Арсен Венгер: «АПЛнинг келажаги хавф остида»
21 jul 2016 17:01
News
Арсен Венгер: «АПЛнинг келажаги хавф остида»
Негаки, у бугун рўй бераётган ўзгаришлар эртанги кунга қандай таъсир ўтказиши мумкинлигини яхши тушунади ҳамда мулоҳаза қила олади.
Шу боис, Буюк Британия давлати Европа Иттифоқидан чиқиб кетгач, инглиз журналистлари дарҳол «Арсенал» устозига юзланишди. «Профессор» эса, ўз навбатида, мазкур ҳодисанинг футболга, хусусан, Англия премьер-лигасига таъсири ҳақида фикр юритди.
- Жаноб Венгер, Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқишига муносабатингиз қандай?
- Бу ҳодиса мени жуда ҳайратга солди. Чунки ЕИдан чиқиш ҳаётимизга қандай таъсир кўрсатишини ҳеч ким олдиндан айтиб бера олмайди. Мени ундан ҳам кўпроқ ҳайрон қолдиргани шуки, аксарият британияликлар иттифоқдан чиқишни ёқлаб овоз беришди. Дунёдаги энг замонавий ва кўркам шаҳарлардан бири бўлган Лондонда яшаб туриб, шундай янгилик эшитганимдан ажабланяпман. Аслида эса, Англия ҳам иккига ажраб қолди: ЕИ тарафдорлари ва буни ёқламаётганлар.
- Фунтнинг қадрсизланиши кишини баттар хавотирга солади. Чунки Британия пули қадрсизланса, футбол клубларининг трансферлар бозоридаги фаоллигига ҳам путур етиши мумкин...
- Бу табиий ҳол. Биласизми, мен шу кунларда кўплаб молиявий таҳлилчилар билан суҳбатлашдим ва амин бўлдимки, мамлакат ЕИдан чиққандан сўнг эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Худди шу мавҳумлик кишиларни кўпроқ ташвишга солмоқда.
- Нима деб ўйлайсиз, энди футболчиларнинг маошлари пасайиб кетмасмикан?
- Ҳа, бу аниқ. Лекин барибир, Англия клублари маблағ борасида қийналишмаса керак, менимча. Шундай бўлса-да, келажак учун баъзи саволларга ойдинлик киритиб олиш зарур. Негаки, ЕИдан чиқиш эртами-кеч, АПЛга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Чунончи, қандайдир сабаблар туфайли лига жозибасини йўқотса, телетрансляторлар телеҳуқуқлар учун камроқ пул тўлашади. Бунинг оқибатида клубларнинг даромадлари кескин пасайиб кетиши ҳеч гап эмас. Мен мана шуни футболга оид энг хавфли омил деб ҳисоблайман.
- Тасаввур қилиб кўринг, испан, немис ёки француз клублари фунтнинг қадрсизланишидан фойдаланиб, АПЛдаги кучли футболчиларни ўзларига оғдириб олишса...
- Англиянинг гранд жамоалари юлдуз футболчиларини осонликча қўйиб юборишмайди. Айни пайтда бизнинг лига - дунёдаги энг жозибадор чемпионат. Яқин келажакда ҳам шундай бўлиб қолаверади. Англия кучли премьер-лига яратишнинг дастлабки босқичида турибди. Биз шуни мақсад қилгандикки, ажойиб кунларнинг бирида «Реал» ёки «Барселона»даги етакчи футболчилар шундай дейишсин: «Мен ҳам Англияда тўп суришни истайман. Ахир у ерда футболчи учун барча имконият муҳайё». Бироқ бугунга келиб бу орзу сўроқ остида қолди. Чунки «Брексит» узоқ келажакка мўлжалланган режаларни чиппакка чиқариши мумкин.
- Қизиқ, кўпчилик британияликларга ЕИ ёқмай қолди...
- Менимча, инглизларга Европа Иттифоқи эмас, унинг бугунги қиёфаси ёқмаяпти. Иттифоқдан чиқишни ёқлаб овоз берганларнинг аксарияти ташкилотнинг ҳозирги сиёсатидан норози десам янаям тўғрироқ бўлади. Бу эса, референдумга ўз таъсирини ўтказди.
- «Брексит» туфайли халқаро футбол уюшмалари зарар кўрмасмикан?
- Мен ҳар доим бир гапни такрорлаб келганман: ФИФА ва УЕФАнинг обрўси футбол бирлиги учун ўта муҳим. Ўтган йили ФИФА атрофида юз берган нохушликлар ташкилот обрўсига жиддий зарар етказди. Лекин Британиянинг ЕИдан чиқиши бу ташкилотларга унчалик катта хавф туғдирмаса керак, деб ҳисоблайман.
- Мишель Платини кейинги тўрт йил давомида футболга оид масалалардан узоқроқ юришга маҳкум этилди. УЕФА эса, Платини мисолида ажойиб етакчидан айрилди...
- Минг афсуски, сиз ҳақсиз. Бундай нохушликларга имкон қадар тезроқ чек қўйиш керак. Платинидек буюк шахслар, тенгсиз иқтидорлар футбол ривожига кескин туртки бера олади. Ҳозирги ҳолатда эса молиявий масалалар биринчи ўринга чиқиб қоляпти. Тўғри, молиявий ишларга ҳам эътибор қаратиш зарур. Лекин у ҳеч қачон асосий мақсадга халал бермаслиги керак. Шунинг учун айтяпманки, ФИФА атрофидаги воқеалар - жуда жиддий масала.
- Нима деб ўйлайсиз, Англияга Европа футболи керакми?
- Шак-шубҳасиз. Бунга битта ажойиб мисол келтиришим мумкин: Англия 5 йил муддатга еврокубоклардан четлатилгач (1985 йили), улар бошқаларга етиб олиш учун катта машаққат чекишди. Шундай экан, Англияга Европа керак. Ўз навбатида, Европага ҳам Англия футболи жуда зарур.
Шунингдек, Англия - футболнинг ватани эканини ҳам унутиб бўлмайди. Худди шунинг учун ҳам ҳозир ҳамма кичик грогги (инсоннинг оёқда аранг турган ҳолати - масалан, кучли зарбани ўтказиб юборган боксчи грогги ҳолатига тушади) ҳолатида турибди. Мен баъзида ўйланиб қоляпман: инглиз футболчилари Исландия термасига ютқазиб қўйишганида, грогги ҳолатида бўлмаганмикинлар?
И. РАҲИМОВ тайёрлади
Comments