Latest news

14:54Йўғе! Дани Ольмо агенти билан бирга Манчестерга учиб келди  2 14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  0 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  5 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  5 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   21 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  12 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  3 08:37Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистондаги энг тез футболчи ким эканлигини айтди  9 08:0620 кун аввал "Навбаҳор" билан икки йиллик шартнома тузган футболчи легионерга айланди  2

Фарҳод Абдуллаев: “Ҳакам ақлли бўлиши керак!” News

Фарҳод Абдуллаев: “Ҳакам ақлли бўлиши керак!”

ФИФА инструктори Фарҳод Абдуллаев хорижда ҳакам ва назоратчиларга маъруза ўқийдиган кам сонли ҳамюртларимиздан бири ҳисобланади.

Фарҳод Алишерович 2015 йил 10дан ортиқ давлатларда ФИФА ва ОФК миқиёсидаги семинарларни ўтказиб, ҳакамларга маъруза ўқиди. Бўш вақтида юртимиздаги реферилар билан ҳам ишлади. Ҳар ойдаги ҳар куни режалаштирилган ҳамюртимиз сешанба куни Қатар давлатига учиб кетди. 12 январь куни Доҳада старт оладиган Осиё чемпионатида Фарҳод Абдуллаев ҳам инструктор ҳам назоратчи сифатида ишлайди. Кейин Малайзияга йўл оладиган ҳамюртимиз февраль ойининг иккинчи ўн кунлигида Испанияда ташкил қилинадиган ФИФА семинарида ҳам қатнашади. Биз сафар олдидан Фарҳод Абдуллаев билан ўзимизни қизиқтирган мавзулар бўйича суҳбатлашдик.

- ОФК сизни Қатардаги Осиё чемпионатига таклиф қилганидан хабаримиз бор. Мусобақада қандай вазифада фаолият кўрсатасиз. Даставвал шу ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

- Қатардаги Осиё чемпионатида ҳам инструктор, ҳам назоратчи сифатида фаолият кўрсатаман. Қитъа биринчилиги старт олишидан аввал ҳакамлар учун семинар ташкил қилинади. Ўша семинарларда инструктор сифатида ҳамкасбларим билан ҳакамларга маъруза ўқиймиз. Турнир бошланганидан сўнг энди ишимни ҳакамлар назоратчиси бўлиб давом эттираман. Аммо ўша жараёнда ҳам инструкторлик ишим тўхтаб қолмайди. Сабаби, мен қайсидир учрашувда назоратчи сифатида ишласам, эртаси куни инструктор бўлиб, ҳамкасбларим билан мусобақанинг бир кунида ўтказилган ўйинлардаги вазиятларни таҳлил қилиб чиқамиз.

ОФК биринчи марта Қатардаги Осиё чемпионатида видео назоратчи лавозимини ташкил қилди. Видео назоратчи ҳар бир беллашувдаги қизиқарли вазиятларни битта клип сифатида жамлаб, инструкторларга топширади. Агар мен назоратчи бўлиб ишлаган ўйиндаги айрим қизиқарли вазиятлар видео назоратчининг клипидан жой олмаган бўлса, ундан ўша вазиятларни ҳам клипга киритишини сўрайман. Видео назоратчи бир кунда 30дан ортиқ клип тайёрлайди. Клиплар турли йўналишларда бўлиб, хусусан, тортишувли пенальтилар, кўрсатилмай қолган карточкалар, қизил карточкага тортадиган вазиятлар, офсайд ва шунга ўхшаш ҳолатлар. Айтиш керак, клиплардан ҳакамларнинг фақат нотўғри қарорлари жой олмайди. Аксинча, саноқли сонияларда тўғри қарор қабул қилганлари ҳам клипларга киритилади. Чунки ҳакамларни фақат ёмонлайвермасдан, уларни қўллаб-қувватлаш ҳам керак. Фақат хатоларини кўрсатаверсак бу уларнинг руҳиятига салбий таъсир қилиши мумкин. Мусобақанинг ҳар бир кунидан кейин ҳакамлар одатдагидек, машғулотлар ўтказади. Машғулотлардан кейин биз тайёрлаган клиплар рефериларга кўрсатилади. Хато ва камчиликлар муҳокама қилинади. Масалан, кимгадир хатолари айтилса, бошқаси тўғри қарори учун мақталади. Бундай муҳокамалар учун ҳар куни 1-1,5 соат вақт сарфлаймиз.

ОФКнинг ҳакамлар департаменти 10 нафар инструктордан иборат видео назорат гуруҳини ташкил қилган. Улар орасида камина ҳам бор. Биз тортишувли вазиятларни таҳлил қилиб, якуний қарор қабул қиламиз. Вазиятлар орасида бир тўхтамга келинмагани ҳам бўлади. Клиплар кейинчалик қитъадаги ҳакамларга дарслик сифатида ўтилади. Бир тўхтамга келинмаган қарорлар дарслик клипларига киритилмайди. Боиси, бу клиплар орқали фаолиятини эндигина бошлаган рефериларни чалғитиш яхши эмас. Юқорида мусобақанинг ҳар бир кунидан кейин ҳакамлар билан уларнинг қарорлари бўйича йиғилиш ўтказишимизни айтиб ўтдим. Видео назоратчи ҳар куни 30дан ортиқ клип тайёрласа биз уларнинг 20дан ортиғини кўрсатамиз. Яъни, энг қизиқарли, шу вақтда зарур бўлган эпизодлар намойиш қилинади. Қолгани дарслик учун олиб қўйилиб, кейинчалик бошқа семинарларда муҳокамага қўйилади.

- Видео назорат гуруҳи илгари ҳам фаолият кўрсатган шекилли?

- Ҳа, илгари ҳам видео назоратчи бўлган, фақат алоҳида инсон ишламаган. Видео назоратчи инструкторлар ичидан танлаб олинарди. Ҳозир бу иш билан шуғулланишга алоҳида инсон бириктирилди.

- Назоратчи ҳар бир учрашувдан кейин ҳакамлар билан ўйиндаги вазиятларни муҳокама қиладими?

- Албатта. Фақат бу муҳокамани стадионда эмас, балки меҳмонхонада уюштирамиз. Сабаби, учрашувдан кейин ҳакамлар чарчаган бўлади. Шунинг учун бундай вақтда уларга гапирмаган маъқул. Барибир уларнинг мияси ҳамма гапларингизни қабул қилмайди. Шу боис рефериларни душ қабул қилиб, бироз ҳордиқ чиқаришларини кутамиз. Қолаверса, бундай муҳокамаларда барча вазиятлар чуқур муҳокама қилинмайди. Лекин умумий маънода ютуқ ва камчиликлар айтилади. Жумладан, назоратчи бўлиб мен ҳакамга: ўйиннинг 80-дақиқасидан кейин сенда чарчоқни кузатдим. Натижада айрим вазиятларга улгурмадинг. Ёки бир нечта муҳим эпизодлар муҳокама қилинади, аммо юқорида таъкидлаганимдек, бутун учрашувга тўлиқ тўхталинмайди. Бу анча вақтни талаб қилади. 

- Табиийки, сиз назоратчи сифатида ўйиндан кейин ҳакамларга баҳо қўясиз. ОФК назоратчиларнинг фаолиятини қай йўсинда назорат қилади?

- Осиё чемпионати каби йирик турнирларда ОФКнинг элит тоифадаги инструктор ва назоратчилари фаолият кўрсатади. Шунинг учун уларнинг иши жиддий муҳокама қилинмайди. Чемпионлар лигаси каби турнирларда вазият сал бошқачароқ. Назоратчи ўйин ҳақида “рапорт” ёзиб, ОФКнинг ҳакамлар департаментига жўнатади. Ҳакамларнинг баҳоси йил давомида йиғилиб бораверади ва якунда ўртача баҳо олинади. Ҳакамга қандай баҳо қўйилганини ҳакамнинг ўзи ҳам билмайди. Бундан фақат ҳакамлар департаментидаги масъул мутахассислар хабардор бўлади. Ўзим ҳам ОФКнинг ҳакамлар департаменти аъзосиман, аммо ким қандай баҳо олганини билмайман ва бу менга қизиқмас. Оддий мисол, биз видео назорат гуруҳидаги масъуллар клипларни таҳлил қилганимизда рефери қабул қилган нотўғри қарори учун назоратчи томонидан қандай баҳога лойиқ кўрилгани бизга маълум эмас. Қандайдир шов-шувли вазиятлар юзага келсагина назоратчи ва ҳакамлар иши муҳокама қилинади. Ё назоратчига ёки ҳакамга нисбатан қандайдир чора қўлланилгани, биз, яъни элит тоифадаги инструкторлар вазиятга янада ойдинлик киритишимиз сўралади.

Айтганимдек, ҳакамнинг ўзи ҳам қандай баҳо олганини билмайди. Назоратчи учрашувдан кейин реферилар билан ўйинни муҳокама қилади, аммо баҳосини айтмайди. Шундан кейин видео назорат гуруҳидаги инструкторлар ҳар бир ўйинни кўриб чиқиб, ҳакамларга ўз баҳосини қўяди. ОФК баҳоларни солиштиради. Агар баҳолар ўртасида катта фарқ бўлмаса эътибор берилмаслиги мумкин, аммо акси бўлса, бунга жавоб топишни бошлайди. Инструктор ва назоратчининг ҳисоботи кўриб чиқилади. Ҳисоботда фарқ бўлса, камчиликка йўл қўйган тараф департамент томонидан дакки эшитади. 

- Видео назоратчи учрашувларни ўзи тасвирга туширадими ёки иштирокчилардан оладими?

- ОФК ўзи ўтказадиган ҳар қандай мусобақани тасвирга оладиган катта компания билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Улар барча ўйинларни тасвирга олиб, ОФКга жўнатади. Ўз навбатида улар дискларни видео назоратчиларга юборади. 

- Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этадиган клублар ўйин дискини ОФКга жўнатадими?

- Клублар жўнатадими-йўқми, бунисини аниқ билмайман. Аниғи шуки, учрашув комиссари ва назоратчиси дисклардан битта нусҳа олади. Назоратчи ОФКга жўнатадиган ҳисоботини ёзиш жараёнида дискни кўргани маъқул. Сабаби, стадионинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда назоратчи кўрмай қоладиган вазиятлар ҳам бўлади. Ўша вазиятларга ойдинлик киритиш учун ҳам дискни кўргани яхши. Мабодо учрашувдан кейин тезда ортга қайтгани ёки мезбонлар дискни беришни пасайлга солгани сабабли ўйинни қайта кўра олмаса, буни ҳам ҳисоботига киритади ва ҳакамнинг қайсидир қарорига қўшилмаса, буни ҳам ёзиб ўтади.

- Сиз ФИФА инструкторисиз. Бу борада етарлича билим тажрибага эгасиз. Шундай янгиликлар бўйича ПФЛга ҳам таклифлар билан чиқасими?

- Албатта таклиф берамиз. Хабарингиз бор, ПФЛнинг видео ёзувлар бўйича алоҳида департаменти бор. Улар ПФЛдан ўйинларнинг дискини олади ва эътирозларга сабаб бўлган вазиятлар бўйича клиплар тайёрлайди. Ўша клиплардаги вазиятлар бўйича даставвал ўзимиз якуний қарор қабул қиламиз. Кейин семинарларда ҳакамларга тушунтирамиз. Чемпионатимиз март ойида старт олса, майда барча ҳакамларни бир жойга йиғиб, шу масалалар бўйича муҳокама ўтказамиз. Йил давомида бундай йиғилишларни 4-5 марта ўтказамиз. Тўғри, бизнинг тизим ФИФА ёки ОФК даражасида эмас, бунга турли сабаблар бор, аммо ўша сабаблардан келиб чиққан ҳолда имкон қадар янгилик қилишга ҳаракат қиляпмиз. Қолаверса, тажрибамдан келиб чиққан ҳолда ПФЛ ҳакамлар департаменти каминанинг ҳам жадвалига қарашга мажбур бўляпти. Бу албатта яхши маънода. Кўп вақтим хориждаги семинарларда ўтаётгани туфайли ўзбекистонлик ҳакамлар билан кам учрашяпман. ПФЛнинг ҳакамлар департаменти ўтказадиган семинарларнинг фақат ёздагисида қатнашаман. Шундай бўлса-да, ФИФА ва ОФКдаги сўнгги янгиликлардан тезда бохабар қилишга ҳаракат қиляпман. Ижтимоий тармоқда ўзбекистонлик ҳакамларнинг гуруҳи бор. Гуруҳда 100дан ортиқ ҳакам бор. Янги йил арафасида ҳисоб-китоб қилдим. Йил давомида 300дан ошиқ клипларни муҳокама қилибмиз. Бугун ҳам иккита клип бўйича муҳокама ўтказдик. Ҳакамларимиз билан ишлашнинг бундан бошқа иложини топа олмаяпман.

Бундан ташқари, юртимизда йилда бир марта ФИФА семинари ташкил қилинади. Ўтган йили февраль ойида Али Ал Траифи маъруза ўқиганди. Бу йил ҳам июнь ойида шундай семинарни ўтказамиз. ФИФА барча давлатларга йилда бир марта семинар ўтказишга рухсат беради. Ҳиндистон каби катта давлатлар икки ёки уч марта ҳам семинар ўтказиши мумкин. 

- Бу йилги режаларингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Қатардаги Осиё чемпионатидан кейин Малайзияга йўл оламан. Куала Лумпурда ОФКдаги инструктор ва назоратчилар семинари бўлиб ўтади. Февраль ойида энди Испанияда ФИФАнинг худди шу доирадаги семинари ташкил қилинади. Семинарда россиялик Валентин Иванов, Али Ал Траифи, Шамсул Майдин, Стив Беннет, Хью Даллас эндигина инструкторлик фаолиятини бошлаган англиялик Ховард Уэбб бу семинарда қатнашади. Бундан ташқари, турли давлатларда семинар ўтказаман.

ФИФА бир ойлар муқаддам ўз инструкторларига 500га яқин клип жўнатиб, унинг жавобини онлайн тартибда қабул қилиб олди. Бу клипларда 2015 йили бўлиб ўтган турли мусобақаларда юз берган вазиятлар ўрин олган. 500га яқин клипнинг камида 100тасидаги вазиятлар бўйича якуний қарорга келинмайди. Испаниядаги семинарда ўша вазиятлар ўртага ташланади ва биз инструкторлар якуний қарорни қабул қилишимиз керак бўлади. Оддий мисол, онлайн жавоб берилганида бир вазият учун мен сариқ карточка берилиши керак десам, бошқа ҳамкасбим қизил кўрсатилиши лозимлигини айтади. Натижада ўша вазият учун якуний қарор 50:50 ёки 60:40 бўлиб қолади. Бундай ҳолатларда якуний қарор қабул қилинмайди. Испаниядаги семинарда шу каби тортишувли вазиятларга бой қарорлар муҳокама қилинади ва якуний қарор чиқарилиши лозим. Бир вазият учун камида 70:30 қарор қабул қилиниши шарт. Агар 80:20 бўлса, янада яхши. Ҳакамларга ўқитиладиган дарсликка киритилади ва ҳакамлар ўйинларда шу асосда қарорлар қабул қилаверади. Мабодо қарор бўйича инструкторларнинг фикри 50:50 ёки 60:40 қолаверса, ўша клип, аниқроғи вазият ўқув дарсликка киритилмайди. Ўзингиз ўйланг, дунёнинг элит инструкторлари тортишувли вазият бўйича бир қарорга кела олмаса, уни қандай қилиб дарслик сифатида ҳакамларга ўқитиш мумкин?  

- Шунақа дейсиз-ку, ҳакамлар барибир қачонлардир инструкторлар бир қарорга кела олмаган вазиятларга дуч келиши мумкинку? Шунинг учун ҳам тортишувли вазиятлар бўйича бир қарорга келиш маъқул эмасми?

- Тўғри. Бу ёғи инструкторларга боғлиқ. Яъни, муҳокама жараёнида у ўз қарорини тўғри тушунтира олса, қолганлар унинг фикрига қўшилиши мумкин. Боиси, кимдир эътибор бермаган вазиятга бошқа инструкторга жиддий аҳамият қаратган бўлади. Шахсан ўзим ҳам бир неча марта фикримни ўзгартирган вақтлар бўлди. Бир вазият учун даставвал сариқ карточка берилиши керак деган бўлсам, кейин фикримни қизилга ўзгартирдим. Умумий маънода якуний қарор қабул қилинмаган вазиятлар кам бўлади. Масалан, 500та клипдан 4-5таси бўйича якуний тўхтамга келинмаслиги мумкин. Бунга ҳам ўзига хос сабаблар бор. Жумладан, ўша вазият камерада яхши кўринмаслиги эҳтимоли катта ёки инструкторларнинг фикри турлича. 

- ФИФА ишлаб чиққан қонун-қоида бўлса, нега бир қарорга келиш қийин? Барибир ҳамма бир тизим бўйича фаолият кўрсатадику?

- Тўғри, қоида бор. Аммо қоида бошқа, амалиёт бошқа. Яъни, фақат қоидани билиш билан иш битмайди. Сабаби, қоида ишлаб чиқилади, лекин ўша қоидабузарлик майдонда қандай ҳолатда амалга ошади, буни ҳеч ким билмайди. Қолаверса, ўша ҳолатга ҳамма ўз кўзи билан муносабатда бўлади. Хусусан, осиёлик инструкторлар учун сариқ карточкали вазият европа ва америкаликларга қизил карточка берилиши лозимдек кўринади ёки аксинча. Шунинг учун ҳам бир тўхтамга келинмаган ҳолатлар бор. Футболда атмосфера деган нарса бор. Қоида ўша атмосферадан келиб чиққан ҳолда ҳам қабул қилинади. Масалан, семинарда битта қўполлик учун сариқ карточка берилиши ҳакамларга уқтирилиши мумкин. Буни бутун дунё инструкторлари тан олади, бироқ ўйин атмосфераси бунга йўл қўймаслиги эҳтимоли ҳам бор. Жумладан, сариқ карточкаси бор футболчи ўйин давомида семинарда таъкидланган қўполликни амалга оширди. Ҳакам ўша вазиятда уни иккинчи сариқ билан жазолаб, майдондан четлатадиган бўлса, ўйин “”бузилиб” кетиш эҳтимоли юқори. Демак, истисно қилишга мажбур. Ҳакам фақат қоидани билишдан ташқари, ҳам ақлли бўлиши, футболчилардек фикрлаши лозим. Шундагина ўйинчини нима учун қўполлик ишлатганини билади, тушунади, ҳис қилади. Қоидани ёдлатиб қўйиб, роботни ҳам ҳакам қилиб қўйиш мумкин, аммо улар ўйинни “бузади”.

- ОФК миқиёсидаги халқаро ўйинларда ҳакамлар қандай асосда баҳоланишади?

- ОФКда бу борада битта тизим яратилган. Ўйиндан келиб чиққан ҳолда ҳакамлар баҳо олишади. Яъни, ОФКда ўрта ва қийин даражадаги ўйинлар бор. Жумладан, ўтган йили бўлиб ўтган Осиё Кубогида деярли 90 фоиз учрашувлар ўрта савиядаги дея тан олинди. Хусусан, камина қитъа биринчилигида 6та учрашувда назоратчи бўлиб ишлаган бўлсам, ҳамма баҳслар ўртача савиядаги эди. Оддий мисол, мен ишлаган Австралия – Жанубий Корея миллий терма жамоалари ўртасидаги гуруҳ босқичидаги учрашув ҳам ўрта савиядаги ўйин дея эътироф этилган. Агар ўша беллашувни ойнаи жаҳон орқали кўрган бўлсангиз, қолганини ўзингиз хулоса қилаверинг. Ўйинни ўртадан қийин даражага ажратилганида ҳамма нарса эътиборга олинади. Учрашув натижасининг аҳамияти, мухлислар ташрифи, керак бўлса, қўполликлар, ҳатто об-ҳаво ҳам ҳисобланади. 


MАЪЛУМОТ УЧУН

Фарҳод Абдуллаевнинг 2015 йилда ўтказган семинарлари рўйхати

ФИФА семинарлари: Португалия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Малдив ороллари, Шри Ланка, Малайзия, Ҳиндистон, Тожикистон, Непал, Бутан, Қатар, Бангладеш.

ОФК семинарлари: Осиё Кубоги – 2015 (Австралия), Инструктор ва назоратчилар семинари (Малайзия), ОФК футбол фестивали (Тожикистон), ФИФА/ОФК инструкторлар семинари (Малайзия), ОФК ҳакамлар семинари (БАА).

Фурқатбек НИШОНОВ суҳбатлашди.



Rating: +1   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика