Latest news

00:57Энцо Мареска: "95-дақиқада гол ўтказиб юбориш ёқимсиз"  0 00:28АПЛ. Бруну қизил олган, Онана бурчакдан гол ўтказиб юборган учрашувда МЮ "бўрилар"га мағлуб бўлди  17 00:04АПЛ. "Ливерпуль" - "Лестер". Асосий таркиблар маълум!  4 23:52"Барселона"нинг ёздаги илк трансфери ким бўлади?  3 23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  3 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  4 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  12 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  29 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  28 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  9 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  32 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33

"Бунёдкор" томонидан алданган жияни, матбуот, шарҳловчиларнинг билими, мухлисларнинг изоҳигача ўқиши ва финалда шубҳа-гумонларга борган мутахассислар ҳақида - Бахтиёр Ашурматов News

"Бунёдкор" томонидан алданган жияни, матбуот, шарҳловчиларнинг билими, мухлисларнинг изоҳигача ўқиши ва финалда шубҳа-гумонларга борган мутахассислар ҳақида - Бахтиёр Ашурматов

Толибжон Қосимов муаллифлигидаги, Шаҳбоз Беғамов ҳамрохлигида ўтадиган "Extra TIME" лойиҳасида меҳмон бўлган АГМК бош мураббийи Бахтиёр Ашурматовнинг баъзи фикрларини матнли тарзида эътиборингизга ҳавола этамиз.

- "Ўзбекистон кубоги доирасидаги ярим финал ва финал ўйинларида жамоамиз футболчилари ўзларининг энг яхши ўйинларидан бирини ўтказишди. Айнан ўша баҳсларда футболчилар мураббийлар томонидан берилган барча кўрсатмаларни деярли тўлиқ амалга оширишин уддасидан чиқишди. Шунингдек бир нарсани қайд этиш керакки, ярим финалда барча мутахассислар ҳамда мухлислар "Бунёдкор"ни яққол фаворит сифатида, финалда эса "Пахтакор"нинг имкониятларини сезиларли даражада устун қўйиб, АГМКни ҳисобдан чиқариб қўйишгани ҳам бизни қайсидир маънода янада кучлантирди. Айнан ўша ўйинларда биз мураббийлар штаби билан жамоани керакли даражада руҳлантиришга эришдик. Бизга бўлган ишончсизлик жамоани руҳий тарафлама издан чиқармади, аксинча яхши маънода таъсир қилди", - дея финалдаги муваффақиятни изоҳлади Бахтиёр Ашурматов.


Бахтиёр Ашурматов финалдан аввал ва кейин хафа бўлди. Нега?

- "Финалдан аввал кўпчилик АГМК "Пахтакор"га ютқазиб беради, олмалиқликларда имконият йўқ, деганлар ҳам кўп учради. Бундай гап-сўзлар аслида бизни фойдамизга ишлади. Чунки финалда майдонга чиқишдан олдин футболчиларга кийиниш хонасида ҳеч ким бизга ишонмаётганини, бизга ишонч билдираётган фақатгина яқинларимиз, оила аъзоларимиз, баъзи раҳбарларимиз ва клубда фаолият кўрсатаётган ходимлар ҳамда мураббийлар штаби. Якунда натижа қандай бўлгани барчага аён. Учрашувдан кейин барча хушнуд кайфиятда бўлди.

"Пахтакор" раҳбарлари виждонан ишлашмоқда. Финалдан аввал улар томонидан АГМКга ҳеч қандай босим бўлгани йўқ. Улар ҳалол футбол тарафдори эканлигини финал кўрсатиб берди. Аммо финалдан кейин ҳам баъзи мутахассислар томонидан янграган гаплар, шубҳалар очиғи мени ранжитди. Мухлисларни гапини тўғри тушунишга ҳаракат қиламан. Улар мухлис ва ўз жамоаси учун қайғуради. Аксарият "Навбаҳор" мухлислари "Пахтакор" уларни ОЧЛдан қуруқ қолдириш учун АГМКга ютқазиб берди, деган фикрларни ҳам ўқидим. Гапни очиғи, мен "Championat.asia" сайтини доим фаол тарзда кузатиб, мухлислар фикрларини ҳам ўқиб бораман. Шахсан мен учун мухлисларнинг фикри қизиқ. Шунингдек, "Навбаҳор" мухлислари сайтини ҳам кузатаман. Ўша ерда баъзи шунақа хунук изоҳларни ўқидим.

Тасаввур қилинг, "Пахтакор"ни ўзига яраша обрўси бор, европада ишлаган ўзини ҳурмат қиладиган Шота Арвеладзе бошқармоқда. Бундай мутахассис жамоага финалдан олдин бизга АГМК ОЧЛга чиқиши керак ёки "Навбаҳор" керак, деб айтади деб ўйлашадими? Буни тасаввур қилиш қийин.  Арвеладзе ва мен учун ҳам бу мураббийлик фаолиятимиздаги илк финал эди. Финалда йигитлар, бугун биз ютқазишимиз керак, деб айтишни жиноятга тенг деб ҳисоблайман.

"Пахтакор" финалгача ҳали ўзи ОЧЛга йўлланмани расмийлаштирмаганди. "Пахтакор" ҳали йўлланмани қўлга киритмай туриб шундай таваккалга қўл урадими? Камига финалдан кейин жамоа ОЧЛ йўлланмаси учун тўғридан-тўғри рақиби "Навбаҳор" билан ўз уйида дуранг ўйнади. Агарда Сулаймонов ёки Уруновнинг вазиятлари голга айлангандами? Мухлисларни фикри ўз йўлига, улар жонажон жамоаси манфаатини ўйлаб фикр билдиришади. Аммо айрим мутахассислар томонидан бўлган шубҳа очиғи мени ҳайрон қолдирди. Бундай фикрга бориш ақлга сиғмайди.

"Championat.asia" сайтини жуда кўплаб, минглаб футбол мухлислари ўқиб боришади, "YouTube"даги саҳифасини кузатиб боришади. Мен юз фоиз ишонч билан айта оламанки, биз финалда ҳаққоний ғалабага эришдик. Финал куни ким кучлироқ бўлган бўлса, омади чопган жамоа ғолиб чиқди. "Пахтакор" эса ҳалол ва муносиб курашди.

Мен ўз жамоамдан хафаман. Чунки финалдан кейин қатор муваффақиятсиз ўйинларни ўтказдик. Бунда ҳам ўзимиз айбдормиз. Балки айнан шундай муваффақиятсиз учрашувлардан кейин баъзи шубҳалар ошиб кетган бўлиши мумкин. Бунга ўзимиз шароит яратиб бердик. Финалдан кейин жамоада қандайдир эйфория кузатилди. Фарғонадан қайтган жамоани Суперлигада таниб бўлмаяпти. Бунда мураббийлар штабининг ҳам айби бор. Раҳбарият олдида уялиб қолдик. Чунки клуб раҳбарияти бизни финалдан кейин ажойиб тарзда рағбатлантиришди. Биз эса уларга муносиб жавоб қайтара олмаётганимиз ва ҳалигача суперлигадаги ҳолатимизни сўроқ остида қолдираётганимиз кўнгилни хира қилади.

Футболчилар энди АГМКга рақиблар мамлакат кубоги эгаси сифатида қарашини тўғри тушиниши лозим. Қўлга киритилган кубок билан расмга тушиш ва эришилган ютуқ билан чекланиб қолиш ярамайди. Энди кўтарилган даражани пастга туширмаслик зарур".


АГМКдаги селекция ишлари режаси ҳақида

- "ОЧЛ олдидан таркибни кескин кучайтириш лозим. Бунда чемпионат ўртасида йўлга қўйилган чала селекция қаттиқ панд бериб қолиши тайин. Биз ҳозирдан келаси мавсум учун жамоага жалб этмоқчи бўлаётган футболчилар билан оғзаки музокараларга киришганмиз. Тўғри, ҳозир агарда рўйхатни кўрсатадиган бўлса, номларни кўриб, ие зўрку, дейиш мумкин. Аммо ҳали улар билан келишиш масалалари мавжуд. Рўйхатдаги барча футболчини билан келишувга эришиш ниҳоятда қийин. Музокаралар ўз йўлига, қачонки улар билан расман шартнома имзолансагина ҳисоб. Чунки биз қизиқаётган футболчиларни АГМКдан ташқари бошқа жамоалар ҳам кўзлаб туришибди. Биз эса футболчиларни жамоага олиб келиш учун улардан ҳам яхшироқ таклиф билан чиқишимизга тўғри келади".


"Бунёдкор"нинг аввалги раҳбарияти томонидан алданган жияни Рустам Ашурматов ҳақида

- "Мен таркибда кўрмоқчи ҳимоячилар бор. Уларни ўзи ҳам АГМКга келишга рози. Фақатгина клублар ўртасидаги музокара ва шартнома борасидаги ишларга боғлиқ қолгани. Улардан бири жияним Рустам Ашурматов. Ўзбекистонда ҳимоядан ҳужумга ўтишдаги биринчи пасни берадиган энг зўр ҳимоячи деб Рустам Ашурматовни биламан. Гап жияним бўлгани учун эмас. Тўғри, яхши ҳимоячилар кўп. Кимдир якка-курашларда зўр, позицион жиҳатдан кучли ўйнайдиган футболчилар етарли. Аммо биринчи пасни бериш салоҳияти Рустам Ашурматовда кучлироқ, назаримда. Бизга битта ақлли ўйнайдиган ва битта жанговор руҳда ҳаракатланадиган ҳимоячи керак. Масалан мен Гочгулиев билан тандем бўлганимда кўпроқ якка-курашлар қўшилиб, олдинга чиқиб кетардим. Шунда Гочгулиев мени ўрнимни тозалаб, суғурталаб турарди. АГМКга ҳам икки хил типдаги ҳимоячи керак. Шунда чиройли жуфтлик хосил қилардик. Кейин ҳужумга ўтишда ҳам, ҳимояланиш борасида ҳам муаммоларга дуч келмасдик. Насиб қилса кейинги мавсумга қадар ишлаб турсак, таркибни яхши кучайтириб олишни режалаштириб турибмиз.

Гапни очиғи, Рустамнинг ўзига ҳам мен билан ишлаш қизиқ туюлмоқда. Аммо унинг "Бунёдкор" билан тузган бир йиллик шартномаси мавжуд. Шу ўринда бир нарсани айтиш керакки, ўз вақтида шартнома бўйича Рустамни аввалги раҳбарлар алдашган. Жиянимга ўзини даражасига нисбатан анча кам миқдорда маош белгилашган. Тўғри, пул биринчи ўринда турмайди. Буни Рустамга жуда кўп бор таъкидлаганман ва қулоғига қўйганман. Қолган баъзи нисбатан пастки ўриндаги жамоалар ҳимоячилари, терма жамоага номзод бўлмаганлар ҳам Ашурматовдан 3 ёки 4 баробар кўпроқ маош олишади. Рустам Ашурматовга маслаҳатлашмасдан туриб янги шартнома имзолама деганимда, "Бунёдкор"нинг аввалги раҳбари тоғенга айтдик, рухсат берди деб шартномага қўл қўйдиришган. Яширмайман, Рустам ҳеч қандай кўтарма пулисиз 2 миллион ойликка 4 йиллик шартнома имзолаган.

Рустам жуда ҳам содда бола ва раҳбариятни бу гапига лаққа ишонган. Тўғри, бизда мураббий ёки футболчилар маош ёки сумма ҳақида гапиришмайди. Яна бир нарсани айтиш керакки, клубга Мурод Алиев ва Миржалол Қосимов келишганидан сўнг йил бошида Рустам Ашурматовнинг шартномасини қайтадан янгилашди ва маошини кўтаришди. Аммо Рустам ўтган 3 йил мобайнида ҳеч қандай кўтарма пулларисиз ўз даражасига мос бўлмаган маошга ўйнаб келган. Тўғри, ғалабалар учун мукофот пуллари олган. Аммо жияним сабрига яраша рағбатлантирилди. Қишда Равшан ака Ҳайдаров бошчилигида Осиё чемпионига айланди ва муносиб равишда рағбатлантирилди. Бу гапларни айтишдан мақсад нолиш эмас. Шунчаки баъзи бир нотўғри бўлган ишларни мисол тариқасида келтириб ўтмоқдаман".


Матбуот, журналист ва шарҳловчилар ҳақида

- "Гапни очиғи, матбуотни жуда синчиковлик билан кузатиб бораман. "Футбол Экспресс", "Интерфутбол" газеталарини мутолаа қиламан. Ҳар куни "Championat.asia" сайтига кираман. Кунига 25-30 марталаб кираман сайтга. Мухлислар билдираётган изоҳларига қадар ўқиб бораман. Сайтдаги имловий хатоларга қадар кўриб бораман. Шу ўринда ходимлардан ҳар бир хабарни чоп этишдан аввал қайта ўқиб чиқишларини сўраган бўлардим. Буни изоҳларда мухлислар ҳам қайд этишади. Тўғри, журналистларнинг иши ҳам осон эмас ва ниҳоятда масъулиятли саналади. Мен доим журналистларни ишини қадрлайман ва уларга алоҳида ҳурматда бўламан. Бизда футбол кишилари, мураббий ёки футболчилар матбуотдан ўзларини олиб қочишга уринишади. Матбуот билан учрашувлардан имкон қадар қочишга ҳаракат қилишади. Бу нотўғри. Матбуот билан имкон қадар яқинроқ бўлиш керак. Чунки мухлислар учун ўз қаҳрамонлари, кумирлари ёки ёқтирган юлдуз футболчиларининг фикри, ҳаёти ёки қизиқишлари қизиқ бўлиши мумкин. Футболимиз ривожи йўлида матбуотнинг хизмати ниҳоятда катта.

Мухлисларнинг билдираётган изоҳларини ўқиш ҳам қизиқарли. Тўғри, доим ҳам изоҳларда соғлом фикр бўлмаслиги мумкин. Охирги пайтларда Роналду ёки Месси туфайли ўзбек биродарларимиз бир-бирларини ҳақорат қилишгача боришаётгани кишини ранжитади. Айнан мана шу жараёнлар менга умуман ёқмайди. Аммо яхши, қизиқ фикрлар ҳам кўп учрайди. У ердан ҳам яхши ахборотларни олиш мумкин. Сайтда чоп этиладиган барча мақолаларни диққат билан кузатиб бораман. Бир сўз билан айтганда, "Championat.asia" сайти ҳақида жуда яхши фикрдаман ва севимли сайтим деб бемалол айтаман.

Севимли шарҳловчим? Ҳозир севимли шарҳловчим бор десам кимдир нотўғри тушуниши мумкин. Лекин шарҳларни ҳам жуда эътибор билан кузатаман. Ҳаммаси ҳам эмас, аммо айрим шарҳловчиларнинг билими саёз. Мен уларга маслаҳат беришим қанчалик тўғри билмадим, аммо бу маслаҳат эмас. Айтайлик, мен ўзим шарҳловчи бўлганимда кўпроқ футбол мавзусидаги китобларни мутолаа қилган бўлардим. Шарҳловчилар футбол билимини кучайтирмоғи лозим. Балки менга сен ўзинг мураббий сифатида билимингни кучайтир, деб айтишлари мумкин. Билимимни кучайтиришни хоҳлайман. Имкон туғилиши биланоқ хорижга сафар қилиб, тажрибали мутахассисларнинг иш жараёнини ўрганиб келишни режалаштирганман".

TAS-IX

 


TAS-IX эмас



Бахтиёр Ашурматов билан "Extra TIME"нинг бу галги сонида яна қатор мавзуларда суҳбат қурилди. Тўлиқ суҳбатни, МТЖ, АГМК, Суперлига ёки формат ҳақидаги мавзуларда билдирилган фикрларни "YouTube" ва MyTube.uzдаги саҳифаларимизда томоша қилинг.

Rating: +45   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика