Latest news

23:35Деярли барча футболчилари билан хайрлашган "Металлург" черногориялик ҳужумчисини трансферга қўйди  0 22:45"Реал" нимадан норози?  1 22:15Энцо Мареска: "Манчестер Сити" соврин учун курашга қайтади"  0 21:41Расман: "Навбаҳор" собиқ футболчисини ортга қайтарди  1 21:28"Goal" АПЛда йилнинг энг яхши трансферлари рейтингини тузди  0 20:50Бруну МЮ раҳбарияти билан келиша олмаяпти  1 20:24"Барселона" ҳужумчиси сафдан чиқди  0 19:59"Навбаҳор" Азимжон Аҳмедов билан янги шартнома имзолади!  6 19:36"Ювентус" Дисасини ижарага олмоқчи  1 19:15"Пахтакор" Муҳаммадқодир Ҳамралиев билан янги шартнома имзолади!  1 18:50Боливияда жамоа керакли натижани сақлаб қолиш учун, ўйин тугамай, майдондан чиқиб кетди  2 18:12"Сурхон" етти нафар футболчи билан янги шартнома имзолади  0 17:43Ферран Торрес "Барса"нинг омадсизликлари ҳақида: "Барчасини вақт кўрсатади"  9 17:17Ильгиз Танташев яшил майдонга қайтди  1 17:06Ўзбекистон U-16 термаси Тошкент вилояти футбол академияси жамоасига қарши ўйин ўтказди   3

Бахтиёр Ҳамидуллаев: “Футбол учун туғилганман. Ундан бошқа иш қўлимдан келмайди” News

Бахтиёр Ҳамидуллаев: “Футбол учун туғилганман. Ундан бошқа иш қўлимдан келмайди”

“Андижон” клуби тарихида тўп суриб ўзидан ёрқин хотира қолдирган футболчилардан бири шубҳасиз Бахтиёр Ҳамидуллаев.
Ҳужумчи сифатида унга ҳамма ҳавас билан қараган. 1999 ва 2002 йилги мавсумларда у энг яхши тўпурар номига эришган. Булардан ташқари ҳамиша тўпурарлик салоҳиятини намойиш этиб ўзини нималарга қодирлигини кўрсатиб берган. Бир сўз билан айтганда Ҳамидуллаев мураббийлар хоҳлаган ҳужумчилар сирасига кирган. Миллий терма жамоада ҳам уни мухлислар яхши кўришган. 35 ёшли собиқ футболчи 2011 йили “Андижон”да тўп сургач кейин “кўринмай” кетди. Бундай юқори савияда тўп сурган футболчининг нима сабабдан фаолиятини тугатгани ва бугунги кунда нима иш билан шуғулланаётгани унинг ишқибозлари учун ҳар доим қизиқ бўлиб келган.  

- Бахтиёр ака, айни пайтда нима ишлар билан машғулсиз?
- Ҳеч қандай иш билан шуғулланаётганим йўқ. Фақат дам оляпман.

- Сизни бизнес соҳасига қўл урганингиз ҳиқида эшитгандим.
- Ким нима дейишни ўзи билади. Аммо ҳозирги пайтда ҳаётимдан нолимайман.

- Футболни бутунлай тарк этдингизми?
- Тўғриси, футбол билан умуман шуғулланмаяпман. “Андижон” жамоасининг ўйинларини ҳам икки йилдан бери кўрганим йўқ.

- Нима сабабдан футболдан бунчалик йироқлашиб кетдингиз?

- Мен айтадиган гапни ёзасизми, йўқми билмадим-у, “Андижон”да футболига юзаки қарайдиган инсонлар бор. Қачонки, улар йўқ бўлса кейин яна ишларман.

- Охирги марта “Андижон”да 2011 йили тўп сурдингиз. Шундан сўнг ҳеч қандай сабабсиз кўринмай кетдингиз.
- Бошқалар ўз айбларини бировларга кўрсатгиси келмасди. Ўша пайтда жамоа етакчиси мен эдим. Мураббийлар айбини эса мендан бошқа ҳеч ким гапирмасди. Натижада уларга ёмон кўриниб қолганман. Шунинг учун ноилож кетишга қарор қилганман.

- Ўшанда “Андижон”дан кетганингиздан кейин фаолиятингизни яна қаердадир давом эттириш имкониятингиз бормиди?

- Албатта, бунинг имконияти бор эди. Менга иккита жамоадан таклиф тушганди. Бироқ фарзандларим ҳам аста секин улғайиб бораётгани учун уйимдан узоқлашгим келмади. Агар яна фаолиятимни давом эттиришни истасам у холда Ўзбекистоннинг чеккароқ жойига кетишимга тўғри келарди. Шунинг учун ўша вариантларни хатто кўриб ҳам чиқмадим. Шунда Зиданни айтган гапи ёдимга тушди. Ёшинг янада улғайганида одамлар сени хали хам майдонда кўриб тезроқ кет дейишлари мумкин. Шу боис вақтида футболдан кетдим деганди. Мен ҳам шундай қилдим. Ишонасизми, барча мухлислар менга яна бир неча йил футбол ўйнашингиз керак эди дейишди. Шу гапнинг ўзи мен учун катта ютуқ.

- Демак, обрў-эътиборим жойидалигида кетдим демоқчисизда!
- Ҳа, худди шундай. Ҳозир айтганимдек, фаолиятимни тўхтатганимдан барча ишқибозлар яна бемалол тўп суриш учун кучингиз етарди деб жуда кўп таъкидлашди. Уларнинг бу фикрлари менга ёқимли таъсир қилди. Биринчи лигада қолиб ўйнаб юргандан кўра, олий лигада асосий таркибда тўп суриб фаолиятимни тугатдим.

- Икки марта энг яхши тўпурар бўлгансиз. Бундан ташқари ҳар доим тўпурарлар орасида бўлгансиз. Айтмоқчиманки, фаолиятингиздан рози бўлганмисиз?

- Очиғини айтсам, яна озгина гол урганимда умумий голларим сонини 200тага етказиб қўйган бўлардим. Лекин шунисига ҳам шукур қиламан. “Андижон”да тўп сурганимда чемпионатнинг охирги турларида ўйнамай қўйгандим. Балки ўша учрашувларда ҳам тўп сурганимда балки ҳозир 200лик довонни забт этган бўлармидим? Аммо футбол ўйнаб кўплаб голлар уриб мухлислар эътиборини қозонганимдан хурсандман.

- Нечта гол урганингизни ҳисоблаб борармидингиз?
- Мен эмас дадам голларим сонини ҳисоблаб борарди. Яна бешта гол урганингда 200тага етарди деб айтган. Шу боис мени яна футболга қайтишимга роса мажбурлади. Аммо ўзим буни сира хоҳламадим.

- Урган голларингиз орасида ўзингизга ёқадиган кучли учталикни айта оласизми?
- Биринчи голимни сиз ҳам эсласангиз керак. Олий лигада дастлабки ўйинимни иккинчи турда “Янгиер”га қарши ўтказгандим. 6:3 ҳисобида ютган учрашувда учта гол урганман. Ўшандан бошқасини эслай олмайман.

- Ҳужумчи тариқасида Бахтиёр Ҳамидуллаев сифатида ном қозонишингизнинг асосий омили нимада бўлган?
- Асосийси, ўша пайтда яхши инсонлар йўлимга чиқиб қолган. Мени “Шахрихон”дан “Андижон”га олиб келишган. Олий лигада ўзинги синаб кўргин, агар сенга ёқмаса қайтиб кетаверасан дейишганди. Мени Сергей Шевченко олий лигага олиб чиққан. Набижон Сатторов билан биргаликда мени “Андижон”га олиб кетишган. Шу сабабдан иккала инсондан миннатдорман.

- Футболни тугатгач ўзингизни мураббийликда синаб кўриш иштиёқи пайдо бўлмадими?
- Иштиёқ бор. Ҳозир бу масалада таклифлар бўлиб турибди. Футболни нолдан бошлаганим каби мураббийликни ҳам нолдан бошламоқчиман.

- Сир бўлмаса, таклифлар қаердан бўлди?
- Тўғриси, булар ҳозирча хом гап. Лекин мураббийлик борасида мен ҳақимда кўп фикрлар айтиляпти.

- Барибир мураббийлик касбини бошлаш ниятингиз бор эканда?
- Юқорида футболчи сифатида яхши ном қозонгансиз деб айтдингиз. Ўша гапингизга қўшимча қилиб айтмоқчиманки, мен футбол ўйнаб унинг мазасини ҳис қилиб роҳатланганман. Мураббийлик соҳасида ҳам ана шундай роҳатланишни истайман. Ниятим мураббий сифатида ҳам ўзимга яраша ҳурмат эътибор қозониш. Мен футбол учун туғилганман, ундан бошқа иш қўлимдан келмайди.   

- Мураббийлик ишини қачондан бошламоқчисиз?
- Бу борада суриштириб юрибман. 2014 йилдан мураббийлик учун дастлабки курсларга қатнашишни режалаштириб турибман.

- Халқ олдида ном қозониб ўзини кўрсата олган ўйинчилар фаолиятини тугатаётганида хайрлашув учрашувини ўтказишади. Сизда ҳам бундай режа бормиди?
- “Андижон”нинг ҳозирги мураббийларидан миннатдорман. Негаки, улар менга ўртоқлик учрашувини ташкил қилиб хайрлашув учрашувимни ўтказмоқчи бўлишди. Аммо нимагадир ўзим бу нарсани хоҳламадим.

- Қизиқ, нега рози бўлмадингиз? Одатда футболчилар мухлислари билан хайрлашув ўйинларини  ташкил қилишни жуда исташади.

- Хайронман, хайрлашув ўйини ўтказишга иштиёқим бўлмади.

- “Андижон”нинг келажагини қандай кўряпсиз?
- Футболни тугатганимдан сўнг жамоа ўйинларини кўрганим йўқ. Хаттоки Андижон шаҳрининг ўзига ҳам бормадим. Андижон футболи тўғрисида ўйлайдиган кайфиятим йўқ.  

- Нима бўлганда ҳам бундан кейин собиқ клубингизга қизиқиб турасизми?

- Жамоадан кетганингиздан кейин яна унинг атрофида ўралашиб юрсангиз-у, мабодо “Андижон” омадсизликка учраса ҳамма айбдор сифатида мени кўрсатишлари ҳеч гап эмас. Бу нарсани эса мен жуда ёмон кўраман. Шунинг учун ҳам у ерни тарк этганимдан бери жамоага ҳалақит қилмасдан тинчгина юрибман.

- Лекин фаолиятингизнинг гуллаган даврларини “Андижон” билан ўтказгансиз. Жамоага катта фойдангиз текканини ҳеч ким инкор қила олмайди. Шу сабабли кейинчалик бу ерда мураббий бўлиб ишлашингиз ҳам мумкин. Айтмоқчиманки, қачондир собиқ клубингизга қайтишингиз мумкинми?

- Ҳозирги кўринишда бунинг иложи йўқ. Балки кейинчалик вазият ўзгариб кетар.

- Фаолиятингизни “Шаҳрихон”да бошлаб “Андижон”га ўтдингиз. Кейинчалик эса “Пахтакор”, “Нефтчи” ва “Олмалиқ” клублари учун майдонга тушдингиз. Шулардан келиб чиқиб рамзий терма жамоангизни айтиб бера оласизми?

- Дарвозада - Қобил Олимжонов, ҳимоячилар - Андрей Шипилов, Игор Сивуха, Рустам Абдиев, Рустам Собиров, ярим ҳимоячилар - Сергей Дуб, Отабек Пирматов, Тоҳир Мўминов, Шавкат Абдураҳмонов, ҳужумда - Бахтиёр Ҳамидуллаев билан Отабек Қиличев ёки Зафар Мусабоев. Майли, Қиличевни ёзаверинг.

- Сиз учун ёддан чиқмайдиган ажойиб онлар қайси пайтга тўғри келади?

- 1999 йилнинг иккинчи даврасида деярли мағлубиятсиз ўйинларни ўтказганмиз. Ўша давр мен учун янг яхшиларидан бири бўлиб қолган. Мендан охирги беш йиллик таркибни сўрасангиз айтиб бера олмайман. Бироқ ўша йилдаги таркибимизни бирма бир сизга айтиб беришим мумкин.

- Бахтиёр ака, миллий чемпионатимизда голга чанқоқ ҳужумчилар камайиб бораётганга ўхшамоқда. Терма жамоада ҳам айнан ҳужумчилар билан боғлиқ камчиликлар кўзга ташланди. Сизнингча, ҳозирги ҳужумчиларга нима етишмаяпти?
- Ёшларимиз орасида талантли футболчилар бор. Фақат селекционерлар уларни излаб топишлари керак. Менимча олий лигага олиб чиқиб ўйнатиб юборадиган одам кам шекилли. Ўсмир ва ёшлар терма жамоаларимиз жаҳон чемпионатларида ўзларини кўрсата олишди. Уларнинг орасидан етук ўйинчилар чиқади деб ўйлаяпман. Бундан кейин ана шундай ёшларга эътиборни янада кўпроқ қаратиш  керак.

- Сизга қайси ҳужумчиларнинг ўйини ёқади?
- Игор Сергеев яхши ҳужумчи экан. Кўпроқ унинг ўйинларини кўряпман.

- Собиқ футболчилар билан ҳали ҳам муносабатингиз борми?
- Олдинги дўстлар билан гаплашиб тураман. Лекин ҳозирги йигитлар билан алоқалар йўқ.

- Футболни тугатгач кўпчилик зерикиб қоляпман дейди. Аммо сизда бундай эмас, шундами?
- Футбол ўйнаб юрган пайтларимда дўстларимга фаолиятимни тугатгач мазза қилиб хордиқ чиқараман дердим. Худога шукурки, айтганимдек футболни тарк этиб мириқиб дам оляпман. Насиб бўлса, яна жиддий ишга киришиб мураббийлик касбини астойдил бошлайман. Футболни тугатибоқ мураббийликка ўтишим ҳам мумкин эди. Аммо бу ишни эплай олмабди демасликлари учун аввал яхшилаб хордиқ чиқаришни ният қилгандим.  

- Мураббий бўлиш мақсадида илгари ишлаган қайси мутахассисларни ўрнак сифатида айта оласиз?
- Биргина Сергей Шевченкодан жуда кўп нарсаларга эришганман. Ҳозиргача унинг менга айтган ўгитлари ёрдам беради. Шунингдек, Ислом Аҳмедов ҳам мураббий сифатида менда яхши таассурот қолдириб ундан ҳам ўрганганларим бор.

- Умуман олганда, футболни хурсандчилик билан тарк этдингизми ёки хафагарчилик биланми?
- Худога шукур қиламан. Тўғри яна ўйнасам бўларди. Лекин обрў-эътиборим жойдалигида кетдим. Ҳали айтганимдек, мухлисларнинг яна бемалол ўйнай олардингиз деган гаплари барча алам изтироблдарни ювиб ташлади.

- Бундан кейин “Андижон”дан янги Ҳамидуллаевлар етишиб чиқишига ишонасизми?
- Буни вақт кўрсатади. Аммо менимча қийин бўлса керак.


ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика