“Ал Ҳидд” қандай жамоа?
31 янв 2017 08:00
Янгиликлар
“Ал Ҳидд” қандай жамоа?
Мазкур раундда зафар қучган клуб 7 февраль куни Cаудия Арабистонида “Ал Фатеҳ” меҳмони бўлади. Гуруҳ босқичига йўлланма олиш учун Рўзиқул Бердиев шогирдларидан бир ҳафта ичидаги икки учрашувда ғалаба қозониш талаб этилади.
2015-16 йилги мавсумда Баҳрайн чемпионига айланган “Ал Ҳидд” асосий совринларига сўнгги йилларда эга чиққан. 2015 йил жамоа 3, 2016 йил эса 2 совринни қўлга киритган. Чемпионликдан ташқари икки кубок ҳам қўлга киритилди. Кейин Баҳрайн Суперкубогида муваффақият қозонилди. Шу пайтгача ўртамиёна клублардан бири бўлиб келган “Ҳидд” шу тариқа дастлабки йирик ғалабаларига эришди. Бироқ жорий мавсумда жамоанинг ишлари яхши кечмаяпти. Чемпионатда биринчи даврадан кейин 10 иштирокчи орасида 7-поғонадан жой олиб турибди. 9 беллашувда жамоа атиги 10 очкога эга. Пешқадам “Муҳаррақ”дан 9 очкога ортда қолиб кетган амалдаги чемпион учун бу олтин медаллар сари кураш якунланганини билдиради.
Федерация Кубогида “Ҳидд” ҳозирча 7 учрашувда 19 очко тўплади ва ярим финалга чиқиш учун яхши имкониятга эга. “Қирол Кубоги”да эса чорак финалда жамоа “Манама”га 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди. Ушбу мавсумда клубнинг иштирокига ҳозирча ўртачадан пастроқ баҳо бериш ҳам мумкин. Бир йил олдин чемпионликка эришган жамоанинг кучи қолмаган деб айтиш мумкин.
Рақибнинг айни пайтдаги кучли тарафи сифатида расмий ўйинлар амалиётига эгалигини келтириш мумкин. Бизда мавсум бошланишига амалда бир ойча муддат бор. Саралаш баҳсларида ўйнаши туфайли “Насаф”да тайёргарлик борасида маълум муаммолар юзага келгани аниқ. Чунки Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига чиқиш учун жамоа февраль ойидаёқ яхши ҳолатда бўлиши талаб этилади. Бу кейинчалик мавсум қизиган паллада таъсир ўтказиши эҳтимоли юзага келади.
“АЛ ҲИДД” СПОРТ ВА МАДАНИЯТ КЛУБИ
Лақаби: “цунами”
Ташкил этилган вақти: 1945 йил
Стадиони: “Муҳаррақ”, 10 минг мухлисга мўлжалланган
Раҳбари: Аҳмад Мусаллам
Бош мураббийи: Муҳаммад Шамлан Башир
Эришган ютуқлари: Баҳрайн чемпиони (2015–16), “Қирол Кубоги” соҳиби (2015), Баҳрайн ФА Кубоги ғолиби (2015), Баҳрайн Суперкубоги соҳиби (2015, 2016).
“Ҳидд”нинг халқаро мусобақалардаги тажрибасини у қадар бой деб бўлмайди. Жамоа икки бор ОФК Кубогида иштирок этган. 2014 йил чорак финалгача етиб борган баҳрайнликлар 2015 йил гуруҳ баҳсларида иштирокни якунлашган. Ўзбекистон ва Баҳрайн клублари ўртасидаги қарама-қаршиликка тўхталадиган бўлсак, ҳозирга қадар 2009 йилдагина тўқнашув кузатилган. Ўшанда “Нефтчи” ОФК Кубоги гуруҳ босқичида “Бусайтин” билан икки учрашувда дуранг ўйнаган – 1:1 ва 2:2. “Ҳидд” ОЧЛда бирор беллашувда майдонга тушмаган. “Насаф” эса 13 ўйиннинг 2тасида зафар қучиб, 3 дуранг ва 8 мағлубият қайд этган. Қаршиликлар рақиб дарвозасини 10 марта ишғол қилиб, 24 бор дарвозаларидан тўп олиб чиқишган. “Насаф” илгари плей-офф босқичида бир марта ўйнаган ва ўшанда Қатарда имкониятни бой берганди. Бу сафар Рўзиқул Бердиев жамоаси беллашувни юртимизда ўтказади. Шу сабабли “Насаф”нинг ғалаба учун имкониятини бемалол юқори баҳолай оламиз.
Баҳрайн клуби таркибида 4 нафар легионер ўйнайди. Уларнинг уч нафари нигериялик, яна бири эса Иорданиядан. Акарандут Орок, Муҳаммад Довуд ва Патрик Омосуйи уч мавсумдан бери “Ҳидд” шарафини ҳимоя қилиб келишмоқда. Уче Агба эса клубда иккинчи мавсумини ўтказмоқда. Улар ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғида тўп тепишади. Асосий тўпурар Уче Агбанинг гол уриш борасидаги кўрсаткичи унчалик юқори эмас. Баҳрайн чемпионатида 9 беллашувда 3 тўп киритган.
Баҳрайн терма жамоасига номзодлардан Рашид Хутини ажратиб кўрсатиш мумкин. У чап қанотдан ҳужумга фаоллик билан қўшилишга интилади. Иса Мусаббеҳ ва Абдулваҳоб Маълуд ҳам терма жамоадан чақирув олиб туришади.
Бош мураббий Муҳаммад Шамлан Башир Покистон терма жамоасини бошқаргани ва Баҳрайнда ёрдамчи бўлиб фаолият юритгани билан халқаро тажриба тўплаган. Клуб бошқаруви борасида энди-энди ўзини кўрсатиш имконига эга бўлди.
“Бунёдкор” стадионида 16:00да бошланадиган учрашувда “Насаф”нинг имкониятлари юқори экани ва жамоамизнинг ғалаба қозонишига катта ишончимиз бор. Чунки “Ҳидд”га нисбатан “Насаф”нинг савияси анча юқори эканини таъкидлай оламиз.
Дарвозабонлар
1. Аббос Аҳмад Ҳамис
21. Маҳмуд Мансур
22. Юсуф Осама
Ҳимоячилар
2. Абдулла Баба Фатади
3. Абдулла Мажид
5. Юсуф Буқаис
12. Ҳамад Файсал
15. Иброҳим Обаидли
16. Саид Муҳаммад Аднан
23. Рашид Ал Хути
26. Холид Самҳари
27. Али Бурешаид
30. Али Саид
Ярим ҳимоячилар
4. Аҳмад Ал Ҳаттал
7. Муҳаммад Довуд (Иордания)
8. Муҳаммад Абдулазиз Мулла
18. Иса Мусаббеҳ
25. Талал Жума
24. Аҳмад Буқаммар
28. Фаҳад Муқаҳви
29. Муҳаммад Маки
Ҳужумчилар
6. Уче Агба (Нигерия)
9. Абдулла Сақир
10. Акарандут Орок (Нигерия)
11. Абдулваҳоб Маълуд
14. Наваф Аҳмад Ҳолди
18. Патрик Омосуйи (Нигерия)
19. Иброҳим Маълуд
20. Аҳмад Рашидҳасан
Беҳзод Назаров
Фикрлар