лигасида ўзгаришлар амалга оширилмайдими?
- Йўқ. Бу борада ўзгариш қилишга ҳожат йўқ. Ёшлар футболига эътибор бизда яхши, деб айта оламан. Ўсмирлар ва ёшлар футболида ижобий натижаларга эришиб келяпмиз. Шу боис, ўтган йилларда бўлгани каби формат асосида Ёшлар лигасини ўтказамиз.
- Биздаги маълумотларга қараганда, «Пахтакор»нинг чемпионлиги учун ваъда қилинган мукофот суммаси ҳали ҳануз берилмабди. Бу маълумот қанчалик ҳақиқатга яқин?
- Буни инкор этмайман. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Клубдагилар ҳам бундан хабардор. Лекин бу мавзуга биз ҳали яна қайтамиз.
- Янги мавсум учун мўлжалланган бадал пуллари миқдори белгиландими ёки ўтган йилги сумма 2017 йилда ҳам амалда бўладими?
- 30 декабргача бу масалага ойдинлик киритамиз. Ҳозир сизга аниқ маълумот бера олмайман.
Comments