Бундеслига. Превью: Йил ўйини ёхуд бундеслига тақвимчиларига янги йил десерти учун DANKE!
21 dec 2016 16:00
News
Бундеслига. Превью: Йил ўйини ёхуд бундеслига тақвимчиларига янги йил десерти учун DANKE!
Германияда йил ўйинига асосий номзод бўлиши кутилаётган дебютант "РБ Лейпциг" ҳамда амалдаги чемпион "Бавария" жамоалари ўртасидаги баҳс қишки чемпион номини аниқлаб беради.
Бундеслига тақвимини тузувчиларига ажойиб туҳфа тақдим этишгани учун раҳмат айтамиз. Айнан уларнинг топқирликлари туфайли футбол шинавандалари йил охирида, янги йил байрамига байрамона десерт тановул қилишади.
Ҳозирча ҳар иккала жамоа ҳисобида бир хил 36 очкодан мавжуд ва тўплар нисбатига кўра, Анчелотти шогирдлари турнир жадвалининг юқори поғонасидан жой олиб туришибди.
Тўғрисини тан олиш керак, агарда чемпионат бошида "Лейпциг" жамоаси пешқадамлик қилишда "Бавария"га рақобат қилади ва муаммо туғдиради, дейилса, ҳеч ким ишонмасди.
Футбол шуниси билан қизиқ. Айниқса Бундеслига.
Ральф Хаззенхюттьл бошқарувида "РБ Лейпциг" бир қатор ажойиб футбол учрашувларини ўтказмоқда. Бу жамоа улкан иштиёқ ва юқори шиддат билан ҳар бир ўйинда майдонга тушмоқда ва ўзи учун керакли бўлган натижага эришмоқда. "Лейпциг"нинг яна бир жиҳати, бу жамоа кўпроқ рақибнинг ўйинини "бўғиб" қўйиш натижасида уларни зарарсизлантиради ва ўз имкониятларидан максимал тарзда фойдаланишни уддалаб келмоқда. Фақатгина аутсайдер "Ингольштадт" билан бўлган ўйиндагина уларнинг бу режаси ўзларига қарши ишлади. Қолган баҳсларда эса асосан Ральф Хаззенхюттьл ўйлаган режалар иш бериб келмоқда. "Лейпциг" тезкор, шиддаткор ва қарши ҳужумда хавфли ўйнайди. Улар ҳимоядан ҳужумга ўтишни жуда тез ва оқилона амалга оширишади.
Ральф Хаззенхюттль асосан классик схема 4-4-2 ва унинг бироз бошқачароқ бўлган варианти 4-2-2-2дан фойдаланади.
Дарвозада Гулаши анча ишончли турибди. Ҳимоя марказида Уили Орбан ва Штефан Илсанкер ҳаракат қилишмоқда. Бу икки ҳимоя марказидаги тандем анча яхши ўйнашмоқда. "РБ Лейпциг" ҳозирги кунда Германия бундеслигасида энг кам гол ўтказиб юбориш бўйича фақатгина "Бавария"дан кейинги ўринда бормоқда.
"Буқалар"нинг таянч ҳамда марказий ярим ҳимоясида Наби Кейта ҳамда Диего Демме жуда юқори савияда ҳаракат қилишмоқда. Айниқса Наби Кейтанинг ёрқин ўйинлари кўпгина мутахассис ва мухлислар эътиборига тушган.
Австрия терма жамоаси таркибидаги ўйинлари орқали танилган Марсель Забитцердан Ральф Хаззенхюттьл ўнг қанот вингери сифатида фойдаланмоқда. Эмиль Форсберг эса чап қанотда жавлон урмоқда. Ҳужум танемида Тимо Вернер ва Юссуф Поулсен анча самарадор тўп тепишмоқда. Бу икки ҳужумчи ҳисобида умумий ҳисобда 10та гол ва 3та голли узатма мавжуд. Голларнинг аксарият қисми Тимо Вернерга тегишли. Аммо Юссуф Поулсеннинг фойдали иш коэффиценти анча юқори ва Тимо Вернерга кўпроқ бўш ҳудуд қолишига ҳам Поулсеннинг хизматлари анча катта.
Эмиль Форсберг ҳозирда Бундеслиганинг энг яхши ассистенти бўлиб турибди. Унинг ҳисобида 8та голли узатма бор. Диего Демме ва Марсель Забитцер ҳам жамоасининг кўпгина голларига ҳаммуаллифлик қилишган. Бу жамоанинг ҳужумларидаги сўнгги пасни айнан шу футболчилар бажаришади.
"Бавария"га қарши ўйин умуман бошқа дунё эканлигини бутун жамоа тушуниб турибди. Бу гуёки тушдек таассурот қолдираётган бўлсада, "РБ Лейпциг" жамоаси ва унинг мухлислари катта эйфорияда эмаслар. Улар ғалаба таъмини ҳис этиб улгуришди ва ўзларини етакчи жамоалардек тутишни бошлашгани ҳам кўп нарсадан далолат бериб турибди. Кўпчилик "РБ Лейпциг"нинг "Ингольштадт"га қарши ўйинидаги мағлубиятидан сўнг, жамоанинг муваффақиятли сериялари бутунлай якунланганини тахмин қилишганди. Аммо бу шунчаки эйфория эмаслигини "буқалар" ўтган турда исботлашди.
"Бавария" янги мавсумни Карло Анчелотти қўли остида идеал тарзда бошлади, дея олмаймиз. Жамоанинг айнан ўйинида ва баъзи учрашувлардаги натижаларида ҳам кўплаб пасайишлар кузатилди. "Бавария" куз ойининг сўнгги қисмида бироз ўзини ўнглаб олишга кўп вақт сарфлай юборди. Шу боисдан ҳам Бундеслигада чемпионлик учун кураш қизиди.
Ҳозирги кунда Европанинг топ-5 лигаларида пешқадам жамоалар ўртасидаги тафовути энг ками бу Германия чемпионатида. Қолган барча лигаларда пешқадам жамоа ўзининг энг яқин таъқибчисидан камида 3 очко олдинда. Бундеслигада эса бу тафовут нолни (0) ташкил қилади.
Бунинг асосий сабабчиларидан биттаси "РБ Лейпциг"нинг ажойиб парвози ва "Бавария"нинг баъзи учрашувлардаги кичик инқирози.
"Бавария" борасида гап кетганда инқироз деган сўзни ишлатиш бироз ғалати эшитилиши мумкин. Чунки Карло Анчелотти жамоани ёмон бошқармаяпти, шунчаки унинг ўйин модулини яратишда ва қайси бирини танлашга кетаётган вақти бироз чўзилиб кетди.
"Бавария" ва Карло Анчелотти олдида ҳозир фақат битта йўл турибди. Бу ҳам бўлса "Алянц Арена"да ғалаба қозониш ва мухлисларни янги йил байрами олдидан кайфиятни чоғ этиш. Жамоа таътилга якка пешқадам сифатида йўл олмоқчи. Қишки чемпионликни бошқа, айниқса дебютант жамоа, унинг устига ўзаро ўйинда, камида ўз майдонида кечган баҳсда ютқазиб, иккинчи бўлиш жуда аламли.
Бу Карло Анчелотти учун ҳам муҳим беллашув. Сабабики, Анчелотти “Бавария”ни умуман бошқача кайфиятда таътилга қўйиб юбориб, кейин умуман бошқача ҳолатда жамоани мавсумнинг ҳал қилувчи қисмига тайёрлаш ортиқча қийинчилик ва муаммоларни тақдим этиши шубҳасиз. Шу жиҳатлар эвазига ҳам бу ўйиннинг қиймати янада қимматли ва қадрли.
Бу тўқнашув кўплаб саволларга жавоб ҳам бериши мумкин, ёки аксинча, ортиқча саволларни келтириб чиқиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
"Бавария" сафида ушбу мавсумда энг сермаҳсул ўйнаётган футболчи бу Роберт Левандовски саналади. Польша терма жамоаси сардори ҳисобида 11та гол бор. Энг яхши ассистент эса Франк Рибери ва Томас Мюллер ҳисобланади. Улар жамоадошларининг 5тадан голларига ҳаммуаллифлик қилишган.
Ҳар иккала жамоа учун ҳам бу йил ўйинига қиёсланиши мумкин. Гап ўйинга қандай ёндошувга боғлиқ. "Бавария" ўйинини ўзгартирмайди ва эски услубида ўз устунлигини рақибга ўтказишга уринади. "Лейпциг" эса анъанага мувофиқ аниқ режа асосида ўйинга киришади. Ральф Хаззенхюттль ўйиндан кейин "Бавария" футболчилари "РБ Лейпциг"га қарши ўйнашганини ҳис қилишларини истамоқда. "Бавария" эса қишки чемпионлик кайфиятида янги йилни кутиб олмоқчи. Ҳар хил ёндошув, аммо мақсад битта - ғалаба.
"Бавария" учун яхши янгилик бу Роббен ва Ламнинг сафга қайтгани. Боатенг ва Коман эса лазаретда.
"РБ Лейпциг"да ҳам ўша эски жароҳатланган Марвин Комппер, Клостерманн ва Кириякос Пападопулос ушбу баҳсда жамоасига ёрдам бера олмайди.
Ушбу жамоалар ўз тархларида илк маротаба тўқнаш келишмоқда.
"Бавария" - "РБ Лейпциг" (00:00)
"Алянц Арена" стадиони.
Бош ҳакам: Феликс Звайер.
Шунингдек, бу турнинг яна тўртта ўйини бўлиб ўтади.
Унда ҳали мағлубият нималигини билмай келаётган "Хоффенхайм" ўз уйида "Вердер"ни қабул қилади. Ғалабали одимларини давом эттираётган ва аутсайдерлар зонасини тарк этишга тараддуд кўраётган "Ингольштадт" бу сафар "Фрайбург"ни синовдан ўтказади. Охирги ўйинларда "Фрайбург" ҳам исталган рақибларига қарши муносиб ўйнамоқда ва уларни муаммолар билан ранжитмоқда.
Антони Модест тўп тепадиган "Кёльн" эса ўз уйида ўтган турда "Ингольштадт"дан яраланган "Байер"ни меҳмон қилади. "РБ Лейпциг" эффектини чинакамига ҳис этган "Герта" "Дармштадт"дан аламини олишга ҳозирлик кўрмоқда.
Шу тариқа Бундеслига 2016 йилнинг сўнгги ўйинларини ўтказади ва бир ойлик таътилга чиқади. Қишки чемпион қайси жамоа бўлишини аниқлаб берадиган ушбу турни кўришга сабаблар етарли. Муҳими ушбу баҳсни гарчи тунда бўладиган бўлса ҳам ўтказиб юбориш тавсия этилмайди. Йилнинг яна бир муҳим учрашуви ва балки шов-шувли натижасини онлайн кўришни завқи ўзгача бўлади.
Германия Бундеслигаси турнир жадвали билан танишинг
Шаҳбоз Беғамов
Comments