Latest news

17:42"Матч ТВ" графика оператори ишсиз қолди. Нега?  0 17:07Суперлига. "Бунёдкор" "Олимпик"ни мағлуб этди ва хавфли зонадан узоқлашди  1 16:54"Лестер" - "Челси". Кимлар асосий таркибда?  0 16:39Суперлига. "Андижон" - "Динамо" 1:0 (матнли трансляция)  3 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  15 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  26 13:16Родри Пеп ва Симеоне ўртасидаги фарқни айтди  5 12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  1 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  18 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  7 09:47Лунин А Серияга кўчиб ўтиши мумкин  1

Боян Миладинович: «Малайзияда 1 миллион доллар маош олувчи футболчилар бор» News

Боян Миладинович: «Малайзияда 1 миллион доллар маош олувчи футболчилар бор»

Маълумки, Боян Миладинович янги мавсумда ўз салоҳиятини Малайзия супер-лигасига қайтган «Фельда Юнайтед» клубида синаб кўради.
Унинг «Пахтакор» билан шартномаси якунига етгани боис, «Фельда»га эркин агент сифатида ўтди. Таъкидлаш жоиз, 2009 йилдан буён «Пахтакор»да фаолият олиб борган ҳимоячи «шерлар» сафида жами 97та ўйинда майдонга тушиб, 13та гол урди. Биз Боян билан боғланиб, ундан янги клубига боғлиқ мавзулар юзасидан интервью олдик. Дарвоқе, Малайзия чемпионати айнан бугун бошланади.

- Боян, янги муҳитга мослашиб олдингизми?

- Ҳаммаси жойида. Бу ерда ўзимни уйдагидек ҳис қиляпман.

- Умуман, Малайзия чемпионатига йўл олишингиз қандай кечди?

- Ўтган йили ноябрь ойи, аниқроғи, Ўзбекистон чемпионати якунига етганидан сўнг Малайзиядан футбол агенти қўнғироқ қилиб, ўзимни ушбу мамлакат биринчилигида синаб кўришимни тавсия қилди. Унинг айтишича, Тошкентга жамоа мураббийи билан келиб, ўйинларни томоша қилишган. Улар айнан марказий ҳимоячига эҳтиёж сезишган. «Локомотив» - «Пахтакор» ўйинини кузатган малайзияликларга ҳаракатларим маъқул келган, чоғи, расмий таклиф билан чиқишди. Қисқаси, агар Малайзия чемпионатида ўйнашни хоҳласам, клуб кутиши ва шартнома имзолашга тайёрлигини айтишди. Таклифни ҳар томонлама ўйлаб кўриб, розилик бердим. Чунончи, шартноманинг молиявий томони ҳам жуда яхши эди. Чорловга розилик беришимда шу жиҳат муҳим роль ўйнаганини яширмайман. Малайзияда тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтгач, шартномага имзо чекдим.

- Унинг муддати қанча?

- Бир йил. «Фельда Юнайтед» ўтган йили 1-лигада иштирок этган ва якунда 2-ўринни эгаллаган ҳолда, супер-лига йўлланмасини қўлга киритган. Жамоадаги шароитлар, умумий муҳит маъқул келди. Таркибимизда юқори савияли футболчилар кўп. Айтайлик, Малайзия терма жамоасида ўйнайдиган икки нафар футболчи бор. Эътиборлиси, клуб сардори Малайзия термасида ҳам шу мақомда. Яна бир муҳим жиҳати, «Фельда» ўтган йили FА кубоги финалида ўйнаган, мамлакат кубогида эса ярим финалга етиб борган. Англиядаги каби Малайзияда ҳам 2та кубок мусобақаси бор. Умумий олганда, жамоанинг натижалари чакки эмас. Шуларни инобатга олган ҳолда, раҳбарият жамоа олдига бу йил чемпионатда кучли бешликдан жой олишни вазифа қилиб қўйди. Бунинг учун имкониятлар етарли, деб ўйлайман.



- Жамоада сизни қандай кутиб олишди?

- Жуда илиқ. Малайзияга Ўзбекистон чемпиони сифатида келганимни клубда катта воқеликдек кўришди. Бу ерда бой тарихга эга «Пахтакор»ни яхши билишар экан. Шундай номдор клуб сафида 6 йил муваффақиятли ўйнаганимни ўзаро суҳбатларда кўп бора айтишди. Қолаверса, ОЧЛ баҳсларида ҳам ўйнаганим учун менга бошқача муносабат билдиришяпти. Фурсатдан фойдаланиб, «Пахтакор» раҳбарияти, мураббийлар штаби, футболчилар ва жамоа мухлисларига шунча йиллик ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдираман. «Пахтакор»даги давримни ҳеч қачон унутмайман.

- «Пахтакор»дан кетишингиз осон бўлмагандир...?

- Ҳа..., ахир битта жамоада 6 йил ўйнаш ҳазил гап эмас. Айниқса, легионер учун. Ўзбекистон чемпионатида бундай футболчилар саноқли. Юртингиздаги фаолиятим давомида кўплаб дўстлар орттирдим. Тошкент иккинчи ватанимга айланди. Шундай экан, «Пахтакор»дан кетишни ватанни тарк этишга қиёслаган бўлардим. Лекин бу ҳаёт. Ҳозир 32 ёшдаман. Футболчилик фаолияти чекланган. Ҳамма ҳам бутсасини михга илганидан кейин мураббийлик қилолмайди. Шу боис, яхшигина маошни ўз ичига олган таклифни рад этолмадим. Буни «Пахтакор» раҳбарияти, хусусан, клуб бош менежери Самвел Бабаян тўғри тушунди ва янги жамоамда муваффақият тилади.

- Оилангиз ҳам ўзингиз билан биргами?

- Йўқ, ҳозир Сербияда. Лекин яқин кунларда Куала-Лумпурга олиб келаман.

- Қачондир ўзингиз учун қадрдон «Пахтакор»га қайтишингиз мумкинми?


- Шундан умидворман. Футболчи сифатидами ёки мураббий бўлиб - буни айтолмайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Ҳар қандай ҳолатда «Пахтакор» бир умр қалбимда қолади. Футболчилик фаолиятимнинг юлдузли онлари айнан «Пахтакор»да ўтди. Самвел Бабаян ажойиб инсон ва мураббий. У ўз ишининг устаси. Менинг шу даражага етишимда Самвел Вячеславовичнинг ҳам ҳиссаси катта.

- Малайзияда собиқ жамоадошларингиз - Фарҳод Тожиев, Садриддин Абдуллаев ва Дилшод Шарофутдинов ҳам ўйнашяпти. Улар билан кўришиб турибсизми?

- Шарофутдинов билан деярли ҳар куни телефон орқали гаплашамиз. Фарҳод ва Садриддин эса Малайзия 1-лигаси клуби билан шартнома имзолашган. Улар яшаётган шаҳар Куала-Лумпурдан узоқроқда. Самолётда 45 дақиқалик йўл. Балки кубок баҳсларида уларнинг жамоаси билан тўқнаш келиб қолармиз...

- Боян, Малайзия чемпионатида тўп сураётган легионерлар қанча маош олишар экан?

- Келинг, бу саволингизга жавоб бермай. Лекин шароитлар анча яхши.

- Терма жамоамизга номзод футболчиларнинг Малайзия 1-лигаси клуби таклифини қабул қилишгани кўпчилик мухлислар учун тушунарсиз. Демак, маош катта бўлса керак...

- Очиғини айтсам, аниқ суммани билмайман. Тахминимча, ўртамиёна легионерлар ойига камида 20 минг доллар олишади. Малайзия чемпионатидаги энг бой клуб - бу мамлакатнинг амалдаги чемпиони. Ёдингизда бўлса, бу клуб Осиё кубоги-2015 арафасида Ўзбекистон миллий жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 1:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Унинг етакчи легионерлари йилига бир миллион доллар миқдорида маош олишади. Айтганча, Ўзбекистон термаси билан Сидней шаҳрида кечган учрашувда Малайзия чемпионининг легионерлари майдонга тушишмаганди.

- Жамоанинг машғулотлари қандай давом этяпти?

- Ҳаммаси режа асосида. 7 февраль куни олий лига баҳслари старт олади. Янги мавсумга тайёргарлик босқичларидан бири БААда ўтказилди. Дубай шаҳрида 10 кунлик ўқув-машғулотлар йиғини ташкил этилди. Унинг доирасида ўртоқлик учрашувларида майдонга тушдик. Тайёргарликнинг якуний босқичи эса Индонезияда олиб борилди.

- «Фельда» таркибида сиздан бошқа легионерлар ҳам борми?


- Ҳа, яна 3 нафар - иккиси Либерия, яна бири Австралия фуқароси.



- Жамоа базаси, стадиони қандай таассурот қолдирди?

- Стадионимиз мўъжазгина - 12 минг томошабинга мўлжалланган. Айтишларича, июль ойида жамоанинг янги бунёд этилаётган стадиони фойдаланишга топширилади. У ўз бағрига 40 минг мухлисни сиғдиради.

- Бош мураббий ҳақида қандай фикрдасиз?

- «Фельда»ни маҳаллий мураббий бошқаради. Унинг тажрибали ва билими катта мутахассис эканлиги кўриниб турибди. Асосийси, ўзаро тезда чиқишиб кетдик.

- Қайси рақам остида ўйнайдиган бўлдингиз?

- «Пахтакор»даги каби 4-рақамни танладим. Бахтимга у бўш экан. Бутун фаолиятим давомида айнан шу рақам остида ўйнаганман.

- «Фейсбук» ижтимоий тармоғига қўйган суратларингиз орасида юк машинасига чиқиндиларни ортаётган ҳолатингиз акс этгани ҳам бор эди. Очиғи, буни тушунмадик.

- Малайзияда ёғингарчилик мавсумида кучли ёмғир тинмайди. Яқинда шундай ҳолат юз берди. Бундан айрим аҳоли пунктлари каттагина талофат кўрди. Шунда клуб раҳбарияти зарар етган хонадон эгаларига ёрдам беришимизни сўради. Буни ҳаммамиз мамнуният билан қабул қилдик. Суратларда табиий офат қолдирган асоратлар, яъни чиқиндиларни юк машинасига ортаётган ҳолатимиз акс этган.

- Тил масаласида қийналмаяпсизми?

- Йўқ. Инглиз тилида гаплашяпмиз. Бош мураббий ҳам, маҳаллий футболчилар ҳам бу тилни билишади.

- Жамоа ўз олдига қўйган вазифани бажаришга қодирми?

- Олий лига дебютантидан илк мавсумдаёқ ёрқин ўйин кутиш бироз нотўғри. Лекин жамоанинг ўтган йилги ўйинларини кўриб чиқдим, улар менда илиқ таассурот қолдирди. Қисқаси, «Фельда» бемалол рақобатга кириша олади. Боя айтганимдек, клуб раҳбарияти камида кучли бешликдан жой олишимиз кераклигини таъкидлаяпти. Шунингдек, 2та кубок мусобақасидан бирида зафар қучишимиз шарт.

- Ҳозир қаерда яшаяпсиз?

- Алоҳида 4 хонали квартира беришди. Чемпионат бошланиши арафасида рафиқам ва фарзандларимни ҳам чақиртириб оламан. Дарвоқе, клуб менга Honda русумли машинани ҳам тақдим этди. Шундай экан, нолишга асло ҳаққим йўқ. Ҳаммаси ўйлаганимдан ҳам яхши.

- «Пахтакор» тез орада ОЧЛ-2015да ўз иштирокини бошлайди. Қолаверса, чемпионлик мақомини ҳимоя қилишга киришади. Собиқ жамоадошларингизга тилакларингиз...


- Чемпион бўлишдан уни ҳимоя қилиш қийин. Ўтган йили ажойиб мавсум ўтказдик. Чемпионат бошланиши олдидан кўпчилик «Локомотив»нинг ғолиб чиқишини тахмин қилганди. Биз кучли иштиёқ эвазига амалга оширилиши қийин вазифани уддаладик. Айниқса, «Локомотив»га қарши ўтказган учрашувни алоҳида таъкидлардим. Айнан шу ўйин чемпион номини аниқлаб берди. Унга жиддий тайёргарлик кўрдик. Мағлубиятга учрасак, чемпионликдан умид узишимиз деярли аниқ эди. Буни барчамиз яхши тушуниб тургандик. Ўзбекистон кубоги турнирини эрта тарк этганимиз учун фақат чемпионликка эришиш орқали ОЧЛдаги иштирокни таъминлашимиз мумкин эди. Амалда шундай бўлди. Кучли рақибни унинг майдонида мағлубиятга учратдик.



- Энг қийин ўйин ҳам шу бўлдими?

- Чемпионлик масаласини ҳал этиб бергани нуқтаи назаридан, шундай. Лекин чемпионатнинг қолган ўйинлари ҳам осон кечмади. Айниқса, мавсумнинг биринчи даврасида рақибларни кичик ҳисобда мағлуб этганимиз мухлисларда бироз хавотир уйғотгани бор гап. Иккинчи даврада эса барчаси ўз жойига тушди. Мақсадга қанчалик яқин борганимиз сари ўйинимизни кучайтирдик. Кейин «Пахтакор» қандай ҳолатда бўлмасин, рақиблар унга қарши алоҳида тайёргарлик билан майдонга тушишади.

- Яқин кунларда Ўзбекистоннинг 2014 йилдаги энг яхши футболчиси ва мураббийи аниқланади. Шахсан сиз кимларга овоз берган бўлардингиз?


- Куни кеча интернетда ўқидим, ҳам мураббийлар, ҳам футболчиларнинг кучли учлиги аниқланибди. Футболчилардан Жамшид Искандеров, Одил Аҳмедов ҳамда Виталий Денисов даъвогарлик қилишаётган экан. Ўйлашимча, уларнинг ҳар бири лауреат бўлишга ҳақли. Лекин соврин битта. Агар энг яхши футболчи миллий чемпионатда кўрсатилган ўйинларга қараб аниқланса, бу мақомга шубҳасиз, Искандеровни лойиқ кўрардим. Денисов ва Аҳмедов ҳам ўз клубларида яхши ўйин намойиш этишди. Лекин менинг танловим - Жамшид Искандеров. Мураббийларга келсак, ҳеч иккиланишсиз, Самвел Бабаянни тилга оламан. Чунончи, у мураккаб шароитда жамоани чемпионлик шоҳсупасига олиб чиқди. Лекин қолган даъвогарларга ҳам ҳурматим баланд. Билишимча, йил лауреатларини журналистлар аниқлашади. Бу тўғри қарор. Бутун дунёда ҳаммасини айнан ОАВ ходимлари овозлари ҳал қилади.

Камолиддин Алимов суҳбатлашди
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика