UZ

Сўнгги янгиликлар

09:55Машарипов ТОП-3га кириб олди  1 09:26ESPN XXI асрнинг энг яхши футболчилар рейтингини эълон қилди. ТОП-25  15 08:57«Навбаҳор»нинг африкалик легионери наманганлик мухлисларга мурожаат қилди  0 08:30Расман: «Қизилқум»ни яна 4 нафар футболчи тарк этди  0 08:06Суперлигада ўйнашга даъвогар «Хоразм»га «Локомотив» футболчиси ўтишга яқин  2 07:42А Серия. «Интер»да ғалаба, «Фиорентина» мағлуб бўлди  0 01:47МЮ босслари Рэшфордни таркибдан чиқариб юборган Аморимга босим ўтказишадми?  8 00:57"Арсенал"дагилар ҳавотирда  1 00:18"Интер" - "Комо". Таркиблар билан танишинг  0 00:01Зидан фақат иккита жамоани бошқариши мумкин  6 23:31ОКМК Дубайда Россиянинг икки клуби билан ўйнайди  0 22:43Роналду: "Қайси биринг Мессини мендан кучлироқ дединг?"  14 22:23Тозалик инспекторлари МЮ стадиони баҳосини 4дан 2га туширди. Нега?  4 21:18Расман: "Навбаҳор" африкалик футболчини ўз сафига қўшиб олди  15 21:00Ҳисобда акс этмаган — осон ғалаба! "Реал" - "Севилья" учрашуви таҳлили  5

Таҳлил. Хитой Осиё лимитидан воз кечди, буни бизга зарари... Янгиликлар

Таҳлил. Хитой Осиё лимитидан воз кечди, буни бизга зарари...

Бугун расман Хитой супер лигасининг регламентига жиддий ўзгартириш киритилганлиги тасдиқланди. Энди кўра энди Хитойда Осиёликлар учун квота мавжуд эмас.

ХИТОЙДА 4+1 ЎРНИГА 4 ЛИМИТИ АМАЛДА ҚЎЛЛАНИЛАДИ

Бу хабар аввалроқ чиққан бўлсада, супер лига вакиллари қарорни 2018 йилдан кучга киришига умид боғлаб тургандилар. Шунинг учун жорий мавсум трансфер бозорида эски регламент асосида ўз сафларини кучайтира бошладилар. Ҳудди шундай таклиф билан араблардан БАА ва Қатар аллақачон ўз дастурини ишлаб чиқаяпти. Яқин кунларда бу икки мамлакатда ҳам осиёлик футболчи квотаси бекор бўлади. Хитойдан фарқли равишда улар тўрт нафар футболчини майдонда тўп тепиши учун рухсат беришни режа қилаяптилар. Легионерлар сонида ўзгариш бўлмайди, фақат сифат даражасини ошириш учун Осиёдан воз кечишни ният қилдилар. Энди бу давлатларда тўп тепиш учун Осиёлик футболчи, Жанубий Америка ва Европаликдан кам бўлмаслиги керак, қийин масала...

Ҳозирда Хитой ва араб мамлакатлари ОФКга ҳам 3+1 лимитини шунчаки, 4 кўринишга келишини таклифи билан чиққанлар. Агар ОФК ҳам шу йўлдан борадиган бўлса, яқин йиллар ичида Осиё клубларини, осиёлик футболчиларга бўлган талаби қолмайди.

ХИТОЙ АҚЛДАН ОЗГАНИ ЙЎҚ

Бугунгда кўплаб ўқувчилар Хитойлик бизнесменлар бекорга пул сарф этаётганини айтишаяпти. Аммо ҳамманинг ҳам хабари йўқ, Хитой супер лигасида ўз клубига эга компания давлат солиғидан 22%га озод этилади. Яъний 25% солиқ ўрнига, компания 3% солиқ тўлайди холос. "Шанхай СПИГ" клуби ҳомийси "ShanghaiInternationalPort" компаниясининг йиллик айланма пули 17.9 млд АҚШ долларига тенг. Дейлик, компания мазкур суммадан шу кунгача 2 млрд пулни солиққа тўлаган. Энди улар футбол жамоасига эгалик қилиш орқали, 8 баробар кам солиқ тўлайдилар. Бу 250 миллион АҚШ доллари дегани. Компания 1 млрд 750 млн АҚШ долларини тежаяпти. Компания жамоасининг бугунги кундаги ҳаражатлари 200 млн АҚШ долларига тенг бўлиши мумкин, ошса 250 млн. Лекин компанияни солиқдан ютаётган пулини олдида бу харажатга Сиз ҳам кўз юмиб кетган бўлардингиз. Камига Сизни компаниянгизни дунё танияпти, Сиз энг яхши клублардан бирига эгасиз. Мамлакатда спортни тарғиб қилаяпсиз. Бу ҳаммаси эмас, Хитойда футболга маблағ ажратаётган бизнесменларнинг мамлакат раҳбари, Си Цзиньпиннинг ўзи қўллаб - қувватлаяпти. Ху Цзиньтаодан кейин ҳукумат тепасига келган Си Цзиньпин футболнинг ашаддий мухлисларидан бири ҳисобланади. Қайси давлатга бормасин, у ернинг футболи билан қизиқади. Англиянинг "Манчестер Сити" клубини "ChinaMediaCapitalHoldings" компаниясига ўтишида ҳам унинг Буюк Британияга қилган ташрифи катта роль ўйнаган эди. Ҳукумат раҳбарига ёқиш мақсадида ҳам катта компаниялар футболга сармоя киритишаяпти.


Аксар ўқувчилар Хитойни MLS ва араб давлатларига қиёслаяптилар. Шу кунгача бундай катта ҳажмда на АҚШда на араб давлатларида МТЖ аъзолари бу чемпионатларга ошиқмаганлар. Асосан фаолиятини тугатишни мақсад қилган футболчилар пул ишлаб олиш мақсадида юқоридаги мамлакатларга борганлар. Хитой эса бугунги кунда ҳамон Европада талабга эга бўлган футболчиларни ўз чемпионатига олиб кела олди. Ҳар бир клуб сафида камида уч нафар яхши савиядаги футболчини бўлиши, клублардаги футболчиларнинг савиясини ошишини таъминлайди. 

23 ЁШГАЧА БЎЛГАН ФУТБОЛЧИ МАЙДОНДА ТЎП ТЕПИШИ ШАРТ, АКАДЕМИЯЛАР ҲАМ РИВОЖЛАНАДИ

Ўзбекистон - Сурия учрашувини томоша қилиш учун келган хитойлик ҳамкасбларимни ўзбекча чойга таклиф қилган эдим. Икки нафар ҳамкасбимиз билан анча суҳбатлашган эдик. 1.5 млрд аҳоли бор жойдан нега футболчи чиқмайди деган саволни кўп берасиз, буни ўзига яраша сабаблари бор. Масалан, Хитойда яқин-яқингача бир оила фақат бир маротаба фарзанд кўриш имкониятига эга эди. Хитойда бор йўғи 16та жамоа. Футбол орқали нон топиш учун 1.5 млрд аҳолидан бор йўғи 400 кишига насиб қилади. Бундан 10 йил муқаддам Хитой чемпионатида бундай катта маблағ йўқ эди. Биринчи лигасидаги маошлар ҳам жуда паст бўлган. Йиллар давомида ҳеч ким фарзандини таваккал қилиб футболга бермади. Хитойда ишсиз қолиш ўлимга тенг. Шундай ҳудудлар бор-ки, фермернинг гуручини олса бўлгани, маошнинг кераги йўқ, қорин тўйса бўлди. Агар ота-она фарзандини ўқитмасдан футболга берса-ю, ундан футболчи чиқмаса, бу улар учун катта фожеа. Бизда-ку, футболчи бўлмасангиз ҳам ишингизни топиб кетаверасиз. Европада токи ишга кирмагунингизча давлат томонидан маълум миқдорда пул олиб турасиз. Хитойда ундай эмас. У ерда яшаш учун жиддий кураш мавжуд. Қатарда бўлиб ўтган Осиё Кубогида хитойлик ҳамкасбимиз, бизда мактабни тугатиб коллежга кирмасанг, қўлингда дипломинг бўлмаса ҳаётнинг азобларига чидашга мажбурсан деган эди. Ундан ташқари, Хитойда медицина жуда қиммат. Жароҳатланган боланинг медицина ҳаражатлари бир неча минг юанни ташкил этади. Пули бор ота - она эса ўғлини спортчи қилгандан кўра, ўз сохасини етук эгаси бўлишини истайди. Қисқаси, Хитойда болалар футболи мана шундай қийин даврни ўз бошидан кечирган. Энди эса...

Энди барчаси ўзгараяпти. Юлдуз футболчиларни Хитой чемпионатига олиб келиш орқали, ота-она ва болалар ўртасида футболга бўлган муносабат ўзгартириляпти. 2050 йилга қадар мамлакатда 500тадан ортиқ профессионал футбол академиялари фаолият олиб боришлари керак. Энди Хитойда фақат супер лигада эмас, қуйи лигаларда ҳам яхши маош тўланади. Энди хитойлик бола 400та ўрин учун эмас, ўзи истаган лигасида ўйнаш учун имкониятга эга бўлади. Академиядаги истеъдод эгаси медицина харажатини ўйлаб ўтирмайди, энди унинг учун пул тикадиган катта компаниялар фаолият юритади. 


ЯҚИН 10 ЙИЛДА ХИТОЙЛИК ФУТБОЛЧИЛАРНИ ЕВРОПАДА КЎРАСИЗ

Давлат дастури шу тарзда фаолият олиб борадиган бўлса, яқин 10 йил ичида Европада кўплаб хитойлик футболчилар фаолият олиб борадилар. Бу борада хитойлик бизнесменлар аллақачон ўз ишларини бошлаб юбордилар. Бугунги кунда Европанинг турли савиясидаги қуйидаги жамоалари хитойликлар билан ҳисоб китоб қилишга мажбур. Бугун Хитой футбол академияларига келаётган 10 ёшли бола, 10 йил ўтиб ҳеч бўлмаса шу клубнинг захира ўриндиғида ўтиради. "Славия", "Ден Хааг", "Сошо", "Эспаньол" каби жамоаларнинг асосий таркибида фаолият олиб борадилар. 15 йил ўтиб эса иш сифати янада ошади. Мана Хитой нимани кўзлаяпти. Улар шунчаки миллионларни ишлатиш ниятида эмас, асосий мақсад миллионлар орқали, миллиардлаб аҳолини кўнглини олиш.

Бу эса хитойликлар эгалиқ қилаётган клублар:

1."Атлетико" (Испания) – WandaGroup

2. "Эспаньол" (Испания) – RastarGroup

3. "Гранада" (Испания) – Link International Sports Limited

4. "Интер" (Италия) – Suning Commerce Group

5. "Милан" (Италия) – Europe Sports Investment Management Changxing

6. "Ницца" (Франция) – Хитой - АҚШ консорциум.

7. "Сошо" (Франция) – Ledus

8. "Лион" (Франция) – IDG Capital Partners

9. "Астон Вилла" (Англия) – Recon Group

10. "Вулверхэмптон" (Англия) – Fosun

11. "Манчестер Сити" (Англия) – China Media Capital Holdings

12. "Вест Бромвич" (Англия) – Yunyi Guokai Sports Development Limited

13. "Ден Хааг" (Голландия) – United Vansen International Sport

14. "Славия" Прага (Чехия) – China Energy Company Limited


ХИТОЙНИ РОССИЯДАН ФАРҚИ

2017 йилда Осиёлик легионер квотасидан воз кечилди ва 23 ёшгача бўлган футболчини майдонда бўлиши шарт этиб қўйилди. 23 ёшгача бўлган футболчи Хитой фуқароси бўлиши шарт. 2018 йилда легионерларга аталган квота яна биттага камайиши дастурга киритилиш арафасида. Ҳозирда Хитой чемпионатида 5 нафар легионер рўйхатдан ўта олади. Майдонда фақат уч нафар легионер футболчи ҳаракат қилиши лозим. 2018 йилда эса жамоалар 4 нафар легионер футболчини рўйхатдан ўтказиши мумкин. ЖЧ-2026га тайёрланиш мақсадида, у ерда майдонда тўп тепиши лозим бўлган футболчининг ёши қисқариб бориши ҳам мумкин. Россияда бир вақтнинг ўзида 5 нафар легионер футболчи майдонга тушиши мумкин. Ундан ташқари МДҲ фуқароларига Россия паспортини бериш орқали легионерлар лимитини ўзларига тўғирлаб олаётган клублар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун маҳаллий рус футболчисини Премьер-лигада тўп тепиб кетиши қийин бўлаяпти. Хитой катта пулларни сарф қилиш билан бирга ўз маҳаллий футболчиларни ҳам эсидан чиқараётгани йўқ.

Ҳозирча Си Цзиньпинга ёқиш мақсадида Хитой футболида катта пуллар айланаяпти. У кетса нима бўлади? Бу савол хитойликларни ҳам ўйлантираётган бўлса ажаб эмас. Лекин бугун қурилаётган академиялар бузилиб қолмайди. У ерда болалар бўлади. Хитой маҳаллий халқни яна катта футболга қайтара олди. Миллиардлар бўлмаган тақдирда ҳам маошларни тушириш орқали Хитой маҳаллий футболчиларини юқори маош билан таъминлаш кучига эга бўладилар. 

2015 йилги мавсумда "Гуанчжоу Эвергранд" 57 миллион миқдорда пул ишлаб топди. Клубнинг харажати эса 200 млн АҚШ долларини ташкил этди. 143 млн зарар. Хитой клублари ҳам яхши биладилар, доим ҳам шундай маблағ бўлмайди. Ҳозир улар мамлакат футболини ривожлантириб олиш орқали, кейин инвесторларсиз ҳам ўзлари кун кўриш ниятидилар. "Гуанчжоу Эвергранд" бугунги кунда дунёдаги энг катта академияга асос солди. 15 йил ўтиб жамоанинг академиясида тарбия топаётган футболчилар Европага экспорт бўлиши керак. Ҳозирги кун пулларидан фойдаланиб қолган ҳолда Хитой клублари эртанги кунга умид билан боқаяпти. 


АҲМЕДОВ, ИСМОИЛОВ ВА КРИМЕЦГА КВОТА ҚАНДАЙ ТАЪСИР ҚИЛАДИ?

Бекор қилинган квота Аҳмедовдан кўра кўпроқ Кримец ва Исмоиловга таъсир қилиши мумкин. "Чанчун Ятая" клуби сафида 5 нафар легионер бор. Анзур Исмоилов осиёлик сифатида барча ўйинларда мунтазам майдонга тушиб келаётган эди. Энди унинг рақиблари йўқ эмас. Марсело Морено (Боливия), Бруно (Бразилия), Мислав Орсич ва Дарко Матич (Хорватия). Бахтимизга уларнинг биронтаси ҳимоячи эмас. Хитойликлар асосан олд чизиқ учун легионер футболчиларни ҳарид қиладилар. "Бейжин Гоан"да тўрт нафар легионер бор. Булар, Ренато ва Ральф (Бразилия) ҳамда Бурак Йилмаз. Ҳозир энг катта бош оғриқ "Шанхай СПИГ" бош мураббийида. Хитойликлар асосий эътиборни ҳужумга қаратаётган бир паллада Боаш таянч ярим ҳимоясига Аҳмедовни олди. Олд чизиқда Халк-Оскар-Элкесон жуфтлигини маъқул кўраётганди. Элкесон Хитой чемпионатининг "профессори" ҳисобланади. Ҳужумчи сўнгги тўрт мавсумда Хитойда 98та учрашувда майдонга тушиб, 70та гол урди. Карвальюни ҳам унутмаймиз.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сардори ва икки нафар асосий марказий ҳимоячисини захирадан жой олиши, терма жамоамиз учун ЖЧ саралаш босқичи олдидан яхши эмас албатта. Исмоилов ва Кримецдан фарқли равишда асосий таркибнинг муқим футболчиси бўлиш учун Аҳмедовнинг имконияти катта. Бундай дейишимимга сабаб, "Шанхай СПИГ"ни ОЧЛда иштирок этиши. Тўғри, клуб ҳозирча плей-офф босқичида ўйнайди. Аммо ҳеч ким уларни "Бангкок Гласс" (Тайланд) - "Яданарбон" (Мьянма) жуфтлиги ғолибини ютишига шубҳа қилмаётган бўлса керак. ОЧЛдаги 7та ўйин Аҳмедовни "Шанхай СПИГ"даги фаолиятида катта роль ўйнайди. Айнан шу ўйинлардаги рақобат орқали у Хитой Супер лигасида ҳам асосий таркиб ўйинчиси эканлигини кўрсата олиши керак бўлади. Кримец ва Исмоилов учун ОЧЛ йўқлиги бироз панд бериши мумкин. Исмоиловнинг ҳам ютуғи йўқ эмас. У кўп йиллар давомида "Чанчун Ятай" клуби учун катта иш қилди. Бу ҳам катта футболда ёрдам бериши мумкин бўлган хислат.


Осиёлик квотани йўқолиши ўзбекистонлик футболчиларни Хитой жамоаларига бориш эшигини ёпишини таъминлади десак ҳам бўлади. Яқин ойларда араб давлатлари ҳам мазкур қарорга имзо чекадиган бўлсалар, бизнинг футболчилар учун яқин бўлган ҳудудларимиз, Қозоғистон ва Россия чемпионатига йўл қолади. Россияни ҳам футболчиларни чертиб-чертиб олишини инобатга олсак, олдимизда битта вазифа қолади, у ҳам бўлса олий лигани кучайтириш!

Бу Хитой ҳақида билганларим ва ўрганганларимнинг ярми ҳам эмас. Ўзим учун қизиқ деб билган ҳолатларига тўхталиб ўтдим. Хитой Европада жойлашганида уначалик эътибор қилмасдим. 80-йилларда, биров, эртага Япония ва Жанубий Корея зўр бўлиб кетади деса ишонмасди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўзига келиб олиши учун Япония жуда қаттиқ меҳнат қилди. Мамлакат иқтисодиёти ўзига келгач футболга эътибор қарата бошлади ва унинг самарасини кўраяпмиз. Жанубий Корея ҳам тарихда жуда катта қийинчиликларни кўрди. 21 аср бўсағасида улар ҳам футболга қарай бошладилар. Эътибор ошди. Бугун Хитой шу йўлни танлади. Йил сайин иқтисодиётида юқори ўсиш кузатилаётган мамлакат футболга ҳам етиб келди.

Нодирхўжа Юлдашев

Рейтинг: +46   

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика