Latest news

19:05ЖЧ-2026 саралаши. Эрон КХДР устидан қийин ғалабага эришди  52 18:35Амирбек Саидов: "Осиё чемпионатида юқори мақсадни кўзлаганмиз"  0 17:16Қосимов, Аҳмедов, Зейтуллаев, Тожиев - Қатар билан ўзаро ўйинлар тўпурарлари   6 17:04Қосимовнинг жарима зарбалари, Аҳмедовнинг суперголи ва "Бунёдкор"даги 5:1. Ўзбекистон ва Қатар терма жамоаларининг ўзаро ўйинлар тарихи  1 16:40Globe Soccer Awards. Кроос, Родри, Беллингем йилнинг энг яхши ярим ҳимоячиси бўлишга даъвогар  2 16:31Спортчилар ижтимоий тармоқларда  0 16:20Globe Soccer Awards. Беш нафар испаниялик мутахассис йилнинг энг яхши мураббийи бўлишга даъвогар  3 16:10ЖЧ-2026 саралаши. Австралия ўз уйида Саудия Арабистони билан дуранг ўйнади  15 15:50Футзал. Олий лиганинг 2-тур ўйинларига Андижон мезбонлик қилади  0 15:45Globe Soccer Awards. "Ал Айн", "Олимпиакос", "Спортинг" йилнинг энг яхши клуби бўлиши мумкин  0 15:35Globe Soccer Awards. Месси ва Роналду энг яхши футболчи бўлиш учун даъвогар  4 15:10Globe Soccer Awards. Йилнинг энг яхши ҳужумчиси бўлиш учун кимлар даъвогар?  1 14:55Илёс Зейтуллаев: "Терма жамоамиз максимал натижа билан уйга қайтишига ишонаман"  3 14:35Ляпорт: "Реал"дек клубнинг таклифига албатта эътибор қилардим"  3 13:55Суперлига учун плей-офф ўйинлари санаси маълум  9

"Бавария"нинг рекордчи-афсонаси Герд Мюллер ҳақида News

"Бавария"нинг рекордчи-афсонаси Герд Мюллер ҳақида

15 август куни афсонавий Герд Мюллер ҳаётдан кўз юмди. У 75 ёшда эди.

2020/21 йилги мавсумда Роберт Левандоски Бундеслигада 41та гол урди ва деярли ярим асрдан бери ҳеч ким ўзгартиролмаган Герд Мюллер рекордини янгилади. Келинг, бугун Мюллер бу даражага қандай эришганини ёдга оламиз.


Ортиқча вазн, клубдошларининг ҳазиллари, пул етишмовчилиги

1964 йил Герд "Бавария"га ўтишидан аввал тўқиш фабрикасида ишлаган. Дам олиш кунлари эса она шаҳри Нердлингеннинг ёшлар жамоасида тўп тепган (Мюнхендан 140 км узоқликда). 20 ёшида 176 сантиметр бўйли йигитча деярли 90 кг эди, бироқ ҳаваскорлар орасида бу унга устунлик берган — 180 ўйинда 204та гол урган. Мюллер "Нюрнберг"нинг мухлиси бўлган, лекин севимли клубидан таклиф кута олмаган Герд "Бавария"га розилик берди. Мюнхенликлар ҳужумчи учун 4 минг дойчмарка тўлади (олий лиганинг тажрибали ўйинчиси учун ўртача нарх — 130-150 минг) ва "Мюнхен-1860" вакиллари футболчининг ота-онаси билан шаҳарнинг асосий футбол клуби ва янги ташкил этилган Бундеслига аъзоси Нердлингенга ташрифидан бир неча дақиқа олдин кўчиб ўтишга келишиб олди.

Мюллер қуйи дивизионда ўйнайдиган "Бавария"ни танлади, сабаби у ерда тезроқ асосий таркибдан ўрин оламан деб ҳисоблаганди. Клубдошлари унинг бесўнақай ҳаракатлари устидан кулишарди, бош мураббий Златко Чайковский эса уни нега сотиб олишганига ҳеч ақли етмасди. "Бу оғир вазнли ўйинчи билан энди нима қилишим керак?" — деб сўраган эди раҳбариятдан.

Мюллер дастлабки уч ой ичида ҳаттоки, кенгайтирилган таркибга ҳам киритилмади ва ойига атиги 200 марка (105 евро) иш ҳақи олиб юрди. Унга ўтказилган ўйинлар учун мукофот пули ҳам, ғалаба учун бонуслар ҳам берилмади (асосий таркиб ўйинчилари 1200 маркадан олишган). У қўшимча пул топиш учун юк ташувчи бўлиб ишлашига тўғри келди. Лекин топган пули барибир етмади ва Герд фабрикага қайтиш ҳақида ўйлай бошлади. Аммо раҳбариятнинг босимига қарамай ("Агар сен шу семизни майдонга туширмасанг, мен бошқа футбол кўрмайман" — деди клуб президенти Вильгельм Нойдеккер жамоа мураббийига), Чайковский унга имкон бермади.


Афсоналар авлоди, Удо Латтекнинг ҳужумкор футболи, "Олтин тўп"

Герд асосий таркибдан майдонга тушди ва биринчи ўйиндаёқ гол урди. Орадан икки ҳафда ўтиб покер қайд этди. Мунтазам машғулотлар ва диета ёрдамида 10 кг вазндан халос бўлди. 1964/65 йилги мавсумда Мюллер жанубий минтақавий лигада 38та гол урди ва клуб элитага чиқишида ёрдам берди. (У пайтлар олий лигага чиқиш қоидалари бошқачароқ эди: барча минтақавий лигаларнинг энг яхши 2та жамоаси кейинги босқичга чиқади, квартетга бўлинади ва классик гуруҳ босқичини ўтказади. Гуруҳ босқичи ғолиблари тўғридан-тўғри Бундеслигага йўл олади. "Бавария" аввал минтақавий лига чемпионатида, кейин эса ўз гуруҳда ғолиб бўлди).

"Биринчи бўлиб кўзим тушган нарса, машғулот пайти у қандай тезлик билан шуғуллангани бўлди, — ёдга олади Франц Беккенбауэр. — Ҳеч ким унга ета олмасди. Ўйладим: "Бу йигитча бизнинг жамоада ўйнаётгани қандай ҳам яхши...".

Ўша пайтнинг кўплаб марказий форвардлардан фарқли ўлароқ,Мюллер энг яқин ҳимоячи олдидан 2-3 метр бўш жой қолдирган. Бунга сабаб тўпни қабул қилиб, жарима майдонига кириш эди. Мюллернинг бўйи паст бўлгани учун кўплаб дарвозабонлар унинг зарбасига катта аҳамият бермасди. Герд эса доим бундан унумли фойдаланарди. Унинг нима ўйлаётганини ҳеч ким билолмасди, ахир ўзи ҳам нима қилишини билмайдиган инсоннинг фикрини қандай ўқиш мумкин, тўғрими?!

"Ҳужумчи интуициясига ишониши керак. Ўйлаб қолдими — мағлуб бўлди", — дейди Мюллер.

Бундеслигадаги дебют мавсумида (1965/66) у "Бавария"нинг энг яхши тўпурари бўлди. Келаси 13 мавсумда ҳам ҳеч нарса ўзгармади — клубда ҳаммадан кўп гол урди ва 7 марта "олтин бутса"га эга чиқди — чемпионат тўпурарига бериладиган соврин.

"Уни фақат оёқ қўлини боғлаб қўйибгина тўхтатиш мумкин. Бироқ бунга ҳам кафолат бериб бўлмайди...", — дейди "Франкфурт" ҳимоячиси Герт Тринкляйн.

Беккенбауэр, Майер, Шварценбек, Рот, Мюллер — "Бавария"нинг бўлажак афсоналари 20га яқин эди, улар 1969 йил олтин дубль қилишганди (ўша вақтлар учун ажойиб натижа). Кейинроқ жамоага 17 ёшли Пауль Брайтнер ва Ули Хенесс келиб қўшилди. Уларни ажойиб немис мураббий, клубни ҳужумкор футбол ўйнайдиган жамоага айлантириб юборган Удо Латтек ўзи билан олиб келганди.

Латтек тизимида Мюллер ўзини ёлғиз ўйинчи сифатида ҳис қилмади. Ҳужумда бутун жамоа иштирок этди. Гердга нафақат қанотдан, балки ўрта зоналардан ҳам ёрдам бера бошлашди. Ҳеч қандай қатъий қоидалар йўқ эди. Латтек футболчилар билан мураббийдек эмас, кўпроқ дўстдек муомалада бўларди. Масалан, бир куни Мюллер ва бир нечта ўйинчилар режимни бузиб, тунгги клубга боришади. Латтек эса тунда уларнинг ёнига боради ва шундай дейди: "Ҳозир кўзимни юмаман ва 25 000 гача санайман. Санашни тугатганимда, ҳеч бирингизни бу ерда кўрмай, акс ҳолда бу сизга муаммо туғдиради".

1970 йили "L’Équipe" Мюллерга Бундеслигадаги 38та голи учун "Олтин бутса" топширди, "France Football" эса кейинроқ уни Европанинг энг яхши футболчиси дея эътироф этди. Шунингдек, у Мексикадаги ЖЧни ажойиб ўтказган. Немислар ўшанда бронзага эга чиқишган, Герд эса 10та гол билан турнир тўпурари бўлганди.


Рекордга тайёрланиш: таътилдан воз кечиш, идеал вазн, янги имиж

"Чизиқда тўртта ҳимоячи билан замонавий форвардларда кўпроқ эркинлик юзага келади, — дейди Герд. — Менинг давримда марказий ҳимоячилар вертикал жойлаштирилган — улардан бири (Vorstopper (нем.) — олдиндаги марказий ҳимоячи — championat.asia). У ҳужумчи билан якка ўйнаган, бошқаси — либеро — уни ҳимоя қилиб турган. Яъни, доим мени бир вақтнинг ўзида икки рақиб ўраб оларди. Бугунги кунда эса камдан-кам ҳолларда персонал ҳимоя қўлланиладию Шунинг учун, ҳужумчилар зарба бериш учун осонгина жой топадилар. Франц Беккенбауэр менга XXI асрда бир мавсумда 80та гол ура олган бўлардим деган эди. Бўлиши мумкин".

1970/71 йилги мавсумда "Бавария" Нетцер, Хайнкесс ва Фогтс тўп тепган "Менхенгладбах"га совринни бериб қўйган. Бу Бундеслига тарихида сўнгги тур олдидан етакчи жамоа чемпионликни бой берган илк ҳодиса эди. Бундан қаттиқ ғазабланган Мюллер таътилдан ҳам воз кечади ва бутун ёзни машғулот залида ўтказди. Натижада ҳужумчи ортиқча вазндан қутилади ва ўзи учун идеал вазнгача озади — 72 килограмм. Мюллер нафақат вазн ташлади, балки сочи ва мўйловини ҳам бироз ўстирди (клубдагилар эса бунинг учун унга дакки беришганди).


У машғулот пайти ҳимоячилардан иложи борича унга гол уришида тўсқинлик қилишларини тайинлади. Аммо Герд доим мувозанатни сақлаб, зарба бериш учун имкон топаверди. Дарвозабон Зепп Майер Мюллернинг бошқа хислатига тан берарди: "Мен ўз ишига шунчалик жиддий қарайдиган тажовузкор ҳужумчини ҳеч қачон кўрмаганман".


40 гол, 17 ассист, ҳар ўйинда 3,5 км югуриш

Мюллер мавсумни оғир бошлади (9 ўйинда атиги 3та гол), аммо 10-турдан кейин тезлашди. Герд биринчи даврада учта пенальтидан унумли фойдалана олмади, кейин пенальти тепишдан воз кечди. У умумий ҳисобда 40та гол урди. Рекорд голи (таймкод 0:34) ўзига хос чиқди.




"Битта Мюллер иккита Беккенбауэрга тенг", — деган эди "Айнтрахт" мураббийи Эрих Риббек, Герд унинг жамоасига 3та гол урганидан сўнг.


"Миллат тўпурари" тахаллуси Мюллернинг голли ютуқларига эътиборни қаратади, лекин Герд ўзини ассистент сифатида ҳам кўрсата олди. 40 голдан ташқари ўша мавсум унинг ҳисобига 17та узатма ёзилди. Ҳужумчи фаолияти давомида клуб сафида 106та самарали паслар берди. Беккенбауэр у билан девор услубида ўйнашни ёқтирарди. Герд тўпни қизғанмасди ва доим орқароқдан ҳимоячиларни ҳужумга қўшарди.

"Бавария" ўйинчилари чемпионат доирасида 101та гол уришди (уларнинг ярмида Герд иштирок этган). Мюнхенликлар иккинчи маротаба Германия чемпиони бўлишди ва мавсумдаги омадсизликка нуқта қўйишди: бундан роппа-роса икки ой олдин Латтек шогирдлари Германия Кубогининг жавоб ўйинида "Кельн"га мағлуб бўлишганди (5:1, баварияликлар биринчи баҳсда Мюллернинг дубли эвазига 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишган). Кубок эгалари Кубоги ярим финалида "Бавария" 3:1 ҳисобида (2 учрашув бўйича) "Глазго Рейнджерс"га имкониятни бой берганди.

"Сизда гол уриш қобилияти бўлади ёки йўқ — ҳужумчига гол уришни ўргатиб бўлмайди. Шундай вазиятлар ҳам бўлганки, баъзида шерикларим эгалик қилаётган тўпга қарамасдим. Бунинг ўрнига, рақиб ҳаракатларини санар ва қайси зона бўш бўлишини тахмин қилиб, ўша ерга қараб югурардим. Ҳаттоки, баъзан гол уриш учун жон бериб ҳаракат ҳам қилмасдим". — тан олади Мюллер.

Мюллер ҳақиқатдан ҳам майдонда жуда дангаса ўйинчи бўлган. Кельн олий спорт мактаби олимлари бир неча йил аввал унинг фаолиятини батафсил ўрганиб, "Бавария" ҳужумчиси ҳар ўйинда ўртача 3,5 км югурганини аниқлашди. Таққослаш учун: Бундеслиганинг баъзи замонавий дарвозабонлари (!) 90 дақиқа ичида 5-6 кмни босиб ўтишади (масалан, Тимо Хорн ("Кельн") — 5,6 км, Александр Шволов ("Фрайбург") — 5,5 км). Герд радиуси 10 м, маркази 11 метр бўлган айланадан ташқарига чиқишни ёқтирмасди. Албатта, у бир жойда қотиб турмас, доим ҳаракатда бўларди. Журналистлар Гердни кичик голлар мастери деб ҳам аташганди. "Агар шундай голларни ҳисоблашмаса, бундан хафа бўлишим мумкин. Ҳозир эса бундан аразлаш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман", — жавоб берганди Мюллер.



"Беккенбауэр ҳам, Зеелер ҳам немис футболи учун Мюллердан кўпроқ фойда келтирмаган. Миллий терма жамоани ЖЧ-1954 йилда ғолиб бўлишида ўз ҳиссасини қўшган Фритц Вальтердан кейин Герд мамлакатнинг энг қадрли футболчиси бўлиб қолади. У — "Бавария"нинг келгусидаги ва Германия терма жамоасининг 21-асрдаги ғалабаларида "фундамент" бўлади десак адашмаймиз", — деган эди Пауль Брайтнер 2014 йил "ESPN" нашрига берган интервьюсида.

 

1971/72 йилги мавсум давомида Герд пул масаласида раҳбарият билан жанжаллашиб қолди. "Бавария" президенти Нойдеккернинг фикрича, баъзи ғаламис одамлар Мюллерга: "Беккенбауэр сендан кўпроқ пул олади" деб айтган. Шундан сўнг, форвард агар унинг маошини ошириб беришмаса, бошқа клубга ўтиши мумкинлиги билан раҳбариятни қўрқитган. "Ёшим 27да ва ҳозир фаолиятимнинг энг гуллаган даври. Қолаверса, янги таклифларнинг ҳам айни вақти", — тушунтиради ўйинчи. Мюллерга "Барселона" қизиқиш билдираётган эди. Қишки танаффус пайтида эса "Фейеноорд" вакиллари музокара ўтказиш учун Мюнхенга етиб келишганди, бироқ уларнинг таклифи Гердни қониқтирмаган эди. Натижада Мюллернинг ойлиги ошириб берилди ва клуб билан шартномаси узайтирилди.


АҚШга жўнаб кетиш, ичкилик ва қарзлар, "Бавария"га қайтиш

1979 йили "Бавария" мураббийи Пал Чернаи 34 ёшли Мюллерни асосий таркибга қўмаслигини айтди. Герд Германиядан кетди ва Шимолий Америка футбол лигасидаги "Форт-Лодердэйл Страйкерс" билан шартнома имзолади. У Америкада ресторан очди, бироқ тез кунда касодга учраб, қарзлари кўпайди. Аёли ажрашиш учун ариза берди, Герд эса ичкиликка берилиб кетди. "Бавария" ёрдам таклиф қилди (қарзнинг бир қисмини тўлаб бермоқчи эди), лекин Мюллер рад жавобини берди. Футбол узоқ йиллар давомида унинг ҳаётига рангбаранглик олиб кирганди, аммо у фаолиятини тугатганидан кейин ёлғиз қолиб кетди. Теннис, сауна ва кечки ТВ-шоулардан ташқари, уни ҳеч нарса қизиқтирмай қўйганди. Шунинг учун, фақат ичадиган бўлиб қолганди.

"Ҳаётимни ўзим барбод қилдим, — тан олади Жаҳон чемпиони 1982 йили ватанига қайтганидан сўнг. — Ҳар куни барга бориб, кўрган танишларимда унутилмас учрашувлар ҳақида айтиб берардим. Кейин уйга қайтиб, туни билан ичардим. Ҳафтанинг 7 куни ҳам шундай ўтарди".

1991 йили Герд жонажон клуби офисига ёрдам сўраб келди. Хенесс ҳар куни ишдан кейин касалхонага, Мюллернинг ёнига борар ва яна ортга қайтарди — (70 км бориш ва яна шунча ортга қайтиш).

Яна бошқа кўнгилсизликлардан чўчиган Хенесс Мюллерни "Бавария" бош мураббийи ассистенти қилиб ишга жойлаштирди. Герд у ерда 20 йилдан ортиқ ишлади (1992-2014). У альцгеймера касаллигига (мия ярим шарининг айрим соҳарида атрофия, аввал қисқа муддатга хотира йўқолиши, кейин эса тананинг бошқа функциялари ишдан чиқишига олиб келади) учрамаганида, яна ҳам кўпроқ ишлаши мумкин эди. Бу касаллик 2011 йили аниқланди. Клуб журналистлардан бу ҳақида ёзмасликларини илтимос қилди. Сўнгги бир неча йиллар мобайнида Мюллер қариялар уйида касали билан курашди.


Сўнгги 47 йилда фақатгина 4та ҳужумчи бир мавсумда 30+ гол қайд этди. Улардан бири — Левандовски

Мюллернинг рекордини орадан ярим аср ўтиб, Роберт Левандовски янгилашга муваффақ бўлди. 80-йиллар охиридан 2000-йиллар бошигача Бундеслиганинг энг яхши форвардлари мавсум давомида зўрға 20та гол урарди. 2004 йил 28та гол урган "Вердер" форварди Аилтон бироз бурилиш қилганди. Ундан кейин Гомес, Клозе, Хунтелар, Обамеянг ва Левандовски кетма-кет голлар ура бошлашган. Ўтган мавсум Левандовски 40 гол давонидан ўтишга муваффақ бўлди — у буни мавсумнинг сўнгги дақиқасида амалга оширди: "Аугсбург"га қарши баҳснинг 90-дақиқасида! Лекин шунга қарамай, "Бавария"нинг рекордчи ҳужумчиси деганда ҳамманинг ёдига Герд келишига шубҳа йўқ.


Нозима Зарипова таржимаси

Rating: +8   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика