“Бир футболчи тарихи”. Клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатида қатнашган Сардор Рашидов ҳақида
18 jan 2021 15:04
News
“Бир футболчи тарихи”. Клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатида қатнашган Сардор Рашидов ҳақида
Хоразм диёридан чиққан Жалолиддин Машарипов, Сурхон ўғлони Элдор Шомуродов ва бугунги қаҳрамонимиз Жиззах ўлкасидан – Сардор Рашидов. Футболимизнинг ўтмишига назар солсак, бу ўлкадан кўплаб футболчилар етишиб чиққан. Жасур Ҳасанов, Воҳид Шодиев, Баҳодир Пардаев, Азиз Ғаниев, Шароф Муҳиддинов ва бошқалар. Сардор Рашидов эса ёрқин тарзда порлади. Ўз вақтида “Бунёдкор”дан катта пул эвазига трансфер қилинганини ҳалигача эслаймиз. Бу каби трансферлар кўп бўлишини футбол раҳбарлари ҳам, мухлислари ҳам хоҳлашади. Бугун футболчи Рашидовларнинг каттаси билан танишамиз.
Сардор Рашидов – ким ўзи у?
Қаҳрамонимиз Ўзбекистон мустақиликка эришган йили – 1991 йилнинг 14 июнь куни Жиззах шаҳрида туғилди. Футбол ҳақидаги тасаввурларни, ушбу спорт тури билан шуғулланишни шаҳардаги футбол мактабидан олди. Рашидовнинг биринчи устози Усмон Муҳаммедшин бўлажак футболчига футбол сир-асрорларини ўргата бошлади. “Сўғдиёна”нинг ёшлар жамоасида фаолиятини бошлаган бўлса, 2010 йилнинг ёзидан Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси аъзосига айланди. Дастлаб ёшлар жамоасида ўйнай бошлаган бўлса, кейинчалик катталар жамоасининг асосий футболчига айланди. Ўзи бу ҳақида эслар экан шундай деган эди: “Футболга кириб келишимда дадамнинг ҳиссаси катта. Ҳатто, боғчага борадиган вақтимда ҳам, тушликдан кейин мени футбол машғулотларига олиб борардилар. Адашмасам, 4-5 ёшимдан бошлаб футбол билан шуғуллана бошлаганман. Кейинчалик Жиззах вилоят биринчилигида Зарбдор тумани жамоасида тўп сурдим. Шундан кейин “Сўғдиёна” ёшлар жамоасига ўтдим ва профессионал фаолиятим бошланди. Ўшанда жамоага мени ҳеч ким таклиф қилмаганди, ёшлар жамоаси учун йиғин бўлган ва ўша йиғинга қатнашиб, бошқа ёшлар қатори иккинчи жамоага қабул қилингандим. “Сўғдиёна”да асосан ўринбосарлар сафида тўп суриб, асосий жамоада 2-3та ўйинда майдонга тушганман.
2009 йил “Бунёдкор” жамоаси ёшлар мураббийи Ҳикмат Эргашев Тошкентга таклиф қилганди. Дастлаб клуб ўринбосарлари сафида тўп сурганман. 2010 йил Миржалол Қосимов асосий таркибга жалб қилганди, аммо жароҳатим боис сафдан четдан қолдим ва 2013 йилдагина “Бунёдкор”нинг асосий таркибидан ўрин олдим”.
Клублардаги фаолияти ҳақида
Жамоада бир қанча тажрибали футболчилар билан бирга ўйнаганига қарамай, Рашидов 2013/14 йилларда етакчилик қила бошлади жамоада. Ўзининг сермаҳсуллиги билан Осиё ва Европанинг бир қатор жамоалари эътиборига туша бошлади. “Бунёдкор” ва Сардор Рашидовга келган қатор таклифлар ўрганилгач футболчи Қатарнинг “Ал-Жаиш” клубини танлади ва юқорида келтирилгандек 2,1 миллион доллар эвазига янги жамоасига кўчиб ўтди. “Бунёдкор” сафида жами 78 учрашув ўтказди ва 22 голнинг муаллифига айланди.
Қатар клубида Рашидов асосий футболчига айлана олди. Жамоаси сафида бир қатор голлар ура бошлади. Осиё Чемпионлар лигасида Ўзбекистоннинг “Насаф” жамоаси билан бир гуруҳда иштирок этган “Ал-Жаиш”, гуруҳ баҳсларида ўзаро ўйин ўтказди. Қатарда ўтказилган баҳсда Сардор Рашидов ўйиннинг охирларида қаршиликлар жамоасига гол урди. Қатардаги 2 йиллик фаолиятдан сўнг унинг жамоаси бошқа бир жамоа билан қўшиладиган бўлди. “Ал-Жаиш” “Ал Дуҳаил”га ўзгаргач, жамоадаги бир қатор етакчилар, жумладан Сардор Рашидов ҳам клубни тарк этди.
Сардор Рашидовнинг кейинги манзили – БААнинг “Ал Жазира” жамоаси бўлди. “Ал-Жазира” бош мураббийи ва шахсан клуб президенти мени жамоа сафида кўришни исташди. Бу биринчи қадамни ташлашимда муҳим омил бўлди. Қолаверса, “Ал-Жазира”нинг Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашиши ҳам танлов бўйича бир тўхтамга келишимни осонлаштирди. Чунончи, салоҳиятимни дунёсининг гранд клубларига қарши ўйинларда синаб кўриш хоҳиши кучлилик қилди. Умуман, бунинг вақти ҳам келганди. Яна бир томони, “Ал-Жазира” якунланган мавсум БАА чемпионати ғолибига айланди. Хуллас, ҳаммаси бир бўлиб, БАА клуби таклифини қабул қилдим” – дея таъкидлаганди янги жамоага ўтганидан сўнг Сардор Рашидов.
Ўша йили Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига БАА мезбонлик қиладиган бўлди. Рашидовнинг жамаоси мамлакат чемпиони сифатида ўша турнирга қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Жамоа ярим финалда Испаниянинг “Реал Мадрид” клубига қарши ўйнади, лекин ўша баҳсда мағлуб бўлди ва турнирнинг финалига чиқа олмади. Сардор Рашидов ўша турнирни захирадан туриб томоша қилди. “Реал Мадрид”га қарши ўйиндан сўнг у Роналду билан суҳбатлашган. Шу ҳақида ўзи “Ўйиндан кейин Роналду билан гаплашдим. Криштианунинг ҳол аҳволи билан қизиқдик ва сўнгра унинг футболкасини сўрадим. Лекин бу менга насиб қилмаслигини сезиб тургандим. Чиндан ҳам мендан олдин футболкани сўраб бўлган экан. Ростини айтсам, расмларда ва телевизорда жуда бақувват кўринади. Лекин яқиндан қараганимизда ўзимизни йигитлар каби. Хатто, яккама якка суҳбатимизда унинг елкаси меникидан бироз пастроқдек туюлди” – дея хотирлаганди.
Ўтган йили берган интервюсида: “Ал-Жаиш”дан БААнинг “Ал-Жазира” клубига ўтганим фаолиятимдаги хато бўлган. Ўшанда БААнинг “Ал-Айн” клубига ҳам ўтишим мумкин эди. Бу борада жамоа сардори ва етакчиси Умар Абдулраҳмон билан бир неча бор гаплашгандим, у “Ал-Айн”га ўтишимни сўраганди. Аммо, “Ал-Жаиш” сўраган 1,5 миллион доллар трансфер пулини “Ал-Жазира” тўлашга рози эди, “Ал-Айн” эса камроқ таклиф қилган. “Ал-Жазира”га ўтганимнинг яна бир сабаби, бу клуб клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этарди.
Аммо Абу-Дабидаги фаолиятимда кўп муаммолар бўлганди. Мураббий билан ҳам келиша олмагандик. Натижада деярли ўйнамай, алоқани узиб, 2018 йил февраль ойида “Локомотив”га қайтдим. Ўшанда Қатарда трансферлар ёпилгани ва фақат Ўзбекистонда очиқлиги учун юртимизга қайтгандим” – деган эди.
2018 йили Сардор Рашидовга Франциядан бир неча таклифлар борлиги ҳақида гап-сўзлар қулоққа чалинган эди ўша вақтда. Бироқ, Рашидов Тошкентнинг “Локомотив” жамоасига ўтди. “Мен кўпроқ ўйнашни ва футболчи сифатида ўсишни истадим. Шу сабабли ҳам "Ал Жазира" жамоасини тарк этиб, "Локомотив" сафига келиб қўшилдим. Бу бежиз эмас. "Локомотив" – катта клуб. У айни пайтда Осиё майдонларида иштирок этмоқда ҳамда жуда катта мақсадларни кўзлаган. Мен бу жамоага ҳар бир мусобақада соврин ютиш мақсадида келдим. Ҳар бир жамоанинг ҳам "олтин даври" бўлади. Ҳозир айнан "Локомотив"нинг даври. Жамоа етарли даражада салоҳиятга эга ва Осиё Чемпионлар Лигасида улкан зафарни кўзламоқда. Мен ушбу жамоа билан улкан ғалабаларга эришмоқчиман. Йўқса Ўзбекистон чемпионатига қайтмаган бўлардим” – деган эди Тошкент клубига келганидан сўнг. “Локо” сафида бир мавсумни ўтказган футболчи, жамоаси билан биргаликда Ўзбекистон Суперлигасида ғолиб бўлди. “Темирйўлчилар” сафида жами 31 ўйин ўтказиб, 11 гол муаллифига айланди.
2019 йилги Осиё Кубоги давом этаётган бир паллада барчанинг эътибори Сардорнинг Португалия клубига ўтганига тушди. Рашидов “Насьонал” клубига кўчиб ўтди. Дебют ўйинини “Бенфика”га қарши ўтказган бўлса, ўша баҳсда 0:10 ҳисобида мағлуб бўлди “Насьонал”. Кейин турда эса Рашидов хет-трикка эришди ва ўйиннинг “энг яхши футболчиси” бўлди. “3 та гол уриб, хет-трик қайд этганимдан жуда хурсандман. Ушбу голларимни ватаним, Ўзбекистон халқига бағишлайман. Менга қаратаётган эътибор ва мухлислик учун барчага ташаккур билдираман ва янада яхшироқ ўйин кўрсатиб, кўплаб голлар уришга интиламан” – деган эди Рашидов учрашувдан сўнг.
Жамоа билан мавсум охиригача бирга бўлди, кейинроқ эса Рашидов яна Қатар жамоаси футболчисига айланди. “Қатар СК” Сардорнинг янги жамоасига айланди. Футболчи у ерда ҳам қатор баҳслар ўтказди ва бир неча голлар уришга муваффақ бўлди.
Терма жамоадаги фаолияти ҳақида
Сардор Рашидов терма жамоага дастлаб 2013 йилнинг октябрь ойида, Осиё Кубоги-2015 саралаш турнири доирасидаги башда Ветнамга қарши ўйинга чақирилди ва дебют баҳсидаёқ гол уришга эришди. 2015 йилги Осиё Кубогида ҳам иштирок этган Сародр 4 учрашувда иштирок этиб 2 та гол муаллифи бўлди. Голларнинг иккини ҳам Саудия Арабистони терма жамоасига қарши ўйинда киритди. Айнан ўша голлар Ўзбекистон терма жамосининг гуруҳдан чиқиши учун керакли бўлди.
ЖЧ-2018 саралашида ҳам қатор ўйинлар ўтказди. 2019 йилги Осиё Кубогида ҳам иштирок этган Сардор Рашидов майдонга тушди, аммо турнирни голсиз тарк этди.
Шахсий ҳаёти
Рашидовлар оиласидаги 3 ўғил ҳам футболчи. Сардор, Санжар, Саҳоб Рашидовлар бугунги кунда турли жамоаларда фаолият олиб боришмоқда. Сардор Рашидов 2016 йили бўйдоқлик билан ҳайрлашди. 31 май куни уйланди. Бугунги кунда 2 нафар қизалоқнинг отаси.
Ҳозирда Сардор Рашидов Ўзбекистонда. “Қатар СК” жамоасидан сўнг унга бир нечта жамоалардан таклифлар бўлаётгани ҳақида гап-сўзлар чиқиб турибди. Рашидовнинг ва уччала Рашидовларнинг фаолиятларига омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Оғабек Самисов тайёрлади
Comments