Балки уйда ўтирармиз?
06 apr 2020 19:00
News
Балки уйда ўтирармиз?
Кеча championat.asia да атайин сўровнома ўтказдим. Юқорида турибди. 11 000га яқин ўқувчи иштирок этган сўровномада 48% ўқувчигина уйда ўтирганлигини қайд қилган. 17% ўқувчи ҳеч қандай сабабсиз кўчага чиқаётганлигини, 16% ўқувчи бозорлик учун. 19% киши эса ишга бораётганлиги борасида жавоб берган. Ишга бораётганларни-ку, тўғри тушунамиз. Лекин бозорликни 1 ҳафтага етадиган қилиб қўйсак бўлади-ку. Пойтахт бозорлари ҳар доимгидек одамлар билан гавжум. ВИРУС энг аввало БИРГИНА кишидан юққанлигини эсимиздан чиқардик шекилли. Деярли барча оиладан ҳеч йўғи бир киши @koronavirusinfouz каналига аъзо. Бу ердаги гап сўзларни тўғри тушунмаётган кишилар тўлиб ётибди.
Ҳозиргина “доставка“ келди. Кўчага чиқиб олдим. Кўчага чиқдим, табиатнинг асл ҳолатини афсуски бизга вирус кўрсатди. Ям-яшил хиёбон, майсалар эзилмаган. Довча териш учун синиб кетадиган дарахтларнинг шохи синмаган. Ариқдан сув оқяпти. Қушлар эркин учяпти. Лекин, лекини шундаки кўчада бари-бир одам бор. Энг аламлиси кучуги айлантириб юрибди биттаси, яна 4 нафар бола жисмоний тарбия билан банд. Шу ишни барака топгур тўхтат, бутун бошли Олимпиада тўхтатилди-ку! Яна гўёки бахтли оила, ёш эр ва хотин аравада қоидага бўйсунган фуқаро сифатида боласи билан сайр қилиб юрибди, ҳа, у ниқоб таққан, фақат ниқоб. Агар биргина ниқоб вирусдан сақлай олганида одамзодни, Италияда шунча шифокор ўлармиди?
Мактаб ва боғчада ҳамма нарса ўқитувчи зиммасида. Нима бўлса, ўқитувчи айбдор эди. Аслида муаммо оилада эди. Ҳозир ўқувчи мактабда ўқитувчини гапига қандай кирмаган бўлса, жуда кўплаб аҳоли ҳукуматнинг гапига мана шундай кирмаяпти. Ўз бошимчалик.
Улар фақат ўзини ўйлаётган “эгоистлар“дир! Улар ўйламаяптики, қанчадан-қанча аҳоли киракашлик билан кундалик пул топади. Ҳар бир ўтаётган кун, уларнинг моддий аҳволини оғирлаштираётганини билмайди. Жуда кўплаб "такcистларнинг" машиналари “вариант“да! Ойма-ой пулини бериб туриши керак. Балки аксар машина эгалари бу вазиятда пул олмас, лекин ҳаммаси ҳам эмас. Икки нафаргача фарзандини кундалик даромад топиш орқалигина шартнома пулларини тўлаётган ота ва оналар бор. 1 хоналик уйда 5-6 киши яшайдиган оилалар бор. Тасаввур қиляпсизми, улар учун карантинни тугаши қанчалик муҳим аҳамиятга эга?
Бизнинг вилоятга, бизнинг қишлоққа кириб келмади бу деганлар. Яқин-яқингача олис Хитойдан Ўзбекистонга ҳам кириб келмаган эди. Аҳолининг вазиятга тўғри баҳо бера олмаётганлиги, ҳукуматнинг ишини икки карра оғирлаштиряпти. Вирусни қанчалик тез енгсак, бу эртанги кунимиз учун шунчалик яхши. Яқин кунларда деҳқонларнинг иши айнан қизиши керак. Аммо карантин туфайли бизга бир йилга етиб берадиган ҳосилга тўлиқ эга бўлмасак, бунинг оқибатлари нима бўлади? Ҳозир қўлида 3-4 сўми борлар уйда ўтира олмаяпти. Маҳалласида 3-4 киши тўпланиб, беркитиб ош қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Нима, уйингиздан илон чиққанми?
Ўтиринг уйингизда, бу дарднинг чўзилиши, эртага Сизнинг ҳам иқтисодиётингизга таъсир қилади. Бу энг яхшиси, энг ёмони нималигини ҳамон тушунмаганларга қўпол қилиб бўлса-да айтаман, ота — онанг, ёки бошқа бирон яқинингни жанозасини бир ўзинг ўтказиб келасан. Мана шу керакми Сенга?
Ўтиринг уйда, етар, бас!
Comments