Latest news

03:07ЕЧЛ. Дембеле четлатилган ўйинда "Бавария" ПСЖ устидан ғалаба қозонди  11 03:05ЕЧЛ. "Барса" йирик ғалаба қайд этди. "Манчестер Сити" "Фейеноорд"га қарши 3:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қола олмади  7 02:03Левандовски ЕЧЛдаги 100-голини урди. Фақат Роналду ва Мессида бундан кўпроқ  6 01:31Элит ОЧЛ. "Ал Садд" билан дуранг ўйнаган "Ал Ҳилол" плей-офф йўлланмасини нақд қилди. "Ал Насср" ҳам кейинги босқични кафолатлади  5 00:50ЕЧЛ. "Милан" ва "Атлетико" ўз учрашувларида ғалаба қозонишди  1 00:35ЦСКА "Рубин"ни йирик ҳисобда мағлуб қилиб, Россия кубоги ярим финалига йўл олди. Файзуллаевдан гол!  14 23:45Жуд Беллингем: "Олтин тўп" "Реал Мадрид"га келиши керак эди"  6 23:05Расман: Хавьер Маскерано "Интер Майами" бош мураббийига айланди  15 22:19Cуперлиганинг охирги турида учта ўйинда ВАР ишлайди. Қолган учрашувларга қўшимча ёрдамчи ҳакам бириктирилади  7 21:25ПСЖ нега айнан Ҳусановга қизиқиб қолди? Foot Mercato нашри Абдуқодирга Париж клубидан бўлган қизиқиш тафсилотларини маълум қилди  16 20:29Рўзиқул Бердиев: "Рақиб маҳоратли ўйинчиларга эга жамоа, аммо биз кўпроқ ўз ўйинимизга эътибор беришимиз зарур"  10 19:45Небойша Йовович: "Муҳими ўйинга бўлган тайёргарлик ва ғалабага бўлган ишонч"  3 18:57Нкунку "Челси"дан Бундеслигага қайтиши мумкин  0 18:33Жоржиньо ёзда "Арсенал"дан кетади  0 18:11"Футбол олами". Суперлигада қолиш учун кураш авжида ёхуд 25-турдаги барча воқеалар ҳақида   0

Евро-1992. Ўйин вақти майдонда портлаган бомба, "ой"дан келган мамлакат, Бетховен мусиқасини мадҳияга айлантирган байроқсиз жамоа ҳамда саралашдан ўта олмай, бутун мамлакат ёмон кўрадиган мураббий билан ғолиб чиққан чемпион ҳақида ҳикоя қиламиз News

Евро-1992. Ўйин вақти майдонда портлаган бомба, "ой"дан келган мамлакат, Бетховен мусиқасини мадҳияга айлантирган байроқсиз жамоа ҳамда саралашдан ўта олмай, бутун мамлакат ёмон кўрадиган мураббий билан ғолиб чиққан чемпион ҳақида ҳикоя қиламиз

Европа чемпионати тарихига оид қизиқарли маълумотлар билан таништириб боришда давом этамиз.

1992 йилги Европа чемпионатининг финал босқичи 10–26 июнь кунлари Швеция яшил майдонларида ўтказилди. Унда мезбонлар билан бирга саралашдан ўтган жами 8 мамлакат иштирок этди.

1988 йилнинг 16 декабрида УEФА Ижроия қўмитаси томонидан қабул қилинган қарорга кўра, турнирни ўтказиш учун Испания эмас, Швеция танланди. Испания мусобақани қабул қилолмасди, чунки улар Севильядаги EXPO-1992 ва Барселонадаги 1992 йилги Ёзги Олимпия ўйинларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиб бўлганди.

Швецияда мусобақа бошланиши арафасида кўнгилсиз воқеа юз берди. "АИК" ва "Норркўпинг" ўртасидаги мамлакат чемпионати ўйиннинг 15-дақиқасида майдон чими остига кўмилган тутунли бомба портлайди. Бу эса оммавий ахборот воситалари орқали шов-шув ва эътирозларга сабаб бўлади.

Қолаверса, турнир давомида мухлислар ўртасидаги тўқнашувлар бўлиб ўтган. Швед, инглиз, немис ва нидерланд ишқибозлар кўпроқ тартибсизликлар келтириб чиқарган. Жумаладан, мезбон ишқибозлар жамоасининг Германияга мағлубиятидан сўнг кўчалар бўйлаб ғалаён кўтарган. Бунинг оқибатида полиция томонидан 160 нафарга яқин швед ҳибсга олинган.


Совет Иттифоқи мамлакат парчаланишидан бироз олдин финал турнирига йўлланма олди ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) байроғи остида турнирда қатнашди. МДҲ жамоасининг байроғи йўқ эди, ўйинлар аввалида мадҳия ўрнига Бетховеннинг тўққизинчи симфонияси ижро этилди.

Шунингдек, аввалига Югославия финал босқичига йўл олди, аммо мамлакатдаги фуқаролар уруши туфайли жамоа УЕФА томонидан дисквалификация қилинди ва унинг ўрнига саралаш гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган Дания таклиф қилинди. 

1992 йил май ойининг охирида Югославия ҳудудидаги миллатлараро ҳарбий можаролар ФИФА ва УEФАни Швециядаги Европа чемпионати арафасида фавқулодда чоралар кўришга мажбур қилди.

30 май куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши Сербия ва Черногорияга қарши кенг қамровли санкциялар жорий этишга қарор қилди. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳукуматлардан “Сербия ва Черногория спортчилари ва жамоаларининг БМТга аъзо давлатлар ҳудудларида иштирок этишига йўл қўймаслик учун зарур чораларни кўришни” талаб қилди.

Эртаси куни ФИФА ва УEФА томонидан муносабат билдирилди. Халқаро футбол федерацияси бош котиби Йозеф Блаттер Югославия Евро-1992да иштирок этмаслигини айтди. Бироз вақт ўтгач, УEФА пресс-релизи эълон қилинди: "Европа чемпионатлари қоидаларига кўра, Дания жамоаси Швециядаги финал босқичида Югославия жамоаси ўрнини эгаллайди".

Қизиғи, Дания мусобақа бошланишига 10 кун қолганида иштирокчилар сафига қўшилгани тўғрисида огоҳлантирилди.

Шотландия ва Швеция финал босқичидаги дебютини ўтказди. Шотландия 1974 йилдан буён ҳар бир жаҳон чемпионатида қатнашиб келаётганди, бироқ Европа чемпионатида иштирок этиш бахти фақатгина 1992 йил насиб этди. Шотландиянинг Швейцарияга қарши ўйинидан сўнг финляндиялик ҳакам Палеи полиция ёрдамисиз стадионни тарк этишдан бош тортди. Финал ҳуштаги янграгандан сўнг, унга Швейцария терма жамоаси тарафдорлари ҳужум қилишди. Норозиликка ҳакамнинг учта пенальти белгилагани сабаб бўлди - улардан иккитаси меҳмонлар дарвозасига шубҳали тарзда белгиланганди. Орадан бир ой ўтгач, болгарлар шотландларга қарши ўйинда ҳакамлик фаолиятидан норози бўлишганди. Болгария мураббийи Вуцов майдонга югуриб чиқди ва ҳакамнинг юзига тупурди, бунинг учун у майдондан четлаштирилди ва кейинчалик УEФА томонидан катта миқдорда жаримага тортилди.

Евро-1992 саралаш босқичи 1-тури доирасидаги Австрияга қарши ўйин Фарер ороллари учун илк расмий учрашув ҳисобланарди. Барча футбол мутахассислари Австрия Фарерни ер билан яксон қилишига ишонган эди.

Австрия терма жамоасида тўп тепадиган Испаниянинг “Севилья” клуби футболчиси Тони Польстер ўйин олдидан фарерликлар 0:10 ҳисобида мағлуб бўлишини тахмин қилди. 

Австрияликлар бош мураббийи Йозеф Хиккерсбергер эса киноя билан шундай деди: "Фарер? У қаерда жойлашган? Мабодо Ойда эмасми?" Кейинчалик австриялик мураббий ўз сўзлари учун товон тўлашга мажбур бўлди. Беллашувда фарерликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Турнида 1990 йилги жаҳон чемпионатида қўлланилган Adidas Etrusco Unico тўпларидан фойдаланилган.

Евро-1992 давомида илк маротаба футболчиларнинг либосларига уларнинг фамилиялари ёзила бошланди. Шунингдек, тарихда илк маротаба Европа чемпионатининг расмий таронаси ёзилди.


"А" гуруҳида мезбон Швеция пешқадамликни қўлга киритди. Аутсайдер сифатида эътироф этилган Дания эса иккинчи ўрин билан ярим финалга йўл олди. Франция ва Англия гуруҳда қолиб кетди.

Эътиборлиси, Франция Европа чемпионати тарихида биринчи бўлиб саралаш босқичида бирорта ҳам очко йўқотмаган жамоага айланганди. “Уч ранглилар” саккизта ғалабани қўлга киритди, шу жумладан, Испанияни икки марта мағлуб этди.

Даниянинг узоққа боришини ҳеч ким, ҳатто уларнинг ўзлари ҳам кутмаганди. Қолаверса, жамоанинг асосий юлдузи, "Барселона" ярим ҳимоячиси Микаэль Лаудруп мураббий Рихард Мёллер-Нильсен билан келишмовчилик натижасида турнирда қатнашишдан бош тортди. 

Мёллер-Нильсен ҳимоявий футболга урғу берарди, бу эса Лаудруп ва бир қанча етакчиларга ёқмаган. Бироқ бу тактика унинг данияликларни энг катта муваффақияти сари етаклашига тўсқинлик қилмади.

Келинг, бироз ортга назар солиб, вазиятга аниқроқ тўхталамиз. 

1990 йил Дания футболи аросатда қолди. Терма жамоани бутун мамлакат бўйлаб ҳурматга сазовор бўлган, жами 12 йил давомида жамоа билан ишлаган бош мураббийи германиялик Зепп Пионтек тарк этди. Данияликлар мутахассисни чиройли ҳужумкор футбол услуби, кўплаб Дания юлдузлари билан келиша олиши ва йирик турнирлардаги ажойиб ўйинлари учун яхши кўришарди. Айтайлик, 1986 йилги жаҳон чемпионатида Дания термаси Германия, Уругвай ва Шотландия жойлашган гуруҳда биринчи ўрин билан кейинги босқичга чиққан, скандинавияликлар Уругвайни шунчаки йўқ қилишган – 6:1! Орадан бир ҳафта ўтиб, 1/8 финалда Пионтек жамоаси худди шундай тарзда испанлардан мағлуб бўлди - 1:5. "Дунёдаги энг ажойиб мағлублар" — бутун дунё Дания терма жамоасини шундай атаганди.

Пионтек кетганидан кейин маҳаллий футбол федерацияси хорижлик мураббийни жалб этишни асосий мақсад этиб белгилади. Пионтекнинг ёрдамчиси, ўн йиллар мобайнда ёшлар билан бирга ишлаган Рихард Мёллер-Нильсен ҳам бош мураббийлик учун ариза топширди, бироқ унинг имконияти камроқ эмас, балки умуман аҳамиятсиз бўлиб кўринганди. Биринчидан, у даниялик эди. Иккинчидан, уни федерация раҳбарлари ҳам, энг ёмони, футболчилар ҳам авторитет деб билишмаган. Кўплаб юлдузлар унинг устидан очиқ кулишди ва уни жиддий қабул қилишмади. Учинчидан, "Оденсе" ва Дания ёшлар жамоасида ишлаган Рихард йиллар давомида Пионтек фалсафасига сезиларли даражада зид келадиган услубни ишлаб чиқди. У юлдузларга таянадиган эмас, балки жамоавий интизом асосида натижага эришиш йўлини танлади ва буни бошқалардан яширмади - шунинг учун у кўпчиликнинг назарида зерикарли бўлиб кўринди.

Мёллер-Нильсен ўз интервюсидан сўнг футбол федерацияси биноси ёнида йиғилган журналистларга "Улар хорижликни хоҳлашади", деди. 

Рихард йиғилишни ҳафсаласи пир бўлган ҳолда тарк этди, лекин бир мунча вақт ўтгач, яна қайтиб келди. Федерация "чет эллик" - "Юрдинген"нинг немис устози Хорст Волерс билан келишувга эриша олмади. Бошқа етти (!) вариантдан рад жавоби олинди. Шундай бўлса-да, Рихард бўш қолган бош мураббий лавозимини эгаллади. Мулозимлар унга ҳар томондан: "Сен бу ерга фақат бошқа барча номзодлар рад этгани учунгина чақирилдинг" дея ишора қилишди. Ҳатто амалдорлардан бири унинг бувиси ҳам Мёллер-Нильсен эришган натижаларга эриша олишини айтди.

Аммо буларнинг барчаси Рихардни таслим бўлишга мажбур қилмади. Аксинча, у ишга киришди ва дарҳол ўзининг инновацион ва шу билан бирга мамлакат томонидан нафратланган усулларини қўллай бошлади.

Дания терма жамоаси саралаш турнирини ёмон бошлади. Биринчи турда Фарер оролларини мағлуб этди (4:1), кейин эса Шимолий Ирландия билан ўйинда (1:1) очко йўқотишди. Рихард ака-ука Микаэль ва Бриан Лаудруп, дарвозабон Питер Шмейхель, ярим ҳимоячи Ян Молби ва ҳимоячи Ян Хайнцени ўз ичига олган жамоа лидерлари билан илиқ муносабат ўрнатишга ҳаракат қилди. Уларнинг барчаси, гранд клубларда ўйнаган тажрибали футболчилар Ричардни ғалати табиатли одам деб билишар ва баъзида норозиликларини очиқдан-очиқ билдиришарди. "Миллий терма жамоада ўйнаш бир пайтлар қувонч эди, ҳозир эса азоб", - каби сўзлар янграган. Айниқса, ака-ука Лаудруплар тажовузкор эдилар, мураббий улардан жамоа учун кўпроқ меҳнат қилишни талаб қилди ва буни майдонда кўрмагач, уларга шафқат қилмади.

3-турда асосий рақиб Югославиядан ўз майдонида мағлубиятга учраганидан сўнг (0:2) ака-ука Лаудруплар терма жамоа лагерини. Ўша пайтда "Барселона" юлдузи бўлган Микаэль ортиқ терма жамоада бўлишдан завқланмаслигини матбуот орқали айтди. Бриан эса: “Мен Рихардни мураббий сифатида ҳурмат қилмайман. Мен унинг қўл остида ўйнай олмайман" деб айтди. Хайнце ва Ян Бартра ҳам терма жамоани тарк этишди. Жамоа ичидаги жанжал барчани ларзага келтирди, лекин Мёллер-Нильсен жуда хавотирда бўлса ҳам, яна таслим бўлмади.

Кейинчалик у ёшлар ва ўзи билган ўйинчилар билан Югославияни меҳмонда 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

Таркибнинг асосини ёшлар, маҳаллий чемпионат футболчилари, шу жумладан, Евродан бир мавсум илгари УЕФА кубоги ярим финалига қадар етиб борган "Брондбю" клуби ўйинчилари ташкил этарди.

"Бизда энг яхши ўйинчилар йўқ эди, лекин энг яхши жамоа бор эди", — дея хотирлайди турнирда кашфиятга айланган Ким Вильфорт.

Даниянинг мусобақада иштирок этишини Мёллер-Нильсен уйда билиб олди — телефон қўнғироғи пайтида у ошхона жиҳозини янгилашни режалаштираётган эди.

Рихард кўплаб ўйинчиларга шахсан ўзи қўнғироқ қилди. У ака-ука Ладрупларни ҳам чақирди - хафа бўлиш унинг табиатидга мос эмасди. Бриан турнир бошланишига яқин вақт ичида жамоага қайтган бўлса, Микаэль ўз сўзида қатъий турди ва бормаслиги айтди. Кейинроқ Бриан шундай хотирлайди: "Бизда имконият йўқ деб ўйлаб, йиғинга боргандим. Биринчи машғулотда футболчиларни йиғиб, Рихард мақсад турнирда ғалаба қозониш эканлигини айтди. Бутун жамоа кулиб юборди. Мен ҳам кулдим. Кейинчалик, биз ўзимизни шарманда қилмаслик, бутун дунё олдида кулгига айланмаслик учун ҳаракат қилишга қарор қилдик".

Ҳужумчи Флемминг Поулсен журналистларга жамоанинг жисмоний ҳолати ҳақида гапирар экан, ҳазиллашди: “Биз 90 дақиқани муаммосиз ўтказамиз. Биринчи турда 30 дақиқа. Иккинчи турда - 30 дақиқа. Учинчисида эса яна 30...”

Данияда тайёргарлик кўриш учун ўн кун вақт бор эди.

Мураббийнинг қўнғироғи Дания терма жамоасининг яна бир муҳим ўйинчиси - мусобақадан олти ой олдин мамлакатнинг энг яхши футболчиси деб топилган 29 ёшли Ким Вильфорт учун мутлақо кутилмаган ҳол бўлди. У довруғ таратмаган, жуда интизомли ўйинчи эди, лекин унинг фикрлари футболдан йироқ эди. Сабаби унинг етти ёшли қизи Лин Вильфорт лейкемия (оққон касаллиги) ташхиси билан касалхонада даволанаётган эди. Европа чемпионатидан бироз олдин қизнинг аҳволи яхшиланди, шифокорлар касаллик чекинаётганини айтишди; шу боис Вильфорт терма жамоага келишга рози бўлди.

Даниянинг турнирда қатнашишида ҳомийлик муаммолари кўзга ташланади. Жамоа Англияга қарши илк ўйинда 21 ёшли футболчиларнинг либосларида ҳаракатланишга мажбур бўлган.

Мёллер-Нильсен Англияга қарши ўйин олдидан кийиниш хонасида шогирдларига шундай деган: "Йигитлар, майдонга чиқинг, аммо ўзингизни шарманда қилишга йўл қўйманг. Бор кучингизни кўрсатинг. Менга шу кифоя". 

Беллашувдан кейин эса футболчиларда ўзига бўлган ишонч пайдо бўлган.

Дастлабки икки ўйиндан сўнг, Дания фақат бир очкони қўлга киритди (Англия билан 0:0, мезбон шведларга қарши 0:1) Вильфорт ортга қайтишга мажбур бўлди. Чунки қизи яна касал бўлиб қолди ва шифокорлар беморнинг тирик қолиши борасида умидсиз прогнозлар беришди. Олдинда Данияни Дешам, Папен, Кантона ва бош мураббийи Платини бўлган фаворит францияликларга қарши ўйин кутарди. Барча французларнинг қандай ҳисобда ғалаба қозонишини муҳокама қиларди. Айтишларича, “уч ранглилар” ўйин олдидан ўзларини такаббурона тутишган ва рақибни умуман менсимаган. Аммо Дания сенсацион тарзда ғалаба қозонди - 2:1. 

Вильфорт ўйинни қизи билан касалхонада томоша қилди. Барча беморлар ва барча ходимлар жамоа ҳақида қайғуришарди. Учрашувдан сўнг, Дания ярим финалда ўйнаши маълум бўлгач, Лин отасидан жамоага қайтишни сўради. Ким ҳар қандай ҳолатда ҳам ғалаба қозонишни мақсад қилган ҳолда жамоа ихтиёрига қайтиб келди. Аниқроғи, касаллик билан курашишаётган севимли қизининг завқ олиши учун қайтди.

"Б" гуруҳида Нидерландия ва Германия плей-офф иштирокчисига айланди. Шотландия ва МДҲ мусобақа билан эрта хайрлашди.

Дания ярим финалда эди, лекин Рихард ҳамон мутахассислар учун ҳам, футбол раҳбарлари учун ҳам, кўплаб футболчилар учун ҳам авторитетга айлана олмаганди. Қайсидир маънода ўйинчиларнинг кўз ўнгида етакчи бўлиш ва ўртадаги тарангликни енгиллаштириш учун у футболчиларни қўллаб-қувватлай: у машғулот ўрнига "Макдоналдс"да қизиқарли тушлик уюштирди ва футболчиларга севимли қиз дўстлари ва хотинлари билан учрашиш ҳамда тунни бирга ўтказишга рухсат берди.

Ушбу босқичда данияликлар Нидерландияга қарши баҳс олиб боришди. Бу ўйинда Рихард футболчиларга тактик чегаралардан бироз четга чиқиб, ўзлари хоҳлаган тарзда ўйнашга имкон берди, шунинг учун учрашув ажойиб тарзда ўтди. Асосий вақт 2:2 ҳисобида якунланди. Пенальтилар сериясида данияликлар 5:4 ҳисобида устун келди. Данияниг бир йил муқаддам "Манчестер Юнайтед"га бориб қўшилган дарвозабони Питер Шмейхель Евро-1988 қаҳрамони Марко ван Бастеннинг 11 метрдан йўллаган зарбасини қайтаришга муваффақ бўлди.

Дания — Нидерландия 2:2, пенальтилар серияси 5:4

Голлар: Ларсен 5′, 33′ — Бергкамп 23′, Райкард 86′

Серияда голга айланмаган пенальти: ван Бастен (дарвозабон)


Германия эса Швецияни 3:2 ҳисобида мағлуб этди.

Швеция — Германия 2:3

Голлар: Бролин 65′ (пен.), К. Андерссон 90′ — Хесслер 11′, Ридле 59′, 89′

Финал олдидан Германия яққол устунликка эга эди, немислар ҳам Даниянинг бошқа рақиблари сингари уларни менсишмаётганди. Қолаверса, жамоада жароҳат олганлар етарлича эди. Данияликлар учун футболчилар ишончини қозонишга ҳаракат қилаётган Рихарднинг "кўрсатмаси" бироз бўлса-да тикланишга ёрдам берди. Ярим финалдан сўнг мураббий шундай деди: “Кечаси хоҳлаган ишингизни қилинглар, истасангиз, спиртли ичимлик ичинг. Аммо эрталаб соат 10:30 да — ҳамма машғулотда бўлсин.

Финалда Германиянинг устунлиги ҳақиқатдан ҳам ҳайратланарли эди. Аммо данияликларга яна омад кулиб боқди: улар ҳисобни эрта очишди, кейин эса Шмейхел ажойиб сейвларни амалга оширди. 

"Қандай ғалаба қозонганимизни ҳалигача тушунмаяпман", деди Лаудруп. - Терма жамоа сафида бирор марта ҳам гол ура олмаган ҳимоячи Йенсен тўсатдан юқори бурчакка зарба берди. Сўнгра Шмейхель қайта-қайта ўз маҳоратини намойиш этди. Кейин эса иккинчи голни урдик...”

Иккинчи голга айнан Вильфорт муаллифлик қилди. Ким телевизорда касал қизи уни шахсан қўллаб-қувватлаётганини қалбан ҳис қиларди. Балки бу Европа чемпионатлари тарихидаги энг таъсирли гол бўлгандир. Кимни табриклашга шошилган шериклари унинг кўзларида ёш қалқиб турганига гувоҳ бўлишди.

Шу тариқа, мусобақанинг ҳал қилувчи ўйинида Дания Германияни 2:0 ҳисобида таслим этиб, қитъа чемпионлигини қўлга киритди.

Европа чемпионати-1992. Финал

Германия – Дания – 0:2 (0:1)

26 июнь, 1992 йил. Гётеборг. "Нюа Уллеви" стадиони. 37 800 томошабин.

Ҳакамлар: Б.Галлер, П.Вюттенбах, Ж.Попович (барчаси – Швейцария).

Германия: Илльгнер, Ройтер, Бреме (к), Колер, Бухвальд, Хёсслер, Хельмер, Заммер (Долль, 46), Эффенберг (Том, 80), Ридле. Клинсманн.

Дания: Шмейхель, Сивебек (Кристиансен, 66), К.Нильсен, Ольсен (к), Кристофте, Йенсен, Пехник, Ларсен, Вильфорт, Б.Лаудруп, Повльсен.

Голлар: 0:1 Йенсен (18), 0:2 Вильфорт (78).

Огоҳлантиришлар: Эффенберг, Хёсслер, Ройтер, Долль, Клинсманн, Пехник.


Дания жамоасининг ғалабаси мамлакат аҳолиси томонидан қизғин нишонланди. Юз минглаб Копенгаген аҳолиси шаҳар майдонига йиғилди - бундай гавжумлик узоқ вақтдан бери содир бўлмаган эди. Етти ёшли Лин Вильфорт жамоа учун, айниқса отаси учун хурсанд эди. Аммо орадан олти ҳафта ўтгач, унинг юраги уришдан тўхтади... Карьерасидаги асосий ғалабадан сўнг Ким ҳаётидаги энг даҳшатли фожиани бошидан кечирди.

Мёллер-Нильсен чемпионликдан кейин ҳам кўпчиликнинг кўз ўнгида барчанинг севимли қаҳрамонига айланмади. Айрим телеекспертларнинг таъкидлашича, футболчиларнинг маҳорати чемпионликда асосий ролни ўйнаган. 1992 йил якунларига кўра, Дания футбол ассоциацияси энг яхши мураббий мукофотини бошқа шахсга - "Брондбю" бош мураббийи Эббе Сковдалга топшириш ҳақида ғалати қарор қабул қилди. Аммо мураббийнинг хизматлари бутун сайёрада қадрланди. Худди шу 1992 йилда Рихард Европа спорт журналистлари ассоциациясига кўра Европанинг энг яхши мураббийи ва World Soccer версиясига кўра дунёнинг энг яхши мураббийи деб тан олинган. Мёллер-Нильсеннинг номи ўз ватанида ўлимидан кейингина қадрлана бошлади.

1992 йилги Европа чемпионатида тўрт нафар футболчи учтадан гол урди: Деннис Бергкамп (Нидерландия), Томас Бролин (Швеция), Хенрик Ларсен (Дания), Карл-Хайнц Ридле (Германия).

Турнир рамзий жамоаси: Петер Шмейхель (Дания), Жослен Англома (Франция), Лоран Блан (Франция), Андреас Бреме (Германия), Юрген Колер (Германия), Рууд Гуллит (Нидерландия), Бриан Лаудруп (Дания), Штефан Эффенберг (Германия), Томас Хесслер (Германия), Деннис Бергкамп (Нидерландия), Марко ван Бастен (Нидерландия).


Даниянинг Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича референдуми муваффақиятсиз якунланганидан бир неча кун ўтиб, Моллер-Нилсен шогирдлари қитъа чемпионлигини қўлга киритди. “Биз Европага қўшила олмаганимиз учун уни мағлуб этишимиз керак”, деб ҳазиллашди Дания ташқи ишлар вазири Уффе Эллеманн-Йенсен.

Дания терма жамоасининг муваффақияти чиндан ҳам ҳайратланарли эди, чунки 1986 йилгача бу мамлакатда профессионал футбол клублари бўлмаган.

Улкан муваффақиятга қарамай, Дания футбол терма жамоаси мамлакатида йилнинг энг яхши спорт жамоаси бўла олмайди. "Шубҳали" овоз бериш натижаларига кўра, Олимпия ўйинларида ғолиб бўлган ва деярли ҳеч ким эътиборга олмаган елканли қайиқ спорт тури вакиллари йилнинг энг яхши спорт жамоаси дея эътироф этилган.

Россияга боришдан бош тортган Испания, етакчиларсиз қатнашган Франция ҳамда башоратчи шифокори билан ғолиб бўлган СССР — илк Европа чемпионати ҳақида ҳикоя қиламиз

Ди Стефано, Пушкаш каби футболчиларни чақирмаган чемпион ҳамда кумуш медаллар учун ишдан ҳайдалган мураббий — иккинчи Европа чемпионати ҳақида ҳикоя қиламиз

Танга ташлаш орқали финалчи аниқланган ҳамда ҳал қилувчи ўйини қайта ўтказилган Европа чемпионати ҳақида ҳикоя қиламиз 

"Мерседес" "Запорожец"ни чангида қолдириб кетди — футбол мураббийи бўлишдан бошқа ҳамма ишни қилишга рози банк мутахассиси ғолиб бўлган Европа чемпионатини ёдга оламиз

"Паненка" зарбаси кашф этилган ҳамда кашанда мураббий билан рақиб либоси остида кубок кўтарган Евро-1976 чемпиони ҳақида ҳикоя қиламиз

Стадиондаги ур-тўполон, газ ишлатган полиция ҳамда Рим Папасининг башорати — жанжаллар гирдобидаги мамлакат мезбонлигида ўтган Европа чемпионатини ёдга оламиз  

Евро-1984. Бир таймда 9 гол урган Испания, Зиданга "калла қўйишни" ўргатган француз ҳамда Конфуций ҳикматини айтиб, чемпионликдан сўнг бош мураббийликдан кетган мезбонлар устози ҳақида ҳикоя қиламиз

Евро-1988. Мукофот пули туфайли бойкотга учраган Португалия, синган шишадан боши ёрилган дарвозабон, рақиб либосини ҳожатхона қоғозига қиёслаган Куман ҳамда чемпионлик паради фожиага айланган нидерландлар ҳақида ҳикоя қиламиз


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Rating: +4   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика