Бир ўйин тарихи. Зейтуллаевнинг терма жамоа либосидаги охирги голи, иккинчи таркиб билан келган Қатар, Шацкихнинг ягона қизил карточкаси 2006 йилги Ўзбекистон – Қатар учрашувини ёдга оламиз
08 jun 2020 14:02
News
Бир ўйин тарихи. Зейтуллаевнинг терма жамоа либосидаги охирги голи, иккинчи таркиб билан келган Қатар, Шацкихнинг ягона қизил карточкаси 2006 йилги Ўзбекистон – Қатар учрашувини ёдга оламиз
Бугун Осиё кубоги-2007 саралаш босқичидан ўрин олган, “Пахтакор” марказий стадионида ўтказилган Ўзбекистон – Қатар учрашувини ёдга оламиз. Эсингизда бўлса, мазкур квалификацион турнир тафсилотлари, учрашувлар атрофидаги воқеалар ҳақида аввалги сонларимизда батафсил айтиб ўтган эдик. Шунинг учун бугун асосан ўйин ҳақида фикрлашамиз ва сўз юритамиз.
Бош мураббий Валерий Непомнящчий мазкур баҳсга бир қатор маҳаллий ва легионер футболчиларни таклиф қилди. Улар орасида Италияда жавлон ураётган ўзбекистонлик футболчи Илёс Зейтуллаевни ҳам кўришимиз мумкин эди. Максим Шацких, Андрей Фёдоровлар эса доимгидек терма ихтиёрида бўлишди. Маҳаллий футболчилардан Кападзе, Жепаров, Кошелев, Кирьянлар ҳам шу куни баҳсни асосий таркибда бошлашди. Қайсидир маънода улар Валерий Кузьмич даврида терманинг ўзагига айланиб улгурганди.
Мухлисларнинг асосий диққат эътибори Зейтуллаевга қаратилган, ундан кўп нарса кутишарди. Аввалги йилларда иқтидорли ярим ҳимоячи кўп ҳам термага чақирилмаганди. Жароҳатлар, ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар ўртада тўсиқ бўлиб турарди. Непомнящчий эса хорижда ўйнаётган ҳамюртларимиздан кўпроқ фойдаланишга ҳаракат қиларди.
Қатар Тошкентга иккинчи таркиб билан келган, боиси улар йўлланмани муддатидан аввал нақд қилиб қўйишганди. биргина таниқли маҳаллийлаштирилган легионер Себастьян Сория Куинтанани айтмаганда таркиб 90 фоизга ўзгариб кетганди. Ўзбекистон терма жамоаси бундан олдинги баҳсларда очколар йўқотиб бироз қийин аҳволга тушиб колганди. Гонконг билан, сафарда Қатар билан ўйинларда йўқотилган очколар қимматга тушишга яқин келганди. Агарда ушбу баҳсда ғалаба қозонсак муаммосиз иккинчи ўрин билан Осиё кубоги финал босқичи чиптасига эга чиқардик. Иккинчидан эса Қатардан ўз уйимизда сафарда учралган 1:2 ҳисобидаги мағлубият учун ҳам реванш олиш ҳисси футболчиларимизга қўшимча куч бериши тайин эди.
Учрашувнинг 31-дақиқасида тезкор техника ва дриблинг эгаси, кучли зарбалар билан кўплаб дарвозабонларни доғда қолдирган Леонид Кошелев рақиб ҳимоячиларини тартибсизлигидан фойдаланиб чиройли тарзда тўп киритди. Кўпчилик соғинган Кошелевни тез орада “Тезкор Студия” лойиҳасида эксперт сифатида кўришингиз мумкин бўлади. Ҳозирда мураббийлик соҳасида фаолият олиб бораётган собиқ футболчидан Осиёнинг кучли посбонлари ҳам жабр кўришганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Джемалидин Мушович бошчилигидаги Қатар шу куни босимсиз ўйнаши, кўп ҳам ҳужумга интилмаслиги вакилларимизга фойда берди. Чунки, барибир руҳий томондан уларда хотиржамлик бор эди.
Иккинчи бўлимнинг 53-дақиқасида биз таъкидлаётган Илёс Зейтуллаев таблодаги ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Афсуски, ушбу гол унинг терма жамоадаги фаолиятидаги охирги гол бўлиб қолди. Умуман олганда миллий жамоада 10та учрашувда майдонга тушиб 2та тўп киритган Зейтуллаев барча иккита голни биз ёдга олаётган саралаш босқичида уради.
Яна бир эътиборга молик воқеа баҳснинг 60-дақиқасида рўй беради. Яъни рақиб ҳимоячиси билан майдонда тортишиб қолган Максим Шацких қатарлик футболчига қўли билан ножўя ҳаракат қилгани учун амирлик ҳакам Муҳаммад Умар томонидан четлатилади У билан бирга рақиб ўйинчиси ҳам қизил карточка билан сийланади. Бу Макснинг терма жамоадаги ягона қизил карточкаси сифатида тарихга киради.
Гарчи, термамиз қитъа кубогига йўлланма олган бўлсада якунда Валерий Кузьмичга чиқиш эшиклари кўрсатилади ва келишув бекор қилинади. Қизил карточка олган Шацких эса Осиё кубоги гуруҳ босқичидаги биринчи тур Эронга қарши беллашувни ўтказиб юборганди.
Осиё кубоги-2007 саралаши.
Ўзбекистон – Қатар – 2:0
15.11.2006. Тошкент. “Пахтакор” Марказий стадиони. 20000 томошабин.
Бош ҳакам: Аль-Саиди Муҳаммад Умар (БАА)
Голлар: Леонид Кошелев 31, Илёс Зейтуллаев 53.
Четлатиш: Максим Шацких 60 – Абдуллох Аль Берик 60.
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Андрей Фёдоров, Виталий Денисов, Алексей Николаев, Асрор Алиқулов, Владислав Кирьян, Темур Кападзе (Улуғбек Бақоев, 90), Леонид Кошелев (Александр Гейнрих, 83), Илёс Зейтуллаев (Виктор Карпенко, 65), Сервер Жепаров, Максим Шацких.
Жамоалар майдонга тушиб келишмоқда
Ўша ўйинда терма жамоамиз сардори - Андрей Фёдоров
Қатар терма жамоаси, Себастьян Куинтанани танидингизми?
Владислав Кирьян, Асрор Алиқулов, Илёс Зейтуллаев, Леонид Кошелев ва Игнатий Нестеров
Мураббийлар штаби ва захирадаги футболчилар. Валерий Непомняшчий, Равшан Ҳайдаров, Усмон Тошев, Барот Элмуродов, Андрей Жегало, Мирко Йеличич.
Тепа қатор (чапдан ўнгга): Асрор Алиқулов, Алексей Николаев, Тимур Кападзе, Леонид Кошелев, Владислав Кирьян, Андрей Фёдоров.
Пастки қатор (чапдан ўнгга): Максим Шацких, Виталий Денисов, Игнатий Нестеров, Сервер Жепаров, Илёс Зейтуллаев.
Зейтуллаев тўп билан олдинга ўтмоқда
Тўп Владислав Кирьянда
Сервер Жепаров
Леонид Кошелев
Тимур Кападзе
Андрей Фёдоров ҳужумчиларга ёрдамга келган пайт
Максим Шацких икки рақиб қуршовида
Comments