"Ал Айн" бош мураббийи: "Клуб тизимида 14 нафар хорватиялик ишлаяпти"
19 dec 2018 14:48
News
"Ал Айн" бош мураббийи: "Клуб тизимида 14 нафар хорватиялик ишлаяпти"
Кеча бўлиб ўтган ярим финал баҳсида "Ал Айн" Аргентинанинг "Ривер Плейт" клуби билан 2:2 ўйнади ва пенальтилар сериясида 5:4 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўйиндан кейин "Ал Айн" бош мураббийи Зоран Мамич шогирдлари билан фахрланишини айтиб ўтди:
"Мен ниҳоятда хурсандман. Майдонда нималар бўлганини тушунмай қолдим. Ҳа, биз финалдамиз! Бунга ишониш қийин, лекин биз буни уддаладик. 15 кун ичида 5та ўйин ўтказдик, аммо чарчоқ нималигини ҳис қилмаяпмиз. Энди бор эътиборни финалга қаратамиз".
Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати мезбонларидан шу пайтгача фақат иккита жамоа 2013 йил "Ража Касабланка" ва 2016 йил "Кашима Антлерс" финалда ўйнаганди. Бу борада "Ал Айн" учинчи клуб бўлди. Агар бугун "Кашима" "Реал"ни мағлуб этса, финал Осиё дербисига айланади.
"Биз бу мусобақанинг Хорватияси эмасмиз, - дейди "Ал Айн" устози. - Чунки Хорватия жаҳон чемпионати финалида ютқазиб қўйди, мен эса мағлуб бўлишни хоҳламайман. Лекин Хорватия мамлакати фуқароси сифатида терма жамоам билан фахрланаман. "Ал Айн"нинг ушбу муваффақиятида хорватияликлар қўшаётган ҳисса жуда катта. Аввалги ҳамкасбим Златко Далич менга ажойиб жамоа қолдириб кетди. Ҳозир клуб тизимида 14 нафар ҳамюртим ишлаяпти".
Comments