ЕЧЛ. Парижда "йиртқич" ҳужумчилар тўқнашуви, Лиссабонда "бургутлар" "арилар"ни қувлайди...
14 feb 2017 19:00
News
ЕЧЛ. Парижда "йиртқич" ҳужумчилар тўқнашуви, Лиссабонда "бургутлар" "арилар"ни қувлайди...
Нимчорак финалнинг дастлабки икки беллашуви бугун тунда ўтказилади.
Парижда Унаи Эмери бошқарувидаги ПСЖ Луис Энрике қўмондонлигидаги "Барселона"ни меҳмон қилади.
Тан олиш керак, ПСЖ учун қуръа бироз эрта топ даражадаги рақибни тақдим этди. Бунга қайсидир жиҳатдан ПСЖнинг ўзи айбдор. Чунки парижликлар ўз гуруҳларида пешқадамликни "Арсенал"га топшириб қўйишди.
Кетма-кет 4 йил Европа чемпионлар лигасининг чорак финалига қадар етиб борган ПСЖ учун эндиликда яна ўша бекатга бориш муваффақият сифатида қабул қилинади.
Унаи Эмери янги мавсум олдидан жамоани қабул қилиб олди ва мутахассис парижликларни қайтадан қурмоқда. ПСЖ учун мавсум кўнгилдагидек бошланмаганди. Эмерининг ПСЖиси қад рослагунча рақиблар улардан кўп маротаба очко олишга муваффақ бўлишди. Натижада жамоа Франция чемпионатида пешқадам "Монако"дан кейинги ўринни банд этиб турибди.
Лекин шуни алоҳида қайд этиш жоизки, ПСЖ айни пайтда ажойиб спорт формасида. Жамоа охирги 11та ўйиндан 10тасини ғалаба билан якунлагани ҳам фикримга тасдиқ бўлади.
ПСЖнинг асосий "снайпери" Эдисон Кавани эса ўзининг энг қайноқ даврини ўтказмоқда. Кавани фаолиятидаги энг сермаҳсул мавсумини қайд этмоқда, десак муболаға бўлмайди. Кавани чемпионатда 25та гол, ЕЧЛ гуруҳ босқичида эса 6 маротаба рақиблар дарвозасини "ўққа" тутди. Таққослаш учун, Кавани ўтган мавсумда ЕЧЛда жами 10та ўйин ўтказган ва 2та гол урганди. Жорий мавсумда эса гуруҳ босқичининг ўзидаёқ голлари сонини 6тага ошириб олди. Франция чемпионатида эса 23 учрашувда 25та гол киритиши фантастик натижа. Чунки ўтга йили чемпионатда жами 19та гол урган ҳужумчи мавсум якунланмасиданоқ голлари 25тага етказиб қўйди. Каванининг айни пайтдаги фантастик спорт формаси "Барселона"ни ташвишлантираётгани аниқ. Чунки асосий хавф айнан шу футболчидан келишини Луис Энрике яхшигина тушуниб турибди.
Унаи Эмери қўл остидаги ПСЖ ниҳоят баҳорга яқин ўз қаддини кўтариб олди. Бу эса маҳаллий ишқибозлар ҳамда мутахассисларнинг шубҳа ва гумонларини йўққа чиқармоқда. ПСЖ Унаи Эмери истаган футболни кўрсатишни, унинг фалсафасини тушунишди бошлади.
Жамоа таркибига қишки трансфер ойнаси пайтида келиб қўшилган Юлиан Дракслер ҳам парижликлар ўйинига ўзига хос андоза қўшмоқда.
Унаи Эмери жамоани икки хил тактик схемада ўйнатишни маъқул кўрмоқда. ПСЖ жиддий рақибларга қарши муҳим ўйинларда 4-3-3 тактик схемасини ишлатмоқда, нисбатан кучсизроқ рақиблар билан ўйинда эса Эмери 4-2-3-1 тактикасини танламоқда.
ПСЖга бугун марказий ҳимоя қўрғони бўлмиш Тьяго Силва жароҳати туфайли ёрдам бера олмайди. Шу боисдан унинг ўрнига ёш иқтидорли ҳимоячи Преснель Кимпембе майдонга тушиши мумкин. Бу Кимпембе учун еврокубоклардаги дебют баҳс бўлади. Шунингдек, таянч зонаси вакили, "Барселона"нинг собиқ футболчиси Тьяго Мотта ҳам дисквалификация сабабли ўйинни ўтказиб юборади.
"Барселона" хусусида тўхталадиган бўлсак, бу жамоа ҳам айни пайтга келиб ўзининг оптимал спорт формасига кириб олган. Жамоа 11 учрашувдан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда. Бироқ Луис Энрике жамоасининг Ла Лигадаги ишлари аъло даражада деб бўлмайди. Чунки "Барселона" Испания чемпионатининг пешқадами бўлмиш "Реал"дан иккита ўйин кўп ўтказганига қарамасдан 1 очкога ортда қолмоқда. ПСЖ сингари "Барселона" учун мавсумнинг илк қисми ички чемпионатда кўнгилдагидек ўтмади. Европа чемпионлар лигаси гуруҳ босиқичини эса каталонияликлар муваффақиятли якунлашди ва якунда ўз "квартет"ларида пешқадам бўлишди.
"Барселона"нинг асосий кучи бу унинг ҳужумдаги "учлиги"да. Месси-Суарес-Неймар "трио"сидан ташкил топган ҳужум чизиғи исталган рақиб ҳимоясини ёриб ўтишга қодир.
Европа чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи якунларига кўра, "Барселона" ҳужумчиси Лионель Месси 10 та гол билан тўпурарлар пойгасида якка ҳоким бўлди. Иккинчи ўринда эса ундан тўртта кам тўп киритган Кавани (6) турибди. ЕЧЛда энг яхши ассистент бўлиб турган футболчи ҳам "Барселона" аъзоси Неймар саналади. Бразилиялик чарм тўп устаси жамоадошларининг 7та голига тўп узатмани амалга оширган. Неймар ушбу мавсумда рақиб дарвозасини ишғол этишда фаол кўринмасада, голларга ассистентлик қилишда фаол.
"Барселона" учун эндиликда Испания примеросида муваффақият қозониш бирмунча қийин вазифа. Чунки улар энг асосий рақибларини илдамлаб кетишига йўл қўйишган. Шу боисдан Энрике Европа чемпионлар лигасига янада жиддийроқ эътибор қаратишга мажбур.
"Барселона" ҳар доимгидек ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда 4-3-3 тактик схемасида ўйнайди.
Жамоага бугунги баҳсда жароҳалари борлиги туфайли уч нафар футболчилар кўмаклаша олишмайди. Булар Арда Туран, Хавьер Макскерано, Алеш Видаль.
Узоқ муддат жароҳатини даволаган Андреас Иньеста эса ниҳоят майдонга қайтиши кутилмоқда. Бу албатта "Барса" мухлисларини қувонтирмай қолмайди.
Бу тўқнашувда фаворит жамоа номини тилга олиш бирмунча қийин иш. Ҳар иккала жамоа ҳам топ даражадаги клуб. ПСЖ ва "Барселона" учрашуви ЕЧЛнинг анъанавий дуэлига айланди, десак ҳам муболаға бўлмайди. Чунки бу жамоалар охирги 5 йил ичида 3 маротаба плей-офф босқичида ўзаро тўқнашишмоқда.
Футболчиларнинг умумий даражаси, катта беллашувларда қандай ўйнаш тажрибаси бўйича "Барселона" устунликка эга.
ПСЖнинг иккита устун томони мавжуд. Биринчиси айни пайтда Эдисон Каванининг ажойиб спорт формаси ва бош мураббий Унаи Эмери. Нега Кавани? Ҳужумчи ҳар бир учрашувларда жамоаси учун керакли ва муҳим голларни киритишдан чарчамаяпти. "Барселона" ҳимоясида эса ўзига яраша муаммо ва кемтиклар мавжуд. Ди Мария ва Дракслер кўмаги остида Кавани бу учрашувда ҳам рақиб дарвозасини нишонга олиш имкониятларига эга бўлиши муқаррар.
Нега Унаи Эмери? Эмери Испания чемпионатида узоқ вақт ишлаган ва "Барселона"га қарши ўйнаш тажрибасидан яхшигина бохабар. Тўғри, Эмери "Барселона"га қарши кўплаб ўйинлар ўтказиб, фақатгина биргина ғалабага эга. Бу кўрсаткич жуда паст. Аммо Эмери ўша вақтларда бошқарган жамоалар ва унинг қўли остидаги футболчиларнинг савияси ПСЖникидан кескин фарқ қилади. Эндиликда Эмери жамоасида ҳам "Барселона"да бўлгани каби юқори даражали, кучли ва моҳир ижрочиар бор. Бу эса Эмерининг "Барселона"га қарши ўйлаб қўйган режаларини амалга оширишини анча енгиллаштиради.
Бу тўқнашувда нисбатан "Барселона"нинг имконияти юқорироқдек, барибир. Мессиси бор жамоа исталган вақтда ўйин бурилишини ўз томонига оғдириб олиши ёки баҳс тақдирини ҳал этиши мумкин. Мессининг жарима зарбалари ёки жарима майдончаси атрофидаги ҳар қандай ҳаракати ёки зарбаси рақиблар учун катта машаққат ва муаммо бўлиб қолган.
Лекин ПСЖнинг "Барселона" билан ўзининг алоҳида ҳисоб-китоби бор. Ҳар гал "Барселона" тўсиғидан кейин иштирокини якунлашдан чарчаган парижликлар бу сафар ушбу занжирга ўз "калитларини" қидиришмоқда. Кучли иштиёқ ва юқори мотивация эвазига ҳам ПСЖ бугунги кун баҳсида фаворитроқдек. Тўқнашув фаворити ва жавоб ўйини эса бошқа масала.
Ким ғалаба қозониши ёки кимнинг имкониятлари юқори эканлиги муҳим эмас. Асосийси, бу икки гранд жамоаларнинг ўзаро учрашуви мухлислар учун ажойиб туҳфа бўлишига шубҳа йўқ. Ким ғолиб чиқишини билмадим-у, аммо бу ўйиндан томошабинлар ютиши аниқ.
ПСЖ ва "Барселона"нинг яхши маънодаги икки йиртқич ҳужумчилари Эдисон Кавани ва Луис Суареснинг қарама-қаршилиги ҳам ушбу ўйиннинг безаги бўлади.
БИЛАСИЗМИ?
- "Барселона" бош мураббийи Луис Энрике 1992/1993 йилги мавсумда "Реал" либосида ПСЖга УЕФА Кубогида мағлубиятга учраган. Кейинги мавсумда эса Кубок эгалари кубогининг чорак финалида ҳам Энрике "Реал" таркибида ПСЖга ютқазган.
Ўзаро ўйинлардаги факт:
ПСЖ ва "Барселона" жамоалар жами 9 бор ўзаро дуч келишган. "Барселона" 4 маротаба ғалаба қозонган, ПСЖ эса 2 марта устун келган. Қолган учта баҳсда ғолиб номи аниқланмаган.
Тўплар нисбати: 16-11, "Барса" фойдасига.
* ПСЖ гуруҳ босқичида умуман мағлубиятга учрагани йўқ. "Барселона" эса "Манчестер Сити"га меҳмондаги беллашувда имкониятни бой берганди.
ПСЖ - "Барселона" (00:45)
"Парк де Принс" стадиони.
Бош ҳакам: Симон Марсиняк (Польша)
ПСЖ (тахминий таркиб) - Трапп, Орье, Маркиньос, Кимпембе, Максвелл, Вератти, Рабьо, Матюиди, Лукас, Кавани, Дракслер.
"Барселона" (тахминий таркиб) - тер Штеген, Серхи Роберто, Пике, Юмтити, Альба, Ракитич, Бускетс, Иньеста, Месси, Суарес, Неймар.
ПСЖ ва "Барселона" тўқнашуви фонида нимчорак финалнинг яна бир ўйини "Бенфика" - "Боруссия Д" беллашуви кўринмай қолгандек. Аммо Португалияда ўтадиган ушбу баҳс ҳам чиройлилиги ва томошабоплиги борасида ҳеч бир матчдан қолишмаслиги аниқ. Иккита ҳужумкор услубда ўйнайдиган, ҳужумни севадиган жамоалар, бош мураббийлар тўқнашуви ҳар қандай ишқибозни 90 дақиқа завқлантира олади.
"Эштадио Да Луж"да бўладиган баҳсда "Боруссия Д"га жуда қийин бўлиши шубҳасиз.
"Бенфика"нинг ички чемпионатдаги ўрни ва ишлари жойида. Ҳар ҳолда Руи Виториа жамоаси пешқадам бўлиб турибди. Аммо "Бенфика" ўтказилган охирги беш ўйиндан кетма-кет иккитасида ютқазгани мухлисларни юрагига ғулғула солганди. Бироқ Виториа жамоани тезда ўз ҳолатига келтиришга муваффақ бўлди ва "Бенфика" аввалига "Ниционал", кейинчалик "Арука" дарвозасига жавобсиз учтадан тўп йўллаб йирик ғалабани тантана қилди. Жамоа руҳан катта футболга, жиддий рақиб қаршисида ўйнашга тайёр.
Томас Тухель эса анча қийинчиликлар гирдобига қолган. Дортмунд Бундеслигада ўз ўйинини топишда, керакли натижани қайд этишда беқарорликка юз тутган. Томас Тухель қўли остида бир қатор юқори даражадаги футболчилар мавжуд. Бош мураббий таркиб танлашда фақатгина яхши маънодаги бош оғриққа эга. Аммо мураббий асосий таркибни аниқлашда ҳали ҳам якуний қарор қила олмаяпти. Шу боис жамоа ўйинидаги баланс йўқолган. Натижада "Боруссия" бир қанча беллашувларда қимматли очколарни бой берди ва ҳозирда ички чемпионатда 4-ўрин билан кифояланмоқда. Лекин "Боруссия" шундай жамоаки, улар ЕЧЛда умуман бошқача кайфият ва юқори мотивация билан ўйнашади. Бунга оддий мисол ЕЧЛ гуруҳ босқичи. Дортмунд учун Бундеслигада мавсумнинг илк қисми ҳам муваффақиятсиз бошланганди. Лекин бу жиҳат уларни Европа чемпионлар лигасидаги иштирокига ҳеч қандай таъсир ўтказмаганди. Томас Тухель жамоаси ЕЧЛ гуруҳ босиқичда энг кўп гол (21) урган жамоа бўлишгани ҳам фикримга тасдиқ бўлади. Ҳали ҳеч бир жамоа ЕЧЛ гуруҳ босқичлари тарихида бу каби кўп гол урмаганди. Бу борада "Боруссия" рекорд ўрнатди.
Шунингдек, "Реал" билан бир гуруҳдан ўрин олган дортмундликлар ўз "квартетлари"да биринчи поғонани эгаллашгани ҳам уларни кучини кўрсатиб турибди.
Бу икки жамоа жуда ҳам кўп гол уради. "Бенфика" чемпионатда 21 ўйинда 47 гол киритган, "Боруссия" эса 20 учрашувда 40 маротаба рақиблари дарвозасини ишғол этишган.
Иккала жамоада ҳам муҳим ўйин олдидан йўқотишлар бор. "Бенфика"нинг асосий фигураларидан бири ҳисобланган Жонаснинг учрашувда иштирок этиши сўроқ остида турибди.
"Бенфика"нинг яна икки футболчиси Живкович ҳамда Лисандро Лопес жароҳати сабаб учрашувни томошабинлар қаторидан кузатишади. "Боруссия"да Гётце баҳсни ўтказиб юборади. Шунингдек, Бендер жароҳати туфайли ўйинда иштирок этолмайди.
Ўзаро ўйинлардаги факт:
Бу икки жамоа жами 2 маротаба ўзаро куч синашган. "Бенфика" бир ўйинда ғолиб чиққан бўлса, иккинчи беллашувда "Боруссия"нинг қўли баланд келган.
Тўплар нисбати: 2-6, "Боруссия" фойдасига.
"Бенфика" - "Боруссия Дортмунд" (00:45)
"Эштадиу да Луж" стадиони.
Бош ҳакам: Никола Риццоли (Италия)
"Бенфика" (тахминий таркиб) - Эдерсон, Семеду, Луизао, Линделеф, Элизеу, Фейса, Пицци, Сальвио, Каррильо, Жонас, Митроглу.
"Боруссия Д" (тахминий таркиб) - Бюрки, Пишек, Папастатопулос, Бартра, Шмельцер, Вайгль, Кастро, Геррейру, Дембеле, Ройс, Обамеянг.
Сеньор Итальян
Comments