Биз билган Алексис Санчес қайтди: рестартдан кейин 12 ўйинда 3+7. Конте диетаси, машғулотлар ва услубни ўзгартириш фойда берди
01 aug 2020 19:50
News
Биз билган Алексис Санчес қайтди: рестартдан кейин 12 ўйинда 3+7. Конте диетаси, машғулотлар ва услубни ўзгартириш фойда берди
Алексис Санчес ўтмишнинг ёрқин юлдузларидан бири Дель Пьеро эволюциясини такрорлади – фақатгина калта соч турмаги ёки турли хил воқеалар марказида бўлиб қолгани билан эмас, балки тўғридан-тўғри маънода. Тезлигини йўқотган чилилик бир-икки йил ростмана қийналди, у ўзининг янги қирраларини очгунча ҳар иккинчи футболчи унинг ёнидан шамолдай елиб ўтди. Аммо Санчес тўхтаб қолмади ва вазиятдан чиқиш йўлини топа олди.
Рестартдан кейин у – "Интер"нинг мотори ва энг креатив футболчисига айланди. Папу Гомес ва Луис Альберто бутун мавсум давомида рақибларни шошириб қўйиб, 15-16 ассист қайд этган бўлса, Санчес бир ойда 7та самарали узатмани амалга оширди. Алексисга бунинг учун асосий таркибда бошланган 10та учрашув етарли бўлди. Натижада, қаҳрамонимиз А Сериянинг ассистентлари "Топ-5"лигига ёриб кирди – ҳар 75 дақиқада самарали ҳаракат (4+8). Унинг бундай даҳшатли темпига ТОП чемпионатдагилардан фақатгина Месси дош бера олди.
Ренессанс Санчес майдонга тушишидан анча аввал бошланганди. Футболчилар ўз "қасрларида" карантин сабаб "қамалиб ўтирганда", Алексис эса карантинни шаҳардан ташқаридаги уйида ўтказди. Чилилик у ерда бемалол километрлаб масофани югуриши, дарахатларни болтада ёриши ва абжир кучуклари билан дриблинг устида ишлаш имкониятига эга эди. Футбол "уйқу"дан уйғонганда Алексиснинг ҳолати – клубдаги энг яхшиси бўлиб чиқди. Конте шогирдининг ҳолатидан май ойида илк машғулотдаёқ ҳайратга тушди. Июлга келиб: "Мен яна ҳақиқий Санчесни кўряпман. У бошидан кўп нарсаларни ўтказди ва энди яна курашга чанқоқ ҳолатда", - деди мураббий.
Бир қарашда бу тўсатдан юз бергандек. Балки, Алексис Манчестердан келиб турган яхшигина ойликни сарфлаш вақтида ҳақиқий футболни соғингандир, лекин қачонлардир унда бўлган қувват, куч, шижоат айнан "Интер"да қайтди – бу тасодиф эмас. Конте – Италия футболидаги энг асосий мотиватор бўлса ажаб эмас. Унинг ҳиссиётлари, ишига бўлган муносабатини кўриб, атрофидагилар ҳам "ёниб кетади". Лукаку сентябрдаги дербини фаолиятидаги энг яхши ўйинлардан бири деди ва бунинг учун Контега алоҳида раҳмат айтди: "У бутун жамоа олдида мени лапашанг деганди".
Санчес Манчестердан қандай спорт формасида келганидан футбол мухлисларининг хабари бор, албатта. Шу сабаб у октябрь ойида ўзига берилган имкониятларни кўкка совурди, жароҳат олди ва уч ойни ўтказиб юборди. Барча уни "Интер"да ҳам ҳисобдан чиқариб юборганда эса – ажойиб спорт формасини тиклади ва топ-даража қайтди. "Конте ҳатто машғулотларда ҳам ютқазишни истамайди", – ҳайрат билан гапиради Санчес. – Агар мен машғулотда тўп узатишда хатога йўл қўйсам, худди шу вазиятда Скудеттони қўлдан чиқаргандек жанжал қилади. Лекин у бизга кўп нарсани ўргатади, футболни тушунтиради. Бу улкан меҳнат. Клубдаги барча нарса унинг ғолиблик менталитети билан боғлиқ. Конте бизга йўл кўрсатади".
Контенинг хизмати фақатгина чемпионат, машғулотлар ва ўйинлар вақтида эмас, балки бутун дунёда футбол тўхтаганда ҳам билинди. Антонио ҳар бир футболчи учун алоҳида, спортчининг организми, вазифаларини ҳисобга олган ҳолда, диета ишлаб чиқди. Мураббий ва клуб диетологи тановвул вақти ва унда нималар бўлишини ҳам синчиклаб ўрганиб, тузишди, ўз навбатида "Интер" ана ўша маҳсулотларни футболчилар уйига етказиб беришни йўлга қўйди. Муҳим жиҳати, етказилаётган маҳсулотлар Конте қанча айтган бўлса худди ўшанча миқдорда етказилди.
Мисол учун Барелла углеводлар билан "ишлади" – макарон, товуқли бургерлар ва салат. Санчес учун эса "кучли оқсил режими" белгиланди. TyCSports унинг карантин режасини шундай таърифлади: товуқ гўштидан котлетлар, протеинли кекслар, авокадо ва сабзавотлар. "Конте идеалликка интилади ва ҳар бир футболчи учун жўнатилаётган маҳсулотларни шаҳсан ўзи назорат қилди", – хабар беради инсайдерлар.
Иштиёқи кучли бўлган Санчес – доим хавфли. У спорт залида тўхтовсиз машқ қилишга дастурлаштирилган роботга ўхшайди, қийинчиликлардан завқ олади ва кейин қувватини ўйинларда сарфлайди. Оқсил мушакларга "ёқилғи" вазифасини бажарган бўлса, салатлар ва углевод етишмаслиги ортиқча вазндан қутилиш имконини берди. Машғулотлар аввалги Санчесни қайтариб берди. Карантиндан футболчи Лондондаги даврларидек рельеф билан қайтди.
Лекин сиз 32 ёшда бщлсангиз, бу ҳеч нимани кафолатламайди. Тезлик, ҳудди баҳор каби энди қайтмайди. Шу сабабли Алексис ақлини ишга солишига тўғри келди.
Санчес худбин эди, энди эса жамоавий ўйинчи ва фақатгина жисмоний ҳолатига ишонмайди
Санчес деярли бутун фаолияти давомида қулай вазиятларда қочиб кетарди. Умуман олганда барча наноспринтерлар шундай қилишади, у ёшлигидан қанотда ўйнар ва бўш қоладиган катта ҳудудларга ўрганган эди, лекин доимо иккинчи ҳужумчи бўлиб қолган. Чили сафида энг яхши ўйинларини марказий ҳужумчи ролида ўтказган. "Арсенал"даги энг яхши даврида ҳам: Венгер уни бир вақтнинг ўзида Анри ва Бергкамп деб атарди. "Удинезе"даги энг омадли мавсумда ҳам у марказда – "ўнинчи рақам" бўлиб ўйнаган. Лекин доим қанотга қайтган. Венгер буни Алексисни вингер каби фикрлаши билан изоҳлаган.
Конте чилиликка танлаш имкониятини қолдирмади. "Интер" қанотларда буткул бошқача ҳаракат қилади ва Алексис дақиқаларга эга бўлиши мумкин бўлган ягона нуқта бу ҳужум бўлиб қолди. Бироқ бусиз ҳам Санчес энди қанотга қайтиши қийин бўлади. Унинг энг яхши тезланиши Италияда мавсумнинг "топ-100"лигига кирмади. Ўтган йиллар сабаб Алексис старт тезлигини йўқотди ва у энди қайтмайди.
Шу тариқа, Санчес мажбуран идеал позицияда бўлиб қолди – 3-5-2 тактикасидаги эркин форвард. Конте талаблари унинг имкониятларига тўлиқ мос келди. Ҳужумчилар тўпга эгалик қилишда турли қаватларда ҳаракат қилади (натижада рақиб ҳимоя чизиғи жипслиги йўқолади), ўзаро масофани сақлайдилар ва вазифаларни вазиятдан келиб чиқиб бўлишадилар: уларнинг ҳар иккиси ҳужумни марказдан бошлаб бериб, ҳимоячилар ортидаги ҳудудга очилишлари, яъни марказий ҳимоячиларни банд қилшлари – лекин ҳеч қачон бир хил ҳаракат бажармасликлари талаб қилинади. Санчес бунга чизиқлар орасидаги ақлли ўйинни қўша олди ва жамоасининг ҳимоядан ҳужумга чиқишини осонлаштирди. Одатда футболчилар қанотга нега интилади, чунки у ерда бўш ҳудудлар бўлади, лекин Контенинг ҳужумкор ўйинида форвардлар учун тезкор ҳужумларда бўш зоналар етарлича топилади.
"Интер" ҳужумининг стандарт тузилиши: Алексис треквартиста зонасига тушади ва ҳужум ташкиллаштиришда иштирок этади, Лаутаро эса ҳимоячилар ортидаги зоналарга "очилиш" эвазига бўш ҳудудларни юзага келтиради.
Янги ролда Санчес ўйин улубидан ҳам кўра, ўзи ўзгарди десак, унга бўлган қарашни ўзгартира олди десак, тўғрироқ бўлади. Аввал у худбин юлдуз эди, жамоа тизимига эътибор бермай, ўзи тўғри деб билган ҳаракатни амалга оширарди ва аксарият ҳолатларда тўпни "қизғанарди". Жамоавий ўйинни қайсидир маънода бузиб, индивидуал ҳаракатлари эвазига Месси ва Кришни қувлаб етишга интиларди. У жамоасига, жамоадошларига эмас, қолганлар унга мослашиши керак эди.
"Интер"да у буткул бошқача. Тезлигини йўқотган Санчес бор кучини тўп оширишга, жамоавий ўйинга йўналтирди. Энди у ёрдамчи форвард, "нерадзурри" ҳужуми шоусида иккинчи пландаги қахрамон. Ва бу ишни у ажойиб тарзда уддалай олмоқда. "Торино"га қарши ўйинда Алексис 10 бор шерикларига зарба бериш учун қулай тўп оширди ва сал қолса, А Серия рекордини янгилаб қўярди – Кассано 2008 йил бир ўйинда 11 марта шундай тўп оширишини қайд этганди. 899 дақиқада 8 ассист ёздириб қўйди. Агар Санчес бутун мавсум шундай график билан ўйнаганда – лига рекордини янгиларди.
Санчеснинг таъсири жамоа тўпсиз ҳаракат қилганда айниқса билинмоқда. Олдин Конте тезкор ҳужумчи ва баланд бўйли форвард дуэтидан фойдаланарди ва тизимнинг ўзи ҳар ўйинчининг ҳаракат диапазонини белгилаб берарди. Бироқ "Интер"да у икки нафар эркин форвард билан ўйнамоқда. Буларнинг барчаси ишлаши учун ҳужумчилардан интеллект ва мослашувчанлик талаб қилинади ҳамда бу Лукаку шарофати билан амалга ошмоқда, Лаутаро – бельгиялик сингари кўпқиррали эмас. Алексис эса бу борада Ромелуданда кучлироқ бўлиб чиқди.
"Лаутаро ва Санчес жуфтликда ҳаракат қилса, "Интер"нинг олдиндаги ҳаракатлари янада кескинроқ ва аниқроқ бўлмоқда, – ҳисоблайди Беппе Бергоми. – Улар бир-бирларини зўр тўлдиришмоқда. Санчес ажойиб ўйин кўрсатмиоқда, ҳимоячилардан қочиб, ассистент ролида фойда келтиряпти, креатив ҳаракатларни кўпайтирди".
Санчес устун жиҳатларини жамоаси ўйинида фойдали ишлашини таъминлай олмоқда. У энди қолганлар ўзининг хатосини тўғрилаб, унга тўпни етказишларини, қулай имконият юзага келишини кутмай, ўзи вазиятга, жамоага мослашмоқда. У Лукакудан кўпроқ меҳнат қилмоқда, Лаутаро билан фарқ эса янада каттароқ. Қизиғи, уларнинг ҳар иккиси билан ҳам яхши чиқишмоқда: энди Контеда сифатни йўқотмаган ҳолда, ҳужум чизиғи учун бирданига учта вариант (шу сабаб Антонио аввалгига нисбатан кўпроқ ротацияга мурожаат қилмоқда). Санчес рақиб ҳимоясидаги бўшлиқни аниқлаб, тезда ўша оғриқлик нуқтага ҳужум қилмоқда. Бир қарашда унинг аниқ бир нуқтаси, ҳудуди йўқ, лекин у доим рақиб учун максимал равишда муаммоли жойда пайдо бўлмоқда. "Алексис рақиб ҳимояси балансини бузиб юбормоқда. У ҳеч бир мураббий таъсир ўтказа олмайдиган ишни бажариб бера оляпти", – дейди Хорхе Вальдано.
"Санчес "Интер"даги ҳаммадан кўра яхшироқ тизимдаги муаммоларни кўра олмоқда, – тушунтиради клубнинг собиқ мураббийи Андреа Страмаччони. – У ўйинни ўқиш бобида анча ўсди. Унинг ассистлари, энди Алексис жамоа учун ўйнашга ва Лаутаро учун ҳаракат қилишга рози, аргентиналик учун эса олдинда доим 5-6 метр жой керак".
Санчес доим ҳам майдонда бўлмаган бўлсада, рестартдан кейин "Интер"нинг ҳар учтадан камида битта голида иштирок этди. Лекин унинг фойдаси бу рақамларданда кўрпоқ аслида. Мисол учун "Брешия" билан учрашув. Миланликлар рақибни 6:0 ҳисобида "янчиб ташлади". Санчес пенальтидан гол урди ва 2та голли узатма берди. Аммо аслида 5та голда ҳиссаси бор. Д’Амброзионинг голидан ассистга тўпни етказиб берди, Эриксеннинг голида эса марказий ҳимоячини қанотга олиб кетди – шу тариқа, ҳимоя марказида бўш зона яратиб берди.
Буёғига нима бўлади, тушунарсиз. Санчеснинг бу қадар очилиб кетишидан фақат "МЮ" ютди
"Санчес – топ. Мен "Интер"да бўлганимда уни дарҳол сотиб олардим, – фикр билдиради 80-йиллар топ-ҳужумчиси Бруно Жордано. – Ҳа, унинг маоши ҳам катта, лекин уч чинакамига катта футболчи".
Клубга бевосита алоқаси бўлмаган деярли барча шундай фикрда, лекин клубдагиларни ўйлантираётган бошқа жиҳат ҳам бор, улар фақатгина футболчининг ўйинидан келиб чиқиб, қарор қабул қила олишмайди. Шу сабабли ҳозирча Алексиснинг келажаги ҳақида бир нима деб бўлмайди.
"Интер" уни сақлаб қолмоқчи, буни захира вариантлари у қадар кўп эмаслиги ва Лаутаронинг "Барселона" ҳақидаги фикрлари сабаб ҳам тушунса бўлади. Вазиятни "Рома" ҳам синчковлик билан кузатмоқда. Ҳар икки клуб ижара ва тўлиқ сотиб олиш вариантларини ўрганмоқда. Аммо гап айланиб яна футболчининг маошига бориб тақалмоқда.
Санчес қанчалар ёрқин ўйин кўрсатмасин, манчестердаги шартнома – ўшанда ҳам кўпчиликни "шок" ҳолатга солганди ва уни ҳеч ким такрорламаса керак. Бу тушунарли, лекин тушунарли дегани Санчес ҳам бунга рози ва барчаси шундай бўлади дегани эмасда. Унинг маоши солиқларни инобатга олиб, бонусларсиз йилига тахминан 17,5 млн еврони ташкил қилади. "Интер" фақат 7 млн тўлайди – қолгани "Манчестер"нинг "бўйнида".
"Юнайтед" ҳозир қулайроқ вазиятда ва трансфер ойнаси даврида фақатгина "Рома" ва "Интер"дан мактуб олмаслиги деярли аниқ. Клуб чиқимларни қисман қоплаш мақсадида 15-20 миллион ишлаб олишни кўзлаган. "Интер" эса 10дан кўп беришни истамаяпти, лекин трансфер суммаси муаммо туғдирмайди, Санчес миланликлар ёқимтойига айлана олди, "МЮ"да эса ойлиги туфайли чилиликни магазинчи Ғайбулла ҳам ёмон кўради. Лекин Алексиснинг ўзини кўндириш у қадар осон бўлмаса керак.
Gazzetta dello Sport мухбири Давиде Стоппинининг ёзишича, "Интер" Санчес билан келишиб олган: футболчи йилига 12 млн тоза (бонуслар билан 15 млн) маош олади, келишув 2023 йилгача имзоланади. Лекин бу бироз шубҳали. "Интер"да энг катта маош Лукакуда – йилига 7,5 млн евро. Ромелунинг Конте лойиҳасидаги стратегик аҳамиятини инобаттга олсак, клуб бошқа кимгадир икки баробар кўпроқ тўлаши ғалати. Қўшимчасига, у футболчи 32 ёш бўлса, жамоада эндигина бир мавсумни омадли ўтказган ва узоқ йиллик режаларда иккинчи даражали объект ҳам эмас. Хатога йўл қўйса, кейин анча ватқ қийин бўлишини "Юнайтед" мисолида кўриб бўлди ҳамма. Бу Маротта иш услубига хос эмас.
Яна бошқа инсайдлар ҳам бор ва улар ҳақиқатга яқинроққа ўхшаяпти: Санчес маоши камайишига рози бўлса, "Интер" уни сотиб олади (Corriere dello Sport ёзишича, клуб футболчига тоза 7 миллион беришга тайёр). Маротта бу маълумотни "Sky Sport" эфирида ҳам қисман тасдиқлаб ўтиб кетди: "Вазият мураккаб, уни "Юнайтед" билан икки йиллик шартномаси бор. Лекин "Интер" шошишига тўғри келмоқда, ҳозир тўп "Манчестер" томонида.
Санчеснинг ижара муддати 3 август куни якунига етади. Миланликлар келишувни бир ойга Европа Лигаси учун (5 август куни "Хетафега" қарши ўйин) чўзишга уриниб кўришди, ўхшамади. Вудворд Конте қўл остида захира варианти, ўйинчиси йўқлигини билади ва шу сабаб "Интер"га босим ўтказмоқда. Вақт деярли қолмади, Алексис Манчестерга қайтганидан кейин аукционни италияликлар ютишига кафолат йўқ. Талабгорлар кўпайиб кетса ажаб эмас.
Бу вазиятда кўп нарса Санчеснинг қанчалик футбол ўйнашни исташига ҳам боғлиқ.
Нозима Зарипова таржимаси
Comments