Эртага қувончли кун: Осиёда ЖЧ-2022 саралаш босқичи старт олади
05 jun 2019 14:00
News
Эртага қувончли кун: Осиёда ЖЧ-2022 саралаш босқичи старт олади
Сабабаи ЖЧ-2022 саралаш ўйинларининг биринчи босқичига старт берилади. Ушбу босқичда 2019 йил 1 апрель санасига кўра ФИФА рейтингида 35-46 ўринларни эгаллаган жамоалар иштирок этади. Булар - Малайзия, Камбоджа, Макао, Лаос, Бутан, Мўғулистон, Бангладеш, Гуам, Бруней, Тимор-Лесте, Покистон ва Шри-Ланка.
Шу йилнинг 17 апрель куни ОФК штаб-квартирасида ЖЧ-2022 саралаш биринчи босқичига қуръа ташланди. Унга кўра, 12та жамоа иккитадан олтита жуфтликка ажратилган. Уй-меҳмон тарзида ўтадиган биринчи босқичнинг дастлабки учрашувларига эртага старт берилади. Қуйида жуфтликларни эслатиб ўтамиз:
6 июнь. Мўғулистон - Бруней
6 июнь. Макао - Шри-Ланка
6 июнь. Лаос - Бангладеш
6 июнь. Камбоджа - Покистон
6 июнь. Бутан - Гуам
7 июнь. Малайзия - Тимор-Лесте
Жавоб беллашувлари 11 июнга белгиланган. Мусобақа низомида иккита ўйин натижасига кўра ғалаба қозонган 6та жамоа иккинчи раундга йўл олиши кўрсатилган. 5 сентябрдан старт оладиган ЖЧ саралаш иккинчи босқичида жами 40та жамоа иштирок этади. Ҳозир шу жамоалардан 34таси маълум. Қолган олтитасини 11 июнь куни билиб оламиз.
Иккинчи босқичда 40та жамоа бештадан 8 гуруҳга бўлинади. Ҳар бир гуруҳ ғолиби ҳамда энг яхши кўрсаткич қайд этган тўртта иккинчи ўрин эгаси учинчи босқичга йўл оладилар. Учинчи босқичда 12та жамоа 6тадан икки гуруҳга бўлиниб, ҳар бир гуруҳдан биринчи-иккинчи ўрин эгалари тўғридан-тўғри мундиал йўлланмасини қўлга киритади. Учинчи ўринни олган жамоалар дастлаб ўзаро, ундан кейин ғолиб Океания, Жанубий Америка ёки Шимолий Америка вакилига қарши яримта йўлланмани ҳал қилиш учун иккита ўйин ўтказади.
Шуни айтиш лозим, иккинчи босқич саралаш ўйинларига 17 июль куни қуръа ташланади. Қуръа жараёнида ФИФА рейтингидан келиб чиқиб Ўзбекистон 2-саватчада бўлади. 1-саватчадан жой оладиган жамоалар: Эрон, Жанубий Корея, Япония, Австралия, Қатар, БАА, Саудия Арабистони ва Хитой. Бундан кўриниб турибдики, мана шу жамоалардан бири аниқ бизнинг гуруҳда бўлади.
Comments