UZ

Сўнгги янгиликлар

03:36ЕКЛ. Ярим финал иштирокичилари маълум  0 02:01Европа лигаси. "Милан" ва "Ливерпуль" мусобақани тарк этди, "Байер" ва "Рома" эса ярим финал иштирокчисига айланди  10 01:17Мартинес ўйин давомида икки марта сариқ карточка олди, аммо майдондан четлатилмади. Бу қоидаларга зид эмасми? Йўқ!   9 00:53Аршавин: "Ливерпул"га қарши тўртта гол урган ўйиним фаолиятимдаги энг яхшиси эмас"  2 00:36Машариповнинг жамоадоши мухлисини бағрига босгани учун жазоланди  5 23:54"Барселона" мухлислари ПСЖга учралган мағлубиятдан илгари ўз жамоаси автобусига ҳужум қилишди  3 23:37Эрон Про лигаси. Ўрунов 77 дақиқа ҳаракат қилган ўйинда "Персеполис" йирик ғалабага эришди  0 23:20Футзал бўйича Осиё кубоги. Тожикистон - Жанубий Корея 2:0   0 23:10Футзал бўйича Осиё кубоги. Япония - Қирғиз Республикаси 2:3   2 23:08АПЛда дебют қилган 19 ёшли футболчи майдонга тушганидан 3 дақиқа ўтгач, ҳушидан кетди   0 22:41U-23 Осиё кубоги. Қатар ҳакам томонидан қўшиб берилган 13-дақиқада Иордания дарвозасига ғалаба тўпини киритди  15 22:22Мессини немис грандлари ўз сафига қўшиб олмоқчи  9 21:54"Барселона"да Хавининг ўрнини ким эгаллаши деярли маълум  7 21:38Жасур Жалолиддинов: "Олимпиада йўлланмаси бериладиган мусобақада қандай ҳолатда бўлишимизга қарамай, натижа кўрсатишимиз керак"   4 21:17Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этадиган навбатдаги клублар маълум, улардан бири — "Зальцбург"  1

Огнен Красич: «Насаф»да узоқ қолишни истайман» Янгиликлар

Огнен Красич: «Насаф»да узоқ қолишни истайман»

«Насаф» учун жорий мавсум осон ўтмаяпти. Гарчи қаршиликлар кубок финалига қадар етиб боришдан ташқари, олий лигада ҳам «кучли учлик» учун курашаётган бўлсалар-да, мавсумнинг дастлабки ярми жамоа учун анча мураккаб кечди.

Шунга қарамай, иккинчи даврада биз яна аввалги «аждарлар»ни кўрмоқдамиз. Ёзги танаффусда клуб томонидан селекция ишлари тўғри йўлга қўйилди, бир қатор футболчилар таклиф этилди. Натижа ҳам ўзини кўп куттирмади, «Насаф»нинг муваффақиятли ўйинида кўп жиҳатдан янги келганларнинг ҳам ҳиссаси бор. Огнен Красич ана шундай ўйинчилар сирасига киради. Давралар оралиғида «Насаф» таркибига келиб қўшилган сербиялик легионер жамоа ўйинини кучайтира олди. Қизиқ томони, Огнен билан интервью ажойиб хурсандчиликка тўғри келди – шу куни Элдорбек Суюновнинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди. Бу эса, ўз-ўзидан, суҳбат мавзуси бироз ноодатий бошланишига сабаб бўлди.

ТЎЙ

– Огнен, ўзбекча тўй сизда қандай таассурот қолдирди? Аввал ҳам шундай маросимларимизда бўлганмисиз?


– Тўй яхши, албатта, хурсандчилик, қувноқ кайфият – булар ҳаммага ҳам ёқади. Мен аввал ҳам шундай маросимларда қатнашганман. Сизларда тез-тез «Тўйга етказсин», де-йишлари менга жуда ёқади. Бугун жамоадошим Элдор учун ҳаётидаги энг муҳим кунлардан бири. Шу муносабат билан уни табриклайман. Суюновга барча яхши тилакларимни билдираман.

– Биз ҳам ўз навбатида, таҳририятимиз номидан Ўзбекистон терма жамоаси посбонини қутлаймиз ва сизнинг табригингизни ҳам албатта, нашримиз орқали етказамиз. Огнен, Сербияда тўйлар қандай ўтади, бизники билан солиштирганда фарқи бўлса керак, барибир?


– Фарқ бор, албатта, аммо биласизми, ҳамма тўйлар ҳам бир-бирига ўхшайди. Ҳар бир халқ бу кунни тантана билан нишонлашга ҳаракат қилади. Чунки у барчанинг ёдида қолади. Бу томонлама бир-биримизга ўхшаймиз.

«НАСАФ»

– Келинг, энди футбол мавзусига ўтсак. «Насаф»даги фаолиятингиздан мамнунмисиз?

– Албатта. Инсон қаерда бўлмасин, ўзининг кераклигини ҳис қилиб туриши лозим. Мана шу нарса мен учун жуда муҳим. «Насаф»га келганим ҳамоно ўз жамоамни топганимни англадим. Хайрият, ўйинга тезда киришиб кетдим, жамоадошларим билан қисқа муддатда тил топиша билдик. Футболчи учун бу катта аҳамият касб этади. Мураббийлар менга ишонмоқдалар. Биласизми, мудом майдонга тушиш яхши, аммо энг муҳими – мураббий ишончини оқлаш. Ўз ишимга масъулият билан ёндашишга ҳаракат қиламан.

– Сербияда тўп сургансиз, кейин эса Қозоғистонда ўйнадингиз. «Насаф»даги шароитлар ҳақида нима дея оласиз, шикоят йўқми?


– Ҳаммаси профессионал тарзда йўлга қўйилган. Жамоамизда футбол ўйнаш учун ҳамма шароит бор. Биздан талаб қилинадигани – фақат яхши ўйин. Бунинг учун керакли бўлган барча жиҳат эса «Насаф»да мавжуд.

ҚОЗОҒИСТОН

– Қозоғистон чемпионатида бир неча йил тўп сурдингиз. У ердаги фаолиятингиз хусусида нима дея оласиз?


– Ушбу мамлакатдаги фаолиятимни «Тараз» клубида бошлагандим. Бироқ у ерда кўп ўйнамадим, олти ойдан сўнг «Тобол»га кетишга тўғри келди. Бу жамоа сафида уч йил тўп сурдим ва ўша даврдан яхши хотиралар қолди. Мен учун фаолиятимдаги ҳар бир палла муҳим аҳамиятга эга.

– Қозоғистон чемпионати ҳақида қандай фикр билдира оласиз? Бир сўз билан айтганда, қозоқ футболига қандай таъриф берган бўлардингиз?


– Қозоғистон чемпионатида легионерларга бўлган эътибор жуда кучли. Клублар молиявий жиҳатдан яхши имкониятга эгалар, ҳар бир жамоа имкон қадар кучлироқ футболчи билан шартнома имзолашга ҳаракат қилади. Ўз-ўзидан бу ҳолат бутун чемпионатга таъсир ўтказади. Қозоғистон биринчилигида легионерлар ҳал қилувчи аҳамият касб этишади. Улар ўйин натижасига таъсир ўтказувчи жуда катта кучдирлар. Бирор клуб ижобий кўрсаткичга эришишни истаса, энг аввало, хориждан юқори савиядаги футболчиларни олиб келишга интилади. Шу сабабли, молиявий жиҳатдан барқарор ва ўз таркибини кучайтира олган клублар тезда юқори ўринларга даъвогарлик қила бошлайдилар.

– Ўзбекистон чемпионати билан орадаги асосий фарқ ҳам шунда бўлса керак. Афсуски, бизда айнан шу масалада бироз муаммо мавжуд – яхши легионерлар жуда кам…

– Кўриниб турибди, олий лигада асосий ролни маҳаллий футболчилар бажаришади. Бунинг ижобий томонлари кўп. Ҳар ҳолда, маҳаллий футбол учун ёшларнинг кучайиши муҳим аҳамиятга эга.

– Қозоғистонда маълум муддат тўп сурдингиз, энди фаолиятингизни Ўзбекистонда давом эттир-япсиз. Икки чемпионатни ўзаро солиштирган ҳолда, қай бири кучли эканини айта оласизми? Фақат холис…


– Бунинг ҳозирча имкони бўлмаса керак. Чунки Қозоғистон биринчилигида иштирок этаётган клубларни яхши биламан, деярли ҳар бир жамоадаги футболчиларни танийман. Ўзбекистон чемпионатида эса бор-йўғи 10та ўйинда майдонга тушдим ва ҳозирча ишонч билан барчани тўлиқ ўргандим, деб айта олмайман. Футболчиларни ҳали яхши билмайман. Икки чемпионатни солиштириб, кучли ва кучсиз жиҳатларни айтиш учун эса тўлиқ маълумотга эга бўлиш лозим. Шунинг учун бу саволга жавоб беришдан ўзимни тийганим маъқул, менимча.

РАҚОБАТ

– «Насаф»да ўтказган ўйинларингиздан кўнглингиз тўлдими? Жамоа бундан яхшироқ натижа қайд этиши мумкинмиди?


– Ҳеч бир футболчининг ўз ўйинидан тўлиқ кўнгли тўлмаса керак. Мен ҳам доим ўзимга танқид кўзи билан қарайман ва ўйинимни кучайтиришга ҳаракат қиламан. Жамоага келсак, учрашувларни ёмон ўтказмадик, аммо бундан ҳам яхшироқ натижага эришиш мумкин эди. Айрим баҳсларда ғалабага ҳақли ўйин намойиш этганимизга қарамай, очко йўқотишга мажбур бўлдик. Масалан, «Локомотив»га қарши кечган беллашувда яхши ўйнагандик, бироқ муваффақият қозона олмадик. Ўша баҳсда рақибдан ёмонроқ ўйнадик, деёлмайман. Бироқ футболда омаднинг ҳам ўз ўрни бор. Учрашувни томоша қилган бўлсангиз, буни ўзингиз тасдиқлашингиз мумкин. Аммо миллионлар ўйинида ҳар доим муваффқият қозониш имконсиз. Майли, бу йўқотиш ўрнини Ўзбекистон кубогидаги ғалаба ҳисобига тўлдирамиз, деган умиддаман. Мухлисларимиз учун ҳам бу ишни уддалашни жуда истаймиз.

КУБОК

– Ўзбекистон кубоги финалидаги рақибингиз ҳали аниқ бўлиб улгурмади. Бу ҳолат сизларга ноқулайлик туғдирмайдими? Умуман, тақвим ҳақида нима дея оласиз?

– Менимча, бунда ҳеч қандай ноқулайлик йўқ. Биз финалга чиқиб, шу тариқа қандай кучга эга эканлигимизни исботлаб бўлдик. Ҳал қилувчи баҳсда қайси жамоага қарши тўп суришнинг мутлақо аҳамияти йўқ. Асосийси – «Насаф» фақат ғалаба учун майдонга тушади. Финал учрашуви шиддатли ўтишига ишонаман.

– Шундайку-я, аммо ҳар қандай футболчи ич-ичидан кучсизроқ жамоага тўқнаш келишни исташи турган гап. Масалан, сиз учун «Локомотив»га қарши тўп сурган маъқулми ёки «Бунёдкор»?


– Ҳар иккисига қарши ўйнашга тайёрман. Агар мураббийлар штаби финал баҳсида майдонга туширса, ғалаба учун қўлимдан келган барча ишни қиламан. Рақиб танлашни хуш кўрмайман. «Локомотив» бўладими ёки «Бунёдкор» – фарқи йўқ, ўйнайверамиз. Бугунги кунда ҳар қандай жамоани мағлубиятга учратишга қодирмиз, бунга шубҳа қилманг.

– Аммо олий лигадаги тажрибадан келиб чиқиб айтсак, «Локомотив» ва «Бунёдкор»га қарши кечадиган ўйинлар осон кечмаган. Уларда «Насаф» мағлубиятга учраган эди («Бунёдкор» – «Насаф» – 1:0, «Локомотив» – «Насаф» 3:2).


– Ҳа, биз ўша ўйинларда очко ололмадик. Аммо ишонинг, иккисида ҳам рақибларга осон бўлгани йўқ. Биз ҳар бир баҳсда муносиб иштирок этдик, аммо футболда баъзан ғалаба учун шунинг ўзи етарли бўлмайди. Олдинги ўйинларда имкониятни бой берибмизми, демак «Локомотив» ва «Бунёдкор»га қарши кечадиган учрашувларда исботлайдиган нарсалар етарли. Ва мана шу исбот Ўзбекистон кубогининг ҳал қилувчи баҳсига тўғри келишини жуда истайман. Ҳаммасини яшил майдондаги ўйин ҳал этади, насиб қилса, финалдан сўнг мухлисларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлади.

СЕРБИЯ

– Сербия чемпионати ҳақида кўп маълумотга эга эмасмиз, аммо интернет орқали билишимизча, у ерда ёш бўйича чеклов мавжуд. Яъни футболчи маълум ёшга етгач, ички биринчиликда ўйнай олмайди ва фаолиятини давом эттиришни истаса, хорижга кетиши лозим. Шу сабабли бутун дунёда сербиялик легионерлар кўп экан. Бу маълумот қанчалик тўғри?


– Йўқ, сиз нотўғри маълумот олгансиз. Аслида, Сербия чемпионатида ёш бўйича ҳеч қандай чеклов йўқ. Бутун дунёда бўлгани сингари у ерда ҳам иқтидор ва жисмоний ҳолат етганча ўйнаш мумкин. Бироқ ҳамма гап шундаки, Сербияда футболчиларга жуда кам маош тўланади. Иқтидорлилар эса бисёр. Менинг юртимда кучли ўйинчиларни ҳар бир ҳудуддан топиш мумкин. Улар ёш вақтида фаолиятини маҳаллий клубларда бошлайдилар, аммо имкон туғилгани ҳамоно хорижга кетишга ҳаракат қиладилар. Чунки Сербияда ҳеч ким сизга Германия ёки Қозоғистондагидек маош тўламайди. Шу боис кимдир Европага, яна кимдир Осиёга кетади. Ахир кучинг бор вақтда пул ишлаш керак! Бироқ шуни ҳам қўшимча қилиш лозим, ҳар бир футболчи фаолиятини якунлаш учун албатта, Сербияга қайтиб келишга интилади.

– Демак, сизда ҳам шундай режа бор?

– Албатта. Ўз уйингда тўп суриш кимга ёқмайди, дейсиз. Насиб қилса, вақти келиб Сербия чемпионатида ўйнаш истагим йўқ эмас.

ЯНА «НАСАФ»

– Бироқ Қозоғистон чемпионатида, аниқроғи, «Тобол»да уч йил давомида муқим ўйнаганингизни инобатга олсак, сиз баъзи футболчиларга ўхшаб тез-тез клуб алмаштиришни хуш кўрмайсиз…


– Худди шундай. Мен учун ўз клубимни топиб олиш муҳим аҳамиятга эга. «Тобол»да менга ҳамма нарса ёқар эди, шу сабабли у ерда уч йил қолиб кетдим. Мана энди, вазият тақозоси билан Ўзбекистондаман. Дарҳол айтишим лозим, «Насаф»да менга ҳамма нарса жуда ёқади. Қаршига келганим ҳамоно кўнглимдаги жамоамни топганимни ҳис қилганман.

– Демак, келаси мавсумни ҳам «Насаф»да ўтказишингизга ишонса бўлади?


– Ўзимнинг истагим ҳам шу. Қаршида футбол ўйнаш учун ҳамма шароит бор – яхши стадион, жонкуяр мухлислар. Бундай жойда тўп суришни ким ҳам хоҳламайди, дейсиз? «Насаф» билан юқори натижаларга эришишни жуда истайман.

Абдулазиз МУРОД суҳбатлашди

Рейтинг: +10   

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика