"Бир футболчи тарихи". Александр Гейнрих: Яшил майдонда ўтмаган болалик, Бабаяндан янги йил совғаси ва Тотти услубида нишонланган гол
11 jan 2022 13:54
News
"Бир футболчи тарихи". Александр Гейнрих: Яшил майдонда ўтмаган болалик, Бабаяндан янги йил совғаси ва Тотти услубида нишонланган гол
Улар мухлисларга олам-олам қувонч бағишлашади. Форвардлар қийин пайтда жамоага фойда келтиришади, муаммоларнинг ечилишига сабабчи бўлишади. Биргина ғалаба голи муаллифи халқ қаҳрамони, миллат фахри, келажак кўзгусига айланиши мумкин. Юртимиз футболи тарихида бундай футболчилар бисёр. 2000 йилларда Ўзбекистонда яна бир иқтидор етишиб чиқди - Александр Гейнрих. Сўнгги пайтларда майдонда кайфият улашадиган, ишонч берадиган, айёрликни жойига қўядиган характердаги футболчини терма жамоамизда кўрмаяпмиз. Чиндан ҳам шундай. Сезганингиздек, бугунги мақола Сашага бағишланади.
Асли келиб чиқиши немисларга бориб тақаладиган Гейнрих 2001 йили 16 ёшида "Дўстлик" жамоаси орқали катта футболга кириб келди. Бу ҳақида унинг сўзи шундай сўзлайди:
- Кунларнинг бирида дўстларимдан бири, барибир кун бўйи футбол ўйнаяпмиз, кеттик бирон-бир тўгаракка бориб шуғулланайлик деди. Ҳар куни қилиб юрган ишимиз бўлганлиги учун йўқ демадим ва туман футбол мактабига ёзилдим. Кейин бизни шаҳарни иккинчи лигасидаги жамоага қабул қилишди. Тўп билан муомала қилиш давомида, бу мени ишим эканлигини англаб етдим. Туманлараро чемпионатда Чирчиқ жамоасига қарши ўйнар эдик, ўшанда чирчиқликлар шарафини Сервер Жепаров ҳам ҳимоя қилар эди. 8-синфга ўтганимиздан кейин Илёснинг дадаси Бакир ака Зейтуллаев бизни Тошкентдаги интернатга олиб боришини айтди. Бу пайтда Илёс ҳам машғулотлардан ўтаётган эди. Йиғиндан ўтиш учун машғулотларга келдим. Очиғини айтаман осон бўлмаган. У пайтда интернатда Ўзбекистоннинг энг кучли болалари келиб йиғиндан ўтишар эди. Энг сараланган футболчиларгина кўрикдан муваффақиятли ўтишди. Улар қаторида мен ҳам бўлган эдим. Шундан кейин футбол мени ҳаётим бўлишини англаб этдим ва бор эътиборини унга қаратдим.
Ҳар биримизда тўп бўлар эди. Аммо бу тўплар учун ўзимиз пул йиғар эдик. Қўшимча машғулот ўтказишни истасак ҳам шу каби ҳолат. Интернатда ёғоч кукунидан (опилка) иборат бўлган майдон бўлар эди. Пул йиғиб кукун сотиб олар эдик. Мана шундай майдонда тўп тепардик.
Ўта абжир, вазиятларда совуққонлик билан ҳаракатланадиган форвард тез орада «Пахтакор» скаутлари эътиборини ўзига қаратди ва 2002 йилда "шерлар" аъзосига айланди.
- Интернатдаги устозим Баҳодир ака Тошмуҳамедов менга "Дўстлик" қизиқаётганлигини айтдилар. Мен "Дўстлик" сафида асосан ўринбосарлар сафида майдонга тушар эдим. "Нефтчи"га қарши ўзига хос дерби бўлар эди. Боиси жамоамиз анча кучли бўлган, амалдаги чемпионлар. Азамат Абдураимов, Жафар Ирисметов каби ҳужумчилар ҳаракат қилишган. "Нефтчи" ўринбосарларига қарши ўйинда эса рақибимиз ҳужум чизиғида Копадзе ва Коваленко ҳаракат қилар эдилар. Шундан кейин бизни "Пахтакор"га жалб қилишди. Бу пайтга келиб Магдеев билан анча яқин эдик. У ҳам менга қўнғироқ қилиб "Пахтакор"дан таклиф тушганлигини айтди. Шу тариқа биз "Пахтакор"дан ўрин олдик.
Пойтахтдаги илк мавсумидаёқ 23та учрашувда 9 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилди, ОЧЛда дебютини нишонлади. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан жаҳон чемпионатига йўлланма олди.
2003 йилда Виктор Борисов бошчилигидаги термамиз БААдаги кичик мундиалда Мали (2:3), Испания (0:1), Аргентина (1:2) каби кучли жамоалар билан бир гуруҳдан жой олди. Гарчи гуруҳдаги ўйинларнинг ҳаммасида ютқазган бўлишсада, вакилларимизнинг иштироки мухлис ва мутахассисларда илиқ таассурот қолдирди. Мана шу мусобақада Гейнрих 2та гол урди ва кўп ўтмай миллий термага таклиф этилди.
Бош жамоамизнинг ўша пайтдаги мураббийлари - Равшан Ҳайдаров ва Юрген Геде уни 2004 йили Хитойда ўтказилган Осиё кубогига олиб кетишди. Тўрт йил олдинги мусобақада Саудия Арабистонига йирик ҳисобда ютқазган термамиз Чин ўлкасида ушбу мағлубият учун реванш олди. Айнан Гейнрихнинг жарима зарбасидан киритган тўпи ғалабани таъминлади. Бу ёш иқтидор учун улкан воқелик эди. Чорак финал доирасидаги Баҳрайн термасига қарши баҳсда Саша яна жарима зарбасидан гол урди.
Ўша кезлари Гейнрихга "Пахтакор" менежери Самвел Бабаяндан кутилмаган қўнғироқ бўлганди: "Саша, тезда кийимларингни йиғиштир. Эртага Москвага учасан. Бу мен учун янги йил ҳангомаси бўлиб кўринди",- дейди Гейнрих. Футболчига Россия гранди ЦСКА қизиқиш билдирди ва шартнома ҳам имзолади. Бироқ катта футболда ўз ўрнига эндигина эга бўлаётган ўйинчи кучли легионерлар соясида йўқолиб қолди. "Армиячилар" сафида бор-йўғи иккита учрашувда майдонга тушди, холос.
"Россияга биринчи борганимда жуда ёш эдим. У ерда футбол ўйнаш осон эмаслигини тушундим. Қийин чемпионат, номдор футболчилар. Ўзим учун керакли хулосаларни чиқарганман", - деганди Гейнрих ўз интервьюсида.
Кейинчалик у Россиянинг бошқа бир клуби - "Торпедо" сафига қўшилди, 18 баҳсда уч бор гол урди. Сўнг "Пахтакор"га қайтди. 2006 йили Рауф Инилеев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон олимпия термаси Қатардаги Осиё ўйинларида қатнашди. Гейнрих 4та ўйинда 3та тўп киритди. Мазкур учрашувларда у тажриба тўплаб борди. Характер ва ўзига хос услубга эга бўлди. Стандарт вазиятлардан моҳирлик билан фойдаланиши кўп ҳолларда рақиб посбонига муаммо туғдирарди. Шу сабабли тез орада мухлислар ёқимтойига айланди. 2007-2011 йиллар мобайнида Гейнрих ўзининг жонажон "Пахтакор" клубида бири-биридан ажойиб мавсумларни ўтказди.
- Нима учун сиз доим ҳуқуқан "Пахтакор"га тегишли бўласиз. Лекин кўпчилик билмайди, қийин пайтда эркин футболчи бўлсангиз-да, "Пахтакор" билан шартномангизни узайтириб жамоага пул ишлаб олиш имконини берасиз. Аслида, шу трансфер пулини ҳам клубдан ўзингиз учун олсангиз бўлади...
- Тўғри, лекин пул ҳамма нарсани ҳам ҳал қилмайди-ку?! Очиғини айтсам мен пул борасида сахийман. Мен учун пулдан кўра, икки киши ўртасидаги муносабат катта роль ўйнайди. Оила, севги, фарзанд ва дўстлар. Буларни пулга сотиб олиб бўладими? Агар киши ақллий бўлса пул доим ўзи келади. Лекин пулга хирс қўйиш керак эмас.
2010 йилда миллий жамоа рули Вадим Абрамовга топширилди. Термани Қатардаги Осиё кубогига айнан шу мутахассис олиб борди. Мураббий Сашадан қандай фойдаланишни биларди. Бу учинчи ўрин учун кечган баҳсда қисман иш берган, Жанубий Корея билан 0:3 ҳисобида мағлуб бўлаётган терма жамоамиз Сашанинг икки голи билан ҳисобни қисқартирган, бу гол барчага умид берганди. Чиндан ҳам мазкур мусобақадаги ижобий натижаларда кўпчилик қатори Гейнрихнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Жанубий Корея термасига қарши 3-ўрин учун кечган баҳсда уни "Сувон" кузатган экан. Натижада, қитъа турниридан кейин у мазкур клуб билан шартнома имзолади. Ўшанда Александр интервьюсида шундай деганди: "Жанубий Кореяда қийналганим рост. У ердаги ҳаёт тарзи, маҳаллий овқат, шунингдек, машғулотларга кўникиш осон кечмаган".
Кейинчалик Саша БААнинг "Эмирейтс" клубида омадини синаб кўрди, ўхшамади. Орада спорт формасини бироз йўқотган футболчи Қозоғистоннинг "Актобе"сига ўтди. Миллий жамоада авлодлар алмашинуви жараёни рўй бераётгани боис, анча вақт термага чақирилмади. Самвел Бабаян бош жамоамизга келгач, Гейнрихни таркибга қайтарди ва бу қайтиш гол билан нишонланди: ЖЧ-2018 саралаши доирасида Яман дарвозасини аниқ нишонга олди. КХДР термаси билан ўйинда бурилиш ясади, 3-босқич илк турида Сурия унинг ягона голи эвазига таслим этилди. Аммо қолганига ҳужумчимизнинг кучи етмади.
Ёдингизда бўлса, Гейнрих сурияликларга қарши баҳсда урилган голини ўзгача тарзда (телефонда селфи қилиб) нишонлаганди. Бу борада берилган саволга у шундай жавоб берганди: "Тотти - ҳақиқий афсона. Унинг сўнгги ўйинини кўрдим, футбол билан хайрлашганини кўриб йиғладим. У сингари голни нишонлаганимдан шодман. Сурия билан ўйиндаги селфи ўз-ўзидан келиб чиқди. Нодирхўжа Йўлдошев менга телефонини узатди ва ажойиб ҳиссиётлар остида суратга тушдик",- дейди Саша.
Гейнрих Ўзбекистон терма жамоаси либосида 94та ўйин ўтказиб, 31та гол урди. ЖЧ-2018 саралаши доирасидаги Жанубий Кореяга қарши Тошкентда ўтказилган ўйин унинг фаолиятидаги сўнггиси бўлди. Шу куни у майдонни кўз ёшлари билан тарк этди. Ҳа, Саша бутун халқимиз каби мундиалга боришга ҳақли эди. Чунки у яшил майдонда ўзи учун эмас, юрт шаъни, ватан обрўси учун ҳаракат қилган. Қийин паллаларда ўзини кўрсата олган. Шу боис, эслаганда ҳамиша фахр билан ўзимизнинг Гейнрих деб қўямиз.
Comments