Бегоналар. Деярли майдонга тушмаётган юлдузлардан тузилган жамоа
01 nov 2019 18:00
News
Бегоналар. Деярли майдонга тушмаётган юлдузлардан тузилган жамоа
Даниел Субашич ("Монако")
Даниел Субашич бир йил олдин ЖЧ финалигача етиб борган Хорватия қаҳрамнои эди. Бенжамен Леконт харид қилинганидан сўнг 34 ёшли посбон хатто қайдномадан ҳам жой олмаяпти. Аммо мураббийни тушуниш мумкин: Субашич жароҳатини даволаш учун жуда кўп вақт сарфлади. Ветеран Диего Бенальо ўйнаб кетишини эса ҳеч ким кутмаганди.
Эльсеид Хюсай ("Наполи")
Албаниялик ҳимоячига АПЛнинг кўплаб клублари қизиқиш билдирган эди ва ҳозир ҳам бу миш-мишлар етарлича. "Торино" билан баҳсни ҳисобга олмасак, 25 ёшли фуболчи фақат захирадан майдонга тушди. Аммо у асосий таркибда кўриниши билан жароҳат олди. Келаси ёзда унинг шартномаси якунига етади ва қишдаёқ йирик шов-шувли трансфер ҳақида ўқишимиз мумкин.
Эмре Жан ("Ювентус")
"Ливерпуль" собиқ футболчиси бу мавсум жуда хафа. Англиядан ташқаридаги дастлабки йил муваффақиятли бўлди, аммо Маурицио Сарри келиши билан муаммолар бошланди. Италия чемпиони Аарон Рэмси, Рабьо ва яна 2 футболчи билан шартнома имзолади. Натижада немис футболчисига майдонда жой топилмай қолди. У баъзида А Серия ўйинларида кўриниш беряпти, хатто Германия терма жамоасида ҳам унинг ўрнини ёшлар эгаллашди.
Хави Мартинес ("Бавария")
Хави Мартинес ўтган мавсум Нико Ковач қўл остида кўплаб ўйинларда иштирок этди. У майдонга тушмаган баҳсларда жамоа муваффақиятсиз натижаларга эришди. Аммо жорий мавсум ҳаммаси ўзгарди ва испанияликнинг ғазабини тушунса бўлади. "Бавария" хатто Мартинес учрашувни кўзида ёш билан кузатганини рад этди.
"Албатта, Хави ўйнмаётгани аламли. Аммо мураббий бошқа схемани танлади ва футболчилар унинг қарорини қабул қилиши керак" - деганди клуб спорт директори Ҳасан Салихамижич.
Лейтон Бейнс ("Эвертон")
"Лейтон - клубнинг бир қисми ва ҳақиқий профессионал. У ҳали ҳам бизга керак бўлган ажойиб футболчи" - деганди Марку Силва ҳимоячи билан шартнома узайтирилгандан сўнг.
Охирги гапга ишониш қийинроқ. Бейнс хатто Лига Кубоги баҳсларида захирадан майдонга тушмаяпти. Ливерпулдагилар ветеранни қадрламай қўйишган кўринади.
Эктор Эррера
Мексикалик юлдуз Эктор Эррера "Атлетико"ни кучайтира олган футболчилардан бири, аммо Диего Симеоне унга кўпам ишонч билдирмаяпти. Эррера жамоадошлари ўйинини фақат четдан кузатмоқда. Фақат "Ювентус"га қарши Чемпионлар лигаси баҳсида майдонга тушишга муваффақ бўлди. 29 ёшли ярим ҳимоячи гол ургани туфайли "Сельта" билан баҳсни асосий таркибда бошлади.
Аммо мўжизалар якунланди ва яна уни захирага "михлашди".
"У ажойиб футболчи ва жамоамизга мос. Бироқ таркибимизда Сауль, Коке, Томас ва Льоренте ҳам бор" - дейди Симеоне.
Иван Ракитич ("Барселона")
"Дунёда "Барселона"дан яхшироқ клуб йўқ. Бу дунёнинг энг зўр жамоаси, аммо мен томошадан роҳатланмай майдонга тушиб, тер тўкишим керак" - деганди Ракитич.
Ракитичнинг хафалигини тушуниш мумкин. Френки Де Йонг келганидан сўнг ЖЧ финалчиси захира футболчисига айланиб қолди. У майдонга тушганида эса "Барселона" "Гранада"га 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Бир ярим йилдан сўнг унинг шартномаси якунига етади ва ОАВ уни ҳозирданоқ "Манчестер Юнайтед" билан боғлашмоқда. Аммо Ракитич қуёшли Каталонияни доимо "қовун туширадиган" ёмғирли Манчестерга алмаштиришни хоҳлармикан?
Браим Диас ("Реал")
20 ёшли испаниялик "Манчестер Сити"дан "Тўғри йўлни танладим" деб ўйлаган эди. У хатто Гвардиоланинг шошмаслик ҳақидаги гапларини ҳам эшитмади. Диас энди "Реал"да, бироқ янги жамоада уни эски муаммолар кутиб турганди. Йигитча Зиданга ёқса керак, аммо етарли даражада эмас. Диас доимо асосий таркибдан четда қолади. Унга ижарада бошқа клубда тўп тепишни таклиф қилишганди, аммо Браим рад этди ва энди асосий таркиб орзусида захирада ўтирибди.
Марио Гётце ("Боруссия" Д)
Марио Гётце беш йил ичида жаҳон чемпионати ғолибидан "Боруссия" захира футболчисига айланди. Жорий мавсум Гётце учун жуда муҳим: Унинг шартномаси ёзда якунига етади ва ҳозирча дортмундликлар янги таклиф ҳақида ўйлашмаяпти. Бунга етарлича сабаб бор: Жамоанинг энг кўп маош оладиган футболчиларидан бири анчадан бери асосий таркиб футболчиси эмас. Марио сўнгги баҳсларда марказий ҳужумчи ролида майдонга тушди, аммо ҳар сафар омадсизликка учрамоқда.
Месут Ўзил ("Арсенал")
Мавсумнинг дастлабки тўрт ўйинини ўтказиб юборган Ўзил "Уотфорд"га қарши баҳсда таркибга киритилди ва бу яхшилик билан якун топмади. Немис футболчисининг формада эмаслиги туфайли Эмери Ўзилни яна таркибга киритмай қўйди. Катта маош ва ўйин амалиёти йўқлиги январда ижарага йўл оладиган футболчини тўлиқ қониқтирмоқда.
Марио Манжукич ("Ювентус")
Хорватиялик ҳужумчи жорий мавсум кўзга ташланмаяпти. Марио "Манчестер Юнайтед", ПСЖ ва Қатар клубларини қизиқишларига жавоб бермагани учун афсусда бўлса керак. Маурицио Сарри жамоа ветеранига асосий таркибда майдонга тушмаслигини аниқ тушунтириб қўйди. МЮ воқеалар ривожини кузатмоқда. "Юве" хорватияликни керакли суммага сотишдан хурсанд бўлади, аммо қарорни футболчи қабул қилади.
Comments