"Бўрилар" "Қизил иблислар"га қарши, бугун ўтказиб юбориш тавсия этилмайдиган ўйин превьюси
19 aug 2019 16:54
News
"Бўрилар" "Қизил иблислар"га қарши, бугун ўтказиб юбориш тавсия этилмайдиган ўйин превьюси
Турни ҳужумкор ва қизиқарли ўтиши кутилаётган беллашув тугатиб беради.
Ўтган мавсум топ-6 жамоаларнинг кушандаси бўлган "Вулверхэмптон" ўз майдонида "Манчестер Юнайтед"ни қабул қилади.
Wolverhampton Wanderers Ruben Neves - 55' |
Premier League . Round 2 20/08/2019, 01:00 1
:
1
Finished
|
Manchester United Anthony Martial - 27' |
Stadium: Molineux Stadium, 31314 spectators
Referee: Jonathan Moss
АПЛ, 2-тур
19.08.2019, 23:55
"Молине стэдиум"
"Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед"
Бош ҳакам: Жонатан Мосс
Қанот ҳакамлари: Марк Пэрри, Эдвард Смарт
"Бўрилар" мавсумни "Лестер" майдонидаги 0:0 ҳисоби билан бошлашди. Нуну Эшпириту шогирдлари Европа лигаси саралаш босқичи доирасида 4та ўйин ўтказишди ва тўртта ғалабани қўлга киритишди. Умумий ҳисобда ўтказилган бешта расмий ўйиндан тўрттасида жамоа ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Жамоа уйда анча ишончли ўйин намойиш этади. Марказда Невеш, Моутиньо ва Дендонкер учлиги назоратни ушлаб туришга ҳаракат қилади. Ҳужумда эса айни пайтда яхши формада бўлган Рауль Хименес ва Диого Жоталар ўтган йилги ишларини такрорлашга уринишади. Уларнинг ҳар иккиси МЮга қарши бир йил олдинги ўйинларда гол урган.
"Манчестер Юнайтед" чемпионатни "Челси" устидан қозонилган ишончли ғалаба (4:0) билан бошлади. Ўша учрашувда гарчи Сульшер шогирдлари биринчи бўлимда мазмунли ўйин кўрсата олишмаган бўлса-да, кейинчалик вазиятни ўзгартиришди. Айни пайтда жамоа муқим ҳимояга эга бўлди. Яъни, Шоу, Магуайр, Линделёф, Ван-Биссака тўртлиги "Қизил иблислар"нинг асосий ҳимоячилари бўлишади. Оле жорий мавсум 4-2-3-1 тактик схемасидан фойдаланмоқда. Мавсумолди ўйинларда ҳам жамоа асосан шу схемада тўп тепди. Норвегиялик мутахассис 4-3-3дан воз кечган кўринади. Балки, зарурат туғилганда фойдаланар, лекин эндиликда Сульшер учун бирламчи схема - 4-2-3-1. МЮ ҳужум зонасида ҳаракатланаёт футболчилар ўзаро жой алмашиб ўйнашмоқда. Рэшфорд ва Марсьяль ҳужум маркази ва чап қанотда алмашиб ўйнаяпти. Баъзан энг олдинда Лингард ҳам пайдо бўлмоқда. Ҳужумдаги ўйинчиларнинг жой алмашиб ҳаракатланаётгани ҳам рақиб ҳимоячиларига қийинчилик туғдиради. Матич соппа-соғ бўлмаган пайтда Мактоминей ўзини яхши кўрсатди ва нима учун жамоа таянч зона ва марказга янги футболчи сотиб олмаганини жавоб бергандек гўё.
Биласизми?
- "Вулверхэмптон" АПЛ доирасида охирги 8та уй учрашувида мағлуб бўлмаган;
- "Бўрилар" ўтган мавсум МЮга қарши барча мусобақаларда 3 бор майдонга тушишган ва умуман ютқазишмаган (2 ғалаба, 1 дуранг);
- "Манчестер Юнайтед" Премьер-лига клублари орасида душанба кунги ўйинларда энг кўп бор ғалаба қозонган - 63 ўйинда 43 ғалаба. 68% - клублар учун ҳафтанинг аниқ бир кунида ғолиб чиқиш бўйича энг юқори кўрсаткич;
- Антони Марсьяль МЮ учун барча турнирларда 49та гол урган. У "Юнайтед" учун 50та гол урган 53-футболчига айланиши мумкин.
Жароҳатлар
"Вулверхэмптон" - йўқ.
"Манчестер Юнайтед" - Эрик Байи, Тимоти Фосу-Менса, Фред, Алексис Санчес.
Тахминий таркиблар
"Вулверхэмптон" (3-5-2): Руи Патрисиу - Хонни, Райан Беннет, Конор Коади, Уилли Боли, Мэтт Доэрти - Лиандер Дендонкер, Жоау Моутиньо, Рубен Невеш - Диого Жота, Рауль Хименес.
"Манчестер Юнайтед" (4-2-3-1): Давид Де Хеа - Люк Шоу, Гарри Магуайр, Виктор Линделёф, Аарон Ван-Биссака - Скотт Мактоминей, Поль Погба - Жесси Лингард, Андреас Перейра, Антони Марсьяль - Маркус Рэшфорд.
Мураббийлар фикрлари
Оле-Гуннар Сульшер: "Вулверхэмптон" - чуқур ҳимояланадиган ва кўп бўш зона бермайдиган қийин жамоа. Улар қарши ҳужумни яхши уддалашади, стандарт вазиятлар хавф туғдиради. Ўтган мавсумдаги ўйинларимизни ўрганиб чиқдик. Бу сафар бизнинг спорт формамиз, ўйинга ёндашувимиз юқори даражада. Биринчи турдаги ғалабадан кейин кайфиятимиз ҳам аъло. Шу сабаб, бу ўйинга ишонч билан ташриф буюрдик".
Нуну Эшпириту Санту: "Бу бошқача ўйин. Сўзсиз, ўтган мавсумдагилардан фарқ қиладиган тўқнашув бўлади. Барча чизиқларида фантастик ўйинчилари бор кучли рақиб билан тўқнаш келаётганимизни биламиз. Биз рақобатбардош бўлишни ва ўйнашни хоҳлаймиз".
Comments