Алексис Санчес: уруш ва тинчлик
28 nov 2018 19:26
News
У ҳақиқий даҳо. Деярли Остап Бендер. Балки ундан-да яхшироқ. Ёки адашмасам, у АПЛда энг кўп маош оладиган Алексис Санчеснинг "Арсенал"дан МЮга ўтишини ташкиллаштирган инсон.
****
Унинг маоши йилига 23 миллион еврони ташкил қилади. Ёки ҳафтасига 450 минг фунт. Шундан 350 минги ўзининг маоши бўлса, қолган 100 минги унинг имижидан тушаётган пулдир. Бироқ бу барчаси эмас. Инглизнинг ишончли сайтларига кўра, чилилик футболчи яна 7,5 миллион еврони бонус тарзида қўлга киритади. Албатта, бу пул 4 йилга бўлиб тўлаб берилади. Бу эса йилига 1,875 млн фунт дегани.
Эътибор беринг, бундай оғир пулларни Поль Погба, Давид Де Хеа, Эден Азар, Кевин де Брюйне, Харри Кейн ёки Муҳаммад Салоҳ ҳам олмайди. Ҳар 3-4 ойда бир марта гол урадиган, майдонда мақсадсиз югураётганга берилади бу пуллар. Аммо у кўпроқ гол уриши, вазиятлар яратиб бериши ва ғолиблик учун трансфер қилинганди. Тахминан "Арсенал"даги каби. Лекин МЮдаги Алексиснинг "Арсенал"даги Алексис билан фарқи жуда катта бўлмоқда.
Менимча, ўз пулларингизни шундай инсонга бериб юбориш аҳмоқликдир. Бу пулларни тўлаётган "Ман. Юнайтед"га эса яқин орада жуда қийин бўлади. Клубдагилар келажакни ҳам ҳисобга олиши, унинг жамоадошлари молиявий томонлама катта фарқни кўриб жаҳли чиқмаслигини ўрганиб чиқишлари керак эди. Шундай бўлди ҳам. Энди жамоадагилар бундай катта "дўнглик текислаш" билан банд бўлишмоқда. Погба ва унинг айрим жамоадошлари кўпроқ ўйнаётган бўлса-да, чилиликдан камроқ маош олаётганидан мамнун эмас. Бундай ҳолатда ҳар доим фавқулодда ҳолатлар ҳақида гапириб, вазиятни юмшатиш керак. Ўша вақтда чилиликни "Олд Траффорд"га олиб келишнинг бошқа иложи йўқ эди.
Футболчининг МЮга ўтиши борасидаги расмий тақдимотда у Манчестернинг қизил томонида ўйнаш катта ғурур ва орзу эканлигини айтганди. Қандай очиқлик ва беъманилик намунаси! Унинг "Манчестер"даги фаолияти ёлғон билан бошланганди, буни барча яхши биларди. Унинг мақсади бошқа эди.
Барча биладики, Санчес "Манчестер Сити" билан деярли келишиб бўлганди. Қўллар ҳам сиқиб бўлинганди. Аммо шаҳарнинг иккинчи томони вакили бориб, молиявий томонлама таклифи билан барчани ҳайратда қолдирди. Шунингдек, Мхитарян совға қилинди. "Сити" талаша оларди, бироқ футболчига юқори маош тўлашни истамади ва ўйиндан чиқишга мажбур бўлди.
Қайсидир вақтларда унга "Челси" ҳам даъвогарлик қилди. Бироқ жамоанинг чўнтаги камтарлик қилди ва шу боисдан чилилик учун курашмади. МЮ бу трансферга ҳаёт-момот каби қаради. Турмади, ҳеч кимга қарамади. Моуриньо у орқали "Манчестер Юнайтед"нинг барча муаммоларини ечиб ташлаш мумкин деб ўйлади.
Алексиснинг "Арсенал"да қандай ҳужумкор ўйин кўрсатишини португалиялик ҳам биз ҳам билардик. Ўша қишда Алексиснинг кетганидан кейин "Арсенал" кийиниш хонаси анчагина енгиллашган ва файз кирганини Жозе билмади чамамда. Лондонликлар Санчеснинг урушларидан тўйиб кетишганди. У мураббий ва мухлисларни адолатсиз деб ўйларди. Албатта, қайсидир маънода Санчеснинг эгоистлиги Моуриньонинг ойнадаги акси бўлиши мумкин. Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам Санчес орқали исталган прагматик мураббий ҳужумкор ўйин услуби билан ўйнаса бўларди. Шундай эмасми?
Афсуски, Моуриньо ҳолатни нотўғри ҳисобга олди. МЮнинг ярмидан кўпи ҳозирда АПЛнинг энг кўп маош оладиган футболчиси билан чиқиша олмайди. Улар эндигина Погбанинг инжиқликларига ўрганишганди. Бироқ бу асосийси эмас. Алексис 29 ёшга кирганида жуда кучсиз ва жуда заиф кўринди. МЮ яхши маҳсулотни сотиб олиб, ундан маъзали овқат қила олмади. У жамоадан кетган Мхитаряннинг ўрнини ҳам босишни уддаламади. Унинг жойида эса Марсьяль ва Рэшфорд яхши ўйин кўрсатади. Баъзида марказ футболчиси Поль Погба ҳам чапда чилиликдан яхшироқ ҳаракат қилмоқда. Аҳамият берсангиз, ўйинга тушадиган бўлса, шериклари очиқ бўлса ҳам Санчесга тўп оширишмайди. Чунки улар тўп йўқотилиши аниқлигини билишади. Ҳа, Моурнинг Лондондаги собиқ ҳамкасби Венгер билан фалсафаси фарқи жуда катта. Португалиялик очиқ ҳужумкор ўйин кўрсатишни истамайди, бироқ матбуотда очиқ-ойдин барчани танқид қила олади.
Чилилик Манчестернинг бир қисмини жанжалга тўлдирди. У ўз уйида яшаши керак эди. У ўз жамоадошлари билан чиқишиб кета олмади. У Лондонда ортиқ эди, янги жойда ҳам шундай. "Арсенал"да унинг хатоларига кўз юмишарди. Чунки у клубга катта фойда келтира оларди. Ким ҳам билибди дейсиз, шундай топ-футболчи жамоасини ўзгартирганидан кейин бунчалик даражада сўнишини...
Миржалол Норматов таржимаси
Comments