3 ўйин, 3 хил натижа. Катта мақсадларни кўзлаётган "Навбаҳор" ҳақида
04 apr 2020 16:11
News
3 ўйин, 3 хил натижа. Катта мақсадларни кўзлаётган "Навбаҳор" ҳақида
Бир суддат аввал "Насаф" ва "Пахтакор"нинг дастлабки 3 турдаги ўйинларига бағишланган мақолаларни эътиборингизга ҳавола этгандик.
Фото ОЧЛ ва Суперлигада фақат ғалаба қозонаётган, лекин оптимал формага кирмаган "Пахтакор" ҳақида
Бугунги мақола эса ўзига хос мухлислар "армияси"га эга ва ўз олдига юқори мақсадларни қўйган "Навбаҳор"га бағишланади.
Аввало мавсум олдидан "Навбаҳор"га келган ва кетган ўйинчиларни келтириб ўтаман.
"Навбаҳор"га келганлар:
Хуршид Мухторов ("Насаф")
Ислом Рашидхонов ("Насаф")
Тоҳир Шамситдинов ("Бухоро")
Забиҳилло Ўринбоев ("Токусима Вортис", Япония)
Миркомил Локаев ("Динамо")
Ислом Исоқжонов ("Металлург")
Жавлон Иброҳимов ("Сувон", Ж.Корея)
Шохруҳ Маҳмудхожиев ("Пахтакор")
Руслан Болов ("Гомель", Беларусь)
Павел Голишев ("Нижний Новгород", Россия)
"Навбаҳор"дан кетганлар:
Александр Касьян ("Сурхон")
Аюбхон Нўъмонов ("Сўғдиёна")
Азиз Ибрагимов ("Сурхон")
Нодир Мавлонов ("Андижон")
Шаҳзод Шайманов ("Локомотив")
Жаҳонгир Меҳмонов ("Сурхон")
Славко Лукич
Илҳом Алижонов ("Қизилқум")
Шерзод Ҳакимов
Мавсум олдидан "лочинлар" сафини тарк этганлар орасида чинакам йўқотиш сифатида фақат Александр Касьянни кўрсатиш мумкин. Зеро, айнан у бир йил олдин асосий таркибнинг муқим аъзосига айланган ва мазмунли ўйинлари билан ёдда қолганди.
Касьяннинг ўрнига Руслан Болов ва Ислом Исоқжонов олиб келинди. Исоқжонов "Металлург"да вингер бўлиб ўйнарди, "Навбаҳор"да эса ҳозирча ҳужумда тўп тепмоқда. Болов ҳақида нимадир ёзишнинг имкони йўқ, чунки у ҳали ўйнамади. "Насаф"дан ўтган Ислом Рашидхонов ҳамда Хуршид Мухторовлар ҳам жамоани кучайтиришди. Ҳали формага кириб олса Жавлон Иброҳимов ҳам фойдали трансфер бўлади.
"Навбаҳор"нинг 2020 йилги Суперлига учун рўйхатдан ўтказган ўйинчилари:
Дарвозабонлар
1. Ўткир Юсупов (04.01.1991)
13. Исломжон Абдуллахонов (09.03.2001)
16. Улуғбек Эгамбердиев (10.02.2001)
23. Дилшод Ҳамроев (11.07.1995)
Ҳимоячилар
2. Миркомил Локаев (30.01.1995)
3. Мирзоҳид Мирзамаҳмудов (02.11.2000)
4. Шаҳзодбек Хамидов (03.07.1998)
5. Ғиёсжон Комилов (11.03.1989)
6. Содиқжон Ортиқов (22.03.2001)
15. Обид Жўрабоев (17.02.1986)
19. Мирзоҳид Ғафуров (22.08.1988)
22. Игорь Голбан (31.07.1990), Россия
28. Хуршидбек Мухторов (09.02.1994)
33. Тохиржон Шамситдинов (09.02.1993)
34. Муроджон Адашбоев (05.11.2001)
Ярим ҳимоячилар
7. Азимжон Аҳмедов (04.01.1992)
8. Жовлон Иброҳимов (10.12.1990)
9. Иван Соловьев (29.03.1993), Россия
10. Азизбек Турғунбоев (01.10.1994)
11. Исломбек Исоқжонов (29.04.1993)
17. Абдулҳай Исмоилов (08.02.2000)
18. Сардар Теляков (14.01.1994)
20. Амирбек Жўрабоев (13.04.1996), Тожикистон
21. Комилжон Тожидинов (19.08.1999)
24. Муҳаммад Содиқ Қодиров (04.04.2001)
26. Улуғбек Акназаров (16.01.2001)
27. Ислом Рашидхонов (22.10.1997)
29. Жамолиддин Бахромов (09.08.2000)
30. Абдужамол Исроилов (24.12.1996)
31. Аюбхон Жўраев (20.12.2000)
32. Қодирхон Икромов (19.01.2000)
35. Бобиршоҳ Собиров (03.10.2001)
37. Лутфиллоҳ Нуриддинов (24.03.2003)
38. Достонбек Абдулхаев (04.07.2001)
39. Камронбек Неъматжонов (17.12.2003)
41. Шавкатжон Саттаров (10.02.2001)
70. Аббос Ғуломов (05.07.1998)
94. Анваржон Хожимирзаев (21.10.1994)
Ҳужумчилар
25. Шоҳрух Маҳмудхожиев (19.07.1998)
42. Самандар Жўрабоев (06.08.2002)
43. Абдулазиз Хотамов (06.09.2000)
47. Асилбек Орифжонов (14.01.2001)
72. Павел Голишев (07.07.1987), Россия
77. Ҳусайн Эргашбоев (21.08.2000)
88. Руслан Болов (07.05.1994), Россия
95. Забихилло Ўринбоев (30.03.1995)
"Навбаҳор" устози Андрей Канчельскис дастлабки 3 турда қандай тактик схема ва таркибдан фойдаланганини кўриб чиқамиз.
Суперлига, 1-тур
"Пахтакор" – "Навбаҳор" 2:1
27 февраль 2020 йил
Тошкент. "Пахтакор" стадиони, 15320 томошабин
Ҳакамлар: Илгиз Танташев, Ҳусниддин Шодмонов, Александр Буров, Рустам Лутфуллин
Назоратчи: Фарҳод Абдуллаев
Комиссар: Зоҳиржон Акрамхонов
Голлар: Игорь Сергеев (пас Драган Черан) 51, Игорь Сергеев (пас Анзур Исмоилов) 89 - Иван Соловьёв (пас Аббос Ғуломов) 26.
"Навбаҳор" бош мураббийи Андрей Канчельскис бу мавсум 4-2-3-1 тактик схемасидан фойдаланмоқда. Наманганликлар ҳар уччала турда ҳам айнан шу схемада тўп тепишди.
"Навбаҳор" учун чемпионат ҳақиқий "жанг" билан бошланди. Зеро, сўнгги йиллардаги энг принципиал рақибга айланиб қолган "Пахтакор" уйига сафар осон кечмаслиги аниқ эди.
Ўша куни ҳар икки жамоа ҳам жангга тушгандек ўйинни бошлашди. Биринчи бўлимда "Навбаҳор" футболчилари жуда кўп югуришди, зоналарни тез ёпишди, рақиб тўп билан майдон марказидан ўтиши билан кучли прессинг уюштиришди. Бу эса кўп вазиятларда "Пахтакор" футболчиларини шошириб қўйди ва хатолар юзага кела бошлади. Канчельскис шогирдлари киритган гол ҳам айнан прессинг эвазига олиб қўйилган тўпдан кейин юзага келди. 1-бўлимни "Пахтакор"нинг марказий ярим ҳимоячилари Одил Ҳамробеков ҳамда Сардор Собирхўжаевлар ёмон ўтказишди. Ўтказиб юборилган голда ҳам айнан шу икки ўйинчининг хатоси асосий ролни ўйнади. "Лочинлар"га эса шу кунги ўйин учун тасанно дейман. Биринчи бўлимда улар амалдаги чемпионга имкон беришмади, ҳар бир тўп учун кескин кураш кечди.
Юқорида келтирилган сатрлар "Пахтакор" ҳақидаги мақоладан парча эди ва унга яна қўшимча қилишни хоҳладим. "Навбаҳор" ўша учрашувнинг биринчи бўлимида 1-даврадаги энг зўр ўйинини ўйнаб қўйди. Менимча бунақанги "настрой", жуда кучли хохиш ва ҳар бир тўпга "ўлигини ташлайдиган" "Навбаҳор"ни шу билан "Пахтакор"га қарши Намангандаги беллашувда кўрсак керак.
Андрей Канчельскис: "Ўзбекистонда VAR бўлишини истардим"
Суперлига, 2-тур
"Навбаҳор" - "Локомотив" 2:0
6 март 2020 йил
Наманган. "Марказий" стадиони, 25328 томошабин
Ҳакамлар: Темур Тўхтасинов, Абдуҳамидулло Расулов, Олим Абдувосилов, Акмал Раҳимов
Назоратчи: Олег Дачев
Комиссар: Ахмед Тиллаев
Голлар: Азим Аҳмедов 64 пенальти, Игорь Голбан (Аббос Ғуломов) 88.
"Навбаҳор" уйда ютиш жуда қийин жамоага айланади. Мухлислар рақибга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, мезбонларга катта энергия беради. Стадионни тўлдириб турадиган ишқибозларнинг олқишлари жамоани доим олдинга чорлаб туради.
Канчельскис "Пахтакор" билан ўйинга солиштирганда фақат битта мажбурий ўзгариш қилди. Қизил карточкаси бор Исоқжонов ўрнини Забиҳилло Ўринбоев эгаллади. Учрашув тинимсиз ҳужумлар ва зарбаларга тўлиб тошмади. Ҳар икки жамоа ҳам ҳужумлар уюштириб турди. Вазият шундай эди-ки, ким биринчи гол урса ўша томон ғалабани илиб кетадигандек эди. 5-дақиқада Ўринбоевнинг бош билан берган зарбаси Нестеров қўриқлаётган дарвозанинг устунига тегиб қайтди. "Лочинлар" бироз фаолроқ бўлишди ва олдинга кўпроқ ўтишди.
"Локомотив" эса шу куни ғалаба сари ташлаши мумкин бўлган жуда катта қадамда қоқилди. 40-дақиқада Темурхўжа Абдухолиқов йўл-йўлакай икки рақибни алдаб ўтиб майдоннинг ярмини босиб ўтди ва тўпни ўнгдан ёриб кирган Марат Бикмаевга ташлаб берди. Марат эса шериги чайнаб берган тўпни Ўткир Юсупов қўриқлаётган дарвозанинг яқин бурчагига жойламоқчи бўлди ва ноаниқ зарба берди. Абдухолиқов ўзи ҳам зарба бераверса бўладиган нуқтага чиқиб борганди, аммо тўпни ўзидан ҳам яхшироқ имкониятга чиқиб бораётган Бикмаевга узатганди.
Иккинчи бўлимда мезбонлар гол уриш учун муносиб ўйин кўрсатишди ва ғалаба ўзлариники қилишди. Азим Аҳмедов тўп Зотеевнинг қўлига текканидан кейин пенальтидан ҳисобни очган бўлса, Голбан 88-дақиқада ўйинга якуний нуқтани қўйди. Шу ўринда "лочинлар"нинг иккинчи голида Игорнинг роли қанчалик катта бўлганини эътироф этмаслик ноҳақлик бўлади. Афонин тўпни бош билан қайтариб юборгандан сўнг паст бўйли Аббос Ғуломов тўпни ерга туширмай бош билан олдинга уриб юборди. Уёғига эса Голбан бир ўзи масалани ҳал қилди. Аввалига у меҳмонлар ҳимоячиси Дамьяновичдан "корпус"да устун келди, кейин эса ўша тўп учун охиригача курашди. Натиада, Шерзод Файзиев хатога йўл қўйди ва тўпни қайтара олмади. Бир қарашда хавф йўқдек жойда Нестеров билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетган "Навбаҳор" ҳимоячиси ҳужумчилардек совуққонлик ва аниқлик билан ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди.
Андрей Канчельскис: "Стадиондаги ажойиб муҳит менга АПЛдаги фаолиятимни ёдимга солди"
Суперлига, 3-тур
"Андижон" – "Навбаҳор" 0:0
15 март 2020 йил
Андижон. "Соғлом Авлод" стадиони. 15152 томошабин.
Ҳакамлар: Виктор Серазетдинов, Александр Сидоров, Аваз Абдуллаев, Раҳимбек Каримов
Назоратчи: Сардор Наджафалиев
Комиссар: Ойбек Юнусов
"Навбаҳор" учун яна бир принципиал ўйин - водий дербиси. "Андижон"га қарши Канчельскис 1-турда "Пахтакор"га қарши ўйнаган таркибни туширди. Аммо, ўйин Тошкентдагидан кескин фарқ қилди.
Бу учрашувда бир жамоанинг устунлигини айтиш мушкул, тенгма-тенг ўйин бўлди. Олдинги икки учрашувга солиштирганда наманганликларнинг энг зерикарли ўйини бўлди. Ҳар иккала жамоа ғалабга ҳам, мағлубиятга ҳам ҳақли эмасди. Дуранг адолатли натижа бўлди.
Иккинчи бўлимда ўйин бироз жонлангандек бўлди, аммо гол уриш ҳеч кимна насиб этмади. 48-дақиқада Аббос Ғуломов бир рақибни алдаб ўтиб дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди. Аммо, Аббоснинг зарбасини Аслонбек Аҳроров қайтара олди. Учрашувдаги иккинчи жуда хавфли вазият эса 87-дақиқада содир бўлди. Сирож Мелиев Юсупов билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва аниқ зарба йўллади. Ўткир эса оёқлари билан тўпни қайтарди ва жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди. 90+1-дақиқада эса захирадан майдонга тушган Забиҳилло Ўринбоев жуда қулай имкониятдан фойдалана олмади. Аббос Ғуломов чайнаб берган тўпни Ўринбоев дарвозага йўллашда ноаниқ зарба берди. Очиғи, ўша вазиятда қандай қилиб ноаниқ зарба берилганидан кўпчилик ҳайрон қолди.
Юсупов "Навбаҳор"ни мағлубиятдан қутқариб қолган бўлса, Ўринбоев ғалабадан маҳрум қилди.
Видео Андрей Канчельскис: "Агар мен 2 очко йўқотган бўлсам, демак натижадан қониқмаган бўламан"
Дастлабки 3 турда "Навбаҳор" сафида самарали ҳаракатларни амалга оширган ўйинчилар:
Голлар:
Иван Соловьёв
Азим Аҳмедов
Игорь Голбан (ҳаммаси биттадан)
Голли паслар:
Аббос Ғуломов 2та
3 ўйин ва 3 хил натижа. Мақсад жиддий, ўйинчи?
Мавсум олдидан "Навбаҳор" кўплаб трансферларни амалга оширди. Кетганлар ўрни ортиғи билан тўлдирилди, жамоа бу мавсум молиявий томонлама янада бақувватлашиши ҳақида гап сўзлар чиқди. Голбан ва Соловьёвга жиддий таклифлар борлигига қарамай, уларни таркибда сақлаб қола олинди. Жамоа олдига жиддий вазифалар қўйилиши кундек равшан эди бунақанги ҳаражатлардан кейин. Жамоа олдида энг камида ОЧЛга йўлланма олиш вазифаси турибди. Хўш, ўйин бунга жавоб берадими?
"Пахтакор" билан кечган беллашувдан келиб чиқсак ҳа, жавоб беради. Кейинги икки учрашувга қараб эса йўқ деб жавоб бериш мумкин. Одатда жамоалар мавсум бошидан кейин борган сари ўз ўйинларини яхшилаб боришади. "Навбаҳор" эса аксинча, турдан-турга орқага кетди. Бу нимадан дарак? Ўйинчилар "Пахтакор" билан ўйинда жуда кўп энергия сарфлаб қўйишдими ёки ўйинга "настрой" рақибдан келиб чиқиб тушиб бормоқдами? Балки, аста-секин ротацияларга қўл уришни бошлаш керакдир. Чунки, Канчельскис 3 ўйинда асосий таркибда фақат ҳужумчини алмаштирди. Унда ҳам мажбурий ўзгартириш. Бир хил таркибга суяниб қолиш ярамайди.
Азиз Турғунбоев умуман формада эмас. Келажаги порлоқ деб қаралган Турғунбоев Суперлигани ёмон бошлади, ҳеч бир ўйинда яққол ажралиб турмади. Менимча, яхши формага кириб олиши учун Азизга вақт керак. Жамоанинг иккинчи вингери ҳақида эса фақат илиқ фикрларни билдириш мумкин. Ҳозирча "лочинлар" иккита голли пас беришган ва ҳар иккаласи ҳам Аббос Ғуломовга тегишли. Ғуломов уччала ўйинда ҳам жуда фаол бўлди, тўп учун курашмоқда, тезлиги яхши, битта рақибни бемалол алдаб ўта оляпти, очиқ шерикларини ўз вақтида кўра олмоқда. Ҳозирча, жамоа ҳужумларини ташкил этишда айнан Ғуломов ҳамда Соловьёв асосий ролни бажаришмоқда.
Жамоанинг энг катта ютуғи Игорь Голбанни сақлаб қолгани бўлди, менимча. Зеро, айнан у ҳимояни бошқаради, балансни ушлаб туради, камига стандартлар пайтида рақиб жарима майдончасида жуда хавфли ўйинчига айланади. Голбаннинг борлиги мураббийга анча хотиржамлик бериши аниқ. Бундан ташқари, дарвозабон Ўткир Юсуповнинг олиб қолингани ҳам жамоа фойдасига хизмат қилмоқда. Юсупов ўтган мавсумдан бери кўплаб эпизодларда жамоаси жонига оро кирмоқда. "Навбаҳор"нинг марказдаги ўйинчиларига ҳам тўхталиб ўтмасак бўлмас. Азим Аҳмедов ҳамда Ислом Рашидхонов Суперлигани яхши бошлашди ва яқин орада уларни кимдир асосий таркибдан сиқиб чиқариши қийин бўлади. Сардорлик боғичининг Аҳмедовга берилиши футболчи учун ижобий таъсир қилгани кўриниб турибди. Азимнинг ўйинида ўсиш бор, ўзига ишонч ортган. Майдонда айнан Аҳмедов ва Голбан етакчилик қилишмоқда.
"Навбаҳор"нинг жорий мавсумдаги учта голи муаллифлари битта кадрда.
Яхши таркиб ва молиявий таъминотга эга "Навбаҳор" жиддий мақсадларни кўзлаган. Халқаро майдонларга чиқиш учун эса яхши ўйинни стабил ушлаб туриш лозим. Балки, Болов ўйнай бошласа, Жавлон Иброҳимов ва Турғунбоев формага кириб олса, жуда яхши ўсиб келаётганида жиддий жароҳат олган Абдужамол Исроилов сафга қайтса биз янада кучлироқ "Навбаҳор"ни кўрармиз. Цёғини вақт кўрсатади.
Ўзбекистон чемпионати турнир жадвали ва тўпурарлар рўйхати >>>>> СУПЕРЛИГА
Comments