Latest news

18:22"Реал" Родри ёки Энцо Фернандесни сотиб олади, агар...  0 18:15Суперлига. "Динамо" - "Локомотив" (матнли трансляция)  1 18:00Суперлига. Олмалиқда 4 та гол урилган ўйинда ғолиб аниқланмади  10 17:31ОФК Чемпионлар Лигаси-2. Умар Эшмуродов жамоаси сафарда "Чонбук Моторс"га имкониятни бой берди   0 16:57"Ҳозирги ҳолатимни сўз билан таърифлаш қийин"   0 16:16Асаби бўшлар кўрмасин! "Барселона" жароҳат олган Пау Кубарси суратини чоп этди   4 15:47Ханс-Дитер Флик: "Бугун амалга оширган ишимиздан мамнунман"  0 15:15ОФК Чемпионлар лигаси-2. 4-турдан сўнг ғарбий минтақадаги ҳолат  9 14:42ОФК Чемпионлар Лигаси-2. "Чонбук Моторс" - "Селангор": Умар Эшмуродов асосий таркибда  0 14:31"Бетис" "Барселона" ҳимоячисига қизиқмоқда  1 14:19"Локомотив" сўнгги бор Самарқандда "Динамо"ни қачон ютган?  2 13:56"Барселона" XX асрда қайд этган ажойиб бир натижасини яхшилади   2 13:27Артета: "Футболчиларим билан фахрланаман"  2 12:25"Олимпик" бугун тарихий натижа қайд этиши мумкин   3 12:18U-20 Осиё кубогига қуръа ташланди. Ўзбекистон Эрон билан ўйнайди  16

40 миллионга баҳоланган иқтидор News

40 миллионга баҳоланган иқтидор

АПЛнинг янги мавсумидан бошлаб, Кот-д~Ивуарнинг кичкинагина Бинжервиль шаҳарчаси иккига бўлиниши кутилмоқда - «кўклар» ва «қизиллар».

Негаки, Кот-д~Ивуар термасининг икки етакчи футболчиси - Уилфрид Бони ва Эрик Байилар худди шу шаҳарчада дунёга келишган бўлиб, ҳозирда уларнинг бири «Манчестер Сити», иккинчиси эса «Манчестер Юнайтед» клуби шарафини ҳимоя қиляпти.

Эътиборлиси, Бони Голландиянинг «Витесс» клубида тўп суриб юрган кезлари Байи футболдаги фаолиятини эндигина бошлаётганди. Уни ҳам, кўпгина африкалик иқтидорлар сингари, ўсмирлар ўртасида ўтказилган халқаро турнирларнинг бирида кашф қилишган ва шу тариқа, ёшгина болакай расмий келишувга имзо чекиш орқали нафақат ривожланишнинг кенг йўлига, балки осуда европача ҳаётга ҳам кириб келган. Ўшанда Эрикни Испаниянинг «Эспаньол» клуби скаутлари кўз остиларига олиб қўйишганди. «Буркина-Фасодаги ўша турнирда 20-25 жамоа иштирок этган, ёш футболчилар эса турнир давомида фақат бир нусхагина либослардан фойдаланишганди», - деб эслашади Каталония клуби вакиллари. Мазкур мусобақадан сўнг клуб скаутлари Байига қуйидагича таъриф беришганди: «Чидамли, ақл билан ўйнайди, тўп билан муомаласи яхши, тезкор, ҳимоядан ҳужумга ўтишда ғоят тажовузкор». 17 ёшли Байи бу пайтларда турли чизиқларда бирдек самарали ҳаракат қиларди: марказий ҳимоячи ва таянч ярим ҳимоячиси ўринларида.



Лекин шунга қарамай, ўсмир «жавоҳир» ёки шунга ўхшаш ноёб, қимматбаҳо тошлар номи билан улуғланмади. Чунки у ҳимояда яхши ўйнаб, рақиб ҳужумчиларини муваффақият билан тўхтатиб қолсада, «баъзи бир тактик хатоларга йўл қўйган»­ди. Айнан шу боисдан Байи «Севилья», «Вильярреал» ёки «Ювентус» эмас, «Эспаньол»нинг ёшлар жамоаси таркибига кириб қолади. Зеро, ўша турнирни юқоридаги клублар скаутлари ҳам диққат билан кузатишган ва табиийки, Байига улар ҳам етарлича эътибор қаратишганди. Шу тариқа, Эрик 2011 йили тақдир тақозоси билан Испаниянинг футболга муносабат ўта яхши бўлган ҳудудларидан бирига келиб қолди. Турган гапки, «Эспаньол» -  «Барса» эмас. Лекин истеъдодли ёшларга эътибор кучли бўлган испан футболининг ўзиёқ ивуарлик қашшоқ йигитчани тўла қаноатлантирарди. Аммо бу давр «Манчестер Юнайтед»нинг бўлғуси аъзоси учун энг машаққатли пайтлар бўлди. Сабаби, Байининг ватанида фуқаролар уруши кетаётгани учун у меҳнат визасини ололмагани сабабли, деярли бир йил янги клуби сафида ўйин ўтказолмай, фақат машғулотлар билан чекланди. Ниҳоят, тегишли ҳужжатлар футболчининг қўлига келиб тушиши биланоқ, аввал «Эспаньол Б» таркибида, кейин эса жамоанинг асосий таркибида дебютини нишонлади. Энг қизиғи, «Эспаньол» учун атиги бештагина расмий учрашув ўтказди-да, «Вильярреал» даражасига кўтарилди. Яъни, «Вильярреал» ҳимоячини сотиб олди. Негаки, бир йиллик машғулотлар вақтида Эрикнинг ижобий хусусиятлари қаторига ўзига ишонч ва совуққонлик фазилатлари ҳам қўшилганди. Масалан,  2014 йилнинг декабрида Байи «Эспаньол» асосий таркибида «Барселона»га қарши майдонга чиқди. Ўшанда «Эспаньол» «Камп Ноу»дан 1:5 ҳисобидаги йирик мағлубият билан ортга қайтди. Лекин ўйинни кузатган скаутлар Байининг ҳаракатларига «худди премерода 50та ўйин ўтказган тажрибали ҳимоячидек» баҳо беришганди.

Афтидан, «Вильярреал» раҳбарлари ҳам худди шундай ўйлашди ва кечиктирмай, футболчининг ҳуқуқларини «Эспаньол»дан 5,7 млн. еврога сотиб олишди. Ҳолбуки, Эрик Ла-лигада эндигина 5та ўйин ўтказганди, холос. Ана шундай воқеалар остида Байи энди «Вильярреал»га келиб қолди. Футболчининг клуб билан тузган шартномаси эса беш ярим йилга мўлжалланганди. Аслида, «сариқ сув ости кемаси»дагилар Байи мисолида Габриэль Паулистага муносиб ворисни кўришганди. Чунончи, Паулиста «Арсенал»га ўтиб кетганидан сўнг ҳимоя чизиғида муаммолар кўзга ташланиб қолганди. Муҳими, Байи раҳбарларни уялтириб қўймай, «Вильярреал»га кутилганидан ҳам тез киришиб кетди ва асосий таркибдан муқим ўрин эгаллай олди. Қисқаси, жамоа ўтган мавсумда Ла-лиганинг тўртинчи поғонасини банд қилиб, ЧЛ йўлланмаларидан бирини қўлга киритишида Эрик Байи ниҳоятда муҳим ўрин эгаллади. Умуман олганда, 2015|2016 йиллар мавсумида у «Вильярреал» либосида 35та ўйинда майдонга тушди. Шуниси эътиборлики, бу ўйинлар давомида жамоа атиги 17 марта ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборган. Қолаверса, Байи ва унинг клуби ўтган мавсумда «Атлетико» ҳужумчиларини буткул «қуролсизлантирган» ягона жамоа бўлди (1:0 уйда, 0:0 меҳмонда). Шубҳасиз, шундай юксак натижа қайд этилишига Байи улкан ҳисса қўшди. Бундан ташқари, Эрик ва унинг ҳимоядаги шериклари мавсум давомида Мадриднинг «Реал» клубидан биттагина кўп гол ўтказиб юбордилар, холос.

«Реал» (1:0) ва «Барселона» (2:2) клубларига қарши ўтган уй учрашувлари эса нафақат «Вильярреал», балки ивуарлик ҳимоячи учун ҳам тарихдаги энг яхши ўйинлардан бўлиб қолди. Тўғрисини айтиш керак, Байи ўзи сезмаган ҳолда, Рафаэль Бенитеснинг истеъфосига ҳам сабабчи бўлди. Чунки мадридликларнинг Роналду ва Бэйл каби машҳур ва ижодкор футболчилари ҳам Байидан ўтиб кетишни уддалай билишмаганди. «Барса»га қарши ўйинда эса Эрик шунчалик муваффақиятли ҳаракат қилдики, биргина у машҳур учлик - «МСН»га огоҳлантиришсиз қаршилик қила олди. Бу ўйинда «Вильярреал»нинг Байидан бошқа барча ҳимоячилари, умуман, жами 8 нафар футболчиси ҳакамдан сариқ карточка олганини инобатга олсак, Байи қанчалик «тоза» ўйин ўтказганини тушуниб етиш мушкул эмас.

Аслидаку, тартиб-интизом - ивуарлик футболчининг энг ожиз томонларидан бири. Негаки, у катталар футболидаги 55та ўйинда 18 марта сариқ, 2 бора қизил карточкага муносиб кўрилган. Ўтган мавсум бошида ҳам Байи 9та ўйинда ҳакамлар томонидан  етти марта огоҳлантирилди. Шундан сўнг «Вильярреал» устози Марселино ҳимоячи билан жиддий гаплашиб олишга қарор қилди. Натижа эса ўзини узоқ куттирмади: Эрик чемпионатнинг сўнгги 13та баҳсида бирор марта огоҳлантириш олмади.

Бироқ африкаликларга хос қизиққонлик Байини осонликча тарк этмаса керак. Негаки, у баъзида ўзини худди ватандоши Коло Туредек тутади. Айтишларича, Коло «Арсенал» таркибига янги келган пайтда маш­ғулотларнинг бирида жамоа афсонаси ҳисобланган Денис Бергкампга нисбатан ўта қўпол «подкат» қўллаб, изза бўлиб қолган экан.

Хуллас, «Ливерпуль» ва Турени Европа Лигаси ярим финалидан чиқариб юбориш Байига насиб этмади (аниқроғи, ивуарлик ҳимоячи жароҳат туфайли жавоб ўйинида қатнашолмаган), аммо шунга қарамай, у «Манчестер Юнайтед» клуби ва шахсан Жозе Моуриньонинг жиддий қизиқишига сабаб бўлди.

«Эрик - катта иқтидорга эга ёш ҳимоячи, - дейди португалиялик мутахассис жамоанинг янги аъзоси ҳақида. - Унинг ривожланиши чакки эмас. Агар Байи ўсишдан тўхтамаса, яна бир неча йиллар давомида ўз чизиғининг энг кучли вакилларидан бири бўлиб қолади».

Ўхшашликни қарангки, Байи ҳам, Моуриньо ҳам «Юнайтед»даги ҳаётни энди бошлашмоқда. Демак, Жозега тегишли бўлган «МЮ» - келажак сари интилишда жуда зарур клуб» деган сўзлар уларнинг ҳар иккисига тўғри келади. «Беназир» учун Манчестерда универсал, яъни бир неча чизиқда бирдек самарали ўйнай оладиган футболчиларнинг кўпайиши айни муддао. Кўрдикки, Луи ван Гал жароҳатлар эпидемияси вақтида ўта мураккаб аҳволга тушиб қолди. Байи эса шундай ҳолатларда Моуриньонинг жонига оро кириши аниқ.  «Испанияда у гоҳида ўнг қанот ҳимоячиси сифатида майдонга чиқиб, ажойиб ўйин кўрсатарди. Бу эса аслида марказий ҳимоячи бўлган футболчилар учун ниҳоятда керакли хислат», - дейди Байининг янги устози.

Чиндан ҳам, ивуарлик футболчи примерода асосан, марказий ҳимоячи сифатида танилган бўлса-да, шароит тақозо қилса, ўнг ва чап қанотларда тўп сураверарди. Жумладан, у «Реал»­га қарши ўйинда ўнг, «Атлетико»га қарши эса чап қанотда ҳаракатланган. Терма жамоанинг Малига қарши ўйинида эса яна ҳам олдинроқда, вингер вазифасини бажарди. «Бунақа футболчиларни кундуз куни чироқ ёқиб топиб бўлмайди», - дейди Моуриньо.

Байи шунингдек, терма жамоасида ҳам аллақачон ўз ўрнига эга бўлиб улгурган. Айни пайтгача унинг ҳисобида Кот-д~Ивуар учун ўтказилган 15та ўйин ва 2015 йилги Африка Миллатлар кубогининг олтин медали бор. Таъкидлаш лозим, 21 ёшли Эрик бу турнирнинг барча олти учрашувида тўлиқ иштирок этиб, Гана дарвозасига белгиланган пенальтини совуққонлик билан аниқ амалга оширди. «Мени термада «фахрийлар», айниқса, Коло Туре тинимсиз қўллаб-қувватлайди, - дейди Байи. - Шунинг учун ундан кўп нарса ўрганиб, жамоадагилар билан муносабатларни янада мустаҳкамламоқчиман».



Қарангки, бир йил ичида Байининг нархи 6 баробар қимматлашиб, 5,7дан 40 миллион еврогача кўтарилди. Айтганча, бу трансфер «Вильяр­реал» тарихидаги рекорд натижа ҳамдир. Шубҳасиз, рақамларнинг бу қадар «чиройли» кўриниш олишига «Юнайтед» раҳбарлари «айбдор»лар. Моуриньо эса Эрик нархга ортиқча эътибор қаратмай, ўз вазифасини аъло даражада уддалашидан умидвор.

«Тезкор, атлетик хусусияти юқори, иқтидорли ва жасур», - деб ёзди инглиз матбуоти Байи ҳақида. Англияликларнинг фикрича, Эрикдан ҳозирча Диего Годин («Атлетико»), Серхио Рамос («Реал») ва Жерар Пике («Барселона»)ларгина салгина устунроқ.

Очиғини айтганда, ҳали анча ёш Байи учун «Вильярреал»да, Марселино қўли остида тўп суриш бирмунча осонроқ эди. Лекин ёддан чиқармаслик керакки, Моуриньо билан ишлаш имконияти ҳам ҳар кимга насиб этавермайди. Боз устига, «Вильярреал» янги мавсумда ЧЛда қатнашади, «МЮ» эса Европа Лигасида. Бироқ Байи, Ибрагимович ва Мхитарянларни харид қилган жамоа бир йилдан сўнг аввалги даражасига кўтарилиб олса, ажабмас.

Хуллас калом, Байи ўз тарихини Буркина Фасодаги кўримсиз бир майдонда бошлаганди. Энди эса уни «Орзулар театри»даги ажойиб спектакллар кутмоқда. Нима ҳам дердик, омад ёр бўлсин, йигитча! Англияда муваффақиятга эриша оласан. Ахир, сен Кантонанинг адашисан!

Rating: +7   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика