Кападзе, Лёв, Билич – кимнинг ўйин услуби Ўзбекистонга мосроқ?
18 jul 19:00
News


Кападзе, Лёв, Билич – кимнинг ўйин услуби Ўзбекистонга мосроқ?
Ўзбекистон футбол ассоциацияси жаҳон чемпионати олдидан бош мураббий лавозимига номзодларни кўриб чиқмоқда. Улар орасида амалдаги мураббий Тимур Кападзе, шунингдек, халқаро миқёсда катта тажрибага эга икки мураббий – Йоахим Лёв ва Славен Билич бор.
ЎФА олдидаги қарор оддий мураббий тайинлашдан кўра муҳимроқ ҳисобланади. Ушбу қарор Тимур Кападзенинг жорий ўйин услубини сақлаб қолиш ва маҳаллий футболчилар билан боғлиқ етарлича билимга эга эканлиги ҳамда улар билан бир-бирини яхши билишидан фойдаланиш ёки Йоахим Лёв ва Славен Билич каби янгича фикрлайдиган шахсни жалб этиш ўртасидаги стратегик танловни ўз ичига олади.
Тимур Кападзе
Футболчилик фаолиятида Ўзбекистон терма жамоаси сафида 119 та ўйин ўтказган Тимур Кападзе январда Сречко Катанец саломатлиги туфайли ўз лавозимини тарк этганиидан сўнг бош мураббий этиб тайинланди. У илгари Ўзбекистон U-23 терма жамоаси билан Олимпия ўйинларида иштирок этди, шунингдек, миллий терма жамоада бош мураббий ва ёрдамчи мураббий лавозимларида ишлади. Унинг бу вазифага тайинланишига жамоани ва ўйинчиларни яхши билиши, мураббийлик қобилияти, футболчилар орасидаги обрўси ҳамда жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари олдидан қисқа вақт ичида юқори мақсадларни кўзлангани сабаб бўлди.
Тимур Кападзе ҳужумкор ўйин услубига асосланган мураббийлик фалсафасига эга. Бироқ унинг ўзи ушбу услуб футболчиларнинг маҳорати ва техник қобилиятига, шунингдек, ҳимоя мустаҳкамлигига мос бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлаган.
Кападзе қўл остида Ўзбекистон "тотал футбол" услубини қўллаб, тўпга эгалик қилишда устунликка ва рақиб дарвозасига кучли босим ўтказишга эътибор қаратмоқда. Бу услуб Катанец давридаги "эҳтиёткорона" услубидан тубдан фарқ қилади. Жамоа самарали прессинг ва қарши ҳужумлар орқали рақибларни бир неча бор хато қилишга мажбур этди.
Янги мураббийни тайинлашдан мақсад Жаҳон чемпионатида минимум гуруҳдан чиқиш мақсадида кўзланаётганидан дарак бериши мумкин. Кадазе эса бундай йирик турнирларда етарли тажрибага эга бўлмаслиги мумкин.
Йоахим Лёв
Йоахим Лёв 2006 йилдан 2021 йилгача, яъни 15 йил давомида Германия терма жамоасининг бош мураббийи лавозимида фаолият юритди. Унинг қўл остида Германия 2014 йилда Бразилияда ўтказилган Жаҳон чемпионатида ва 2017 йилда Россияда бўлиб ўтган Конфедерациялар кубогида ғолибликни қўлга киритди. Бундан ташқари, у Германияни 2008 йилги Европа чемпионати финалига ҳамда 2010 йилги Жаҳон чемпионати ярим финалига олиб чиқди. Лёв Германия терма жамоаси бош мураббийи сифатида энг кўп ўйин ўтказиш (198 та) ва ғалаба қозониш (124 та) бўйича рекорд ўрнатди. Унинг расмий учрашувлардаги ғалаба қозониш кўрсаткичи 73,0 фоизни ташкил этди. У 2014 йилда ФИФА томонидан "Йилнинг энг яхши мураббийи" деб эътироф этилди. Миллий терма жамоадаги фаолиятидан олдин у клуб даражасида ҳам муваффақиятларга эришган бўлиб, 1997 йилда Штутгартни Германия кубоги соҳиби, 1998 йилда эса Европа Кубоги Эгалари Кубоги финалчиси даражасига олиб чиққан эди.
Лёв дастлаб Юрген Клинсманннинг ёрдамчи мураббийи сифатида фаолият юритиб, у билан ҳужумкор ўйин фалсафасини баҳам кўрган. 2006 йилда бош мураббийлик лавозимини эгаллагач, Лёв ушбу йўналишни давом эттирди. У ўйин суръатини ошириш мақсадида футболчиларнинг тўпни эгаллаб туриш вақтини қисқартиришга алоҳида эътибор қаратди.
Лёв кўпинча 4-2-3-1 тактикаси билан ишласа-да, у тактик мослашувчанликни намойиш этиб, рақиб ва мавжуд футболчиларга қараб ўз тактикасини ўзгартириб туради.
4-2-3-1: Бу тизим унинг муваффақиятли даврининг асосий қисми, жумладан 2014 йилги Жаҳон чемпионатидаги ғалабаси учун муҳим аҳамиятга эга эди. Бу тизимда дарвозабон "тўп билан ўйновчи" вазифасини бажарган, марказий ҳимоячилар тўпни яхши назорат қилган ҳамда ҳаракатчан ярим ҳимоячилар ҳам мудофаа, ҳам ҳужумни таъминлаган. Якка ҳужумчи ортидаги ҳужум учлиги (кўпинча Томас Мюллер каби сохта тўққизлик) ижодкорлик ва гол уриш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эди.
3-4-3 / 3-5-2: Кейинги йилларда, айниқса Евро-2020 даврида, Лёв уч кишилик ҳимоя тизимини синаб кўрди. Бу усул баъзан мудофаани мустаҳкамлаш ва айни пайтда ҳужумкор кенгликни таъминлаш учун қанот ҳимоячиларидан (масалан, Йошуа Киммихдан) фойдаланиш мақсадида қўлланилди. Бироқ бу ўзгариш доим ҳам кутилган натижани бермади. Баъзи танқидчилар бу усул Германия терма жамоасининг ҳужумдаги эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилганини таъкидладилар.
Немислар кўпинча "жаҳон чемпионатидаги тўпсиз энг тажовузкор жамоа" деб таърифланган. Лёв давридаги Германия ҳар доим ҳам тўпга эгалик қилишда мослашувчан эмасди. Бироқ улар қарши ҳужумда тезкор, эркин, бир тегинишли паслар бўйича устунлик қилишди. У юқори мудофаа чизиғига урғу берди. Лёв Испания ёки Франция каби кучли жамоаларга қарши ўйинда жарима майдонини тўсишдан ва рақибга қарши ҳужум уюштиришдан чўчимади.
Лёв Германия футболчилари тайёрлаш тизимидаги инқилобда муҳим роль ўйнади. У Месут Ўзил, Томас Мюллер ва Йошуа Киммих каби жаҳон миқёсидаги юлдузларнинг "олтин авлоди"ни етиштириб чиқди. Лёв спорт психологияси, жисмоний тайёргарлик соҳасидаги инновациялар ва руҳий бардошлиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Унинг узоқ муддат лавозимда қолиши Германиянинг ўз ривожланиш режасига бўлган ишончи ва сабрлилигини кўрсатади. У ўйинчиларни танлашда обрўсига эмас, балки ўша пайтдаги жисмоний ҳолатига эътибор қаратиб, рақобатбардош ва ғайратли футболчилар гуруҳини шакллантирди. Лёв янги, ёш ўйинчиларни жамоага киритишга тайёр эди, 2010 йилги Жаҳон чемпионатида Германиянинг иккинчи энг ёш таркибини майдонга туширди. Айниқса, у 2017 йилги Конфедерациялар кубогида ёш истеъдодларни синаб кўриш учун 25 ёшдан ошган атиги беш нафар ўйинчидан иборат таркибни танлади ва натижада жамоа турнирда ғалаба қозонди.
Лёвнинг Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланиши бир қатор афзалликларни тақдим этади. У миллий жамоани Жаҳон чемпионати ғолиблигига олиб чиқиш бўйича тенгсиз тажрибага эга, бу эса илк бор иштирок этаётган мамлакат учун бебаҳо бойлик ҳисобланади. Бундай ютуқлар тарихига эга мураббий энг йирик мусобақаларда муваффақият қозониш йўлларини кўрсата олади. Унинг ёш истеъдодларни тарбиялаш ва уларни жаҳон даражасидаги жамоага қўшиш бўйича исботланган тажрибаси Ўзбекистоннинг кучли ёшлар тизими ва етишиб келаётган юлдузларига жуда мос келади. У Ҳусанов ва Файзуллаев каби футболчиларнинг ривожланишини тезлаштириши мумкин. Лёвнинг мураккаб ҳужум ва прессинг тизимларини жорий этиш, кучли рақибларга қарши тактикани мослаштириш қобилияти Ўзбекистон ўйинини сезиларли даражада юксалтириши, имкониятларини кўпайтириш орқали ҳужумларни голга айлантириш кўрсаткичини яхшилаши мумкин. Бундан ташқари, Лёвнинг тайинланиши ўзбек футболига халқаро миқёсда катта обрў келтиради. Унинг спорт психологияси, жисмоний тайёргарлик соҳасидаги янгиликлари ва руҳий барқарорликка эътибор қаратиши Ўзбекистон футболчиларини Жаҳон чемпионатидаги дебютнинг улкан босими ва талабларига тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бироқ бу қарорнинг салбий томонлари ва эҳтимолий қийинчиликлари ҳам мавжуд. Лёв 2018 йилги Жаҳон чемпионатида энг кўп маош олган мураббий бўлган – йилига тахминан 3,8-3,9 миллион евро, бу эса Ўзбекистон футбол ассоциацияси учун сезиларли молиявий юк бўлади. Германиянинг 2018 йилги Жаҳон чемпионатидан эрта чиқиб кетиши Лёв мураббийлигида тўпга эгалик қилишга ҳаддан ташқари боғланиб қолиш, тактик қатъийлик ва жамоани руҳлантира олмаслик билан изоҳланган. Бу унинг узоқ муддат давомида ва юқори даражадаги бошқарувдан ташқарида бўлганидан кейин мослашиш қобилияти ҳақида саволлар туғдиради. Лёвнинг ўзи "weiter so" (ўз йўлида давом этиш) ёндашувини тан олиб, вазиятни ўзгартиришдан жуда ҳам тортинганини айтган. Агар Ўзбекистон Жаҳон чемпионатида рақиблар билан рақобатлаша олиши учун туб ўзгаришлар ёки тезкор тактик мосланишлар талаб этилса, бу жиҳат муаммо келтириб чиқариши мумкин.
Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон футзал терма жамоасига ўз мамлакатида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати олдидан испаниялик таниқли ва тажрибали мураббий Хосе Венансио Лопес бош мураббий этиб тайинланганди. Аммо терма жамоа мундиал бошлангунга қадар катта йўқотишларни бошдан кечириб улгурди. Жаҳон чемпионатида эса Ўзбекистон гуруҳ босқичида қолиб кетди. Бу каби мисоллар футбол терма жамоасида ҳам етарлича. Ушбу фактлар ҳам ҳар қандай тажрибали мураббийнинг исталган жамоада муваффақиятли ишлаб кета олмаслиги мумкинлигидан дарак беради.
Славен Билич
Славен Билич деярли 20 йиллик мураббийлик тажрибасига эга бўлиб, терма жамоалар ва турли клубларни қўшганда, 11 та жамоада ишлаган. Унинг ўртача мураббийлик муддати 1,74 йилни ташкил этади. У 2006 йилдан 2012 йилгача Хорватия терма жамоасини бошқарган, уларни Евро-2008 чорак финалига олиб чиққан ва Евро-2012 га йўлланма олишига эришган. Бироқ 2010 йилги Жаҳон чемпионатига чиқа олмаган. Унинг клубдаги фаолияти "Бешиктош" (кетма-кет икки маротаба учинчи ўрин), "Вест Хэм" (109 та ўйин), "Вест Бромич" (65 та ўйин) ва Хитой ("Бэйцзин Гоань") ҳамда Саудия Арабистонидаги ("Ал Иттиҳод", "Ал Фотиҳ") жамоаларда бўлган. Шунингдек, у Хорватия U-21 терма жамоасини ҳам бошқарган.
Биличнинг энг кўп қўллайдиган тактик тизими 4-2-3-1 ҳисобланади. У бу тизимдан камдан-кам ҳолларда воз кечади.
Унинг жамоалари одатда орқа чизиқдан ҳужумни бошлашга, марказда иккита таянч ўйинчи ёрдамида ўйин суръатини бошқаришга ва ҳужум ҳаракатлари учун ишончли пойдевор яратишга йўналтирилади. Марказдаги бу икки ўйинчи унинг тизимининг таянч нуқтаси бўлиб, улар ҳам рақиб ҳужумларини тўхтатиш, ҳам ўз жамоасининг олдинга интилишини бошлаб бериш вазифасини бажаради.
Билич жамоасининг ўзига хос хусусияти юқори босимли прессингдир, айниқса олдинги учлик томонидан. Якка ҳужумчи ва икки ҳужумкор яримҳимоячи ҳимоячиларни шоширишга, тўп узатиш йўлларини ёпишга ва майдоннинг олдинги қисмларида тўпни тортиб олишга мажбур қилишга интилади. Бу фаол ҳимоя стратегияси рақиб энг заиф бўлган пайтда тўпни қайтариб олиш орқали тезкор ҳужум имкониятларини яратишга қаратилган.
Тўпга эгалик қилишда Билич жамоалари эркин ҳужумкор ўйини билан танилган бўлиб, қанот ҳимоячиларининг ролига алоҳида эътибор қаратади. Унинг ҳужумкор яримҳимоячилари кўпинча марказга силжиб, марказий ҳудудларда устунлик яратишга ундалгани боис, қанот ҳимоячиларига олдинга фаол ҳаракат қилиш ва кенгликни таъминлаш учун эркинлик берилади.
Биличнинг Хитой ва Саудия футболида фаолият юритгани, унга Осиё футболи бегона эмаслигини кўрсатади. Биличнинг Ўзбекистон терма жамоасига мураббий этиб тайинланиши бир қатор афзалликлар тақдим этади.
Бироқ бу борада баъзи муаммолар ҳам бўлиши мумкин. Хорватия билан эришган муваффақиятларига қарамай, унинг асосий халқаро ютуқлари (Европа чемпионати чорак финали) Лёвнинг жаҳон чемпионатидаги ғалабаси даражасида эмас. Бу эса глобал миқёсда таъсир кўрсатишга интилаётган мамлакат учун муҳим омил бўлиши мумкин. Унинг мураббийлик фаолияти ўртача 1,74 йил давом этган, кўплаб клубларда эса 1-2 йилгача ишлаган. Бу узоқ муддатли барқарорлик етишмаслигини ёки клуб даражасида узоқ вақт давомида ютуқларни сақлаб қолиш қийинлигини кўрсатади. Бу эса жаҳон чемпионати цикли учун хавотир туғдириши мумкин. Унинг услубида қанот ҳимоячиларининг ҳужумга қўшилиши жамоани қарши ҳужумларда қийинчиликка дуч қилиб қўйиши мумкин. Бундан жаҳон чемпионатидаги кучлироқ рақиблар фойдаланиб кетиши мумкин.
Умуман олганда, ЎФАнинг танлови 2026 йилги Жаҳон чемпионати ва ундан кейинги йилардаги воқеалар борасидаги режаларига боғлиқ. Агар катта таваккалга қўл урилмасдан, амалдаги ўйин услуби орқали рақобат тақдим этиш ва мундиал тажрибасини орттириб, навбатдаги халқаро мусобқаларда шаклланиб боришга қаратилган бўлса, Кападзенинг ўз лавозимида қолиши тўғри танлов ҳисобаланади. Борди-ю, мақсад жаҳоннинг энг кучли жамоалари билан беллашиш учун туб ўзгариш ясаш бўлса, Лёв ўзига хос ўйин таклиф этади, бироқ бу молиявий ва тактик мослашув хатарларига олиб келиши мумкин. Агар ЎФА прагматик ўйин услубини хоҳлаётган бўлса, Билич яхши ечим бўлиши мумкин.
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
Similar news

Comments
Агар мақсад/планкани катта олиш ниятимиз булса, мақоладаги мураббийлар ёки шу даражадаги мураббийларни жалб қилишимиз керак. Агар ЖЧ бизнинг потологимиз, десак, Кападзелар билан чекланиб қолаверамиз
Лёв!