Бундеслига старт олмоқда!
14 aug 2015 14:25
News
Ғир этиб Европада ёзги таътил ҳам ўтиб кетди. Буёғига қайноқ футбол мавсуми бошланмоқда. Ўтган ҳафтада Англия, Франция, Голландия каби чемпионатларда янги футбол мавсуми бошланган эди. Бугундан эътиборан эса Бундеслига шайдолари учун янги футбол мавсумини расман очиқ деб эълон қилса бўлади.
Одатга кўра, янги мавсумни очиб бериш ўйини ўтган йилги чемпион жамоанинг уйида ўтказилади. Амалдаги чемпион "Бавария" клуби ўз майдонида "Гамбург" билан кучи синашади. Ушбу учрашув орқали бундеслиганиниг 2015/2016 мавсумига старт берилади.
Хусусан ушбу иккала жамоанинг ўйинларига ҳақида гапирадиган бўлсак, "Бавария" учун "Гамбург" нисбатан осонроқ рақиб саналади. Сўнгги йилларда ўтказилган ўзаро ўйинлар натижасига кўра, "Бавария" яққол фаворит ҳисобланади. Энг ажабланарлиси шундаки, мюнхенликлар "Гамбург"га қарши кечадиган баҳсларда асосан йирик ҳисоблардаги ғалабани тантана қилишади.
Ўтган йилги биринчи давра учрашувидагина "Бавария" "Гамбург" билан кутилмаганда дуранг ўйнаб қўйганди.
Янги футбол мавсуми ҳар сафар эскисидан фарқ қилади. "Гамбург" жамоаси ҳам ўтган йилги хатолардан тўғри хулосалар чиқарган, плей-офф ўйинига кўра "Гамбург" аранг яна бундеслигада қолишга муваффақ бўлди. Энди жамоа ўз суюклиларини имкон қадар хурсанд этишга, чемпионатнинг дастлабки ўйинида ўзлари учун керакли натижани қайд этиш учун бор имкониятларини ишга солишлари тайин.
Бундеслигада одатда "Бавария" иштирокидаги ўйинларда нисбатан кам сенсациялар кузатилади. Биринчи турданоқ Германия чемпионатини амалдаги чемпион сенсация бошлашига кўпчилик ишонгиси келмаслиги аниқ. Бироқ бу футбол. Футболда, айниқса сўнгги йилларда илдамлик билан ривожланиб бораётган бундеслигада исталган натижалар учраб туради.
"Бавария" - "Гамбург" тўқнашувида фаворит маълум. "Бавария" ҳар қандай мусобақа ёки ўйинларда иштирок этмасин, жуда камдан-кам ҳолларда фаворит мақомисиз ўйнайди. Бундеслигадаку бу борада гапириш шарт эмас. Бундеслиганинг энг қизиқ ва нозик томони шундаки, бу ерда ким ғалаба қозониши ёки мағлубиятга учрашидан қатъий назар, аввало футбол ўйналади. Яъни ғалаба қозонаётган жамоа ҳам, учрашув давомида мағлубиятни тан олиб бўлган жамоа ҳам бир маромда футбол ўйнашда давом этаверади. Шу боисдан ҳам бу ўйинга бўлган қизиқиш ортса ортадики, пасаймайди. Германия футболидаги сифат ва жамоаларнинг мухлислар манфаатини биринчи ўринга қўйиши ҳам томошабинлар меҳрини қозона олишига асосий сабаб бўлган.
Дастлабки учрашувда "Бавария"нинг имкониятларини юқори баҳолаган ҳолда, "Гамбург"ни ҳам ҳисобдан чиқармай турамиз.
Мазкур ўйинда агарда Лаббадиа шогирдлари рақибга тўп назоратини бериб қўйиб, ўзлари дарвозаларини олдида яхшигина "автобус" ўрната олишса ва Гвардиоланинг энг ожиз томони - қарши ҳужумда муваффақиятли ўйнай олишса, балки "Гамбург" бундеслигадаги дастлабки ўйинда уч очкони қўлга киритиши мумкин. Бу уддаласа бўладиган иш ва "Гамбург"нинг ягона имконияти ҳам шу. Қолган барча жиҳатлар бўйича "Бавария" рақибидан бир бош устун ҳисобланади.
Бундеслиганинг янги мавсумига тўхталадиган бўлсак, унда ҳар доимгидек чемпионлик учун курашда асосий фаворит "Бавария". Хосеп Гвардиоланинг режаларини чиппакка чиқариш учун Дортмунднинг ва Мёнхенгладбахнинг "Боруссия" жамоалари ва ўтган мавсумни кўтаринки руҳда ўтказган "бўрилар", яъни "Вольфсбург" жамоалари кураш олиб боришади. Шунингдек, "Шальке" ҳамда "Байер" жамоалари ҳам юқори мақсад сари интилишади. Бироқ ушбу жамоалар чемпионлик масаласида қолган клубларга нисбатан камроқ имкониятга эгалар. "Бавария"нинг бу йилги ҳақиқий бош оғриғи бу "бўрилар" бўлишади. Уларнинг "Бавария"дан яккаю-ягона устунликлари бу Дитер Хеккиннинг Гвардиолани қандай мағлуб этиш мумкинлигини билишидадир. Ўзаро ўйинларда "бўрилар" мураббийнинг тактик ақлли юриши эвазига сўнгги пайтларда "Бавария"ни енгишмоқда. Бу ерда энг муҳим омил мураббийнинг тактик юриши бўлмоқда. Қолган барча жиҳатлар бўйича "Бавария" "Вольфсбург"дан кучли. Лекин айнан шу нарса эвазига "Вольфсбург" чемпионликка эриша олмайди. Сабаби, "Бавария" сингари улар қолган рақиблари билан бўладиган беллашувларда очко йўқотмасликлари зарур. Бироқ "бўрилар"ни бу мавсумда ЕЧЛда ҳам иштирок этишларини инобатга оладиган бўлсак, унда Хеккинг бу борада яхшигина муаммоларга дуч келади. Кучни тўғри тақсимлай олиш ҳам "Вольфсбург" учун жуда муҳим. Кевин де Брюйне трансфер ойнаси ёпилгунга қадар бошқа жамоага ўтиб кетиб қолмаса бўлгани. Акс ҳолда "Вольфсбург"нинг муаммолари янада кўпайиб кетиши мумкин.
Бундеслига тарихида ҳали ҳеч бир жамоа кетма-кет тўрт маротаба чемпионликни қўлга киритмаган. "Бавария" бу мавсумда бу натижани қайд этишга яқин турибди. Лекин бу сафар уларга осон бўлмаслиги аниқ. Хосеп Гвардиола катта эҳтимол билан "Бавария" билан сўнгги мавсумини ўтказади. Икки йилдан буён бундеслигада муваффақият қозонган бўлсада, Гвардиола ҳали "Бавария" мухлислари истаган футболни йўлга қўя олгани йўқ. Мюнхенда нафақат натижа, балки жамоанинг кўрсатаётгани ўйини ва ЕЧЛдаги натижалари ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Пеп Гвардиола икки йилдан буён ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқара олмаяпти. Стартни жуда яхши бошлайдиган "Бавария" мавсумнинг финал палласига келганда ўз тезлигини кескин пасайтириб юборади. Бу ҳолат икки йилдан буён такрорланиб келмоқда. Агарда бу мавсумда ҳам Гвардиола хатолардан керакли хулосаларни чиқармай, яна ўз ўжарлигини қилса, унда бу мавсумда бундеслигада ҳам уларнинг муаммолари пайдо бўлиши шубҳасиз. Айтиб ўтганимдек, бундеслига жамоалари мураббийлари Пепнинг тактикасига қарши чора кўриш йўлларини ўрганиб олишди. "Бавария"нинг ҳозирги ҳимояси рақибнинг тезкор қарши ҳужумлари олдида ожиз қолиши янгилик эмас. Гвардиолада эса ўша битта асосий урғу - тўпни ўз назоратида ушлаб туриш йўлга қўйилган. Футболда эса бутун ўйин давомида тўпни рақибга бериб ўйнашнинг иложиси йўқ. Камига тўпни олиб юриб шунчаки гол уриб ҳам бўлмайди. "Бавария"нинг рақиблари бунга ақлли етмоқда ва Гвардиола бошқарувидаги "Бавария"ни зарарсизлантира олиш жуда катта муаммо бўлмай қолмоқда. Камига Рибери жароҳатдан боши чиқмай қолган ва Роббен узлуксиз жароҳат олиб юрган паллада. Бу санаб ўтилган ҳолатлар "Бавария"нинг камчилик ва ожиз тарафлари саналади.
Германия чемпионатининг янги мавсумига янгича қараш билан кириб келаётган Томас Тухель бошчилигидаги Дортмунднинг "Боруссия" жамоасидан ҳам сюрприз кутса бўлади.Уларнинг энг катта плюслари бу - Матс Хуммельс ва Марко Ройснинг жамоада қолиши бўлди. Айнан шу икки футболчи ҳозирда жамоанинг асосий қуроли саналади. Томас Тухель ҳам айнан шу футболчилар атрофида янги ўйин услубини ўрнатмоқда. Дортмундликлар чемпионлик йўлида асосий номзод бўлишмасада, уларни шунчаки ҳисобдан чиқариб бўлмайди. Бу жамоадан исталган пайтда хавф кутиш мумкин. Томас Тухель ҳеч ким кутмаганда "Боруссия Д" билан "comeback" қилишга қодир мураббий.
Германия чемпионатининг бу йилги янгилари "Дармштадт" ва "Ингольштадт" жамоалари янги мавсумда бундеслига ҳавосидан нафас олишади ва биринчи мақсад шу ерда жон сақлаб қолиш бўлади.
Демак Бундеслиганиниг янги мавсумини қарши оламиз. Лекин ҳозирча ўзимизни шароитда Германия чемпионатини жонли кузатишнинг имкони жуда паст. Аксига олиб "НТВ-Плюс" канали Бундеслига трансляциясини бу йилдан эътиборан эфирга узатмайди. "Спорт" каналимиз еврофутболларни анча олдин кўрсатишни тўхтатиб қўйган. Ўтган йили баъзи бундеслига ўйинлари жонли эфирга узатилганди. Бу йили ҳам бундан умид қилиб қоламиз. Лекин дастлабки ўйин "Бавария" - "Гамбург" баҳси "Спорт" телеканалининг бугунги дастурларидан ўрин олмаган.
"Eurosport2" канали бугунги учрашувни жонли олиб кўрсатиши кўзда тутилган.
Нима бўлган тақдирда ҳам Бундеслигани кузатишда давом этинг! Ҳар бир тур маълумотлари ва учрашувлар натижалари сайтимизда кенг ёритиб борилади.
Бундеслигада ҳақиқий футбол завқини ҳис этиш мумкин!
Бундеслига, 1-тур.
Бугун
"Бавария" - "Гамбург" (23:30)
15 август, шанба.
"Дармштадт" - "Ганновер" (18:30)
"Байер" - "Хоффенхайм" (18:30)
"Аугсбург" - "Герта" (18:30)
"Вердер" - "Шальке" (18:30)
"Майнц" - "Ингольштадт" (18:30)
"Боруссия Д" - "Боруссия М" (21:30)
16 август, якшанба.
"Вольфсбург" - "Айнтрахт Ф" (18:30)
"Штутгарт" - "Кёльн" (20:30)
Ҳа айтганча, "FIFA.UZ"да бундеслига учун ўйнайдиган жамоангизни туздингизми? Тезроқ шошилинг! Сизга бир сирни очаман, бугун ҳамма Мюллер, Левандовски ва Роббен сингари футболчиларга сардорлик боғичини ишониб топширади. Ройс, де Брюйне каби футболчиларнинг ҳам иши яхши виртуаль футбол оламида. Мени маслаҳатим, "Бавария"нинг янги хариди Дуглас Костани ўз жамоангизга сотиб олинг. Айнан шу футболчи бугун чап қанот ярим ҳимоясида ҳаракат қилади. "Бавария"нинг сўнгги ўйинларида кўпроқ Коста яхши таассурот қолдирди ва кўпинча ҳужумлар ҳам Костанинг қанотидан ташкил этилди. Бу энди шахсий фикрим. Лекин ўзим ҳам ҳали Костани асосий таркибга киритиш бўйича бош қотиряпман))
Саломат бўлинг!
Шаҳбоз Беғамов
Comments