Latest news

00:04АПЛ. "Ливерпуль" - "Лестер". Асосий таркиблар маълум!  2 23:52"Барселона"нинг ёздаги илк трансфери ким бўлади?  3 23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  3 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  3 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  11 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  29 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  19 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  9 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  32 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  6 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1

Азамат Алланиёзов: “Қорақалпоғистон Республикасида маҳоратли ва иқтидорли футболчилар жуда кўп” News

Азамат Алланиёзов: “Қорақалпоғистон Республикасида маҳоратли ва иқтидорли футболчилар жуда кўп”

“Навбаҳор” ва “Металлург” учрашувда мезбонлар ҳужумчиси Азамат Алланиёзов захирадан майдонга тушиб “хет-трик”ка эришди ва жамоасининг йирик – 3:0 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

Бу Алланиёзовнинг фаолиятидаги илк “хет-трик” эканлигини эътироф этиш жоиз. Шу муносабат билан ундан интервью олдик.

Азамат, аввало Сизни “Металлург” клуби устидан қозонилган йирик ҳисобдаги ғалаба ва фаолиятингиздаги илк “хет-трик” билан табриклаймиз. Бекободликларга қарши кечган баҳс ҳамда урган голларингиз борасида нима дея оласиз?
Табрик учун раҳмат. Гарчи йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлсак-да, “Металлург” билан бўлган ўйин жамоамиз учун осон кечмади. Уч кун ичида 2та учрашувда майдонга тушганлигимиз сабабли, 1-бўлимда жамоадошларимда чарчоқ аломатлари сезилди. Меҳмонлар эса биздан 1 кун кўпроқ дам олишганди. Шунинг учун биринчи 45 дақиқаликда улар яхши ўйин намойиш этишди. Айниқса, Зоҳид Абдуллаевнинг дарвозабонимиз Ботирали Эргашев билан яккама-якка вазиятга чиққан ҳолати анча хавфли кўриниш олди. Ўша вазиятда Эргашев ўз маҳоратини намойиш этиб, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Мабодо ўшанда бекободликлар гол уришганида, учрашув бизга қийинчилик туғдирган бўларди. Яхшиямки, бахтимизга ҳаммаси биз учун хайрли якунланди.

Ўша учрашувда гол уришимни кўнглим сезганди. Шу сабабли, захирадан майдонга ҳам ўзгача иштиёқда тушдим. Худога шукр, сезгим панд бермади. Ўз “хет-трик”имни қайд этиб, жамоамизнинг йирик ҳисобдаги ғалабасига муносиб ҳисса қўшганимдан хурсандман. Энди кейинги баҳсларда ҳам тўп киритиб, мухлисларни хурсанд этишга интиламан.

Бошланғич таркибдан кам ўрин оляпсиз. Бу нима билан боғлиқ?
Бунинг бир нечта омиллари бор. Жумладан, “Навбаҳор”нинг ҳужум чизиғида рақобат кучли. Мендан ташқари, жамоамизда сербиялик Ненад Иньяц, Сардор Сулаймонов ва Рўзимбой Аҳмедов сингари ҳужумчилар бор. Иньяц жароҳат олганлиги боис, айрим баҳсларда майдонга туша олмади. Аҳмедов эса жароҳатидан қутулиб, спорт формасини энди тиклаяпти. У тажрибали форвард ва ҳали ўз голлари билан жамоамизнинг зафарларига муносиб улуш қўшади, деган умиддаман. Шундай бўлса-да, рақобатдан чўчимайман. Ахир, рақобат бор жойда ўсиш бўлади. Бундан ташқари, мураббийлар штаби рақибга қараб, тактика танлайди. Унга кўра, айрим пайтларда бошланғич таркибда, баъзи ҳолатларда эса захирадан майдонга тушяпман. Захирадан таркибга қўшилсам ҳам, хафа бўлмайман. Асосийси, жамоамизга фойдам тегса бўлгани.

Сербиялик жамоадошингиз Ненад Иньяц борасида нима дея оласиз?
Иньяц Европа клубларида тўп сурган анча тажрибали форвард. Фақат жамоамизга мослашиш жараёни бироз қийин кечди. Ненад ҳали ўзининг ёрқин ўйинларини намойиш этиб, жамоамизнинг ғалабаларига муносиб улуш қўшади, деган умиддаман.

Жорий йилги Суперлига баҳслари борасида нима дея оласиз?
Жорий мавсум ўйинлари анча қизиқарли ва кескин курашлар остида кечмоқда. Жамоаларнинг савияси деярли тенг бўлганлиги сабабли, ўйинларнинг натижасини  олдиндан башорат қилиш қийин бўляпти. Учрашувлар худди Англия премьер-лигасидагидек кескин курашлар остида ўтмоқда.  
Бир сўз билан айтганда, Суперлига баҳслари  ўз номига мос тарзда ўтяпти.

Мана, Суперлиганинг 12та тури ортда қолди. Сизнингча, бўлиб ўтган ўйинларда қайси баҳс “Навбаҳор” учун қийин кечди?

Менимча, жамоамиз учун 9-тур доирасидаги Фарғонанинг “Нефтчи” клуби билан бўлган учрашув анча қийин кечди. Гарчи турнир жадвалининг сўнгги поғонасини эгаллаб туришган бўлса-да, фарғоналиклар жамоамизга муносиб қаршилик кўрсатишди. Бундан ташқари, ўша ўйин “водий дербиси” мақомига эга бўлганлиги учун ҳам анча қизиқарли ва кескин курашлар остида ўтди.

Бунгача “Насаф” таркибида ўйнаганимда, “воҳа дербилари”да иштирок этганман. Бироқ  “Машъал” ва “Шўртан” клублари қаршиликларга  муносиб қаршилик кўрсатишга интилишса-да, “Насаф” кучли бўлгани боис, доимо ғалаба қозонарди. “Водий дербилари” эса анча кескин курашлар остида кечар экан. Бунга Ўзбекистон кубоги 1/8 финали доирасида сафарда “Андижон”га қарши кечган баҳсда ҳам гувоҳ бўлдим. Про-лигада иштирок этишларига қарамай, андижонликлар жамоамизга қарши ўзгача иштиёқда майдонга тушиб, ғалаба қозонишди ва клубимизни кубок баҳсларидан чиқариб юборишди. Бу ҳам “водий дербилари”нинг қандай аҳамият касб этишидан далолат.


Футболчи бўлишингизга ким сабабчи бўлган?
Отам сабабчи бўлганлар. Мен спортчи оиласида туғилганман. Дадам боксчи бўлганлар. Мен эса футболга қизиққанман. Отам бу қизиқишимни қўллаб-қувватлаб, мени 8 ёшимда қўлимдан етаклаб, футбол тўгарагига олиб борганлар. Шу тариқа миллионлар ўйинидаги фаолиятим бошланган.

Болалигингизда қайси футболчига ҳавас қилгансиз?
Украиналик ҳужумчи Андрей Шевченкога ҳавас қилардим. У ўша пайтда Италиянинг “Милан” клуби сафида тўп сурарди ва мен ҳам шу жамоага мухлислик қилардим ҳамда миланликларнинг барча учрашувларини томоша қилишга интилардим.

Ўзбекистонлик футболчилардан эса ҳамшаҳрим Неъматулла Қутибоевга ҳавас қилиб, унинг ўйинларини кузатардим. Худога шукр, ушбу мутахассиснинг қўл  остида ўйнаш насиб этди. Катта футболга кириб келишимда айнан Неъматулла ака Қутибоев катта роль ўйнаб, мени “Жайхун” (ҳозирги “Орол”) жамоасига таклиф қилган.

Сиз туғилиб-ўсган Қорақалпоғистон республикаси ўзбек футболига кўплаб иқтидорли футболчиларни етказиб берган. Бердақ Оллониёзов, Неъматулла Қутибоев, Рустам Қурбонбоев, Саламат Қутибоев, Ойбек Нурбоев, Азамат Бобожонов, Наврўз Алимов, Дамир Низомов ва Сиз шулар жумласидан. Аммо Нукуснинг “Орол” клуби Про-лиганинг ўртамиёна жамоаси ҳисобланади ва тўғрисини айтиш керак, Суперлига йўлланмаси учун кураш олиб боришга қодир эмас. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?
Таъкидлаганингиздек, Қорақалпоғистон Республикасида маҳоратли ва иқтидорли футболчилар жуда кўп. Бироқ футболга мутасадди раҳбарлар томонидан миллионлар ўйинига бўлган эътибор кам. Шунинг учун қорақалпоғистонлик кўплаб иқтидорли футболчилар бошқа жамоалардан қўним топишга мажбур бўлишмоқда. Мутасаддилар томонидан футболга бўлган эътибор кучайиши ҳамда “Орол” жамоаси қачонлардир Суперлига вакилига айланишига умид қиламиз.

Сизнинг оммага танилишингизда “Насаф” клубининг ҳиссаси катта. Қарши жамоасидан ёрқин хотиралар қолган бўлса керак-а?
Бўлмасам-чи! Таъкидлаганимдек, катта футболдаги фаолиятимни Про-лига (1-лига) вакили “Жайхун” (ҳозирги “Орол”) жамоасида, Неъматулла Қутибоевнинг қўл остида бошлаганман. Кейин Владимир Бондаренко “Насаф”га таклиф қилган. Ўша пайтда Қаршида украиналик машҳур мутахассис Анатолий Демьяненко фаолият олиб бораётганди. Кейинчалик у ўз юртига кетди ва “аждарлар”ни Рўзиқул Бердиев бошқаришни бошлади. Рўзиқул ака мени 2011 йилнинг 2-даврасидан асосий таркибда майдонга тушира бошлади ва шундан олий лигадаги фаолиятим бошланди. “Аждарлар” сафида 1 марта кумуш, 4 марта бронза медалларини қўлга киритдим, Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлдим. Қисқаси, “Насаф”дан ажойиб таассуротлар қолган. Бунинг учун Рўзиқул Бердиевдан миннатдорман ва ушбу мутахассиснинг ишларига омад тилайман.

Ҳозирги устозингиз Илҳом Мўминжонов ҳақида нима дея оласиз?
Илҳом Иброҳимович ёш бўлса-да, анча маҳоратли мутахассис ва “Навбаҳор” билан ижобий натижаларни қайд этмоқда. Шунингдек, ижобий фазилатларга эга инсон. Мўминжонов собиқ футболчи бўлганлиги боис, биз – ўйинчиларни яхши тушунади. Керакли пайтда қаттиққўл ва талабчан, айрим пайтларда биз билан дўст. Машғулотларни ҳам қизиқарли ва ранг-баранг тарзда олиб боради. Шунингдек, ўзи собиқ ҳужумчи бўлганлиги боис, биз – форвардлар билан алоҳида машғулотлар ўтказади.
Бир сўз билан айтганда, Илҳом Мўминжонов ажойиб инсон ва яхши мутахассис. Илҳом Иброҳимовичнинг қўл остида тўп сураётганлигимдан хурсандман.

Қайси жамоадошларингиз билан яхши чиқишасиз?
Жамоамиз аҳил-иноқ. Барча жамоадошларим билан яхши чиқишаман. Барчамиз бир мақсад йўлида бирлашиб, олдимизга қўйилган вазифани бажаришга ҳаракат қиламиз.
“Навбаҳор”нинг ҳозирги таркиби клуб раҳбарияти томонидан жамоа олдига қўйилган вазифа, яъни совриндорлар сафидан жой олишга қодирми?
Албатта. Айтганимдек, бу йил барча жамоаларнинг савияси бир хил. Шундай экан, совриндорлар сафидан жой олиш учун курашамиз. Таркибимиздаги йигитлар бунга қодир. Мисол учун, “Лестер”нинг чемпион бўлишини ким ҳам ўйлабди, дейсиз? Биз ҳам қўлдан келганича, “Навбаҳор”нинг 40 йиллик юбилейига муносиб совға ҳозирлашга интиламиз.
Клуб раҳбарияти томонидан бизга барча шароитлар яратиб берилмоқда. Биздан фақат майдонга тушиб, яхши тўп суриш қоляпти, холос.

Худо хоҳласа, раҳбарият томонидан олдимизга қўйилган вазифани бажарамиз, деган умиддамиз.



Жорий мавсумда Суперлигада ёрқин ўйин намойиш этаётган 3 нафар амплуадошингизни айтиб бера оласизми?
Булар – Марат Бикмаев (“Локомотив”), Элгужа Григалашвили (“Қизилқум”) ва Зоҳид Абдуллаев (“Металлург”).

14 июнь куни Россияда навбатдаги жаҳон чемпионати старт олади. Бўлажак мундиалда қайси терма жамоага мухлислик қиласиз ва Сизнингча, қайси юрт вакиллари жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритишади?
Россиядаги жаҳон чемпионатида Испания ва Португалия терма жамоаларига мухлислик қиламан. Менимча, португалияликлар жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлишади.

“Навбаҳор” ишқибозлари борасида нима дея оласиз?
Наманганлик мухлисларга гап бўлиши мумкин эмас. Мухлисларга тўла стадионда тўп суришнинг гашти ўзгача. Бундай пайтда иштиёқ ҳам ўзгача бўлади ва ҳар қандай жамоани мағлубиятга учрата оласиз. Худо хоҳласа, мухлисларнинг ишончларини оқлашга интиламиз. Улар бизни доимо қўллаб-қувватлаб туришса бўлгани.


Блиц-саволлар

Ёқтирган рангингиз?
Кўк.
Автомобил?
“Каптива”.
Таом?
Палов ва манти.

Бизнинг маълумот
Азамат Алланиёзов – 1989 йил 15 октябрда Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳрида туғилган.
Футбол билан 8 ёшидан шуғулланишни бошлаган.
Биринчи мураббийи: Юлдаш Қўшжонов.
Амплуаси: ҳужумчи.
Нукусдаги футбол мактаб-интернати ва Нукус Давлат педагогика институтини тамомлаган.
Ўйнаган жамоалари: “Жайхун” (Нукус) – 2007-2009 йиллар, “Насаф” (Қарши) – 2010-2016 йиллар, “Қизилқум” (Навоий) – 2017 йилнинг 1-давраси, “Бухоро” (Бухоро) – 2017 йилнинг 2-давраси.
2018 йилдан “Навбаҳор”да.
Оилали, 3 қизнинг отаси.
Мухлислик қиладиган жамоаси: “Реал” (Мадрид)
Ҳавас қиладиган футболчиси: Криштиану Роналду.



Улуғбек Умаров суҳбатлашди.

Rating: +10   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика