Latest news

22:15ЖЧ саралаши. БАА Қатар дарвозасига тўртта гол урди. Ўзбекистонга "кела олмаган" Лимадан покер (онлайн ҳисоб)  88 21:30ЖЧ-2026 саралаши. Индонезия Саудия Арабистонини сенсацион тарзда мағлубиятга учратди  12 21:08ЖЧ-2026 саралаши. Қирғиз Республикаси Эронга қарши камбэк қайд этишга яқин келди, аммо якунда барибир мағлуб бўлди  9 20:33КХДР терма жамоаси бош мураббийи: "Ўзбекистонга қарши ўйинларни яхши ўтказдик, аммо..."  17 19:59"Милан" "Монпелье" хавбекини қўлга киритмоқчи  0 19:47Сречко Катанец: "90 дақиқа бир хил ўйнайдиган жамоаларни топиш қийин бўлса керак"  134 19:42Влахович Данияга қарши ўйинда жароҳат олди  0 19:10ЖЧ-2026 саралаши. Сафарда қийинчилик билан уч очко қўлга киритдик  54 18:59ЖЧ-2026 саралаши. Япония сафарда Хитойни ишончли тарзда мағлуб этди  12 18:51Омадимиз келди, Юсуповга эса раҳмат. Ўзбекистон қийинчилик билан КХДРни мағлуб этди  661 17:58ЖЧ-2026 саралаши. Қирғиз Республикаси - Эрон: Асосий таркиблар маълум  7 17:35Буффон: "Неймар бешта "Олтин тўп" ютиши керак эди"  9 16:41Левандовски "Барселона" билан шартномани узайтирмоқчи  4 14:50"Милан" "Реал"да ўйин амалиётига эга бўлмаётган вингерга кўз тикди  6 14:23Скамакка 3 ойдан кейин машғулотларга қайтди  0

44 йиллик айрилиқ: "Пахтакор-79"ни хотирлаб News

44 йиллик айрилиқ: "Пахтакор-79"ни хотирлаб

Ушбу санада "Пахтакор" авиаҳалокат туфайли 17 нафар ўғлонидан ажралиб қолган. Биз эса ўша жамоа аъзоларини хотирлаган ҳолда мудҳиш ҳалокат тафсилотлари тўғрисида эслаб ўтсак.

1979 йилнинг 11 августи. Тошкент вақти бўйича соат 13дан 35 дақиқа 38 сония ўтган. Шу лаҳзада Тошкент-Гурьев-Донецк-Минск рейсида парвоз қилаётган ТУ-134 самолёти Челябинск-Кишинёв рейсини бажараётган шу русумдаги бошқа самолёт билан тўқнашиб кетди. Фожеа ердан 8400 метр баландликда юз берди ва икки самолёт бортида бўлган 178 киши ҳалок бўлди. Улар орасида ўша вақтда ўзбек футболининг фахри ҳисобланган «Пахтакор»нинг 17 нафардан иборат таркиби ҳам бўлган. Афсуски, диспетчернинг хатоси икки юзга яқин инсонларни бу ҳаётдан олиб кетди.

 

Ўша куни Харьковдаги ҳаво ҳаракатларини бошқариш марказида 6 нафар диспетчер навбатчилик қилаётганди. Бўлим бошлиғи Сергеев ёш Николай Жуковскийни иш ўрнига ўтказди ва унга раҳбарлик қилиб туришни Владимир Сумскойга топширди.

 

Ўша куни бу ҳудудда об-ҳаво унчалик яхши эмасди. Осмонни булутлар эгаллаган бўлиб, улар 8-9 километр баландликда ҳам қалин жойлашганди. 65735 борт рақамли Ту-134 самолёти Москва вақти билан соат 13:11да Донецкдан ҳавога кўтарилади. А.С.Комаров бошчилигидаги экипаж аъзолари 77 йўловчини манзиллари томон етказиб қўйишлари зарур эди. 12:53да Воронеждан учган бошқа бир Ту-134 эса 65816 борт рақамига эга бўлиб, унда А.А.Тараненко командирлик қилаётганди. Молдавияга тегишли самолёт салонида 88 нафар йўловчи рўйхатга олинганди. Улардан 16 нафари 12 ёшгача бўлган болалар бўлган.

 

11 августда содир бўлган воқеалар қуйидаги ҳолатда юзага келган.

7:50. Харьков ҳаво ҳаракатларини бошқариш марказида раҳбар Сергеев жанубий-ғарбий йўналишга масъул этиб катта тажрибага эга бўлмаган Жуковскийни қўйди. Унинг ҳаракатларини назорат қилишни эса биринчи классли диспетчер Сумскойга топширади. Ваҳоланки, бу ҳудуд собиқ СССРда самолётлар энг кўп учиб ўтадиган йўлга эга эди. Одатий кунларда ҳам ушбу жой осмонида бошқа ҳудудлардан кўра иш анча қизғин бўларди.

13:17. Молдавияга қарашли Ту-134 самолёти Харьков маркази билан алоқага чиқди. Командир 9600 метр баландликни эгаллашни сўради. Лекин Жуковский унга бу йўл банд бўлишини айтиб, рад жавобини берди.

 

Кейин эса алоқага Минскка тегишли бўлган Ту-134 чиқиб, командир Комаров самолёт 5700 метр баландликда эканини айтиб, ўзи учун белгиланган 9600 метр масофага кўтарилишни сўради. Ҳар икки самолёт йўналиши Днепродзержинск тумани осмонида тўғри бурчак остида кесишар, лекин орадаги фарқ бир дақиқани ташкил этарди. Бироқ Жуковский ҳисобда адашиб кетади ҳамда икки самолёт учиб ўтиш фарқи 3 дақиқа деб белгилаб олади. Шу сабабли у Комаровга 7200 метр баландликни эгаллашга буйруқ беради.

 

13:34. Минск экипажи 8400 метр баландликка кўтарилишга буйруқ олади ҳамда навбатдаги буйруқни кута бошлайди. Чунки бу йўлдан Ил-62 учиб ўтиши лозим эди. Ва Жуковский яна бир хатога йўл қўяди. Буни «Пахтакор» учаётган самолёт командирининг алоқага чиқиб айтган сўзларидан пайқаган Сумской бошқарувни қўлга олади ҳамда учувчилар билан алоқага ўзи чиқишни бошлайди.

13.34.07: - 676чи (Ил-62нинг борт рақами), 9600 метр баландликни эгалланг.

13.34.28: - 735чи, сиз эса 9000 метр баландликка ўтинг. Днепродзержинскда 8440 метр баландликда йўллар кесишади.

 

Жавоб эса қуйидагича янграйди:

- Тушундим, 8400.

 

Сумскойнинг хатоси шунда бўлганки, у жавобни қайси самолёт командири айтганини сўраб, тасдиқлатишни эсдан чиқарган. Ҳар икки диспетчер буйруқни ким бажарганини сўрашни ёки локаторга қараб, самолётлар қайси йўналишда ҳаракат қилаётганини текширишни унутишган.

 

13.35.38: 95 даража бурчак остида 65916 рақамли Ту-134А шу русумдаги 65735 рақамли бошқа бир самолёт билан тўқнашиб кетади. Ҳар икки самолёт учувчилари қалин булут туфайли қаршисидаги самолётни кўриш имкониятига эга бўлишмаган. 8300 метр баландликда Молдавия самолёти Минскка қарашли самолётнинг қанот қисмига келиб урилган. Комаров «Пахтакор» учаётган лайнер бошқарувини 4500 метр баландликкача герметизация бузилган ҳолатда ҳам ушлаб турган, бироқ шундан кейин самолёт кескин равишда қулашни бошлаган.

Ҳалокат тўғрисида биринчи бўлиб ўша пайт ҳавода бўлган АН-2 самолёти экипажи хабар беради: «Куриловка ҳудудида қулаётган самолёт қисмлари кўзга ташланмоқда. Менимча, бу ТУ-134 парчалари».

 

Икки лайнернинг 8400 метр баландликдаги тўнашуви натижасида 178 нафар инсон ҳалок бўлди. 9 ойдан кейин бўлиб ўтган судда Жуковский ва Сумской устидан суд қарори эълон қилинди. Улар умумий режимда 15 йилдан озодликдан маҳрум этилдилар. Бошқа жавобгар шахслар эса «сувдан қуруқ чиқишган».

 

Ушбу ҳалокатдан жуда кўпчилик ўзини йўқотиб қўйган. Чунки ўша мавсумда «Пахтакор» ишончли ўйин кўрсатиб, юқори ўринлардан жой эгаллашга ҳақли эканлигини исботлаб келаётганди. Ҳатто, баъзи мутахассислар жамоанинг яқин йиллар ичида Еврокубокларда ўйнаши мумкинлиги тўғрисида тахмин қилаётганди. Фожеа оқибатида нафақат кўплаб инсонлар ҳалок бўлди, балки бу ўзбек футболининг ривожланишига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Тасаввур қилинг, ўшанда бизнинг энг яхши футболчиларимиз дунёдан кўз юмди. Натижада бир бутун бир авлоддан ажралиб қолдик. Агар ўша ҳалокат бўлмаганда футболимиз ҳозирги савиясидан икки-уч баробар юқорироқ бўлиши мумкин эди. Самода ҳалок бўлган ўйинчи ва жамоа аъзоларининг рўйхати мазкур инсонлардан иборат:

 

Идгай Борисович Тазетдинов         13.01.1933      Мураббий

Владимир Васильевич Чумаков      08.12.1932      Шифокор

Мансур Иномжонович Толибжонов          04.04.1944      Маъмур

Михаил Иванович Ан          19.11.1952      Ярим ҳимоячи

Владимир Иванович Фёдоров        05.01.1956      Ҳужумчи

Олим Масолиевич Аширов 25.01.1955      Ҳимоячи

Равиль Рустамович Агишев            14.03.1959      Ҳимоячи

Константин Александрович Баканов         25.05.1954      Ярим ҳимоячи

Юрий Тимофеевич Загуменних      07.06.1947      Ҳимоячи

Александр Иванович Корчёнов      04.05.1949      Ярим ҳимоячи

Николай Борисович Куликов         25.04.1953      Ҳимоячи

Владимир Васильевич Макаров     09.03.1947      Ярим ҳимоячи

Сергей Константинович Покатилов          20.12.1950      Дарвозабон

Виктор Николаевич Чуркин           25.01.1952      Ҳужумчи

Сирожиддин Аҳмадович Бозоров  10.08.1961      Ҳужумчи

Шуҳрат Мўсинович Эшбўтаев        08.02.1959      Ҳужумчи

Владимир Валиевич Собиров         14.01.1958      Ҳужумчи

 

Шу тариқа ишқибозларни армонда қолдириб, «Пахтакор» авиаҳалокатга учради. Тез фурсат ичида Тошкентга бошқа жамоалардан футболчилар чақирилиб, жамоа мавсумни давом эттирди. Уч мавсум мобайнида жамоага олий лигадан тушиб кетмаслик имконияти тақдим этилди. Лекин ҳаётдан кўз юмган бутун бир жамоа ўрнини ҳеч ким ва ҳеч нарса боса олмасди. Ўша машъум ҳалокат туфайли кўп минг сонли ишқибозлар футболдан бутунлай кўнгил узишди. Пахтакорчиларнинг оила аъзоларига қанчалик қийин бўлганлигини тасаввур қилиш мушкул бўлмаса керак. Навбатдаги учрашувларга ташриф буюрган мухлислар кўзларида ёш билан янги жамоа иштирокидаги ўйинни кузатиб боришарди.

 

Бугун... Бугун эса янги тонг отди. Кимларнингдир қалбида янги орзулар билан, кимлардадир эса унутиб бўлмас хотира ва армонлар. Биз эса пахтакорчиларни ёдга оламиз. Аслида улар ҳар доим бизнинг қалбимиздаги, бизнинг ёдимизда. Сизларни ҳеч қачон унутмаймиз, "Пахтакор"нинг чинакам ўғлонлари!

Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика