Latest news

01:39"Пахтакор" устунликка эга бўлган, аммо якунда "Ал Райян" ғалаба қозонган ўйиндан ГАЛЕРЕЯ  0 01:30ОФК Элит Чемпионлар лигаси. Ғарбий минтақада 4-турдан кейинги ҳолат  0 01:18ЕЧЛ. "Реал" ва "Милан" ўзаро баҳс олиб боришмоқда (онлайн ҳисоб)  4 01:15ЕЧЛ. "Ливерпуль" – "Байер" ва бошқа учрашувлар давом этмоқда (онлайн ҳисоб)  29 01:00Элит ОЧЛ. "Ал Насср" "Ал Айн"га ҳеч қандай имконият қолдирмади. Роналдудан гол  23 00:55Аргентина термасининг ЖЧ-2026 саралаш ўйинлари учун қайдномасини эълон қилинди  4 00:35Элит ОЧЛ. Назаровнинг хатоси "Пахтакор"га қимматга тушди  3 00:25АПЛ грандлари "Барселона"нинг 21 ёшли иқтидорига қизиқиб қолишди  9 23:56Юнус Али: "Пахтакор" биринчи бўлимнинг ўзидаёқ интригани йўқ қилиши мумкин эди, аммо..."  6 23:12Камолиддин Тожиев: "Ҳаводан узатилган тўп дарвозамизга кириб кетди. Бугун бизнинг кунимиз эмас экан"  29 22:18Суперлига. "Навбаҳор" – "Пахтакор" ва 24-турнинг бошқа учрашувларида қайси ҳакамлар ишлаши аниқ  9 21:50"Қизилқум" ўйинчисига қизил карточка кўрсатилиши керак эди" – Суперлига 23-туридаги баҳсли вазиятлар юзасидан Эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосаси эълон қилинди  1 21:15Расман: Крестинин бошчилигидаги "Локомотив" мураббийлар штаби истеъфога чиқарилди  5 20:57ОФК Элит Чемпионлар лигаси. "Пахтакор" узоқ масофадан ўтказиб юборилган гол туфайли ўз майдонида "Ал Райян"га ютқазди  206 20:32Расман: "Бухоро" Суперлига йўлланмасини нақд қилди!  16

Чемпионлик йўлакчасидан юришга мажбур этадиган фантастик мухлисларга эга — "Навбаҳор" ўз уйига қайтди News

Чемпионлик йўлакчасидан юришга мажбур этадиган фантастик мухлисларга эга — "Навбаҳор" ўз уйига қайтди

Аллақачон бошланган Суперлига ўйинлари бугун Наманганда том маънода қайтадан бошланди.

Ҳа, Наманганда бугун футбол баҳори қайтди. Бундай деяётганимизга сабаб, жамоанинг стадионининг майдони янгилангани боис "Навбаҳор" мавсумнинг дастлабки қисмидаги ўйинларини меҳмонда ўтказиб туришига тўғри келганди. Маълум муддат Фарғона ва Тошкентдаги стадионлар улар учун ижарадаги уй ўйингоҳига айланиб турди. Намангандаги "Марказий" стадион майсаси сифатли ҳолатга келтирилгач ниҳоят жамоа ўзининг ҳақиқий уйига қайтди.


Бу эса Суперлиганинг 7-тури доирасидаги "Сўғдиёна"га қарши баҳсга тўғри келди. Гарчи мамлакатимизда футбол баҳори бошланганига кўп бўлган бўлсада, наманганлик ишқибозлар учун айнан шу кун очилиш ўйини ҳамда шунга яраша ўйинолди наманганлик машҳур санъаткорлар ва Тошкентдан таклиф этилган эстрада юлдузлари иштирокида байрам дастури туҳфа этилди.


Намангандаги стадионда Суперлига ўйинларини очиб бериш учун ЎФА Биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ташриф буюрди.


"Навбаҳор" маълум танаффусдан сўнг ўз уйида "меҳмон"га айланган ўйинни бошқариш масъулияти Виктор Серазитдинов зиммасига тушди.


Қайд этиш керакки, наманганлик ишқибозлар футболни жуда соғиниб қолишган экан. Бунинг тасдиғи сифатида шу куни мухлислар билан тўлиб-тошган "Марказий" ўйингоҳ суратини эътиборингизга тақдим этамиз.


Мазкур баҳсга "Навбаҳор" устози Андрей Канчельскис ҳамда "Сўғдиёна" бошқарувини қўлга олган Улуғбек Бақоев қуйидаги таркибни туширишни маъқул кўришди.

"Навбаҳор": 1.Ўткир Юсупов, 5.Славко Лукич, 6.Остон Ўрунов, 7.Азим Аҳмедов, 9.Иван Соловьёв, 11.Александр Касьян, 15.Обид Жўрабоев, 19.Мирзоҳид Ғофуров, 30.Абдужамол Исроилов, 32.Жаҳонгир Меҳмонов, 70.Аббос Ғуломов.

"Сўғдиёна": 27.Милан Митрович, 2.Сардор Қулматов, 3.Искандар Шойқулов, 5.Кахи Махарадзе, 7.Санжар Рашидов, 14.Жамшид Болтабоев, 17.Достон Тошматов, 18.Шерзод Шакиров, 77.Даниел Насриддинов, 91.Никола Милинкович, 97.Шаҳбоз Жўрабеков.


Канчельскис одатга кўра 4-2-3-1 тактик схемага асосан Юсуповни дарвозага, Лукич билан Меҳмоновни ҳимоя марказига қўйди. Мураббий жароҳатидан эндигина фориғ бўлган Голбанни ўйин қайдномасига киритиш билан кифояланди. Қанот ҳимоясида эса Ғофуров чапда, Жўрабоев ўнгдан ҳаракатланди. Таянч зонаси Исроилов ва Аҳмедов зиммасига юкланди. Қанот вингерлари сифатида эса Ўрунов ҳамда Ғуломов ўйнашди. Иван Соловьёв эса ҳужумчи ортида эркин ижодкорга айланди. Ҳужумда эса кутилганидек Александр Касьян жойлашди.


Улуғбек Бақоев эса бу гал легионер кипер Милан Митрович хизматидан фойдаланишга қарор қилди. Ҳимоя чизиғи эса чапдан ўнгга Шакиров-Шойқулов-Қулматов-Болтабоев. Ярим ҳимоя марказидан эса Милинкович, Махарадзе, Рашидов ўрин олди. Қанотларда Жўрабеков ҳамда Насриддинов жойлашишди. Ҳужумга эса дисквалификацияга учраган Норхонов ўрни Тошматов билан тўлдирилди.


Бевосита ўйинга келадиган бўлсак, "қайноқ" муҳитда байрамона кайфиятда майдонга ўзгача иштиёқда тушган мезбонлар тезкор гол киритишни уддасидан чиқишди. Остон Ўруновнинг чап қанотдан қилган юришини ҳимоячи тўхтатиб қолди. Натижада чап бурчакдан белгиланган жарима тўпини Славко Лукич ўзининг аниқ ва ажойиб зарбаси билан дарвозанинг юқори бурчагига жойлаб қўйди - 1:0.



Муҳитга яраша ўйинни бошлаган ва илк зарбани голга айлантирган "Навбаҳор"нинг иккинчи голи ҳам кўп ўтмай руй берди. Бу вазиятда мезбонларнинг яна чап қанот орқали қилган юриши наф берди. Мирзоҳид Ғофуровнинг узатмасини жарима майдончасида эркин ҳаракат қилган Александр Касьян боши билан голга айлантирди - 2:0.



Ҳар бир хавфли ҳужуми голга айланаётган мезбонларнинг ҳужумлари рақиб ҳимоячилари учун каттагина бош оғриққа айланди. Улуғбек Бақоевга эса воқеалар ривожи ёқмади ва иккала ўтказиб юборилган гол айнан ўнг қанот ҳимоясидан юзага келганини инобатга олиб, мураббий биринчи бўлимдаёқ ўзгариш қилишга қарор қилди. Натижада ўнг қанот ҳимоясида ўйнаган Жамшид Болтабоев ўз ўрнини Изатилла Абдуллаевга бўшатди. Бу ўзгаришдан сўнг ўнг қанот вингери сифатида ўйинни бошлаган Шаҳбоз Жўрабеков қанот ҳимоясига ўтди, Абдуллаев эса ҳужумкор вингер сифатида баҳсни давом эттирди.


Аммо ўнг қанот ҳимоясига Шаҳбоз Жўрабековни олиб ҳам "Сўғдиёна" ўзининг мазкур нуқтасини мустаҳкамлай олмади. Чунки "Навбаҳор"нинг учинчи голи ҳам айнан чап қанот орқали ривожлантирилди ва "Сўғдиёна"нинг бўш нуқтасига айланган ўнг қанот ҳимояси орқали навбатдаги голга замин яратилди. Бу сафар Иван Соловьёв томонидан оширилган тўпни жарима майдончасида эркин қушга айланган Касьян яна боши билан дарвозага аниқ йўллади - 3:0.



Биринчи бўлимда "Навбаҳор"нинг ҳар бир хавфли ҳужуми голга айланди, "Сўғдиёна" эса рақибга қаршилик кўрсатишни уддасидан чиқолмади. "Навбаҳор" танаффусга қадар яна бир бор гол уришни уддалади. Фақат бу вазиятда қанот ҳаками байроқчасини кўтариб, Касьяннинг хет-трик қилишига йўл қўймади.


Танаффусдан кейин ўйин темпи анча тушиб кетди. Биринчи бўлимдаёқ баҳс тақдирини ҳал этган мезбонлар натижадан келиб чиқиб ўз кучларини ортиқча сарф этишни исташмади. "Сўғдиёна" эса асосан тўпни назорат қилган ҳолда ҳисоб йириклашиб кетмаслигини истади. Шунга қарамасдан "Навбаҳор"да яна голлар уриш учун қулай вазиятлар бўлди. Хусусан Остон Ўруновда иккита, Соловьёв ва Ғофуровда биттадан қулай имкониятлар туғилди. Аммо баъзи вазиятда рақиб посбони тўпни қайтарган бўлса, баъзида футболчиларга аниқлик етишмади.


"Сўғдиёна" эса рақиб дарвозаси олдида чинакамига иккита хавфли вазият яратишни уддасидан чиқди. Биринчи гал Ўткир Юсупов ўз маҳоратини кўрсатган бўлса, иккинчи вазиятда Меҳмоновнинг хатоси голга олиб келди.

"Сўғдиёна" сардори Санжар Рашидов Изатилла Абдуллаевдан қабул қилган тўпини ортиқча қийинчиликсиз дарвозага жойлади ва жамоасини йирик мағлубиятдан сақлаб қолди - 3:1.

Navbahor

Славко Лукич - 8', Aleksandr Kasian - 18', Aleksandr Kasian - 31'

Superliga. Round 7

04/05/2019, 19:00

1
:
3
Finished

Sogdiana

Sanjar Rashidov - 90'

45'
90'
8'  Славко Лукич
18'  Aleksandr Kasian
18'  Mirzohid G’ofurov
31'  Aleksandr Kasian
31'  Ivan Solovyov
69'  Aleksandr Kasian (Bakhodir Nasimov)
70'  Obid Jurabaev (Igor Golban)
75'  Azim Akhmedov (Shahzod Shaymanov)
21'  Jamshid Boltaboev (Izzat Abdullaev)
46'  Doston Toshmatov (Сахоб Рашидов)
62'  Daniel Nasriddinov (Dian Talxatov)
90'  Sanjar Rashidov
90'  Izzat Abdullaev

"Навбаҳор" - "Сўғдиёна" 3:1 

Ҳакамлар: Виктор Серазитдинов, Артём Калинин, Фарҳод Усмонов, Тўрабек Суюнов.

Назоратчи: Марат Исмоилов.

Комиссар: Жаҳонгир Раҳматуллаев.

Голлар: Славко Лукич 8, - 1:0. Александр Касьян 18, - 2:0 (Мирзоҳид Ғофуров). Александр Касьян 31, - 3:0 (Иван Соловьёв). Санжар Рашидов 90, - 3:1 (Иззат Абдуллаев).

"Навбаҳор": 1.Ўткир Юсупов, 5.Славко Лукич, 6.Остон Ўрунов, 7.Азим Аҳмедов (8.Шаҳзод Шайманов, 75), 9.Иван Соловьёв, 11.Александр Касьян (14.Баҳодир Насимов, 68), 15.Обид Жўраебоев (22.Игорь Голбан, 70), 19.Мирзоҳид Ғофуров, 30.Абдужамол Исроилов, 32.Жаҳонгир Меҳмонов, 70.Аббос Ғуломов.

Захира: 23.Дилшод Ҳамроев, 25.Мирзоҳид Маматхонов, 4.Азиз Ибрагимов, 17.Элман Тагаев, 29.Хожиакбар Юнусов, 55.Ғиёсжон Комилов.

"Сўғдиёна": 27.Милан Митрович, 2.Сардор Қулматов, 3.Искандар Шойқулов, 5.Кахи Махарадзе, 7.Санжар Рашидов, 14.Жамшид Болтабоев (11.Изатилла Абдуллаев, 21), 17.Достон Тошматов (21.Саҳоб Рашидов, 46), 18.Шерзод Шакиров, 77.Даниел Насриддинов (32.Диан Талхатов, 63), 91.Никола Милинкович, 97.Шаҳбоз Жўрабеков.

Захира: 1.Ширинбой Абдуллаев, 6.Нуриддин Ҳасанов, 8.Сирож Мелиев, 9.Ойбек Нурматов, 28.Даврон Умиров.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, шу куни "Сўғдиёна" ҳимоясининг бўш ҳаракати, айниқса ўнг қанот ва марказий ҳимоячиларнинг иккинчи қаватдаги курашни тўлиқ ютқазгани жамоага қимматга тушди. "Навбаҳор" эса рақибининг айнан бўш нуқтасини қидириб топди ва бундан роппа-роса 3 марта самарали фойдаланди.


ТУРНИР ЖАДВАЛИ


Мазкур ғалабадан кейин "Навбаҳор" турнир жадвалининг юқори учлигига қадар кўтарилди. Ҳар ҳолда камида бир кун наманганликлар "кучли учлик"дан жойлашишади. Агарда эртага "Металлург", "Сурхон", "Бунёдкор" ёки "Динамо" ғалаба қозона олмаса, унда наманганликлар бу поғонада бемалол қолишлари мумкин бўлади. "Сўғдиёна" эса мазкур мағлубиятдан кейин турнир жадвалидаги ҳолатини янада ёмонлаштириб олди. Жиззахликлар айни пайтда 11-ўриндан жой олишган. Агарда эртага АГМК муваффақият қозонадиган бўлса, унда Бақоев жамоаси 12-ўринга тушиб кетади.



ФАКТ: Александр Касьян қаторасига 5 ўйиндирки майдонни голсиз тарк этмаяпти.

ФАКТ: "Навбаҳор" ҳужумчиси Александр Касьяннинг мазкур ўйиндаги голларидан сўнг киритган тўплари сони 6тага етди ва бу борада ҳужумчи чемпионат тўпурарлари бўлиб турган Черан, Абдухолиқов ва Полвоновга етиб олди.


ФАКТ: "Навбаҳор"нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Иван Соловьёв Касьяннинг иккинчи голига ассистентлик қилди ва бу борада энг яхши кўрсаткичга эга бўлган (4) Ҳусниддин Ғофуровга тенглашиб олди.


ФАКТ: "Навбаҳор" ўтган йили ҳам ўз уйидаги очилиш беллашувида ғалаба қозонганди. Бу сафар ҳам мазкур анъана давом этди. Ўтган йили амалдаги чемпион "Локо" таслим этилган бўлса, бу гал "Сўғдиёна" азият чекди.


Намангандаги ўйиндаги таассурот: Ажойиб сифатли майдон, чиройли манзара ва футболни безовчи энг асосий фактор - мухлислар! Айнан шулар жамланмаси бир бўлган бугунги стадионда футбол ўйини ҳақиқий театрга айланиб кетди. Байрамона кайфиятдаги наманганлик мухлисларнинг ўйиндан аввалги ҳолати учрашувдан кейин икки каррага яхшиланди. Натижада стадионда ҳақиқий футбол муҳитини яратган мухлислар ушбу ўйинга ўзгача зеб беришди. Узоқ танаффусдан кейин ниҳоят ўз уйида мезбонга айланган "Навбаҳор" Намангандаги илк ўйиндаги ғалабадан кейиноқ турнир жадвалининг юқори учлигига сакрашни уддалади. Бунда ҳам бир рамзий маъно бордек.

Мавсумни қониқарсиз бошлаган жамоа ўйинида ўсиш, натижасида эса тобора яхшиланиш кузатилмоқда. Демак Канчельскис айтганидек чемпионлик пойгасидан "Навбаҳор"ни ҳисобдан чиқаришга эрта. Айниқса эндиликда ўз уйига қайтган "Навбаҳор" меҳмонларда "қайноқ оловли" муҳитда "қовуриши" мумкин. Фақат бунинг учун нафақат муҳит, балки мазкур ўйинини ҳам янада шакллантириши талаб этилади. "Навбаҳор"нинг мазкур ҳолатида чемпионликка қанчалик кучи етади ёки йўқ, бу ҳақида аниқ бир нарса дейиш мушкул. Лекин шуниси аниқки, бундай мухлисларга эга жамоани ишқибозлар чемпионлик йўлакчасидан юришга мажбур этишга қодир.


ЎЙИНДАН КЕЙИНГИ ФИКРЛАР

Андрей Канчельскис ("Навбаҳор" бош мураббийи): "Ўйин жуда яхши ўтди. Ҳамманинг кайфияти аъло. Стадионнинг очилиши ва чиройли муҳит. Муҳими, натижа. Қимматли 3 очкони қўлга киритдик. Биз учун чемпионатдаги ҳар бир ўйин кубок учрашуви мақомидек жуда муҳим аҳамиятга эга. Футболчиларнинг ўйинга бўлган ёндошуви ёқди. Тўғри, баҳс якунига яқин кераксиз гол ўтказиб юборилди. Ўйинни бироз ташлаб қўйдик. Ҳар қандай ҳолатда ҳам олдинга ҳаракатланишда давом этамиз. Байрам ташкил этиб беришгани учун мухлисларга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Жуда ажойиб тарзда бизни фаол тарзда қўллаб-қувватлашди. Футболчилардан, мухлислар ва натижадан хурсандман. Бугун барча ўз ишини зўр қилди".

Александр Касьян ("Навбаҳор" ҳужумчиси): "Ўйин тизгинини тўлиқ назоратда ушлаб турдик. Ишқибозларга катта раҳмат. Бугунги муҳитда футбол ўйнаш жуда ёқимли бўлди. Майса сифатига гап йўқ. Ҳаммаси зўр. Мазза қилиб футбол ўйнайдиган майдон".

Улуғбек Бақоев ("Сўғдиёна" бош мураббийи): "Ўйин тақдири биринчи бўлимдаёқ ҳал этилди. Тезкор гол ва иккинчи ўтказиб юборилган гол барчасини барбод қилди. "Навбаҳор" биздан кўра тезкор ҳаракатланди. Футболда ҳеч ким бундай ҳолатлардан суғурталанмаган. Ким гол урса ютади. Танаффусда футболчиларни руҳлантиришга, 3:0 ҳисоби бу ҳали мағлубият эмаслигини таъкидладим. Авваламбор ўзларини ҳурмат қилишларини сўрадим. Иккинчи таймда ўйин бироз яхшиланди. Лекин натижа ҳаммасини кўрсатиб турибди. Биринчи бўлимдаёқ учта гол ўтказиб юбориш кўп. Буни қабул қилиш эса осон эмас. Сабр қилган ҳолда келгуси ўйинларга тайёргарлик кўрамиз. Мағлубиятда айнан кимнидир айблашни истамайман. Ўйинни чуқур таҳлил қиламиз ва тегишли хулосага келамиз. Ҳозир ҳеч кимни айбламоқчи эмасман".


Фото: Жаҳонгир Файзуллаев


Шаҳбоз Беғамов

Rating: +41   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика