Далич ва Скалонига ўтмишдаги юлдузлар ёрдам беришмоқда: Олич, Манжукич, Аймар ва бошқалар. Уларнинг роллари қандай?
13 dec 2022 19:25
News
Далич ва Скалонига ўтмишдаги юлдузлар ёрдам беришмоқда: Олич, Манжукич, Аймар ва бошқалар. Уларнинг роллари қандай?
Бугун Хорватия ва Аргентина терма жамоалари ЖЧ-2022 илк ярим финалида учрашишади. Жамоаларни уларнинг мураббийлар штабида футболчилик фаолиятидан эслайдиган ўйинчиларимиз борлиги бирлаштиради.
Златко Далич ва Лионель Скалонига миллий жамоада собиқ юлдузлардан ким ёрдам беради?
Хорватия: Олич ва Йеркан футболчиларни кузатади, Чорлука, Манжукич ва Ладич тажрибаси билан бўлишади
Даличнинг мураббийлар штабида турли даврлар ва позицияларнинг вакилларини ишлашади. Хорват медиаси бунинг энг катта устунлиги муаммоларга турли ракурсдан қараш имконияти ва муҳокама олдидан турли хил фикрларни олиш дея қайд этди. Даличнинг штабига сўнгги бўлиб "Бавария", "Атлетико" ва "Ювентус" собиқ ҳужумчиси Марио Манжукич келиб қўшилди.
Хорватия футбол федерацияси президенти Мариян Кустич Манжукич ёшроқ авлоддагиларга тажриба беради ва футболчилар учун мотивация бўлади деб айтди: "Унинг клуб ва терма жамоадаги футболчи сифатидаги тажрибаси ҳар қандай ёш ўйинчи учун ажойиб наъмуна. Унинг бошқалар билан тажрибасини муваффақиятли тарзда бўлишишига шубҳа қилмайман. У футболчи сифатида жанговар руҳ, оғир меҳнат, ғалабага истак ва характерни акс эттиради ва мен бу сифатларни Хорватия терма жамоаси мураббийи сифатида улашишидан ғурурланаман".
Буни Бруно Петкович ҳам қайд этди: Бразилия термасига урилган голдан сўнг буни Манжукичнинг маслаҳати ёрдамида қилганини айтди.
Собиқ ҳужумчи Ивица Олич эса мураббийлар штабида скаут функциясини бажаради: Далич чақиришни хоҳлайдиган футболчиларни трибунадан кузатади. Олич терма жамоадага 2017 йилнинг октбябрида Златконинг таклифига кўра келди. Бош мураббий "Олич ўз ишини аъло даражада билади, у клуб ва терма билан футболдаги барчасини бошдан кечирган. Унинг руҳи, оптимизм ва ишга бўлган масъулиятли муносабати терма жамоанинг кийиниш хонасида жуда қўл келади" деб қўшимча қилди.
Даличнинг сўзларига кўра, собиқ ҳимоячи Ведран Чорлука терма жамоадаги тажрибасига асосан бирор бир масала бўйича қўшимча ракурс беради: "Вердан менга баъзи нарсаларни ўзи ўйлагандек етказишини хоҳлайман. Сифатли маслаҳат, танқидлар ёки мен кўрмаган қандайдир жиҳатларни кўрсатишини кутаман".
Эски мактабдан собиқ дарвозабон Дражен Ладични ажратиб кўрсатиш мумкин. У Евро-1996 ва ЖЧ-1998да Хорватия терма жамоаси дарвозабони бўлган. У 2006 йилдан 2011 йилгача Хорватиянинг 21 ёшгача бўлган термасида бош мураббий бўлган, сўнгра "Ал Ҳилол"нинг ёшлар жамоасини бошқарган, "Ал Айн"да дарвозабонлар билан ишлаган ва 2017 йилдан бери шу ишни Хорватия терма жамоасида қилиб келади.
Ладич анчадан бери Далич билан дўст ва айнан у Хорватия U-21дан истеъфога чиқарилгани пайтдаги жанжалда (Ладич автомашина суғурта полисини сохталаштирганда қўлга тушган) Драженнинг ёнини олган. 2017 йилнинг октябрида Златкони терма жамоа бош мураббийи сифатида тасдиқлашди ва у бир неча ой ўтиб Ладични ёнига чорлади: Дражен миллий жамоага расман 2018 йилнинг мартида қўшилди ва терма жамоа футболчилари билан тажрибасини бўлишади.
Хорватиялик собиқ ҳимоячи Никола Йеркан ҳам ишламоқда: у миллий жамоа учун футболчиларни кўриб чиқади. Жамоа ичида уни деталларни сезиш ва таҳлил қилиш қобилияти учун мақташади.
Даличнинг мураббийлар штабида унчалик машҳур бўлмаган ёрдамчилар ҳам бор: масалан, дарвозабонлар мураббийи Марьян Мрмич ва бош таҳлилчи, шотландиялик Марк Рочон.
Аргентина: Аймар ва Самуэль ишни ёшлар жамоаси билан бирлаштиради, Айяла эса терма жамоа учун ўйинчилар билан гаплашади
Лионель Скалоининг мураббийлар штабидаги асосий (Месси учун асосий) фигуралардан бири Леонинг кумири бўлмиш Пабло Аймар. У иккита ишда фаолият юритади: Аймар Скалонига ёрдам беришдан ташқари Аргентинанинг 17 ёшгача бўлган термасини шуғуллантиради.
Скалонининг яна бир юлдуз ёрдамчиларидан бири терма жамоа собиқ ҳимоячиси Вальтер Самуэль. У Аймар билан параллель равишда 17 ёшгача бўлган Аргентина терма жамоасида ишлайди.
Самуэль ўзининг катталар терма жамоаси мураббийлар штабидаги ролини қуйидагича тавсифлади: "Биз ўзаро вазифаларни бўлиб оламиз, аммо якуний қарорни доим Скалони қабул қилади. Биз ҳимоячиларга ёрдам берамиз ва Лионель сўраган пайт ўз фикримизни айтамиз. Биз ҳимоячиларга қандай қилиб ишончли ўйнаш кераклигини айтамиз, аммо асосий мақсад – Скалонига ёрдам бериш. Терма жамоага айнан у бизни танлагани учун келганмиз".
Мураббийлар штабига 2019 йилда Скалони ва Аргентина футбол федерацияси президенти Клаудио Тапианинг таклифи билан афсонавий ҳимоячи Роберто Айяла келди. Унинг асосий функцияси – футболчиларни кузатиш ва улар билан гаплашиш.
"Скалони бизга эркин гапиришга имкон беради, бундай ишлаш осонроқ ва мураббий сифатида ўсишимизга имкон беради", – дейди Айяла.
Скалонининг мураббийлар штабида шунингдек дарвозабонлар мураббийи Мартин Токалья, физиотерапевтлар Родриго Барриос ва Луис Мартин, шунингдек видеотаҳлилчи Матиас Манна ишлайди.
Алишер Остонов таржимаси
Comments